← Назад
Решение #2826026 economic_new
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
2
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| тисодий процессуал кодекси | 118 | — | code_article |
Текст решения
8 803 символов
4-1601-2504/22607-сонли иш
судья: Х.Умаров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Наманган шаҳри
2026 йил 7 январь
Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Умаров раислигида,
судья ёрдамчиси Х.Абдулбориевнинг котиблигида, даъвогар АААААААААнинг
жавобгар БББББББББББ ҳисобидан жами 29 700 000 сўм ундириш тўғрисидаги даъво
аризаси бўйича қўзғатилган ишни даъвогар вакили Қ.Умаров (ишончнома асосида),
жавобгар вакили Б.Азизов (ишончнома асосида)ларнинг иштирокида суднинг
биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, ААААААААА
(бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва БББББББББББ (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) ўртасида 2023 йил 11 майда тузилган 20-сонли олди-сотди
шартномаси асосида даъвогар жавобгарга марказий иситиш қозонлари (бундан буён
матнда маҳсулот деб юритилади)ни етказиб берган.
Жавобгар етказиб берилган маҳсулот ҳақини тўламаганлиги учун унинг
даъвогар олдида 19 800 000 сўмлик қарздорлиги юзага келган.
Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш юзасидан юборган талабномасини жавобгар
оқибатсиз қолдирганлиги боис даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
жавобгар ҳисобидан 19 800 000 сўм асосий қарз, 9 900 000 сўм пеня ундиришни
сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили даъво талабларини қувватлаб,
тарафлар ўртасида тузилган шартнома асосида жавобгарга маҳсулот етказиб
берилганлигини, даъво аризаси судга киритилганидан сўнг жавобгар маҳсулот ҳақини
қисман тўлаганлигини, бугунги кундаги унинг асосий қарзи 9 800 000 сўмни ташкил
этаётганлигини, жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун шартнома
бўйича унга 9 900 000 сўм пеня ҳисобланганлигини маълум қилиб, даъвони
қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар вакили суд муҳокамасида шартнома асосида маҳсулот етказиб
берилганлигини, ҳақиқатдан ҳам қарздорлик мавжуд эканлигини, бугун асосий
қарзнинг 10 000 000 сўмини тўлаганликларини маълум қилиб, даъвонинг пеня
ундириш қисмини рад этишни сўради.
Суд тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, даъво аризасида
келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, уларга ҳуқуқий
баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман қаноатлантиришни
лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик
талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи
одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада
бажарилиши кераклиги белгиланган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2023 йил 11 майда тузилган
20-сонли шартноманинг 1.1-бандига кўра даъвогар маҳсулотни етказиб бериш,
жавобгар маҳсулотни ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
ФК 386-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ олди-сотди шартномаси бўйича
бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш
мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган
пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.
Шартнома бўйича олинган мажбуриятни даъвогар бажариб, жавобгарга 2023 йил
15 майдаги 29-сонли ҳисобварақ-фактура орқали 19 800 000 сўмлик маҳсулот етказиб
берган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.1-бандида жавобгар даъвогарнинг
ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан оладиган маҳсулотини камида 50 фоизини
олдиндан тўлаш, жавобгар маҳсулотни қабул қилиб олган кундан олган кундан
кейинги 10 иш кунида қолган маблағни даъвогарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш
мажбуриятини олган.
Жавобгар шартнома бўйича олган мажбуриятларини лозим даражада бажармай
маҳсулот ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламасдан 19 800 000 сўм
миқдорида қарздорликка йўл қўйган.
Даъвогарнинг қарздорликни тўлаб бериш ҳақида юборган 2025 йил 10 январдаги
02-сонли талабномасини жавобгар оқибатсиз қолдириб, қарздорликни тўламаган.
ФК 418-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра сотиб олувчи товар ҳақини
тўлаши лозим.
Жавобгарнинг даъвогардан бўлган асосий қарзи 19 800 000 сўмни ташкил
этганлиги ишдаги тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ҳисобварақ-фактура,
талабнома ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.
Бироқ жавобгар мавжуд асосий қарзнинг 10 000 000 сўм қисмини 2026 йилнинг
7 январь куни тўлаган. Бу ҳолат тарафлар вакилларининг суд мажлисида берган
тушунтиришлари ҳамда судга тақдим этилган 2026 йил 7 январдаги 5-сонли тўлов
топшириқномаси билан тасдиқланади.
Даъво аризаси суд девохонасида 2025 йил 12 декабрь куни кирим қилинганлиги
сабабли суд даъво талабининг асосий қарз ундириш қисми асосли бўлган деб
ҳисоблайди.
Иш судда кўриб чиқилгунига қадар жавобгар асосий қарзни қисман тўлаганлиги
учун суд даъво талабининг 9 800 000 сўм асосий қарз ундириш қисмини
қаноатлантиришни, 10 000 000 сўм қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим
топади.
Шунингдек, даъво аризасида жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида
тўламаганлиги сабабли унинг ҳисобидан 9 900 000 сўм пеня ундириш сўралган.
Шартноманинг 4.1-бандида жавобгар етказиб берилган товарлар учун тўловни
кечиктирганлик учун тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун қарз суммасининг
0,5 фоизи миқдорида, лекин тўлови кечиктирилган сумманинг 50 фоизидан
ошмайдиган миқдорда пеня тўлаши назарда тутилган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига биноан қарздор айби бўлган тақдирда
мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар
қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Бундай ҳолатда суд жавобгар маҳсулот ҳақини уни қабул қилиб олган кундан
кейинги 10 иш кунида тўлаши лозим бўлса-да, тўловни 365 кунга кечиктирилганлиги
сабабли даъвогарнинг пеня ундириш талабини асосли деб ҳисоблайди (пенянинг
ҳисоб-китоби даъво аризасида баён этилган).
ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг
бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи
тарафларнинг мулкий
аҳволини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил
15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик
учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг
айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 4-бандида назарда тутилган
тушунтиришларни, жавобгар асосий қарзни иш судда кўриб чиқилгунига қадар
қисман тўлаганлигини инобатга олиб, суд ундирилиши сўралган 9 900 000 сўм пеняни
1 000 000 сўм миқдорида қаноатлантириб, қолган қисмини қаноатлантиришни рад
этишни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 118-моддасининг
биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг
қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг
зиммасига юклатилиши, олтинчи қисмида агар даъвогар томонидан билдирилган
неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг миқдори
қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан
камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда
ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд
харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши белгиланган.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан
тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига кўра мулкий хусусиятга эга
даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш
миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади.
Даъвогар судга даъво аризаси киритилишида (29 700 000*2%) 594 000 сўм
давлат божи тўлаши лозим бўлса-да, 412 000 сўм давлат божи тўлаб,
(594 000-412 000) 182 000 сўм кам давлат божи тўлаган.
Шу сабабли суд даъво аризаси судга тақдим этилишида тўланмаган 182 000 сўм
миқдоридаги давлат божини жавобгардан республика бюджетига ундириш лозим деб
ҳисоблайди.
Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъво талабларини қисман
қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 9 800 000 сўм асосий қарз,
1 000 000 сўм пеня, 412 000 сўм давлат божи, 41 200 сўм почта харажатлари,
республика бюджетига 182 000 сўм давлат божи ундиришни лозим топди.
Бинобарин Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
118, 176-180 ва 186-моддаларини қўллаб, суд
қарор қилади:
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар БББББББББББ ҳисобидан даъвогар ААААААААА фойдасига
9 800 000 сўм асосий қарз, 1 000 000 сўм пеня, 412 000 сўм давлат божи, 41 200 сўм
почта харажатлари ундирилсин.
Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Жавобгар БББББББББББ ҳисобидан республика бюджетига 182 000 сўм давлат
божи ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан у қабул қилинган кундан бошлаб бир ой
муддат ичида апелляция тартибида шу суд орқали Наманган вилоят судига шикоят
қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи, судья
Х.Умаров