← Назад
Решение #2844065 Экономические
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
8
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 128 | — | law | |
| ИПКнинг | 170 | — | law | |
| ФКнинг | 666 | — | law | |
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ФКнинг | 244 | — | law | |
| ФКнинг | 333 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1301-2504/14071-сонли иқтисодий иш
Жиззах шаҳри
судья Н.Р.Турсункулов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
2025 йил 20 ноябрь
Жиззах туманлараро иқтисодий суди, судья Н.Р.Турсункулов раислигида,
судья ёрдамчиси А.Намозованинг котибалигида, даъвогар *****нинг жавобгар
“*****” МЧЖга нисбатан берган даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни
даъвогар вакили ***** (ишончнома асосида) иштирокида, Жиззах туманлараро
иқтисодий суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
***** (кейинги ўринларда даъвогар деб юритилади) Жиззах туманлараро
иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “*****” МЧЖ (кейинги
ўринларда жавобгар деб юритилади)дан 16 388 342 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили жавобгар билан тузилган
пудрат шартномаси бўйича жавобгар шартнома мажбуриятларини лозим даражада
бажармаганлигини, яъни қилинган ишлар натижасини ўз вақтида топширмаганлиги
сабабли шартнома қийматининг 30 фоизидан ошмаган миқдорда пеня ундириш
белгиланганлигини маълум қилиб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни
сўради.
Бугунги суд мажлисида жавобгар вакили иштирок этмади ҳамда даъво
талаблари юзасидан ўз эътирозларини билдирмади. Жавобгарга суд мажлисининг
вақти ва жойи тўғрисидаги суднинг ажрими жавобгарнинг иш ҳужжатлари бўйича
судга маълум бўлган охирги почта манзилига етказилган. Бироқ ажрим “қабул қилиб
олувчи кўрсатилган манзилда яшамайди” деб қайтарилган.
Даъвогар бюджет маблағларидан молиялаштириладиган ташкилот бўлганлиги
сабабли, ишга ***** бошқармаси ҳамда Жиззах вилоят Ғазначилик хизм*****ати
бошқармаси низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган
учинчи шахслар сифатида жалб қилинган.
Суд мажлисида Жиззах вилоят ***** бош бошқармаси ҳамда Жиззах вилоят
***** хизмати бошқармаси вакиллари иштирок этишмади. Лекин, ***** хизмати
бошқармаси судга маълумотнома тақдим қилиб, тарафлар ўртасида имзоланган
шартнома ғазначиликдан рўйхатдан ўтганлигини маълум қилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда
ИПК деб юритилади)нинг 128-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар суд
иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг
кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда
хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга
эга бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади.
ИПКнинг 170-моддаси учинчи қисмига асосан иш муҳокамасининг вақти ва
жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, ишда иштирок этувчи
бошқа шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши
мумкин.
Мазкур ҳолатда суд ИПКнинг 128 ва 170-моддаларига асосан ишни жавобгар
ва учинчи шахслар вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Ишда иштирок этган даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб,
ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, суд қуйидаги асосларга кўра
даъво талабини қисман қаноатлантиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд
харажатларини жавобгар зиммасига юклашни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига кўра, мажбуриятлар шартномадан,
зиён етказиш натижасида ҳамда ФКда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур низо тарафлар ўртасида имзоланган қурилиш пудрати шартномасидан
вужудга келган.
ФКнинг 666-моддасига кўра, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи
шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян
объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади,
буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни
қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.
Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони (жумладан уй-жой
биносини), иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида,
шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита
боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади. Қурилиш пудрати
шартномаси тўғрисидаги қоидалар, агар шартномада бошқача тартиб назарда
тутилган бўлмаса, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ишларига нисбатан ҳам
татбиқ этилади.
Ишдаги ҳужжатлардан ва суд жараёнида аниқланган ҳолатлардан маълум
бўлишича, даъвогар (буюртмачи) ва жавобгар (пудратчи) ўртасида 2024 йил
19 ноябрда 127200-сонли пудрат шартномасини (кейинги ўринларда шартнома деб
юритилади) тузилган.
Шартноманинг 2 ва 3-бандларига асосан, пудратчи буюртмачининг
топшириғига кўра умумий қиймати 925 543 570 сўм бўлган, Жиззах политехника
институти талабалар турар жойида тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан
жорий таъмирлаш ишларини бажариб, тайёр ҳолда топшириш, буюртмачи эса
пудратчига қурилиш ишларини бажариш учун зарур шароитлар яратиш, уларни
қабул қилиш ва тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 14-бандида буюртмачи пудратчига шартнома бўйича ишлар
умумий жорий қийматининг 30 фоизи миқдорида аванс ўтказилиши белгиланган.
Шартноманинг 11-бандига асосан пудратчи мазкур шартноманинг 1-иловасида
келтирилган молиялаштириш жадвалига мувофиқ биринчи аванс тўлови тушган
кундан бошлаб ишларни бажаришга киришади.
Шартноманинг 12-бандига асосан танлов савдолари натижаси бўйича
аниқланган қурилишнинг давом этиш вақти ишлар бошланган кундан этиборан 90
кунни ташкил этади. ишларни бошланиш санаси биринчи аванс ўтказилган кундан
бошланади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2024 йил 5 декабрда биринчи аванс тўлови
жавобгарнинг ҳисоб рақамига ўтказилган, жавобгар шу санадан бошлаб 90 кунда,
яъни 2025 йил 6 мартгача ишлар натижасини топшириши лозим эди. Бироқ,
131 106 743 сўмлик қийматдаги ишларнинг натижасини 25 кунга кечиктириб, яъни
2025 йил 1 апрелда кечиктириб топширган. Даъвогар эса бажарилган ишлар
қийматини тўлаб берган.
Даъвогар шартнома бўйича зиммасига олган мажбуриятни бажарган ва
лойиҳани ўз вақтида молиялаштирган. Бироқ, жавобгар шартнома бўйича
мажбуриятини лозим даражада бажармасдан, ишлар натижасини тўлиқ
топширишни кечиктирган.
Шартноманинг 65-бандида пудратчи объектни ўз вақтида ишга тушириш
бўйича ўз мажбуриятларини бузганлиги учун буюртмачига муддати ўтказиб
юборилган ҳар бир кун учун мажбуриятлар бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи
миқдорида пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси объект
шартномавий жорий қийматининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаслиги лозимлиги
кўрсатилган.
ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун
ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса —
иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим
даражада бажарилиши керак.
ФКнинг 244-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар қонунчилик ёки
шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажаришни
кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.
ФКнинг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни
бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун
ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Жавобгар томонидан шартномавий мажбуриятлари лозим даражада
бажарилмаганлиги факти ишдаги мавжуд ҳужжатлар билан тасдиғини топди.
Мазкур ҳолатда, жавобгар томонидан ишлар натижаси ўз вақтида
топширилмаганлиги сабабли, суд даъво талабининг 16 388 342 сўм пеня ундириш
қисмини асосли деб ҳисоблайди.
Бироқ, ФКнинг 326-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик
суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада
бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун
ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163сонли қарорининг 4-бандида берилган тушунтиришларга таяниб, суд пеня
миқдорини камайтириб, уни 2 458 251 сўмга қаноатлантиришни, пенянинг қолган
қисмини рад этишни лозим топади.
ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи
шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда
уларнинг зиммасига юклатилади. Агар даъвогар томонидан билдирилган
неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг миқдори
қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан
камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган
ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд
харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши лозим.
Қайд этилганларга мувофиқ, суд суд харажатларини жавобгар зиммасига
юклаб, даъвогар томонидан олдиндан тўлаб чиқилган 41 200 сўм почта харажатини
жавобгардан даъвогар фойдасига ундириб беришни, жавобгардан Республика
бюджетига 412 000 сўм давлат божини ундиришни лозим топди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, ФКнинг 234, 236, 244, 326, 333, 666моддалари, ИПКнинг 118, 128, 170, 176-180, 186, 192-моддаларини қўллаб, суд
қарор қилди:
Даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар “*****” МЧЖдан даъвогар *****фойдасига 2 458 251 сўм пеня ва
41 200 сўм почта харажати ундирилсин.
Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Жавобгар “*****” МЧЖдан Республика бюджетига 412 000 сўм давлат божи
ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ойлик муддат ўтгач қонуний
кучга киради.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилсин.
Ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида шу суд орқали Жиззах вилоят
судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят
қилиш (протест келтириш) ёки ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, олти ой
ичида кассация тартибида шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
Судья
Н.Р.Турсункулов