← Назад
Решение #2836476 Экономические
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 437 | — | law | |
| ФКнинг | 449 | — | law | |
| ФКнинг | 333 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-2005-2501/3564-сонли иқтисодий иш
Пешку тумани
Ўзбекистон Республикаси номидан
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
2025 йил 9 декабрь
Пешку туманлараро иқтисодий судининг судьяси У.Жумаев раислигида,
судья ёрдамчиси Ж.Сатторов котиблигида, даъвогар “AFZAL EVENT
MANAGMENT” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “RAVNAQ
QURILISH LOGISTIK TRANS” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан
киритилган даъво аризаси юзасидан қўзғатилган иқтисодий ишни, даъвогар
вакили С.Холиқованинг иштирокида Пешку туманлараро иқтисодий суди
биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
иш ҳужжатларидан кўринишича ва даъво аризасида баён қилинишича, “AFZAL
EVENT MANAGMENT” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда
“даъвогар” деб юритилади) ва “RAVNAQ QURILISH LOGISTIK TRANS”
масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда “жавобгар” деб
юритилади) ўртасида 22.03.2024 йилда сиқилган табиий газ етказиб бериш
шартномаси тузилган.
Даъво аризасида келтирилишича, тарафлар ўртасида тузилган шартномага
асосан, даъвогар жавобгарга 50 236 039 сўмлик маҳсулот етказиб берган.
Жавобгар томонидан маҳсулотлар қабул қилиб олинган.
Бироқ, тўловлар амалга оширилмаган.
Шундан сўнг, даъвогар жавобгарга талабнома билан мурожаат қилиб
қарздорликни тўлаб беришни сўраган. Бироқ, талабнома жавобгар томонидан
оқибатсиз қолдирилган.
Шу сабабли, низо вужудга ва даъвогар судга даъво аризаси киритиб,
жавобгар ҳисобидан 50 236 039 сўм асосий қарз ва 25 118 019 сўм пеня
ундиришни сўраган.
Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакили жавобгар томонидан
бугунги кун ҳолатида қарздорлик тўланмаганлигини билдириб, даъво аризасини
тўлиқ қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида лозим даражада хабардор
қилинган бўлсада, суд мажлисида вакил иштирокини таъминламади.
Суд, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
(бундан буён матнда “ИПК” деб юритилади) 128-170-моддаларини қўллаб ишни
даъвогар, жавобгар ва учинчи шахслар вакили иштирокисиз кўриб чиқишни
лозим топади.
Суд, тарафларнинг тушунтиришини ва тақдим қилинган ҳужжатларни
ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра даъво аризасини қисман
қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда “ФК”
деб юритилади) 8 ва 234-моддаларига асосан мажбуриятлар шартномадан, зиён
етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб
чиқади.
ФКнинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига
мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб
берувчи - сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб
чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик
фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва
шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа
мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул
қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
ФКнинг 449-моддасига кўра, сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар
хақини шартномада назарда тутилган хисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал
қилган ҳолда тўлаши лозим.
Даъвогарнинг даъво аризаси иш ҳужжатлари ва ҳисобварақ-фактуралари
билан ўз тасдиғини топади.
Мазкур ҳолатда, даъвогарнинг 50 236 039 сўм асосий қарзни ундириш
талабини қаноатлантириш лозим бўлади.
Шунингдек, даъвогар тўловлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун
жавобгар ҳисобидан 25 118 019 сўм пеня ундиришни сўраган.
ФКнинг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда, мажбуриятни
бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун
ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб
беради.
ФКнинг 326-моддасида, агар тўланиши лозим бўлган неустойка
кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб
турса, суд неустойкани камайтиришга хақли эканлиги, бунда қарздор
мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган
тарафларнинг мулкий ахволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга
олиниши белгиланган.
Суд даъвогарнинг пеня ундириш талабини муҳокама этиб, жавобгар
ҳисобидан даъвогар фойдасига 2 500 000 сўм пеняни ундиришни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг учинчи қисмига кўра, даъвогар тўлашдан
белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан
озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилади.
Суд ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини масаласини мухокама
этиб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 1 507 082 сўм давлат божи ва
41 200 сўм почта харажатини ундиришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси
8,234,236,437,449-моддаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 116, 118, 170, 176-180-моддаларини қўллаб,
қарор
қилди:
Даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар “RAVNAQ QURILISH LOGISTIK TRANS” масъулияти
чекланган жамияти ҳисобидан даъвогар “AFZAL EVENT MANAGMENT”
масъулияти чекланган жамиятига 50 236 039 сўм асосий қарз, 2 500 000 сўм
пеня, 1 507 082 сўм давлат божи ва 41 200 сўм почта харажати ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат
ўтгач қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақалари берилсин.
Ҳал қилув қароридан норози томон бир ой муддатда Пешку туманлараро
иқтисодий суди орқали апелляция ёки қонуний кучга кирган ва апелляция
тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан у қонуний кучга кирган кундан
эътиборан олти ой ичида кассация тартибида Бухоро вилоят судига шикоят
келтириши мумкин.
Судья
У.Жумаев