Реквизиты
Категория economic_new Номер дела 4-1505-2502/10238 Дата решения 29.12.2025 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Фарғона туманлараро иқтисодий суди Судья MIRZAMATOV SHOKIRJON MAMADALIYEVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение Ответчик / Подсудимый
Source ID 5017dad0-2821-4955-8a7a-da1673c5e3e3 Claim ID PDF Hash c0c2cfadbc3a0ae3... Загружено 10.04.2026 PDF
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
збекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси збекистон Республикаси Конституцияси 55 law
ФКнинг 234-моддаси ФКнинг 234 law
ФКнинг 631-моддаси ФК 631 law
ФКнинг 632-моддаси ФКнинг 632 law
онуннинг 32-моддаси онуннинг 32 law
ФКнинг 262-моддаси ФКнинг 262 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения 11 420 символов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Риштон тумани 2025 йил 29 декабрь 4-1505-2502/10238-сонли иш Риштон туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ш.Мирзаматов раислигида, судья ёрдамчиси Д.Хомидовнинг суд мажлиси котиблигида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасининг “FERGANA AGRODRI ” масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар - “ZO IDONLIK FAYZLI G'ALLAKOR” фермер хўжалиги ҳисобидан 600 000 000 сўм дебитор қарздорлик, 300 000 000 сўм пеня ва суд харажатларини ундириб бериш тўғрисидаги иқтисодий ишни тарафлардан даъвогар вакили А.Аширматов (2025 йил 1 июль кунидаги 7-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакили В.Муҳиддинов (ишончнома асосида) иштирокида, Риштон туман судлари биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни А Н И Қ Л А Д И: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) судга “FERGANA AGRODRI ” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида даъво ариза билан мурожаат қилиб, “ZO IDONLIK FAYZLI G'ALLAKOR” фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ҳисобидан 600 000 000 сўм дебитор қарздорлик, 300 000 000 сўм пеня ва суд харажатларини ундиришни сўраган. Палата даъво аризада ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишни сўраган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 170-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган даъвогар суд мажлисига келмаса, даъвогарнинг ишни унинг йўқлигида кўриш тўғрисидаги аризаси бўлган тақдирда, низо унинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкинлиги белгиланган. Даъвогар вакили суд мажлисида даъво аризаси бўйича тушунтириш бериб, даъвогар ва жавобгар ўртасида сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш бўйича пудрат шартномаси имзоланганлигини, шартномага асосан пудрат ишлари бажарилиб, жавобгарга топширилганлигини, бироқ жавобгар томонидан бажарилган ишлар учун тўловларни тўлиқ амалга оширмаганлигини, лекин бугунги суд мажлисида ҳақиқатда жавобгар муқаддам тўловлар қилинганлиги ўз тасдиғини топганлигини баён этиб, суддан даъво аризасини қисман қаноатлантириб беришни сўради. Жавобгар вакили суд мажлисида даъво аризаси бўйича тушунтириш бериб, ўз эътирозларини билдириб, қарздорлик бўйича илгари 510 000 000 сўм миқдорида маблағ тўланганлигини баён этиб, суд мажлисига тўловлар амалга оширилганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномаларини тақдим этиб, суддан даъво аризасини қаноатлантиришни рад этишни сўради. Суд, ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, суд мажлисида иштирок этган даъвогар ва жавобгар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, далилларни текшириб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъво аризасини қисман қаноатлантиришни лозим топди. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2022 йил 30 ноябрь куни 15-сонли пудрат шартномаси имзоланган, шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарнинг буюртмасига асосан унга тегишли бўлган 24 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш бўйича пудрат ишларини бажариб, ишга тушириб, жавобгарга топшириши, жавобгар эса даъвогар томонидан амалга оширилган пудрат ишларини қабул қилиб олиш ва бажарилган пудрат ишлари бўйича тўловларни тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан жами 600 000 000 сўмлик пудрат ишлари тўлиқ бажарилиб, бажарилган ишлар жавобгарга топшириш—қабул қилиш далолатномасига асосан топширилган. Бироқ, жавобгар бажарилган ишлар бўйича тўловларни амалга оширмай, қарздорликка йўл қўйиб, ушбу қарздорликни ўз вақтида тўлаб бермаган. Даъвогар томонидан мавжуд қарздорликни тўлаб бериш ҳақидаги билдирилган оғзаки мурожаатлар ва юборилган талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Натижада, палата даъвогар манфаатида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 600 000 000 сўм дебитор қарздорлик, 300 000 000 сўм пеня ва суд харажатларини ундиришни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8-моддасига кўра фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослардан, шунингдек фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг, гарчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлмаса-да, лекин фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмунига кўра фуқаролик ҳуқуқ хамда бурчларни келтириб чиқарадиган харакатларидан вужудга келади. ФКнинг 234-моддасига кўра, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Тарафлар ўртасидаги вужудга келган мазкур низо пудрат шартномасидан келиб чиққан. ФКнинг 631-моддаси биринчи қисмига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 632-моддаси биричи қисмига кўра, пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади. Даъвогар томонидан ҳақиқатда жавобгарга тегишли ер майдонларида 600 000 000 сўмлик томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича пудрат ишлари амалга оширилган. Бироқ, даъвогар жавобгарнинг муқаддам бажарилган пудрат ишлари бўйича тўловлар амалга оширилган ёки оширилмаганлигига аниқлик киритмасдан, судга даъво аризаси киритиш бўйича эрта хулосага келган. Суд мажлисига жавобгар вакили томонидан тақдим этилган 2022 йил 22-23 июнь кунларидаги 1 ва 5-сонли тўлов топшириқномаларига асосан, жавобгар даъвогарнинг ҳисоб рақамига бажариладиган пудрат ишлари бўйича жами 510 000 000 сўм тўловларни амалга оширган. Суд мазкур ҳолатда, даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан 600 000 000 сўм дебитор қарздорлик ундириш ҳақидаги талабини, 90 000 000 сўмга қаноатлантиришни, даъво талабининг қолган 510 000 000 сўмлик қисмини муқаддам тўланганлиги боис, қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Шунингдек, даъвогар жавобгардан тўлов кечиктирилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 32-моддасига асосан 300 000 000 сўм пеня суммасини ундиришни сўраган. Қонуннинг 32-моддаси иккинчи қисмига кўра, етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлайди. Бироқ, даъвогар тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 12.1-бандида, мазкур шартномага тегишли иловаларда кўрсатилган ўз мажбуриятларига риоя қилмаганлиги, ўз вақтида молиялаштирилмаганлиги ва шартномада белгиланган бошқа мажбуриятларни бузганлиги учун “Буюртмачи” “Пудратчи”га ёки “Пудратчи” “Буюртмачи”га кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбуриятларни бажармаган қисмининг 0,4 фоизи миқдорида пеня тўлашлиги ва пенянинг умумий суммаси бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар қийматининг 20 фоизидан ошмаслиги лозимлиги белгиланган. ФКнинг 262-моддасига кўра, неустойка тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши керак. Мазкур ҳолатда суд, даъвогар тарафлар неустойка тўғрисида шартномада ёзма келишувга эришган бўлсаларда, асоссиз равишда Қонуннинг 32-моддаси бўйича пеня ундиришни сўраган деб ҳисоблайди. Жавобгар томонидан шартноманинг V-бўлимида белгиланган мажбуриятларни лозим даражада бажармай, бажарилган ишлар қийматини ўз вақтида тўлаб бермаган. Демак, даъвогар жавобгарнинг тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномасининнг 12.1-бандида белгиланган тартиб бўйича 120 000 000 сўм миқдорида пеня ҳисоблаши лозим эди. Бироқ, даъвогарнинг дебитор қарздорликни ундириш талаби 90 000 000 сўмга қаноатлантирилганлигини инобатга олиб, тарафлар ўртасида вужудга келган пеня миқдори 18 000 000 сўмни ташкил этади. Юқоридагиларга кўра суд, даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан 300 000 000 сўм пеня ундириш талабини, 18 000 000 сўмга қаноатлантиришни, қолган қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июнь кунги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 2-бандига кўра, судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шарт. ИПКнинг 118-моддаси биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Баён қилинганларга асосланган ҳолда суд, даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 90 000 000 сўм дебитор қарздорлик, 18 000 000 сўм пеня ва 41 200 сўм почта харажати, республика бюджетига 2 160 000 сўм давлат божи ундиришни лозим топади. Шу билан бирга, даъвогарнинг қаноатлантириш рад этилган дебиторлик қарздорлик ва пеня ундириш талабининг қисмига мутаносиб равишда вужудга келган 15 840 000 сўм давлат божини даъвогар ҳисобидан республика бюджетига ундиришни лозим деб ҳисоблайди. Баён этилганларга кўра ҳамда ИПКнинг 118,176-180,186,192-моддаларини қўллаб, суд ҚАРОР ҚИЛДИ: Даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин. Жавобгар “ZO IDONLIK FAYZLI G'ALLAKOR” фермер хўжалиги ҳисобидан даъвогар “FERGANA AGRODRI ” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 90 000 000 сўм дебитор қарздорлик, 18 000 000 сўм пеня ва 41 200 сўм почта харажати ундирилсин. Жавобгар “ZO IDONLIK FAYZLI G'ALLAKOR” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджетига 2 160 000 сўм давлат божи ундирилсин. Даъвогар “FERGANA AGRODRI ” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджетига 15 840 000 сўм давлат божи ундирилсин. Даъво аризасининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақалари берилсин. Ҳал қилув қароридан норози тарафлар шу суд орқали Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига бир ойлик муддат ичида апелляция тартибида шикоят бериш (протест келтириш) ёки ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой муддат ичида кассация тартибида шикоят бериш (протест келтириш) ҳуқуқига эга. Раислик қилувчи, судья Ш.Мирзаматов