Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2302-2502/2215 Дата решения 21.11.2025 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Нукусский межрайонный экономический суд Судья UBAYDULLAEV BAXBERGEN SAGIDULLAEVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение FOOD GLOBAL SREDAZ Ответчик / Подсудимый OQTOV TO
Source ID 867886a7-bc22-48c6-a645-c9c57c067a34 Claim ID PDF Hash 276f8744228d2faf... Загружено 10.04.2026 PDF
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
збекистон Республикаси Конституцияси 55-моддаси збекистон Республикаси Конституцияси 55 law
ФКнинг 437-моддаси ФКнинг 437 law
ФКнинг 449-моддаси ФКнинг 449 law
онунининг 25-моддаси онуни 25 law
бандида ФКнинг 326-моддаси бандида ФК 326 law
дори ФКнинг 327-моддаси дори ФК 327 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2302-2502/2215-сонли иқтисодий иш судья Б.С.Убайдуллаев Ўзбекистон Республикаси номидан ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Беруний тумани 2025 йил 21 ноябрь Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси Б.Убайдуллаев раислигида, судья ёрдамчиси Г.Базарбаеванинг котиблигида, даъвогар вакили И.Каримжонов (2025 йил 9 октябрь кунги 77-сонли ордер асосида) иштирокида, даъвогар “FOOD GLOBAL SREDAZ” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “OQTOV TO’RTKO’L” масъулияти чекланган жамиятидан 106 622 000 сўм асосий қарз ва 53 311 000 сўм пеня, 8 500 000 сўм зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни Беруний туманлараро иқтисодий суди биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қўйидагиларни А Н И Қ Л А Д И: “FOOD GLOBAL SREDAZ” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “OQTOV TO’RTKO’L” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 106 622 000 сўм асосий қарз ва 53 311 000 сўм пеня, 8 500 000 сўм зарар ундиришни сўраган. Суд муҳокамасида даъвогар вакили қарздорлик тўланмаганлигини билдириб, даъво талабини қаноатлантиришни, жавобгардан 106 622 000 сўм асосий қарз ва 53 311 000 сўм пеня, 8 500 000 сўм зарар ундиришни сўради. Суд мажлисида иштирок қилган жавобгар вакили иштирок қилмади. Жавобгар суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинганлигига қарамасдан суд мажлисига келмади, ўзининг ёзма фикрларини судга тақдим қилмади. Суд шу сабабли ишни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 170-моддага мувофиқ жавобгар вакилининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Суд даъвогар вакилининг важларини тинглаб, ишдаги тўпланган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидагиларга асосан даъво талабларини қисман қаноатлантиришни лозим топди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасининг биринчи-учинчи қисмларига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларига асосан, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари маҳсулот етказиб бериш шартномасидан келиб чиққан. ФКнинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 449-моддасига асосан сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди. Агар тарафлар келишувида ҳисоб-китоблар тартиби ва шакли белгиланмаган бўлса, ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномалари билан амалга оширилади. Агар шартномада товарларни тўпламга кирадиган алоҳида қисмлар бўйича етказиб бериш назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи товарлар ҳақини, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тўпламга кирадиган сўнгги қисм жўнатилганидан (танлаб олинганидан) кейин тўлайди. Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли. Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 2025 йил 9 январь куни 63-сонли шартнома тузилган. Шартномага асосан даъвогар жавобгарга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, жавобгар эса уни қабул қилиб, ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартнома суммаси 1 000 000 000 сўмни ташкил қилган. Аниқланишича, даъвогар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун қарздорлик тўлиқ тўланмаганлиги сабабли жавобгарнинг 106 622 000 сўм қарзи мавжудлиги ишдаги шартнома, 2025 йил 13 январь кунги 13/01-1-сонли ва 17 февраль кунги 17/02-5-сонли электрон ҳисоб варақ-фактуралар, солиштирув далолатномаси, даъвогар вакилининг суд мажлисидаги кўрсатмаси билан ўз тасдиғини топади. Шу боис суд жавобгардан даъвогар фойдасига 106 622 000 сўм асосий қарзни ундиришни лозим топади. Шу сабабли даъвогар даъво аризасида Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунига асосан 270 кунга кечиктирилганлиги учун жавобгардан жами 53 311 000 сўм пеня ундиришни сўраган. Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига асосан товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. Пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик, ишларни бажармаслик ёки хизматларни кўрсатмаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмайди. ФК 261-моддасига асосан неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади. Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади. Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 4-бандида ФКнинг 326-моддасига мувофиқ, суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли эканлиги, шу билан бирга неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозимлигини судлар эътиборга олишлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган. Суд, жавобгар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, пенянинг тўлиқ ундирилиши жавобгарнинг иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳамда даъвогарнинг манфаатларини эътиборга олиб, пеня миқдорини камайтириб, 15 000 000 сўм пеня ундиришни, пеня ундириш талабининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим топди. Суд даъвогарнинг даъво аризасидаги “LE -FORT” адвокатлик бюроси билан 2025 йил 3 октябрь кунги “Юридик ёрдам кўрсатиш” шартномасига асосан тўланиши лозим бўлган 8 500 000 сўм пул маблағларини зарар сифатида ундиришни сўраган талабини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топди. Чунки, ФК 325-моддасининг биринчи қисмига асосан агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади. Мазкур ҳолатда даъвогар фойдасига ундирилган 15 000 000 сўм пеня билан 8 500 000 сўм зарар қисми қопланган. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Қайд этилганларга асосан суд даъво талабларини қисман қаноатлантиришни, жавобгардан даъвогар фойдасига 106 622 000 сўм асосий қарз, 15 000 000 сўм пеня, 41 200 сўм почта харажати, қаноатлантирилган даъво талабига мутонасиб равишда 1 599 330 сўм давлат божи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозитига ишни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида кўриш билан боғлиқ 103 000 сўм суд харажатларини ундиришни, даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад қилишни, қаноатлантириш рад қилинган 8 500 000 сўм зарар ундириш талаби бўйича давлат божини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим топди. Юқоридагиларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 176-179-моддаларига асосланиб, суд ҚАРОР Қ И Л А Д И: Даъво ариза қисман қаноатлантирилсин. Жавобгар “OQTOV TO’RTKO’L” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар “FOOD GLOBAL SREDAZ” масъулияти чекланган жамиятининг фойдасига 106 622 000 сўм асосий қарз, 15 000 000 сўм пеня, 41 200 сўм почта харажати, 1 599 330 сўм давлат божи ундирилсин. Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинсин. Жавобгар “OQTOV TO’RTKO’L” масъулияти чекланган жамиятидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозитига 103 000 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин. Ушбу ҳал қилув қарори устидан шу суд орқали Қорақалпоғистон Репсубликаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига бир ойлик муддат ичида апелляция тартибида ёки ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибида шикоят бериш (протест келтириш) мумкин. Судья Б.С.Убайдуллаев