← Назад
Решение #2822126 economic_new
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПК | 107 | — | law | |
| ИПК | 279 | — | law | |
| ИПК | 278 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
10 261 символов
4-1501-2503/18968-сонли иш
Биринчи инстанция судида ишни
кўрган судья – Х.Жамолиддинов
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья – Ф.Миров
ФАРҒОНА ВИЛОЯТ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
Фарғона шаҳри
2026 йил 14 январь
Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья
Б.Мамадалиевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар М.Умматова ва
Ф.Мировдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси М.Абдусатторовнинг суд
мажлиси котиблигида, Фарғона вилоят прокуратураси бўлим прокурори
М.Шомуродовнинг қатнашувида, даъвогар вакили Ж.Ж. (ишончнома асосида),
жавобгар вакили А.Х. (ишончнома асосида), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ
хўжалиги вазирлиги вакиллари Ж.Э., С.А. ва В.Б. (ишончнома асосида)нинг
иштирокида, даъвогар Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг
жавобгар “ХХХХ” масъулияти чекланган жамиятидан 1 137 706 000 сўм
компенсация тўловини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул
қилинган Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 30 октябрдаги
ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат
палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан жавобгар “ХХХХ”
масъулияти чекланган жамияти манфаатида берилган апелляция шикояти ҳамда
унга илова қилинган ҳужжатларни вилоят суди биносида видеоконференцалоқа
режимида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
А Н И Қ Л А Д И:
Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси (бундан буён матнда
даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “ХХХХ”
маъсулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)
ҳисобидан 1 137 706 000 сўм компенсация тўлови(зарар)нинг
95 фоизини Республика бюджетига, 5 фоизини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти
жамғармасига ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга Ўзбекистон Республикаси Давлат
активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси,
Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Кичик ва ёшлар саноат зоналарини
бошқариш бўйича ягона Дирекцияси ва Қувасой шаҳар ҳокимлиги низонинг
предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи
шахслар сифатида жалб қилинган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 30 октябрдаги
қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.
Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Савдосаноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда
палата деб юритилади) жавобгар манфаатида апелляция шикояти киритган ва
шикоятида жавобгар Қувасой шаҳар, “Пакана” МФЙ ҳудудидаги 2,0838 гектар
ер майдонини 2023 йил 4 сентябрдаги электрон-онлайн аукционда
YU075-977052-сонли баённома билан ер участкасини ижара ҳуқуқини ютиб
олганлиги, лекин аукцион савдоларида ҳам, баённомада ҳам, Дирекция билан
тузилган
ижара
шартномасида
ҳам
нобудгарчилик
масаласи
кўрсатилмаганлиги, биринчи инстанция суди моддий ҳуқуқ нормаларини
нотўғри қўллаганлиги, нобудгарчиликларни аниқлаш ва ҳисоблаш учун асослар
мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланмаганлиги ва бошқа важларни келтириб,
ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони рад қилиш тўғрисида янги
қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда
хабардор қилинган ишга жалб қилинган учинчи шахслар Ўзбекистон
Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти
ҳудудий бошқармаси, Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Кичик ва ёшлар
саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона Дирекцияси ва Қувасой шаҳар
ҳокимлигидан вакиллар суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ,
апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини
(протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг
келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Судлов ҳайъати мазкур қоидага асосланиб, ишни учинчи шахслар
иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин, деб ҳисоблайди.
Жавобгар вакили суд мажлисида апелляция шикоятини қувватлаб, даъво
аризаси ваколатсиз шахс томонидан имзоланганлигини билдириб, судлов
ҳайъатидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб,
даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўради.
Даъвогар вакили суд мажлисида даъво аризасини 2025 йил 18 август куни
имзолаганлиги, бунинг учун унга 2025 йил 15 сентябрда ишончнома
берилганлиги, бундан бошқа ишончнома берилмаганлиги, шунингдек
апелляция шикояти асоссиз эканлиги, биринчи инстанция суди даъвони
қаноатлантириш ҳақида қонуний қарор қабул қилганлигини билдирди ҳамда
судлов ҳайъатидан апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал
қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган прокурор даъво аризаси уни имзолаш
ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланганлиги сабабли биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво аризасини
кўрмасдан қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати маърузачининг маърузасини, суд мажлисига келган ишда
иштирок этувчи шахслар вакиллари ва мутахассисларнинг тушунтиришларини,
прокурорнинг фикрини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, қуйидаги
асосларга кўра апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни ва биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво аризасини
кўрмасдан қолдиришни лозим топди.
2
Иш материалларидан ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар
вакилларининг суд мажлисида берган тушунтиришларидан аниқланишича,
даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан
1 137 706 000 сўм компенсация тўлови (зарар) ундиришни сўраган.
Даъво аризаси даъвогарнинг ишончли вакили Ж.Жўраев томонидан
имзоланиб, 2025 йил 18 август санаси ва 25/292-сон билан расмийлаштирилган.
Бироқ, ишончли вакил Ж.Жўраевнинг даъво аризасини имзолаш ваколати
(ҳуқуқи) назарда тутилган 01/302-сонли ишончнома 2025 йил 15 сентябрда
берилган.
Даъвогар вакили Ж.Жўраев суд мажлисида берган тушунтиришида даъво
аризасини 2025 йил 18 август куни имзолаганлиги, бунинг учун унга 2025 йил
15 сентябрда ишончнома берилганлиги, бундан бошқа ишончнома
берилмаганлигини билдирди.
Бундан кўринадики, Ж.Жўраев даъво аризасини имзолаган пайтда унинг
даъво аризасини имзолаш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган. Унга бундай ҳуқуқ
(ваколат) 2025 йил 15 сентябрдаги 01/302-сонли ишончнома билан берилган.
Демак, биринчи инстанция судига тақдим этилган даъво аризаси уни
имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган.
ИПК 107-моддасининг 3-бандига кўра, даъво аризаси имзоланмаган бўлса
ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи
ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан
имзоланган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.
Ушбу асосга кўра, даъво аризаси уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган
шахс томонидан имзоланганлиги сабабли даъвогарнинг даъво аризаси
кўрмасдан қолдирилиши лозим.
Бироқ, юқоридаги ҳолатлардан кўринадики, биринчи инстанция суди
томонидан даъво аризаси уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан
имзоланганлиги ҳолатларига эътибор қаратилмасдан даъво аризаси иш
юритишга қабул қилиниб, иш мазмунан кўриб чиқилган. Бу билан эса суд
томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган.
ИПК 279-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш
учун асос бўлади.
ИПК 278-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, апелляция
инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари
бўйича ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни
тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга ҳақли.
Апелляция шикоятини кўриб чиқиш мобайнида аниқланган ҳолатлар
ҳамда таъкидлаб ўтилган ҳуқуқ нормаларига асосланиб, судлов ҳайъати
апелляция шикоятини қисман қаноатлантириш, биринчи инстанция судининг
ҳал қилув қарорини тўлиқ бекор қилиб, даъвони тўлиқ кўрмасдан қолдириш
ҳақидаги тўхтамга келди.
ИПКнинг 118-моддаси биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
3
Даъвогар қонунга мувофиқ давлат божи тўловидан озод этилган.
Апелляция шикояти ҳам палата томонидан жавобгар манфаатида
киритилганлиги сабабли қонунга мувофиқ давлат божи тўловисиз қабул
қилинган.
Бироқ, ИПК 118-моддасининг иккинчи қисмига кўра, ҳал қилув қарори ўз
фойдасига чиқарилган тарафга иш бўйича қилинган барча суд харажатларининг
ўрни, гарчи бошқа тараф давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса ҳам ушбу
бошқа тараф ҳисобидан қопланади.
Шу сабабли, судлов ҳайъати даъво аризаси беришда тўланган 41 200 сўм
почта харажатини даъвогар зиммасида қолдириб, даъвогардан жавобгар
фойдасига апелляция шикояти беришда тўланган 41 200 сўм почта харажатини
ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозитига ишни
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 103 000 сўм суд харажати
ундиришни лозим топди.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 107, 118, 260, 274, 276-280-моддаларини қўллаб,
судлов ҳайъати
ҚАРОР ҚИЛДИ:
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят
ҳудудий бошқармасининг “ХХХХ” маъсулияти чекланган жамияти
манфаатидаги апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 30 октябрдаги ҳал
қилув қарори бекор қилинсин.
Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасининг даъво аризаси
кўрмасдан қолдирилсин.
Даъво аризаси беришда тўланган 41 200 сўм почта харажати Фарғона
вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси зиммасида қолдирилсин.
Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасидан:
“ХХХХ” маъсулияти чекланган жамияти фойдасига апелляция шикояти
беришда тўланган 41 200 сўм почта харажати;
Олий суднинг депозитига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш
билан боғлиқ 103 000 сўм суд харажати ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Қарор устидан у қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида
биринчи инстанция суди орқали Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериш (протест келтириш)
мумкин.
Раислик қилувчи
Б. Мамадалиев
Ҳайъат аъзолари
М. Умматова
Ф.Миров
4