← Назад
Решение #2829801 Экономические
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
3
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 170 | — | law | |
| ФК | 326 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1601-2504/21751-сонли иш
судья: Х.Умаров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Наманган шаҳри
2025 йил 23 декабрь
Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Умаров раислигида,
судья ёрдамчиси Х.Абдулбориевнинг котиблигида, Ўзбекистон Савдо-саноат
палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар АААААААААА
манфаатида жавобгар БББББББББ ҳисобидан жами 13 549 022,41 сўм ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни даъвогар вакили
Ю.Абдураззақова (ишончнома асосида)нинг иштирокида суднинг биносида очиқ суд
мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, АААААААААА
(бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва БББББББББ (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) ўртасида 2023 йил 13 декабрда 2496-сонли олди-сотди
шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра даъвогар жавобгарга тиббиётда
қўлланиладиган дори воситалари (бундан буён матнда маҳсулот деб юритилади)ни
етказиб бериш, жавобгар эса товарни қабул қилиб олиш ва уни ҳақини тўлаш
мажбуриятини олган.
Даъвогар томонидан етказиб берилган маҳсулот ҳақини жавобгар тўлиқ
тўламаганлиги учун унинг даъвогар олдида 11 680 222,41 сўмлик қарздорлиги юзага
келган.
Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш юзасидан юборган талабномаси жавобгар
томонидан оқибатсиз қолдирилганлиги боис Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади)
даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар
ҳисобидан 11 680 222,41 сўм асосий қарз, 1 868 800 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили даъво талабларини қувватлаб,
тарафлар ўртасида тузилган шартнома асосида жавобгарга маҳсулот етказиб
берилганлигини, даъво аризаси судга киритилганидан сўнг жавобгар маҳсулот ҳақини
тўлиқ тўлаганлигини, жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун
шартнома бўйича унга 1 868 800 сўм пеня ҳисобланганлигини маълум қилиб,
даъвонинг пеня ундириш қисмини қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган Палата ва жавобгар суд мажлисига келмади. Палата ишни ўзининг
иштирокисиз кўриб чиқишни сўраган.
Мазкур ҳолатда суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
(бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 170-моддасига асосан ишни Палата ва
жавобгар иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди.
Суд даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, даъво аризасида
келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, уларга ҳуқуқий
баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман қаноатлантиришни
лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик
талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи
одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада
бажарилиши кераклиги белгиланган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2023 йил 13 декабрда
2496-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.
ФК 386-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ олди-сотди шартномаси бўйича
бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш
мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган
пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.
Ўзаро тузилган шартноманинг 1-бандига кўра даъвогар жавобгарга маҳсулотни
етказиб бериш, жавобгар эса товарни қабул қилиб олиш ва уни ҳақини тўлаш
мажбуриятини олган.
Шартнома бўйича олинган мажбурият даъвогар томонидан бажарилиб,
жавобгарга ҳисобварақ-фактуралар орқали жами 57 578 222,41 сўмлик маҳсулот
етказиб берилган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.2-бандида жавобгар олинган
маҳсулотларнинг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаши, қолган 50 фоиз ҳақини
ҳисобварақ-фактуралар имзолангандан сўнг 30 календарь кун мобайнида тўлаши
белгиланган.
Жавобгар шартнома бўйича олган мажбуриятларини лозим даражада бажармай
етказиб берилган маҳсулот ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўлиқ
тўламаган ва 11 680 222,41 сўм миқдорида қарздорликка йўл қўйган.
Даъвогарнинг қарздорликни тўлаб бериш ҳақида юборган 2025 йил 12 ноябрдаги
765-сонли огоҳлантириш хати (талабномаси) жавобгар томонидан оқибатсиз
қолдирилиб, қарздорлик тўланмаган.
ФК 418-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра сотиб олувчи товар ҳақини
тўлаши лозим.
Жавобгарнинг даъвогардан бўлган асосий қарзи 11 680 222,41 сўмни ташкил
этганлиги ишдаги тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ҳисобварақ-фактуралар,
талабнома ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.
Бироқ жавобгар мавжуд асосий қарзни 2025 йил 28 ноябрда тўлаган. Бу ҳолат
даъвогар вакилининг суд мажлисида берган тушунтиришлари ҳамда судга тақдим
этилган солиштирма далолатномаси билан тасдиқланади.
Даъво аризаси суд девохонасида 2025 йил 3 декабрь куни кирим қилинганлиги
сабабли суд даъвогарнинг асосий қарз ундириш талабини асоссиз бўлган деб
ҳисоблаб, уни қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
Шунингдек, даъво аризасида жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида
тўламаганлиги сабабли унинг ҳисобидан 1 868 800 сўм пеня ундириш сўралган.
Шартноманинг 5.3-бандида етказиб берилган товарлар учун тўлов
кечиктирилган ҳолда жавобгар даъвогарга кечиктирилган ҳар бир кун учун
кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи, аммо кечиктирилган тўлов
суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима тўлаши назарда тутилган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига биноан қарздор айби бўлган тақдирда
мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар
қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Бундай ҳолатда суд жавобгар маҳсулотлар ҳақини ҳисобварақ-фактура
расмийлаштирилган кундан бошлаб 30 кун муддат ичида тўлаши лозим бўлса-да,
тўловни 2025 йил 9 октябрдан 21 ноябрга қадар 40 кунга кечиктирилганлиги сабабли
даъвогарнинг пеня ундириш талабини асосли деб ҳисоблайди (пенянинг ҳисобкитоби даъво аризасида баён этилган).
ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг
бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи
тарафларнинг мулкий
аҳволини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил
15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик
учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг
айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 4-бандида назарда тутилган
тушунтиришларни, жавобгар асосий қарзни тўлаганлигини инобатга олиб, суд
ундирилиши сўралган 1 868 800 сўм пеняни 935 000 сўм миқдорида қаноатлантириб,
қолган қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок этувчи
шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда
уларнинг зиммасига юклатилиши, олтинчи қисмида агар даъвогар томонидан
билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг
миқдори қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан
камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда
ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд
харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши белгиланган.
Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъво талабларини қисман
қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 935 000 сўм пеня, 41 200
сўм почта харажатлари, республика бюджетига даъвогар ҳисобидан 355 144 сўм,
жавобгар ҳисобидан 56 856 сўм давлат божи ундиришни лозим топди.
Бинобарин ИПКнинг 118, 170, 176-180 ва 186-моддаларини қўллаб, суд
қарор қилади:
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар БББББББББ ҳисобидан даъвогар АААААААААА фойдасига 935 000
сўм пеня, 41 200 сўм почта харажатлари ундирилсин.
Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Республика бюджетига даъвогар АААААААААА ҳисобидан 355 114 сўм,
жавобгар БББББББББ ҳисобидан 56 856 сўм давлат божи ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан у қабул қилинган кундан бошлаб бир ой
муддат ичида апелляция тартибида шу суд орқали Наманган вилоят судига шикоят
қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи, судья
Х.Умаров