Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1901-2504/9171 Дата решения 09.12.2025 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Термезский межрайонный экономический суд Судья ACHILOV JASUR RAXMATOVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение Бизнесни Ривожлантириш банки Ответчик / Подсудимый M ’suli t rmiz
Source ID b66e9f03-4cc5-4199-8ca5-24b231bd3158 Claim ID PDF Hash cb652cacf4c5be03... Загружено 10.04.2026 PDF
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ФКнинг 744-моддаси ФКнинг 744 law
ФКнинг 734-моддаси ФКнинг 734 law
ФКнинг 7461-моддаси ФКнинг 7461 law
ИПКнинг 66-моддаси ИПКнинг 66 law
ИПК 72-моддаси ИПК 72 law
ИПК 74-моддаси ИПК 74 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1901-2504/9171-сонли иш ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Термиз шаҳри 2025 йил 09 декабрь Термиз туманлараро иқтисодий суди, судья Ж.Ачиловнинг раислигида, судья ёрдамчиси С.Исмоиловнинг котиблигида, даъвогар вакили Ш.Қодиров ишончнома асосида), жавобгарнинг раҳбари Ш.Холмирзаевни иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар “Бизнесни Ривожлантириш банки” АТБ манфаатида жавобгар “M ’suli t rmiz” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан кредит ва фоиз қарздорлигини ундириш ҳақида киритган даъво аризаси бўйича тўпланган иқтисодий ишни ўз биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси “Бизнесни Ривожлантириш банки” АТБ (кейинги ўринларда – даъвогар) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “M ’suli t rmiz” МЧЖ (кейинги ўринларда – жавобгар) ҳисобидан кредит шартномаси бўйича 53 333 334 сўм муддати ўтган кредит қарзи, 122 882 700 сўм муддати ўтган кредит фоизини ундиришни сўраган. Палата ишни унинг вакили иштирокисиз кўришни сўраган. Суд, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 170-моддасига асосан ишни унинг иштирокисиз кўришни лозим деб топади. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили даъвони қувватлаб, жавобгар кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлигини билдириб, даъво аризасини тўлиқ қаноатлантиришни сўради. Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили даъвогарнинг даъвосини тан олиб, кредит қарздорликни тез орада тўлиқ тўлаб беришини маълум қилиб, ишни кейинга қолдиришни сўради. Суд, ишда тўпланган ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидагиларга кўра, даъво талабларини қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 24.01.2025 йилда тузилган 557-сонли кредит шартномасига биноан, даъвогар жавобгарга 36 ой муддатга, шундан 6 ой имтиёзли давр билан йиллик 30 фоиз устама тўлаш шарти билан 800 000 000 сўм кредит маблағи ажратиш мажбуриятини, жавобгар эса олинган кредит маблағидан мақсадли фойдаланган ҳолда асосий қарз ва унинг фоизларини тўлов жадвалига мувофиқ белгиланган муддатда қайтариш мажбуриятини олган. Банк кредит шартномасида назарда тутилган ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлса-да, жавобгар кредит шартномасида кўрсатилган кредитни қайтариш жадвалига амал қилмасдан, ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги боис даъвогар олдида юқорида қайд этилган қарздорлик юзага келган бўлиб, бартараф этилмасдан қолган. Даъвогарнинг муддати ўтган кредит қарзи ва унинг фоизларини тўлаб бериш тўғрисида юборган 1-сонли талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Шартнома шартларига кўра, жавобгар кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини мазкур шартномага ва мазкур шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган кредитни қайтариш жадвалига асосан белгиланган тартибда ва муддатда тўлиқ қайтарилишини таъминлаш ҳамда шартнома бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариш мажбуриятини олган. Шартноманинг 7.1-бандига кўра, асосий қарзни қайтариш муддати кечиктирилганда, жавобгар шартномада белгиланган фоиз ставкасининг 1,5 баравар оширилган миқдорида юқори фоиз тўлаши назарда тутилган. Даъвогар томонидан судга тақдим этган маълумотномага кўра суд мажлиси кунида жавобгарнинг 133333335 сўм асосий қарзи ва 209718364 сўм фоиз қарзининг муддати ўтганлиги кўрсатилган. Судга тақдим этилган ҳисоб китоб маълумотномаларига кўра жавобгарнинг муддати ўтган қарздорликлари бартараф этилмаган. Даъво асослидир. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК)нинг 8, 234-моддаларига кўра мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. ФКнинг 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши, 237-моддасига кўра мажбуриятларни бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. ФКнинг 744-моддасига мувофиқ, кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Агар ушбу параграфнинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у кредит шартномасининг моҳиятидан келиб чиқмаса, кредит шартномаси муносабатларига нисбатан қарзнинг қоидалари қўлланади. ФКнинг 734-моддасига асосан, агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади. Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 22.12.2006 йилдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорининг 5-бандида қарз олувчилар (қарздорлар)нинг кредитларни қайтармаганлик учун кредит ташкилотлари олдидаги жавобгарлиги доирасини аниқлашда судлар қарз таркибига кредитнинг ёки унинг бир қисмининг суммаси, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит шартномасида белгиланган ҳажмда бошқа тўловлар (комиссиялар) киришидан келиб чиқишлари зарурлиги, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчи (қарздор) банкнинг пул маблағларидан амалда фойдаланган бутун даври учун, ҳатто актив (кредит/қарз) ўстирмаслик мақомига ўтказилган тақдирда ҳам, пул мажбуриятларини кечиктириш даврини қўшган ҳолда ҳисобланиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган. ФКнинг 7461-моддасига мувофиқ, кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилади. Бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли. ИПКнинг 66-моддасига асосан иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади. ИПК 72-моддасига кўра қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас. ИПК 74-моддасига кўра агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб тан олинади. ИПКнинг 118-моддасига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ тасдиқланган давлат божи ставкаларига кўра иқтисодий судларга бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўланиши керак. Суд, юқоридагиларга асосан ҳамда жавобгар кредит шартномаси орқали ўзига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармаганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 53 333 334 сўм муддати ўтган кредит қарзи, 122 882 700 сўм муддати ўтган кредит фоизини ундиришни, жавобгардан республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 3 524 321 сўм давлат божи, даъвогар фойдасига иш учун олдиндан тўланган 41 200 сўм почта харажатини ундиришни, жавобгарнинг ишни кейинга қолдириш ҳақидаги илтимосини асослантирилмаганлиги сабабли рад этишни лозим топади. Суд, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 176-180, 186-моддаларини қўллаб, қарор қ и л д и: Жавобгар раҳбарининг ишни кейинга қолдириш ҳақидаги илтимоси рад этилсин. Даъво талаби қаноатлантирилсин. “Бизнесни Ривожлантириш банки” АТБ фойдасига “M ’suli t rmiz” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 53 333 334 сўм муддати ўтган кредит қарзи, 122 882 700 сўм муддати ўтган кредит фоизи ҳамда иш учун олдиндан тўланган 41 200 сўм почта харажати ундирилсин. “M ’suli t rmiz” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 3524321 сўм давлат божи ундирилсин. Мазкур ҳал қилув қарори бир ой муддат ўтиб қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақалари берилсин. Ҳал қилув қароридан норози тарафлар қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу суд орқали апелляция тартибида шикоят (протест) беришлари ёки ушбу муддатда апелляция шикояти (протест) берилмаса, олти ойлик муддатда кассация шикояти (протест) беришлари мумкин. Судья Ж.Ачилов