← Назад
Решение #2826014 economic_new
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
7
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 535 | — | law | |
| збекистон Республикаси Конституцияси | 55 | — | law | |
| ФКнинг | 554 | — | law | |
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| бандида ФК | 326 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
10 542 символов
4-1801-2511/9991-сонли иқтисодий иш
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Қарши шаҳри
2026 йил 07 январь
Қарши туманлараро иқтисодий суди, судья Ж.Ибрагимов раислигида,
судья ёрдамчиси Б.Давлятовнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар вакили
Б.Салахидинов (рахбар) иштирокида (жавобгар иштирокисиз), Ўзбекистон
Республикаси Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий
бошқармасининг даъвогар “Бахт омад” хусусий корхонаси манфаатида
жавобгар “Сурхондарё йўл таъмирлаш тиклаш” масъулияти чекланган
жамиятига нисбатан киритган даъво аризаси бўйича ишни ўз биносида очиқ
суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят
ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) даъвогар
“Бахт омад” хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)
манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар
“Сурхондарё йўл таъмирлаш тиклаш” масъулияти чекланган жамияти (бундан
буён матнда жавобгар деб юритилади) ҳисобидан 21 935 200 сўм қарз ва 10
967 600 сўм пеня ундиришни сўраган.
Палата судга тақдим этган даъво аризасида ишни ўзининг иштирокисиз
кўриб чиқишни сўраган.
Суд мажлиси муҳоокамасида иштирок этган даъвогар вакили даъвони
қувватлаб, тарафлар ўртасида 2024 йил 08 февралда ижара шартномаси
тузилганлигини, судга мурожаат қилинганидан сўнг ҳам ижара шартномасига
асосан ҳисобланган ижара тўловларини жавобгар тўлаб бермаганлигини
маълум қилиб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор
қилинган бўлса-да, жавобгар ва палата суд муҳокамасига иштирок этиш учун
келмадилар.
Мазкур ҳолатда, суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 128, 170-моддаларига
асосан ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Суд ишда иштирок этган даъвогар вакилининг иш бўйича
тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатлари ва тақдим этилган далилларни
ўрганиб чиқиб, муҳокама қилиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги
асосларга кўра, даъво талабларини қисман қаноатлантиришни лозим топди.
Иш ҳужжатлари ва суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатлардан
маълум бўлишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2024 йил 08 февралида
2-сонли ижара шартномаси (бундан буён матнда шартнома деб юритилади)
тузилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК
деб юритилади)нинг 535-моддасига кўра мулк ижараси шартномаси бўйича
ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик
қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.
Шартноманинг 1.1-бандига кўра, "Ижарага берувчи" (даъвогар)
вьброкаток модел SR20 R завод рақами HSR20 RKE1004181, давлат
рақами 785СА70 ҳамда пневматический каток модель ХР 163 завод рақами
U601634 EJE00707, давлат рақами 70 784 СА бўлган икки дона махсус
техникани ижарага бериш, "Ижарага олувчи" (жавобгар) эса техникаларни
қабул қилиб олиш ва унга шартномада кўрсатилган сўммани тўлаш
мажбуриятини олган.
Шартноманинг 3.1-бандига кўра, икки дона махсус техникаларнинг бир
йиллик ижараси ҚҚС билан 826 000 000 сўмни ташкил этиши, махсус
техникалар иш вақти соат 8-00дан 17-00гача ҳар бир ой 26 иш куни бўлиши
белгиланган.
Жавобгар томонидан ижара тўловлари тўланмаслиги натижасида
қарздорлик юзага келган.
Даъвогарнинг кўрсатилган ижара хизматидан мавжуд асосий
қарздорликни ихтиёрий тўлаб бериш тўғрисидаги талабномаси жавобгар
томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Натижада ушбу низо келиб чиқиб, даъвогар судга даъво аризаси билан
мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси учинчи
қисмига кўра ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг
иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд
томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.
Суд даъво талабларини асосли деб ҳисоблайди.
Ижара шартномасининг 3.1.1-бандига кўра, "Ижарага олувчи"
(жавобгар)га берилган вьброкаток модел SR20 R завод рақами
HSR20 RKE1004181, давлат рақами 785СА70 бўлган техникани бир кунлик
ижара ҳақи 1 731 520 сўмни ҳамда пневматический каток модель ХР 163 завод
рақами U601634 EJE00707, давлат рақами 70 784 СА бўлган техникани бир
кунлик ижара ҳақи 1 154 720 сўм бўлишига келишилган.
ФКнинг 554-моддаси иккинчи қисмига кўра агар ижарага олувчи
ижарага олган мол-мулкни қайтармаса ёки кечиктириб қайтарса, ижарага
берувчи кечиктирилган барча вақт давомида мол-мулкдан фойдаланганлик
учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳақ ижарага берувчи кўрган
зарарни қопламаган тақдирда зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленуми
томонидан 2011 йил 1 декабрда қабул қилинган “Мулк ижараси шартномасига
оид фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини иқтисодий судлар томонидан
қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 234-сонли қарори 9-банди
иккинчи ва учинчи қисмларида ижарага олувчининг ижара ҳақини тўлаш
мажбурияти ижарага берилган мулк унга топширилган пайтдан бошлаб
вужудга келиши, агар ижарага берувчи ижара объектини ижарага олувчига
шартномани тузиш пайтида ёки шартномада белгиланган бошқа муддатда
топширмаган бўлса, у мулкдан фойдаланганлик учун тўловларни тегишли
даврда амалга оширишни талаб қилишга ҳақли эмаслиги, шунингдек, ижара
шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам ижарачи ижарага олинган
мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса, ижарага олувчи бутун
фойдаланган давр учун ижара ҳақини тўлашга мажбурлиги тўғрисида
судларга тушунтириш берилган.
Биринчи махсус техника, яъни Вьброкаток модел SR20 R завод рақами
HSR20 RKE1004181, давлат рақами 785СА70 бўлган техникани бир кунлик
ижара ҳақи 1 731 520 сўмдан 8 кунга 13 852 160 сўм ижара ҳақи ҳисобланган.
Иккинчи махсус техника, яъни пневматический каток модель ХР 163 завод
рақами U601634 EJE00707, давлат рақами 70 784 СА бўлган техникани бир
кунлик ижара ҳақи 1 154 720 сўмдан 7 кунга 8 083 040 сўм ҳисобланган.
Натижада 21 935 200 сўмлик (13 852 160 + 8083040 = 21 935 200) ижара
тўловлари жавобгар томонидан тўланмасдан қолган.
Жавобгарнинг қарздорлиги ишдаги ҳужжатлар, даъвогарнинг
тушунтиришлари, тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномаси ва тарафлар
ўртасида тузилган счёт-фактура билан тўлиқ тасдиқланади.
ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва
қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса
- иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ
лозим даражада бажарилиши керак.
Шу сабабли, суд даъвонинг қарз ундириш талабини тўлиқ
қаноатлантиришни лозим топади.
Бундан ташқари, даъво аризасида шартноманинг 4.3-бандига кўра,
жавобгардан 10 967 600 сўм пеня ундиришни ҳам сўраган.
Шартноманинг 4.1-бандига кўра, “Ижарага олувчи” (жавобгар) ижара
ҳаққини ўз муддатидан кечиктириб тўласа, “Ижарага берувчи”га (даъвогарга)
ҳар бир кечиккан кун учун жами ижара ҳаққининг 0.4 фоизи миқдорида, лекин
50 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашлигига келишилган.
Жавобгарга 10 967 600 сўм миқдорида даъвогар томонидан пеня
ҳисобланган.
ФКнинг 326-моддасига кўра агар тўланиши лозим бўлган неустойка
кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб
турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай
даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий
аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд
алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб,
кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленуми томонидан
2007 йил 15 июнда қабул қилинган “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим
даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик
қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли
Қарорининг 1-бандида, судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни
ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ
ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига
мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб
қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шартлиги,
4-бандида ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан
мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи
тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини
эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли эканлиги
белгиланган.
Суд, жавобгар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини,
қарздор ва кредиторнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда ундирилиши
лозим бўлган асосли пеня миқдорини 3 300 000 сўм миқдорида
қаноатлантиришни лозим топди.
ИПКнинг 118-моддаси биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши лозимлиги белгиланган.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга кўра иқтисодий судларга
бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг
2 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам
бўлмаган миқдорда давлат божи тўланиши керак.
Юқорида қайд этилган ҳолатларга ва қонун нормаларининг талабларига
асосланиб, суд даъво талабларини қисман қаноатлантиришни, жавобгар
ҳисобидан даъвогар фойдасига 21 935 200 сўм қарз, 3 300 000 сўм пеня ва
олдиндан тўланган 41 200 сўм почта харажати, республика бюджетига
658 056 сўм давлат божи ((21 935 200 сўм + 10 967 600 сўм) х 2%) ундиришни,
даъвонинг қолган қисмини қаноатлантиришдан рад этишни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси учинчи
қисмига, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236, 326, 535,
554-моддаларига ҳамда Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 128, 170, 176,
186-моддаларига асосан суд
қарор
қилди:
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар “Сурхондарё йўл таъмирлаш тиклаш” масъулияти чекланган
жамияти ҳисобидан:
- даъвогар “Бахт омад” хусусий корхонаси фойдасига 21 935 200 сўм
қарз, 3 300 000 сўм пеня ва олдиндан тўланган 41 200 сўм почта харажати;
- республика бюджетига 658 056 сўм давлат божи ундирилсин.
Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақалари берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан у қабул қилинган кундан эътиборан
бир ой ичида шу суд орқали Қашқадарё вилоят судининг иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида ёки қонуний кучга кирган ва
апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан у қонуний кучга
кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибида шикоят берилиши
(протест келтирилиши) мумкин.
Судья
Ж.Ш.Ибрагимов