← Назад
Решение #2839256 Экономические
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
6
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 170 | — | law | |
| онуни | 25 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ФКнинг | 437 | — | law | |
| ФКнинг | 14 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1601-2504/21418-сонли иш
судья: Х.Умаров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Наманган шаҳри
2025 йил 2 декабрь
Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Умаров раислигида, судья
ёрдамчиси Х.Абдулбориевнинг котиблигида, даъвогар АААААААААнинг жавобгар
БББББББББББ ҳисобидан жами 578 484 сўм ундириш, ўзаро тузилган шартномани
бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни Наманган шаҳар
прокурори катта ёрдамчиси У.Самижонов, даъвогар вакиллари А.Базаров ва
М.Абдулллаев (ишончнома асосида)ларнинг иштирокида суднинг биносида очиқ суд
мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, ААААААААА
(бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва БББББББББББ ўртасида 2025 йил
4 сентябрда 3634435-сонли шартнома тузилган бўлиб, унга кўра жавобгар
“стабилизатор напряжения” (бундан буён матнда маҳсулот деб юритилади) етказиб
бериш, даъвогар уларни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Даъвогар жавобгарга етказиб бериладиган маҳсулот учун ҳақ олдиндан тўлаган
бўлса-да, жавобгар маҳсулотни етказиб бермаган.
Шу боис даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар
ҳисобидан 491 280 сўм пеня, 84 000 сўм закалат пули, 3 204 сўм комиссион йиғим
ундиришни, ўзаро электрон портал орқали тузилган шартномани бекор қилишни
сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари даъвони қўллаб-қувватлаб,
жавобгар шартномада тавсифи келтирилган маҳсулотни белгиланган муддатда
етказиб бермаганлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантиришни сўрадилар.
Ишда иштирок этувчи прокурор суд муҳокамасида даъвони қувватлаб, даъво
талабларини қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
этилган жавобгар ҳамда ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар
билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган “Ўзбекистон
Республикаси Товар хом ашё биржаси” АЖ суд мажлисига келмади.
Мазкур ҳолатда суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
(бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 170-моддасига асосан ишни жавобгар
ҳамда учинчи шахс иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди.
Ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган
учинчи шахс сифатида жалб қилинган “Ўзбекистон Республикаси Товар хом ашё
биржаси” АЖ томонидан судга жадвал шаклидаги маълумотнома тақдим этилиб,
унда тарафлар ўртасида электрон тизим орқали шартнома тузилганлиги, иккала
тарафдан ҳам комиссион йиғим ундирилганлиги, уларнинг закалат маблағлари банд
қилиб қўйилганлиги, бугунги кунда шартнома бекор қилинмаганлиги маълум
қилинган.
Суд даъвогар вакилларнинг тушунтиришларини, ишда иштирок этувчи
прокурор фикрини тинглаб, даъво аризасида келтирилган важларни иш ҳужжатлари
билан бирга муҳокама қилиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра
даъво талабларини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида электрон тизимда
(электрон дўкон) ўтказилган электрон давлат харидлари натижалари бўйича товар
етказиб бериш тўғрисида 2025 йил 4 сентябрда тузилган 3634435-сонли шартномага
кўра жавобгар ҳар бирининг нархи 534 000 сўмдан бўлган 4 дона маҳсулот етказиб
бериш, даъвогар етказиб берилган маҳсулот ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 2.1-бандида даъвогар шартнома бўйича тўловларни тўлиқ
ҳажмда амалга ошириш учун давлат харидларининг электрон тизимида рўйхатга
олинган пайтдан бошлаб ўн иш куни мобайнида ўзларининг Ҳисоб-китоб клиринг
палатаси (бундан буён матнда ҲККП деб юритилади)даги ҳисобварағига маблағларни
ўтказиши белгиланган.
Даъвогар шартнома бўйича олган мажбуриятларини бажариб, 2025 йил
8 сентябрда етказиб бериладиган маҳсулот учун 2 136 000 сўмни “Ўзбекистон
Республикаси Товар хом ашё биржаси” АЖ (бундан буён матнда оператор деб
юритилади)нинг махсус ҳисоб рақамига ўтказиб берган.
Ўзаро тузилган шартноманинг 2.2-бандида ҲККП шартнома бўйича тушган
тўлов суммасини банд қилиб қўйиши ва маблағлар тушган кундан кейинги иш
кунидан кечиктирмасдан бу ҳақида жавобгарга хабарнома юбориши, мазкур
хабарнома жавобгарга маҳсулотларни етказиб бериш учун асос бўлиб хизмат қилиши,
жавобгар тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида ҲККПдан хабарнома олинганидан
бошлаб 20 иш куни ичида маҳсулотларни етказиб бериши шартлиги назарда
тутилган.
Жавобгар шартнома бўйича олган мажбуриятларини бажармай шартномада
назарда тутилган маҳсулотни белгиланган муддатда етказиб бермаган.
Шартноманинг 4.1-бандига кўра даъвогар ва жавобгар шартнома шартларини
бажармаганлик ҳамда бузганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда
жавобгарликка тортиладилар.
Шу сабабли даъвогар “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг
шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
25-моддаси асосида жавобгарга маҳсулот етказиб бериш муддати кечиктирилган
кунлар учун 491 280 сўм миқдорида пеня ҳисоблаб, уни ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 333-моддасининг биринчи қисмига биноан қарздор айби бўлган тақдирда
мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар
қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Жавобгар шартнома бўйича маҳсулотни 2025 йил 22 сентябрь кунига қадар
етказиб бериши лозим бўлса-да, маҳсулотни етказиб бермасдан 46 кунга
кечиктирганлиги учун суд даъво талабларининг пеня ундириш қисмини асосли деб
ҳисоблайди (пенянинг ҳисоб-китоби иш ҳужжатларида мавжуд).
ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг
бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий
аҳволини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли. Бу ҳақда
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги
“Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий
жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим
масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 4-бандида назарда тутилган
тушунтиришларни, тузилган шартнома бўйича тарафлар амалда ҳеч қандай
харажатлар қилмаганлигини инобатга олиб, суд ундирилиши талаб қилинган 491 280
сўм пеняни 250 000 сўм миқдорида қаноатлантириб, қолган қисмини рад этишни
лозим топади.
Даъво аризасида жавобгарнинг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағидаги оператор
томонидан банд қўйилган 84 000 сўм закалат маблағини ундириш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги
276-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат харидларини амалга ошириш билан
боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом
(бундан буён матнда Низом деб юритилади) 14-бандининг учинчи хатбошисида
корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар томонидан аукционда иштирок этишдан
олдин ҲККПдаги шахсий ҳисобварақларига аукционнинг бошланғич нархидан 3 фоиз
миқдорида закалат ўтказиши белгиланган.
Шу боис даъвогар ва жавобгар томонидан закалат ҲККПдаги ўзларининг
шахсий ҳисобварақларида шакллантирилган.
Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш
ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги низом (2018 йил 21 май, рўйхат
рақами 3015) 38-бандининг учинчи хатбошисига асосан даъвогар ва жавобгарнинг
закалат пуллари оператор томонидан банд қилиб қўйилган.
ФК 311-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шартнома тузаётган
тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш
юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади.
ФК 312-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар шартноманинг
бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи
тарафда қолиши, агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф
жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.
ФКнинг 437-моддасига биноан маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи - сотувчи
шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган
товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий,
оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш
билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб
олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Мазкур ҳолатда суд даъвонинг жавобгарнинг ҲККПдаги шахсий
ҳисобварағидаги оператор томонидан банд қўйилган 84 000 сўм закалат маблағини
ундириш талабини ҳам асосли деб ҳисоблайди.
Шунингдек даъвогар жавобгардан 3 204 сўм комиссион йиғимни ундиришни
сўраган.
Низом 2-бандининг тўртинчи хатбошисига мувофиқ воситачилик йиғими давлат харидларининг электрон тизими операторининг харид қилиш тартибтаомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматлари учун ундириладиган
йиғимдир.
Низомнинг 16-бандига кўра оператор томонидан давлат буюртмачиси ва
иштирокчилардан ундириладиган воситачилик йиғими миқдори ваколатли орган
томонидан белгиланади ва барча операторлар учун ягона ҳисобланади.
Низомнинг 36-бандига асосан операторнинг воситачилик йиғими давлат
харидларининг якунларига кўра битимнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб давлат
буюртмачиси ва иштирокчининг аванс тўловларидан давлат харидларининг электрон
тизими томонидан ушлаб қолинади.
Тарафлар ўртасида шартнома тузилиб, электрон тизимда рўйхатга олинганлиги
сабабли даъвогардан 3 204 сўм операторнинг воситачилик йиғими ундирилган.
ФКнинг 14-моддасига биноан агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ
миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган
зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган
шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган
харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар),
шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи
шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган
фойда) тушунилади.
Баён этилганлар мувофиқ суд маҳсулотлар етказиб бериш мажбурияти жавобгар
томонидан бажарилмаганлиги туфайли даъвогар зарар кўрганлигини инобатга олиб,
даъво талабларининг жавобгардан 3 204 сўм воситачилик йиғимини ундириш
талабини ҳам асосли лозим деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, даъво аризасида ўзаро электрон тизим орқали тузилган
шартномани бекор қилиш талаби қўйилган.
Шартноманинг 1-бандида маҳсулотларнинг таснифи келтирилган бўлиб,
шартноманинг 3.4-бандида жавобгар маҳсулотларни даъвогарга мазкур шартномага
мувофиқ сифат, миқдорда ва белгиланган саналарда етказиб бериш мажбуриятини
олган.
Бироқ жавобгар маҳсулотларни шартноманинг 2.2-бандида кўрсатилган 20 иш
куни ичида етказиб бермаган.
Даъвогар томонидан электрон тизим орқали 2025 йил 15 сентябрда юборилган
шартномани бекор қилиш ҳақидаги таклифга жавобан жавобгар 2025 йил 19 сентябрда
электрон тизим орқали шартномани бекор қилишни рад қилган.
ФК 382-моддасининг биринчи қисмида агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда
ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг
келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкинлиги, иккинчи
қисмида тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат иккинчи
тараф шартномани жиддий равишда бузса ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши
мумкинлиги, учинчи қисмида тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи
тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада
маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланиши
белгиланган.
ФК 384-моддасининг иккинчи қисмига асосан бир тараф шартномани
ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби
олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада
белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб
олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга
тақдим этиши мумкин.
Даъвогар судга шартномани бекор қилиш талаби билан 2025 йил 12 ноябрда
мурожаат қилган.
Баён этилганларга кўра суд жавобгар шартномада белгиланган муддатда
маҳсулот етказиб бермасдан шартномани жиддий равишда бузганлиги боис
даъвогарнинг шартномани бекор қилиш талабини ҳам асосли деб ҳисоблайди.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок
этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб
равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, олтинчи қисмида агар даъвогар
томонидан билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ
унинг миқдори қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд
томонидан камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга
олинмаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан
ҳолда, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши белгиланган.
Шунга кўра иш бўйича суд харажатлари жавобгар ҳисобидан ундирилиши
лозим.
Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъво талабларини қисман
қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 250 000 сўм пеня, 84 000
сўм закалат пули, 3 204 сўм воситачилик йиғими, 41 200 сўм почта харажатлари
ундиришни, тарафлар ўртасида тузилган шартномани бекор қилишни, республика
бюджетига 4 532 000 сўм давлат божи ундиришни лозим топди.
Бинобарин ИПКнинг 118, 170, 176-180 ва 186-моддаларини қўллаб, суд
қ а р о р қ и л а д и:
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар БББББББББББ ҳисобидан даъвогар ААААААААА фойдасига
250 000 сўм пеня, 84 000 сўм закалат пули, 3 204 сўм воситачилик йиғими, 41 200 сўм
почта харажатлари ундирилсин.
Даъвогар ААААААААА ва жавобгар БББББББББББ ўртасида 2025 йил 4
сентябрда тузилган 3634435-сонли шартнома бекор қилинсин.
Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Жавобгар БББББББББББ ҳисобидан республика бюджетига 4 532 000 сўм
давлат божи ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин.
Ҳал қилув қароридан норози бўлган тарафлар бир ойлик муддатда шу суд
орқали апелляция тартибида Наманган вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатига шикоят қилиши (протест келтириши) мумкин.
Раислик қилувчи, судья
Х.Умаров