← Назад
Решение #2826758 economic_new
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
3
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 170 | — | law | |
| ФК | 326 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
8 558 символов
4-1601-2504/22623-сонли иш
судья: Х.Умаров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Наманган шаҳри
2026 йил 6 январь
Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Умаров раислигида,
судья ёрдамчиси Х.Абдулбориевнинг котиблигида, Ўзбекистон Савдо-саноат
палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар ААААААААА
манфаатида жавобгар БББББББББ ҳисобидан жами 43 998 101,72 сўм ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни даъвогар вакили А.Ўтанов
(ишончнома асосида)нинг иштирокида суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб
чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, ААААААААА
(бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва БББББББББ (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) ўртасида 2025 йил 3 январда тузилган 591-сонли олдисотди шартномаси асосида даъвогар жавобгарга тиббиётда қўлланиладиган дори
воситалари (бундан буён матнда маҳсулот деб юритилади)ни етказиб берган.
Жавобгар етказиб берилган маҳсулот ҳақини тўлиқ тўламаганлиги учун унинг
даъвогар олдида 33 331 941,72 сўмлик қарздорлиги юзага келган.
Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш юзасидан юборган талабномасини жавобгар
оқибатсиз қолдирганлиги боис Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Наманган
вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар
манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан
33 331 941,72 сўм асосий қарз, 10 666 160 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили даъво талабларини қувватлаб,
тарафлар ўртасида тузилган шартнома асосида жавобгарга маҳсулот етказиб
берилганлигини, даъво аризаси судга киритилганидан сўнг жавобгар маҳсулот ҳақини
қисман тўлаганлигини, бугунги кундаги унинг асосий қарзи 9 881 941,72 сўмни
ташкил этаётганлигини, жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун
шартнома бўйича унга 10 666 160 сўм пеня ҳисобланганлигини маълум қилиб,
даъвони қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган Палата ва жавобгар суд мажлисига келмади. Палата ишни ўзининг
иштирокисиз кўриб чиқишни сўраган.
Мазкур ҳолатда суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
(бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 170-моддасига асосан ишни Палата ва
жавобгар иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди.
Суд даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, даъво аризасида
келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, уларга ҳуқуқий
баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман қаноатлантиришни
лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик
талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи
одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада
бажарилиши кераклиги белгиланган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2025 йил 3 январда
тузилган 591-сонли олди-сотди шартномасининг 1-бандига кўра даъвогар жавобгарга
маҳсулотни етказиб бериш, жавобгар эса товарни қабул қилиб олиш ва уни ҳақини
тўлаш мажбуриятини олган.
ФК 386-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ олди-сотди шартномаси бўйича
бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш
мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган
пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.
Шартнома бўйича олинган мажбуриятни даъвогар бажариб, жавобгарга
ҳисобварақ-фактуралар орқали жами 34 019 264,35 сўмлик маҳсулот етказиб берган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.2-бандида жавобгар олинган
маҳсулотларнинг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаши, қолган 50 фоиз ҳақини
ҳисобварақ-фактуралар имзолангандан сўнг 30 календарь кун мобайнида тўлаши
белгиланган.
Жавобгар шартнома бўйича олган мажбуриятларини лозим даражада бажармай
маҳсулот ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламасдан 33 331 941,72 сўм
миқдорида қарздорликка йўл қўйган.
Даъвогарнинг қарздорликни тўлаб бериш ҳақида юборган 2025 йил 26 ноябрдаги
779-сонли огоҳлантириш хати (талабномаси)ни жавобгар оқибатсиз қолдириб,
қарздорликни тўламаган.
ФК 418-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра сотиб олувчи товар ҳақини
тўлаши лозим.
Жавобгарнинг даъвогардан бўлган асосий қарзи 33 331 941,72 сўмни ташкил
этганлиги ишдаги тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ҳисобварақ-фактуралар,
огоҳлантириш хати ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.
Бироқ жавобгар мавжуд асосий қарзнинг 23 450 000 сўм қисмини 2025 йилнинг
4, 11, 22, 24, 25, 26, 29 декабрь ҳамда 2026 йилнинг 5 январь кунлари тўлаган. Бу
ҳолат даъвогар вакилининг суд мажлисида берган тушунтиришлари ҳамда судга
тақдим этилган солиштирма далолатномаси билан тасдиқланади.
Даъво аризаси суд девохонасида 2025 йил 12 декабрь куни кирим қилинганлиги
сабабли суд даъво талабининг 25 831 941,72 сўм асосий қарз ундириш қисмини
асосли, 7 500 000 сўм қисмини асоссиз бўлган деб ҳисоблайди.
Иш судда кўриб чиқилгунига қадар жавобгар асосий қарзни қисман тўлаганлиги
учун суд даъво талабининг 9 881 941,72 сўм асосий қарз ундириш қисмини
қаноатлантиришни, 23 450 000 сўм қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим
топади.
Шунингдек, даъво аризасида жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида
тўламаганлиги сабабли унинг ҳисобидан 10 666 160 сўм пеня ундириш сўралган.
Шартноманинг 5.3-бандида етказиб берилган товарлар учун тўлов
кечиктирилган ҳолда жавобгар даъвогарга кечиктирилган ҳар бир кун учун
кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи, аммо кечиктирилган тўлов
суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима тўлаши назарда тутилган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига биноан қарздор айби бўлган тақдирда
мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар
қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Бундай ҳолатда суд жавобгар маҳсулотлар ҳақини ҳисобварақ-фактура
расмийлаштирилган кундан бошлаб 30 кун муддат ичида тўлаши лозим бўлса-да,
тўловни 2025 йил 18 сентябрдан 9 декабрга қадар, яъни 80 кунга кечиктирилганлиги
сабабли даъвогарнинг пеня ундириш талабини асосли деб ҳисоблайди (пенянинг
ҳисоб-китоби даъво аризасида баён этилган).
ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг
бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи
тарафларнинг мулкий
аҳволини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил
15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик
учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг
айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 4-бандида назарда тутилган
тушунтиришларни, жавобгар асосий қарзни иш судда кўриб чиқилгунига қадар
қисман тўлаганлигини инобатга олиб, суд ундирилиши сўралган 10 666 160 сўм
пеняни 4 700 000 сўм миқдорида қаноатлантириб, қолган қисмини қаноатлантиришни
рад этишни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок этувчи
шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда
уларнинг зиммасига юклатилиши, олтинчи қисмида агар даъвогар томонидан
билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг
миқдори қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан
камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда
ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд
харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши белгиланган.
Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъво талабларини қисман
қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 9 881 941,72 сўм асосий
қарз, 4 700 000 сўм пеня, 41 200 сўм почта харажатлари, республика бюджетига
даъвогар ҳисобидан 150 000 сўм, жавобгар ҳисобидан 729 962,03 сўм давлат божи
ундиришни лозим топди.
Бинобарин ИПКнинг 118, 170, 176-180 ва 186-моддаларини қўллаб, суд
қарор қилади:
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар БББББББББ ҳисобидан даъвогар ААААААААА фойдасига
9 881 941,72 сўм асосий қарз, 4 700 000 сўм пеня, 41 200 сўм почта харажатлари
ундирилсин.
Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Республика бюджетига даъвогар ААААААААА ҳисобидан 150 000 сўм,
жавобгар БББББББББ ҳисобидан 729 962,03 сўм давлат божи ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан у қабул қилинган кундан бошлаб бир ой
муддат ичида апелляция тартибида шу суд орқали Наманган вилоят судига шикоят
қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи, судья
Х.Умаров