Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1601-2504/19905 Дата решения 20.11.2025 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Наманганский межрайонный экономический суд Судья UMAROV XURSHIDJON XUSANOVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение Ответчик / Подсудимый
Source ID 241bf827-d43f-4d5f-bb83-696863897ff6 Claim ID PDF Hash 3f831f227b4dbf7e... Загружено 10.04.2026 17:06 PDF
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 170-моддаси нинг 170 law
нинг 236-моддаси нинг 236 law
онуни 71-моддаси онуни 71 law
ИПК 68-моддаси ИПК 68 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1601-2504/19905-сонли иш судья: Х.Умаров ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Наманган шаҳри 2025 йил 20 ноябрь Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Умаровнинг раислигида, судья ёрдамчиси Х.Абдулбориевнинг котиблигида, даъвогар ААААнинг жавобгар ББББ ҳисобидан жами 19 646 902 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни Наманган шаҳар прокурори катта ёрдамчиси У.Самижонов, даъвогар вакили Ғ.Ганиев (ишончнома асосида)ларнинг иштирокида суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, АААА (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва ББББ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2022 йил 22 августда 249/54792-сонли пудрат шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра даъвогар Уйчи туман, Қашқар МФЙ, Бобуршоҳ кўчасига цемент-бетон қопламали йўл тўшамаси қуриш ишларини бажариш, жавобгар эса бажарилган ишларни қабул қилиш ва уни ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан бажарилган ишлар ҳақини жавобгар тўлиқ тўламаганлиги оқибатида унинг даъвогар олдида 13 097 935 сўм қарздорлиги юзага келган. Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш тўғрисида жавобгарга юборган талабномаси оқибатсиз қолдирилганлиги боис даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 13 097 935 сўм асосий қарз, 6 548 967 сўм пеня ундиришни сўраган. Суд мажлисида даъвогар вакили даъво талабларини қувватлаб, шартнома асосида ишлар бажарилганлиги бажарилган ишлар далолатномалари (Ф-3) билан тасдиқланганлигини, жавобгар бажарилган ишлар ҳақини бугунги кунга қадар тўлиқ тўламаганлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантириб беришни сўради. Ишда иштирок этувчи прокурор катта ёрдамчиси суд мажлисида даъво талабларини қаноатлантиришни рад этишни сўради. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор этилган жавобгар, ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган Наманган вилояти Иқтисодиёт ва молия Бош бошқармаси ҳамда Наманган вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси суд мажлисига келмадилар. Мазкур ҳолатда суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 170-моддасига асосан ишни жавобгар ҳамда учинчи шахслар иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди. Суд тарафлар вакилларининг тушунтиришларини, прокурор катта ёрдамчиси фикрини тинглаб, даъво аризасида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 236-моддасига биноан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-249-сонли қарори 4-бандининг учинчи хатбошисида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига объектларни қуриш - Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Автойўлинвест” агентлиги буюртмаси асосида амалга оширилиши, бошқа объектлар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДУКлар буюртмачи этиб белгиланиши, олтинчи хатбошисида 2022 йилда кластер усулида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ишлари бўйича кластер усулида ички йўлларни қуриш ишларини амалга оширувчи бош пудратчи ташкилот Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали аниқланиши назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 2022 йил 22 августдаги “Вилоятда 2022 йилда Республика бюджети маблағлари ҳисобидан цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш дастурининг манзилли рўйхати параметрларига ўзгартириш киритиш ҳамда объектларда кластер усулида бажариладиган ишлар учун пудрат ташкилотларини танлаш тўғрисида”ги VI-32-87-6-0-К/22-сонли қарори билан тасдиқланган Наманган вилоятида 2022 йилда Республика бюджети маблағлари ҳисобидан цемент-бетон қопламали ички йўллар қуриш бўйича бириктирилган буюртмачи ва кластер усулида пудрат ишларини бажариш учун танланган бош пудрат ташкилотлари рўйхатида даъвогар Уйчи туманида цемент-бетон қопламали ички йўл қуриш ишларини бажариши белгиланган. Ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган Наманган вилояти Ғазначилик хизмати бошқармасининг судга тақдим этган 2025 йил 5 ноябрдаги 01/09-35/899-сонли хатида тарафлар ўртасида 2022 йил 22 августда тузилган 249/54792-сонли шартнома ғазначилик хизмати орқали рўйхатдан ўтганлигини маълум қилган. Суд тарафлар ўртасидаги шартнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-249-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 2022 йил 22 августдаги VI-32-87-6-0-К/22-сонли қарори асосида тузилганлиги сабабли давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинган деб ҳисоблайди. Боиси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 71-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича давлат харидлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган. Иш ҳужжатларидан кўринишича, юқоридаги қарорлар асосида тарафлар ўртасида 2022 йил 22 августда тузилган 249/54792-сонли пудрат шартномасига кўра даъвогар Уйчи туман, Қашқар МФЙ, Бобуршоҳ кўчасига цемент-бетон қопламали йўл тўшамаси қуриш ишларини бажариш, жавобгар эса бажарилган таъмирлаш ишларини қабул қилиш ва уни ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. ФК 631-моддасининг биринчи қисмига асосан пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Даъвогар шартнома асосида жами 261 958 693 сўмлик цемент-бетон қопламали йўл тўшамаси қуриш ишларини бажарган ва тарафлар томонидан 2022 йил 30 сентябрда ҳамда 14 ноябрда тасдиқланган бажарилган ишлар далолатномалари (Ф-3) асосида жавобгар ишларни қабул қилиб олган. Шартноманинг 15-бандида жорий молиялаштириш бажарилган ишлар сифати текширилганидан кейин қурилиш даврига берилган авансни мутаносиб равишда ушлаб қолган ҳолда, ишларни бажариш ва молиялаштириш жадвалларига мувофиқ, инвестор томонидан маблағ билан таъминлангандан сўнг объектнинг умумий, шартномавий - жорий қийматининг 95 фоизи доирасида амалга оширилиши кўзда тутилиб, шундан 5 фоизи объектни белгиланган тартибда фойдаланишга топширилганлиги тўғрисидаги давлат қабул комиссиясининг далолатномаси, фойдаланишга қабул қилинганлиги ҳақидаги қарор ва авизо тақдим этилганидан сўнг амалга оширилиши назарда тутилган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг умумий суммаси 304 016 969 сўмни, шартнома умумий суммасининг 5 фоизи (304 016 969*5%/100) 15 200 848,45 сўмни ташкил этади. Шартноманинг 16-бандига кўра мазкур шартномада белгиланган 5 фоизли қийматини молиялаштириб берилиши ҳақида фойдаланувчи, даъвогар ва жавобгар иштирокида тузилган далолатнома ёки розилик хати тақдим этилганда объект шартномавий жорий қийматининг қолган 5 фоизи маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилган маблағ ҳисобидан молия йили тугагунга қадар тўлаб берилади. Ўзаро тузилган шартноманинг 49-бандида объект ва унга кирадиган муҳандислик тизимлари, асбоб-ускуналар, материаллардан фойдаланиш ва ишларнинг кафолатли муддати томонлар капитал таъмирлаш тугалланган объектни қабул қилиб олиш тўғрисидаги далолатномани имзолаган кундан бошлаб 5 йил этиб белгиланган. Жавобгар суд мажлисида бажарилган ишлар белгиланган тартибда фойдаланишга топширилганлиги ҳақидаги ҳужжатларни тақдим эта олмади. Ваҳоланки, ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Шунингдек, бажарилган ишларнинг шартномада кўрсатилган кафолат муддати тугамаган. Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъвогарнинг жавобгардан 13 097 935 сўм асосий қарзни ундириш ҳақидаги даъво талабини асоссиз деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, суд даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан 6 548 967 сўм пеня ундириш ҳақидаги талабини муҳокама қилиб, уни қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Боиси даъво талабларининг асосий қарз ундириш тўғрисидаги қисми асоссиз бўлганлиги учун даъвогарнинг жавобгардан пеня ундириш ҳақидаги талаби ўз-ўзидан асоссиз ҳисобланади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши белгиланган. Шу боис суд, суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдириш лозим деб ҳисоблайди. Бинобарин ИПКнинг 118, 170, 176-180 ва 186-моддаларини қўллаб, суд қарор қилади: Даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин. Даъво аризаси судга киритилишида олдиндан тўланган 412 000 сўм давлат божи ва 41 200 сўм почта харажатлари даъвогар АААА зиммасида қолдирилсин. Ҳал қилув қароридан норози бўлган тарафлар бир ойлик муддатда шу суд орқали апелляция тартибида Наманган вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига шикоят қилиши (протест келтириши) мумкин. Раислик қилувчи, судья Х.Умаров