Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1601-2505/18296 Дата решения 19.11.2025 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Наманганский межрайонный экономический суд Судья SHERALIYEV SHUXRAT JANISHBOYEVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение Ответчик / Подсудимый
Source ID 85fce8c6-f7bc-4d2c-aa6f-9e93fc9f7e4a Claim ID PDF Hash d2ac6f78a9487f6d... Загружено 10.04.2026 17:06 PDF
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 474-моддаси ФКнинг 474 law
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
онуннинг 9-моддаси онуннинг 9 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1601-2505/18296-сонли иқтисодий иш ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Наманган шаҳри 2025 йил 19 ноябрь Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ш.Ж.Шералиевнинг раислигида, судья ёрдамчиси А.Л.Низомовнинг котиблигида, даъвогар “АА” акциядорлик жамиятининг жавобгар “ББ” акциядорлик жамияти ҳисобидан 25 555 203 747,12 сўм қарздорлик ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни даъвогар вакили О.А.Хожиев (ишончнома асосида) ва жавобгар вакили Т.Келдиев (ишончнома асосида) иштирокида, суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, “АА” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “ББ” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида тузилган юридик шахслар учун электр энергияси таъминоти шартномасига мувофиқ таъминотчи корхона истеъмолчига электр энергиясини уланган тармоқ орқали етказиб бериш ва истеъмолчи истеъмол қилинган энергия учун ўз вақтида ҳақ тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан етказиб берилган электр энергияси ҳақини жавобгар ўз вақтида тўлиқ тўламаганлиги учун унинг даъвогар олдида 25 555 203 747,12 сўм миқдорда қарздорлиги юзага келган. Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш юзасидан юборган талабномасини жавобгар оқибатсиз қолдирганлиги боис даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан электр энергияси шартномасидан юзага келган 25 555 203 747,12 сўм қарздорликни ундиришни сўраган. Суднинг ажрими билан ишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси “Ўзэнергоинспекция” Наманган вилоят бошқармаси мутахассис сифатида жалб қилинган. Суд мажлисида даъвогар вакили даъво талабини қувватлаб, даъво аризаси судга киритилганидан сўнг жавобгар қарздорликни қисман тўлаганлигини маълум қилиб, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириб беришни сўради. Суд мажлисида жавобгар вакили даъво талабини қисман тан олиб, даъво талабидаги 25 555 203 747,12 сўм муддати ўтган қарздорлик 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига мавжуд бўлиб, қарздорликнинг 950 000 000 сўм қисмини даъво аризаси судга киритилгунга қадар тўлаганлиги, 300 000 000 сўм қисмини даъво аризаси судга киритилганидан сўнг тўланганлигини, мутахассис хулосасига асосан ўз тасдиғини топганлигини билдириб, даъвонинг қисман қаноатлантириб беришни сўради. Суднинг ажримига кўра, жалб этилган мутахассис томонидан судга 2025 йил 17 ноябрдаги маълумотини тақдим этиб, унда жавобгар томонидан жорий йилнинг сентябрь ойи давомида 950 000 000 сўм, октябрь ойи давомида 300 000 000 сўм миқдорида тўловлар амалга оширилганлиги, жавобгарнинг қарздорлиги 24 305 203 747,12 сўмни ташкил этиши баён этилган. Суд тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъвони қаноатлантиришни лозим топади. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар (таъминотчи корхона) ва жавобгар (истеъмолчи) ўртасида электр таъминоти шартномаси тузилган. Ўзаро тузилган электр таъминоти шартномаси шартларига кўра даъвогар жавобгарга электр энергиясини уланган тармоқ орқали етказиб бериш, жавобгар эса истеъмол қилинган энергия учун ўз вақтида ҳақ тўлаш мажбуриятини олган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари шартномадан келиб чиққан. Даъвогар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилиб, электр энергияси истеъмолчи, яъни жавобгарга етказиб берилган. Жавобгар эса шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармасдан, етказиб берилган электр энергияси учун ўз вақтида тўловларни амалга оширмаган ва 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига 25 555 203 747,12 сўм қарздорликка йўл қўйган. Даъвогарнинг жавобгарга юборган мавжуд қарздорликни тўлаб бериш ҳақидаги талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилиб, қарздорлик тўланмаган. ФКнинг 474-моддасида агар қонунчиликда ёки энергия билан таъминлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, энергия ҳақи абонент амалда қабул қилган энергия миқдори учун тўланиши белгиланган. ФКнинг 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Жавобгарнинг 2025 йил 1 сентябрь куни ҳолатига 25 555 203 747,12 сўм қарздорликка йўл қўйганлиги ишдаги тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ҳисобварақ-фактуралар, солиштирма далолатнома, талабнома ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. Жавобгар электр энергиясидан бўлган мавжуд қарздорлик юзасидан 2025 йил 9 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 17 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 23 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 25 сентябрда 150 000 000 сўм, 2025 йил 3 октябрда 500 000 000 сўм ва 2025 йил 16 октябрда 100 000 000 сўм, жами 1 050 000 000 сўм тўлаган. Бу ҳолат даъвогар вакили томонидан 2025 йил 30 октябрда берилган 119-сонли маълумотномаси билан тасдиқланган. Мазкур қарздорликка аниқлик киритиш мақсадида суднинг ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси “Ўзэнергоинспекция” Наманган вилоят бошқармаси мутахассис сифатида жалб этилган. Мутахассис томонидан судга 2025 йил 17 ноябрда маълумот тақдим этиб, унда жавобгар томонидан даъвогарга 2025 йил 8 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 8 сентябрда 500 000 000 сўм, 2025 йил 16 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 22 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 24 сентябрда 150 000 000 сўм, 2025 йил 15 октябрда 100 000 000 сўм ва 2025 йил 29 октябрда 200 000 000 сўм, жами 1 250 000 000 сўм тўлаганлиги аниқланди. Мазкур маълумот ҳамда жавобгар вакили томонидан тақдим этилган маълумотномага кўра, жавобгар томонидан даъвогарга 2025 йил 8 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 8 сентябрда 500 000 000 сўм, 2025 йил 16 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 22 сентябрда 100 000 000 сўм, 2025 йил 24 сентябрда 150 000 000 сўм, жами 950 000 000 сўм қарздорликни даъво аризаси рўйхатга олингунга қадар тўлаганлиги маълум қилинди. Даъво аризаси суд девонхонасида 2025 йил 30 сентябрь куни рўйхатга олинганлиги сабабли суд даъво талабининг 24 305 203 747,12 сўм қисмини асосли, 1 250 000 000 сўм (шундан, даъво аризаси рўйхатга олингунга қадар тўланган 950 000 000 сўм) қисмини асоссиз деб ҳисоблайди. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддаси биринчи қисмининг 29-бандига кўра, иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар — тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод қилинган. Шу боис даъво талабининг асосли бўлган қисми бўйича давлат божини жавобгардан, асоссиз бўлган қисми бўйича давлат божини даъвогардан ундириш лозим бўлади. Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъво талабини қисман қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 24 305 203 747,12 сўм қарздорлик, 41 200 сўм почта харажатлари, республика бюджетига 492 104 075 сўм давлат божи, шунингдек даъвогар ҳисобидан республика бюджетига 19 000 000 сўм давлат божи ундиришни лозим топади. Бинобарин Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 8, 234, 236, 333, 468, 474-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 128, 170, 176-180, 186 ва 192-моддаларини қўллаб, суд қ а р о р қ и л а д и: Даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин. Жавобгар “ББ” акциядорлик жамияти ҳисобидан даъвогар “АА” акциядорлик жамияти фойдасига 24 305 203 747,12 сўм қарздорлик ва 41 200 сўм почта харажати ундирилсин. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. Республика бюджетига даъвогар “АА” акциядорлик жамияти ҳисобидан 19 000 000 сўм, жавобгар “ББ” акциядорлик жамияти ҳисобидан 492 104 075 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан бошлаб бир ой муддат ўтгач қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилсин. Ҳал қилув қарори устидан Наманган туманлараро иқтисодий суди орқали Наманган вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига бир ой муддат ичида апелляция тартибида ёки ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач олти ой муддатда кассация тартибида шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Раислик қилувчи, судья Ш.Ж.Шералиев