← Назад
Решение #2823851 economic_new
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
9
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| збекистон Республикаси Бюджет кодекси | 122 | — | code_article | |
| онуннинг | 46 | — | law | |
| онуннинг | 49 | — | law | |
| онуннинг | 56 | — | law | |
| бундай битим ФК | 116 | — | law | |
| ИПК | 73 | — | law | |
| ИПК | 68 | — | law | |
| ИПКнинг | 72 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
12 460 символов
4-1805-2508/5244-сонли иқтисодий иш
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Қарши шаҳри
2026 йил 12 январь
Қарши туманлараро иқтисодий судининг судьяси З.Юсупов раислигида,
А.Убайдуллаевнинг котиблигида, даъвогар “************” масъулияти
чекланган жамиятининг жавобгар “************” га нисбатан битимнинг
ҳақиқий эмаслик оқибатини қўллаган ҳолда 470 024 047 сўм бажарилган ишлар
қийматини ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича ишни, Қарши шаҳар
прокурори ёрдамчиси Ш.Ҳакимов иштирокида, суд биносида, очиқ суд
мажлисида, кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
“************” масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринда –
даъвогар, пудратчи) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар
“************” (кейинги ўринда – жавобгар, буюртмачи) га нисбатан битимнинг
ҳақиқий эмаслик оқибатини қўллаган ҳолда 470 024 047 сўм бажарилган ишлар
қийматини ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил
талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Қашқадарё вилояти
Иқтисодиёт ва Молия бош бошқармаси ва Қашқадарё вилояти Ғазначилик
бошқармаси жалб этилган.
Суд мажлисида прокурор ёрдамчиси тарафлар ўртасидаги шартнома
ғазначиликдан рўйхатдан ўтмаганлигини, “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонун
талаблари бузилганлиги, электрон дўкон, танлов, тендер амалга ошириладиган
давлат харидлари натижаси асосида шартнома тузилиши лозимлигини маълум
қилиб, даъво талабини рад қилишни сўради.
Суд мажлиси жойи ва вақти ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган
даъвогар ва жавобгар ҳамда учинчи шахс вакиллари суд мажлисида иштирок
этмади. Тарафларни суд мажлисида иштирокини таъминлаш мақсадида
(тайинлаш ва қолдириш ажримлари) суд ҳужжати уларга гибрит почта орқали
юборилган бўлиб, почта маълумотномасида “Етказилди” маълумоти қайд
этилган.
Суд, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан
кейин матнда – ИПК)нинг 128 ва 170-моддаларига асосан ишни даъвогар,
жавобгар ва учинчи шахс вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Суд ишда иштирок этган прокурор ёрдамчиси фикрини тинглаб, даъво
аризасида келтирилган ҳолатларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб,
қуйидаги асосларга кўра даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад
этишни лозим топади.
Иш ҳужжатларига кўра тарафлар ўртасида 2023 йил 30 ноябрдаги 5-сонли
пудрат шартномаси тузилган бўлиб, мазкур шартноманинг 1.1-бандида ушбу
шартнома бўйича “Пуратчи” “Буюртмачи”нинг буюртмасига асосан тузилган
лойиҳа смета ҳужжатларига асосан Касби тумани Тинчлик МФЙ Насаф кўчаси,
фермерларга бориладиган йўл, Касби МФЙ Дўрмон қишлоғи Маънавият кўчаси,
Касби МФЙ Янги Касби-2 кўчаларини жорий таъмирлаш ишларини бажариш,
“Буюртмачи” эса бажарилган ишларни қабул қилиб олиш ҳамда тўловни амалга
ошириш мажбуриятини олган.
Шартноманинг умумий қиймати 951 004 614 сўмни ташкил этган.
Шартноманинг 2.3-бандига асосан ишларни бажариш муддати 2023 йил
31 декабрь этиб белгиланган.
Мазкур шартнома бўйича даъвогар мажбуриятларини бажариб, жавобгарга
2023 йилдаги ҳисоб-фактура билан 951 004 614 сўмлик бажарилган ишларни
топширган.
Қашқадарё вилоят прокуратурасининг 2024 йил 14 майдаги
10.6/168-24-сонли талабномаси ҳамда Қашқадарё вилоят мактабгача ва мактаб
таълим бошқармасининг 2024 йил 14 майдаги 263-Х-сонли хизмат сафарига
юбориш ҳақидаги буйруғига асосан 2024 йил 15 майдаги ўрганиш далолатномаси
билан 764 567 сўм кам ишлар бажарилганлигини аниқланган.
Далолатнома тарафлар вакиллари ва мутахассис томонидан имзоланган.
Ушбу бажарилган ишлар қиймати солиштирма далолатнома билан тан
олинган бўлса-да, тўловлар амалга оширилмаган.
Натижада ушбу низо келиб чиқиб, даъвогар қарздорликни ундиришни сўраб
судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК
деб юритилади) 8, 234-моддаларига кўра мажбуриятлар шартномадан, зиён
етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб
чиқади.
Шартноманинг 10.1-бандида мазкур шартнома ғазначилик бўлинмаларидан
рўйхатдан ўтгандан сўнг кучга кирган ҳисобланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи
қисмига мувофиқ, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг
бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни)
етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган
ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан
ўтказилганидан кейин кучга киради.
Ваҳолангки, юқоридаги қонун нормаларига асосан “Буюртмачи” ва
“Пудратчи” шартномани ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказиш чораларини
кўрмаган.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
(кейинчалик матнда Қонун деб юритилади) 19-моддасига кўра, бюджет
ташкилотлари давлат буюртмачилари ҳисобланиши, давлат буюртмачилари
давлат харидларини режалаштириши, бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги
эълонларни фақат молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги
тасдиқланган тақдирдагина махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг
электрон тизимига ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштириши шарт.
Ушбу Қонуннинг 46-моддасида, давлат харидларини амалга оширишнинг
рақобатли бўлмаган усулларини қонунга хилоф равишда танлашга, давлат
харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш
мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга,
молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги тўғрисида тасдиқларга
эга бўлмаган ёки ажратилган маблағлар ҳажмидан ортиқ миқдордаги давлат
харидларини амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, Қонуннинг 49-моддасига асосан электрон дўконда бир
шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача (бюджет
буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача)
қийматдаги ишларнинг, хизматларнинг давлат харидлари амалга оширилиши
мумкин.
Қонуннинг 56-моддасида энг яхши таклифларни танлаш воситасидаги
давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга
оширилиши назарда тутилган: ғолибни аниқлаш мезонлари товар (иш, хизмат)
давлат харидининг нафақат пул ифодасига, балки миқдорий ва сифат баҳосига
ҳам эга бўлади; товарнинг (ишнинг, хизматнинг) қиймати бир шартнома бўйича
базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваригача (бюджет
буюртмачилари учун олти минг бараваригача) бўлган миқдорни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги
“Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш
тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 46-сон қарори билан
тасдиқланган “Қурилиш соҳасида пудрат ташкилотларини белгилаш бўйича
электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби
тўғрисидаги”ги Низом талабларига кўра, мақсадли дастурларга мувофиқ
Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетларининг, шунингдек,
бюджет ташкилотларида ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг маблағлари
ҳисобидан молиялаштириладиган объектларни (кейинги ўринларда — объектлар)
лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун
лойиҳа-қидирув ва пудрат ташкилотларини фақат давлат харидлари электрон
тизимининг электрон тендер савдолари платформаси (кейинги ўринларда —
платформа) орқали рейтинг кўрсаткичлари асосида аниқланиши белгиланган.
Давлат харидлари электрон тизимининг электрон тендер савдолари
платформасида танлов савдолари ўтказилмаган ва “Шаффоф қурилиш” миллий
ахборот тизимининг электрон тендер платформасига жойлаштирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик (Олий суд) суди Пленумининг
2016 йил 23 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати
шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини
қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 306-сонли Қарорининг 2.3-бандида
судларнинг эътибори, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг
мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар
бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан
исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад
этишга асос бўлмаслигига қаратилсин. Бироқ, бундай қурилиш пудрати
шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган
жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш
тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилиши, ушбу қоида давлат хариди
тартиб-таомилларига зид тузилган шартномаларга нисбатан татбиқ
этилмаслиги, 3-бандида Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси
122-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, бюджет ташкилотлари ва бюджет
маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича
товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган
шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар
ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Мазкур Пленум қарорининг 4-бандида Агар қонун ҳужжатларида қурилиш
пудрати шартномаси фақат электрон дўкон, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи
билан амалга ошириладиган давлат харидлари натижалари асосида тузилиши
назарда тутилган бўлиб, шартнома савдолар ўтказилмасдан тузилган бўлса,
бундай битим ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
ФК 114-моддасида ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан
боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди
ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.
Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим
бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу
жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки
кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида
эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда
тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.
Тарафлар ўртасида тузилганган пудрат шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас
ҳисобланади.
Бажарилган ишлар бўйича (Ф-2, Ф-3, Ф-5) бажарилган ишларни топширишқабул қилиш далолатномаси судга тақдим этилмади.
Мазкур ҳолатда тарафлар томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги
Қонун ва қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда давлат харидлари
режалаштирилмасдан, молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги
тўғрисида тасдиқларга эга бўлмаган ҳолда ишларнинг давлат хариди электрон
дўкон ёхуд танлаш орқали савдолар ўтказилмасдан тўғридан-тўғри шартнома
тузилган.
Шунингдек, 4-1805-2402/2669-сонли иқтисодий иш бўйича Қашқадарё
вилояти суди тафтиш инстанциясининг 2025 йил 10 сентябрдаги қарори билан
даъвогар бажарилган ишлар қийматини ундиришга асос қилиб келтираётган,
ҳисобварақ-фактура, назорат ўлчови хулосаси, солиштирма-далолатнома ва
бошқа ҳужжатлар иш учун номақбул ва ишончсиз далил деб топилган.
Ваҳолангки, ИПК 73-моддаси иқтисодий суднинг илгари кўрилган иш
бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд
худди шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот
қилинмайди.
ИПК нинг 68-моддасига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб
ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши шарт.
ИПКнинг 72-моддасига кўра қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар
билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан
тасдиқланиши мумкин эмас.
Шу боис суд даъвогарнинг даъво талабларини асоссиз деб ҳисоблайди ва
уни қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
ИПКнинг 118-моддаси еттинчи қисмига мувофиқ, давлат божи тўлашдан
озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик
шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво
талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган
тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан
даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб
равишда ундирилади.
Юқоридагиларга кўра суд, даъво талабини қаноатлантиришни рад этишни,
суд харажатларини жавобгар зиммасига юклашни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 8, 234-моддасини ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68, 72, 73, 118,
170, 176-179, 186, 192-моддаларини қўллаб, суд
қарор қилди:
Даъво талабини қаноатлантириш рад этилсин.
Даъвогар “************” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан
республика бюджетига 9 400 481 сўм давлат божи ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг ижро варақаси берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ойлик муддат ичида апелляция
тартибида шикоят бериш (протест келтириш) ёки ҳал қилув қарори қонуний кучга
кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибида шикоят бериш
(протест келтириш) мумкин.
Судья
З.Юсупов