← Назад
Решение #115329 Уголовные
Айблов ҳукми
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| збекистон Республикаси ЖК | 169 | — | law | |
| збекистон Республикаси ЖПК | 84 | — | law | |
| збекистон Республикаси ЖПК | 95 | — | law | |
| збекистон Республикаси ЖК | 169 | — | law | |
| збекистон Республикаси ЖК | 169 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
Ўзбекистон Республикаси номидан
Ҳ У К М
2024 йил 11 октябрь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор
туман суди, ўз биносида, очиқ суд мажлисида, судья У.Қахаровнинг
раислигида, судья ёрдамчиси Ш.Рамазоновнинг котиблигида, тарафлардан давлат
айбловчиси Чилонзор туман прокурорининг ёрдамчиси Н.Рустамов, судланувчи
Х.Файзиев ва унинг ҳимоячиси – «ADVOKAT MIRA» адвокатлик бюроси адвокати
А.Юлдашев, жабрланувчи Қ.Ганиевнинг иштирокида 1-1006-2406/925-сонли жиноят
ишини кўриб чиқди. Иш ҳужжатларига кўра:
Файзиев Хасан Ўткур ўғли (Fayziyev Xasan O’tkur
o’g’li), 1991 йил 8 май куни Тошкент шаҳрида
туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси,
маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, оилали, икки нафар
фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Тошкент шаҳар,
Учтепа тумани, Г9А-мавзеси,
4А-уй, 31-хонадонда доимий рўйхатда туриб, Яккасарой
тумани, Бобур кўчаси, 28-уй,
4-хонадонда яшовчи, иш бўйича 19.08.2024 йилда
«муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» эҳтиёт
чораси қўлланилган, айблов хулосаси нусхасини ўз
вақтида олган,
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда
тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.
Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳнинг кўрсатувларини эшитиб,
дастлабки тергов жараёнида, судда тўпланган далилларни текшириб ва муҳокама
қилиб, жиноят ишидаги ҳужжатларни таҳлил қилиб, тарафларнинг музокаралари
ва судланувчининг охирги сўзини тинглаб, қуйидагиларни
А Н И Қ Л А Д И:
Х.Файзиев ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш
мақсадида, бошқа шахс билан олдиндан тил бириктириб, 2024 йил
4 август куни соат 20:30ларда, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Сеул
кўчасида бўла туриб, шу ерда турган давлат рақами белгиси 01J103QC бўлган
«Nexia-1» русумли автомашина салонида турган Қ.Ганиевга тегишли баҳоси
4.200.000 сўмлик «Samsung А53» русумли телефон аппаратини қаровсиз
қолдирилганидан фойдаланиб, яширин равишда талон-торож қилишиб, ҳодиса
жойидан яширинишган.
Суд мажлисида судланувчи Х.Файзиев эълон қилинган айбловга қисман
иқрор бўлиб қуйидагиларни, яъни 2024 йил 4 август куни соат 15:00ларда
таниши О.Алимов билан унинг «Spark» русумли автомашинасида кўчага айлангани
чиқишганлигини, шу куни соат 20:30ларда Чилонзор тумани, Сеул кўчасига
яқинлашган вақтида, «Nexia-1» ва «Cobalt» русумли автомашина ўзаро тўқнашиб
кетишганлигини ва ҳайдовчилар ўзаро тортишиб қолишганлигини, уларни ажратиб
қўйишганидан сўнг улар кетишганлигини, лекин Сеул кўчага қайралишган
вақтида улар яна тўхташганлигини ва ўзаро яна тортишиб кетишганлигини,
шунда О.Алимов автомашинасини уларнинг ортидан тўхтатганлигини,
автомашинадан тушиб, уришаётган шахсларни ажратганлигини, бироздан сўнг
О.Алимов ҳам автомашинасидан тушиб уларнинг олдига келганлигини, шундан
сўнг бирга О.Алимовнинг автомашинасига қайтиб келишаётган вақтида, «Nexia-
1» русумли автомашина салон қисмида телефон аппарати қаровсиз қолганлигини
кўришганлигини, О.Алимов унга телефонни олишни айтиб, қўли билан ишора
берганлигини, шунда ҳеч ким кўрмаётганидан фойдаланиб, олд йўловчи эшиги
ойнасидан телефон аппаратини олганлигини ва О.Алимов билан у ердан
кетишганлигини, шундан сўнг «Фарҳод деҳқон бозори»га боришганлигини ва
телефон аппаратини нотаниш шахсга 350.000 сўмга сотиб юборишганлигини,
шундан сўнг бирга овқатланишганлигини, пулларни 130.000 сўм қисмини ўзига
олиб, қолган қисмини О.Алимовга бериб юборганлигини, ўша пайтда
О.Алимовнинг кўчадаги танишларидан катта миқдорда қарзи бўлганлигини,
ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, бошқа бу ҳолат қайтарилмаслигини
айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраб кўрсатувлар берди.
Суд иш бўйича тўпланган далилларга баҳо бериб, судланувчининг содир
қилган жинояти ўз тасдиғини топган ва қуйидаги далиллар билан исботланган
деб ҳисоблайди.
Суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчи Қ.Ганиев қуйидагича, яъни
ишдан ташқари вақтда ўзига тегишли давлат рақами белгиси 01J103QC бўлган
«Nexia-1» русумл автомашинасида киракашлик қилиб юришини, 2024 йил 4 август
куни соат 20:00ларда Чилонзор тамани, Сеул кўчасига қайрилган вақтида,
автомашинасининг тормоз тизимида бўлган носозлик туфайли олдида кетаётган
«Cobalt» русумли автомашинанинг ортидан уриб юборганлигини, мазкур
автомашина эгаси билан гаплашиб турган вақтида, уларнинг олдига О.Алимов ва
Х.Файзиев келишганлигини, улар ким ҳақ, ким ноҳақлигини ўргата
бошлашганлигини, шунда уларни «Cobalt» русумли автомашина эгаси билан шерик
деб тушунганлигини, О.Алимов ва Х.Файзиев у ердан кетишганлигини, «Cobalt»
русумли автомашина эгаси билан келишиб, унга ўз телефон рақамини
берганлигини ва қўнғироқ қилишини сўраб, автомашинасида турган «Samsung А53
PRO» русумли телефон аппаратини олиш учун борганида, телефон аппаратини
топа олмаганлигини, ўша куни ҳаво иссиқлиги сабабли ойналари очиқ
турганлигини, шунда бошқа рақамлардан ўзининг рақамига бир неча марта
қўнғироқ қилганлигини, лекин ҳеч ким жавоб бермаганлигини, дастлабки
терговда унинг телефон аппаратини О.Алимов ва Х.Файзиев ўғирлашганлигини
билганлигини, ҳозирда унга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини,
уларга нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб кўрсатувлар берди.
Суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳ О.Алимов қуйидагича, яъни 2024 йил
4 август куни соат 15:00ларда таниши Х.Файзиевни уйидан олиб, «Spark»
русумли автомашинасида шаҳарни бироз айланишганлигини, соат 20:30ларда
Чилонзор тумани, Сеул кўчасига қайрилган вақтида «Nexia-1» ва «Cobalt»
русумли автомашина ҳайдовчилари ўзаро тортишиб туришганлигини
кўришганлигини, автомашинасини тўхтатганида, Х.Файзиев автомашинадан тушиб,
урушаётган шахсларни ажратиб қолганлигни, бироздан кейин у ҳам уларни
олдига борганлигини, Х.Файзиевга фуқаролар ўзлари келишиб олишини, бу ердан
кетишни айтганлигини ва автомашинаси томонга юришганлигини, автомашинасига
ўтирганидан сўнг Х.Файзиев унинг ортидан келганлигини ва олд йўловчи
ўриндиғига ўтирганлигини ва «Фарҳод деҳқон бозори»га боришни илтимос
қилганлигини, у рози бўлиб, Х.Файзиевни бозорга олиб борганлигини,
Х.Файзиев бозорга кириб қайтиб чиққанлигини ва бирга овқатланишиб, уйига
қайтишганлигини, эртаси куни Х.Файзиев унга 100.000 сўм қарзини
берганлигини, Х.Файзиевнинг кўрсатувларини тасдиқламаслигини, унга туҳмат
қилаётганлигини, Х.Файзиевнинг табиати шундай эканлигини, ўғирлик жинояти
содир этмаганлигини ва Х.Файзиев жиноят содир этганлигини билмаслигини
айтиб кўрсатувлар берди.
Чилонзор утман ИИОФМБ ТБ терговчисининг 11.09.2024 йилдаги қарори
билан жиноят ишининг Алимов Обиджон Ахмадовичга оид қисми Ўзбекистон
Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 2-бандига асосан тугатилган.
Шунингдек, судланувчининг айби жабрланувчининг ариза ва тушунтириш
хатлари, сўроқ, юзлаштириш, нарсани кўздан кечириш баённомалари ҳамда
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95-моддаси тартибида баҳоланган бошқа
объектив далиллар мажмуи билан ўз исботини топган.
Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Х.Файзиевнинг «бир
гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўзганинг мол-мулкини
яширин равишда талон-торож қилиш»да ифодаланган жиноий ҳаракати Ўзбекистон
Республикаси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «в» банди
билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Суд:
- судланувчи Х.Файзиевга жазо тайинлашда унинг айбига қисман иқрор
бўлсада, ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий
аҳволини, оилада ягона боқувчи эканлигини, етказилган моддий зарар
қопланганлигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини жазосини
енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, шунингдек, жазосини оғирлаштирувчи
ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик
даражаси, унинг шахсини инобатга олиб, Қонун санкциясида назарда тутилган
ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни;
- етказилган моддий зарар қопланганлигини инобатга олишни, тарафларга
бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида тегишли тартибда
фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиришни;
- жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона DVD дискни
жиноят иши ҳужжатларида сақлашни белгилашни лозим топади.
Юқоридагиларга кўра, суд Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454, 457,
462, 463, 465-468, 471, 473-моддаларига мувофиқ,
Ҳ У К М Қ И Л А Д И:
Файзиев Хасан Ўткур ўғли (Fayziyev Xasan O’tkur o’g’li) Ўзбекистон
Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган
жиноятни содир этганликда айбдор деб топилсин.
Х.Файзиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси
2-қисми «в» банди билан иш ҳақининг 15 (ўн беш) фоизини давлат даромадига
ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.
Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ижросининг назорати Х.Файзиевнинг яшаш
жойи бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИОФМБ зиммасига юклатилиб, жазо
умумий асосларда Учтепа туман ИИОФМБ томонидан белгилаб бериладиган
жойларда ўтаттирилсин.
Жазони ўташ муддати маҳкум ишга жойлашган кундан бошлаб ҳисоблансин.
Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг Х.Файзиевга нисбатан қўлланилган
«муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» эҳтиёт чорасига бекор
қилинсин.
Тарафларга жиноят оқибатида етказилган бошқа моддий ва маънавий
зарарларни ундириш масаласида тегишли тартибда фуқаролик ишлари бўйича
судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилсин.
Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг жиноят иши бўйича ашёвий далил деб
эътироф этилган 1 (бир) дона DVD диск жиноят иши ҳужжатларида сақлансин.
Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи
ва жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн сутка ичида шу суд
орқали Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция
тартибида, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг кассация тартибида шикоят
бериш ёки прокурор протест келтиришга ҳақлидирлар.
Тарафларга белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган шикоят ёки
протест оқибатсиз қолдирилиши тушунтирилсин.
Раислик қилувчи: /имзо/
У.Қахаров
Аслига тўғри: