← Назад
Решение #2834522 economic_new
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
3
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФК | 744 | — | law | |
| ИПК | 68 | — | law | |
| ИПК | 278 | — | law |
Текст решения
9 445 символов
4-1303-2502/6336-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда судида
ишни кўрган судья – Ф.Музаффаров
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья – М.Фаязов
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
Жиззах шаҳар
2025 йил 12 декабрь
Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
И.Умаров раислигида, ҳайъат аъзолари О.Эргашев ва М.Фаязовдан иборат
таркибда, судья катта ёрдамчиси С.Гайиров котиблигида, даъвогар “****”
акциядорлик тижорат банки вакили **** (2025 йил 18 ноябрдаги 09-09/5828сонли ишночномага асосан) иштирокида, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси
Жиззах вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар “****” акциядорлик
тижорат банки манфаатида, жавобгар “****” масъулияти чекланган
жамиятидан 1.205.336.709 сўм кредит қарзини ундириш, ундирувни гаров
мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан
қабул қилинган Ғаллаорол туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 2
октябрдаги ҳал қилув қарори устидан “****” масъулияти чекланган
жамиятидан томонидан берилган апелляция шикоятини суд биносида очиқ
суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“****” акциядорлик тижорат банки (бундан буён матнда даъвогар деб
юритилади) ва “****” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) ўртасида 2024 йил 18 июлда 103-сонли кредит
шартномаси тузилган.
Ушбу кредит шартномасига кўра, даъвогар жавобгарга 36 ой
муддатга, йиллик 29 фоиз устама тўлаш шарти билан 900.000.000 сўм
ажратиш, жавобгар эса олинган кредит маблағини белгиланган муддатда
қайтариш ва кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар тўлаш мажбуриятини
олган.
Даъвогар кредит шартномаси бўйича олган мажбуриятини бажариб,
унда кўрсатилган миқдор ва шартларда жавобгарга кредит ажратилган.
Бироқ, жавобгар кредит шартномасида белгиланган мажбуриятларини
лозим даражада бажармаганлиги натижасида 2025 йил 18 июнь ҳолатига
900.000.000 сўм кредит қарзи, 262.528.925 сўм кредит фоизи, жами
1.162.528.925 сўмни ташкил этган.
Натижада, даъвогар манфаатида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси
Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб
юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан
900.000.000 сўм кредит қарзи, 262.528.925 сўм кредит фоизи, 42.807.782 сўм
пеня, жами 1.205.336.709 сўм ундиришни сўраган.
Жиззах туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 2 октябрдаги ҳал
қилув қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан
даъвогар фойдасига 900.000.000 сўм кредит қарзи, 262.528.925 сўм кредит
фоизи, 42.807.782 сўм пеня, жами 1.205.336.709 сўм ундирилган.
Апелляция шикоятида суднинг 2025 йил 2 октябрдаги ҳал қилув
қарорини бекор қилиш сўралган.
Суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор
қилинган бўлсада, Палата ва жавобгарлар суд мажлисида вакили
иштирокини таъминламади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан
буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасига асосан судлов ҳайъати
мазкур апелляция шикоятини уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим
деб топади.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили апелляция шикоятини
тан олмаслигини, даъвогар кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятини
бажарганлигини, жавобгарга кредит ажратилганлигини, жавобгар кредит
қарзини тўламаганлигини билдириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарорини ўз кучида қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб,
апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга
муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз,
апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.
Иш ҳужжатларидан ва суд мажлиси мухокамасидан аниқланишича,
даъвогар ва жавобгар ўртасида 2024 йил 18 июлда 103-сонли кредит
шартномаси тузилган.
Ушбу кредит шартнома шартларига кўра банк, қарз олувчига 36 ой
муддатга, йиллик 29 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 900.000.000 сўм
кредит бериш мажбуриятини олган.
Мазкур шартномага мувофиқ, қарздор кредитни ва у бўйича
ҳисобланган фоизларни мазкур шартномада белгиланган муддатларда ва
миқдорда тўлиқ қайтариш мажбуриятини олган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён
матнда ФК деб юритилади) 236-моддасида, мажбуриятлар мажбурият
шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва
талаблар бўлмаганда эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган
бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Жавобгар кредит шартномаси ва кредит шартномасининг 4.2.1бандида ҳамда кредит шартномаси иловасида, кредитни ва унга хисобланган
фоизларни шартномада белгиланган муддатларда ва тўлиқ қайтарилишини
таъминлаш мажбуриятини олган.
Бироқ, жавобгар кредит шартномаси шартларини бажармасдан
муддати ўтган кредит асосий қарзи ва фоизларини тўламасдан шартнома
шартларини бузиб келган.
Жавобгарнинг 2025 йил 18 июнь ҳолатига ҳолатига 900.000.000 сўм
кредит қарзи, 262.528.925 сўм кредит фоизи, жами 1.162.528.925 сўм қарзи
мавжуд бўлган.
ФК 744-моддаси биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича
бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (Банк) иккинчи тарафга (қарз
олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул
маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини
қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасида қарздор кредитни
ва унга ҳисобланган фоизларни шартномада белгиланган муддатларда ўз
вақтида тўлиқ қайтарилиши ҳамда тўланилишини таъминлаш мажбуриятини
олган.
ФК 735-моддаси биринчи қисмига кўра, қарз олувчи олинган қарз
суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз
берувчига қайтариши шарт.
Даъвогар томонидан кредит шартномаси шартлари лозим даражада
бажарилган ҳамда кредит ажратилган бўлсада, жавобгар кредит шартномаси
шартларини бажармаган, кредитни қайтариш жадвалининг бузилишига йўл
қўйилган. Даъвогар томонидан юборган талабномаларини жавобгар
эътиборсиз қолдирган.
ФК 736-моддаси иккинчи қисмига кўра, агар қарз шартномасида
қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи
қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган
тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар
билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди
Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб
чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик
қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сонли
қарорининг 5-бандида қарз олувчилар (қарздорлар)нинг кредитларни
қайтармаганлик учун кредит ташкилотлар олдидаги жавобгарлиги доирасини
аниқлашда судлар қарз таркибига кредитнинг ёки унинг бир қисмининг
суммаси, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит шартномасида
белгиланган хажмда бошқа тўловлар (комиссиялар) киришидан келиб
чиқишлари зарурлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Шу боис биринчи инстанция суди даъво талбининг кредит қарзи ва
унга ҳисобланган кредит фоизини жавобгардан ундириш тўғрисида қонуний
ва асосли тўхтамга келган.
Шунингдек, даъвогар даъво аризасида жавобгардан тўлов
кечиктирилган кунлар учун 42.807.782 сўм пеня ундиришни сўраган.
Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 7.3-бандида
фоизларни белгиланган муддатда тўламаганлиги сабабли ва улар бўйича
муддати ўтган суммалар вужудга келганлиги учун қарздор банкка
кечиктирилган тўловнинг ҳар бир куни учун кечиктирилган тўлов
суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг
50 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган.
Биринчи инстанция суди даъво аризасини қаноатлантиришда моддий
ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаган ҳолда асослантирилган ва
қонуний қарор қилинган бўлиб, хулосалар эса иш ҳолатларига мувофиқлиги
сабабли суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартиришга асослар мавжуд эмас.
Шу боис, апелляция шикоятида келтирилган важлар билан келишиб
бўлмайди ва уни қаноатлантиришни рад этиш лозим бўлади.
Бинобарин, ИПК 68-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир
шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни
исботлаши керак.
ИПК 278-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, апелляция
инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари
бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати Ғаллаорол туманлараро
иқтисодий судининг 2025 йил 2 октябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз,
апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни апелляция
инстанциясида кўриш билан боғлиқ 12.053.367 сўм давлат божини
жавобгардан республика бюжетига ундиришни, олдиндан тўланган 41.200
сўм почта харажатини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим деб топади.
Юқоридагиларга кўра, ИПК 118, 260, 274, 276 ва 278 - 280моддаларини қўллаб, судлов ҳайьати
қ а р о р қ и л а д и:
Ғаллаорол туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 2 октябрдаги
ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, жавобгар “****” масъулияти чекланган
жамиятининг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
Жавобгар “****” масъулияти чекланган жамиятидан республика
бюжетига 12.053.367 сўм давлат божи ундирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори
қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида Жиззах вилоят
судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида
шикоят (протест) берилиши мумкин.
Раислик этувчи
И.Умаров
ҳайъат аъзолари
О.Эргашев
М.Фаязов