← Назад
Решение #2845663 economic_new
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
7
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| Шарипов Жиноят кодекси | 228 | — | code_article | |
| банди ва | 229 | — | law | |
| ИПК | 73 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law | |
| ИПК | 299 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law |
Текст решения
18 616 символов
****-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – ****
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья – ****
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ
СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ
ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
Термиз шаҳри
2025 йил 18 ноябрь
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
**** раислигида, ҳайъат аъзолари **** ва ****дан иборат таркибда, судья катта
ёрдамчиси **** котиблигида, “****” фермер хўжалиги вакили – **** (раҳбари),
“****” масъулияти чекланган жамияти вакили – **** (2025 йил 25 сентябрдаги
04/25-сонли ишончнома асосида) иштирокида, Ўзбекистон **** палатаси
Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси (“****” фермер хўжалиги
манфаатида)нинг “****” масъулияти чекланган жамиятидан 411 534 185 сўм
асосий қарз, 82 306 837 сўм жарима ва 19 753 640 сўм пеняни ундириш ҳақидаги
даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Қумқўрғон
туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 14 февралдаги ҳал қилув қарори
устидан “****” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация
шикояти асосида ишни Сурхондарё вилоят суди биносида, видеоконференцалоқа
режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“****” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар ёки фермер
хўжалиги деб юритилади) ва “****” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён
матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) ўртасида 2023 йил 24 апрелда 1-сонли
пахта хом ашёси ва уруғлик пахтани етиштириш ҳамда харид қилиш бўйича
фьючерс шартномаси тузилган.
Шартноманинг 1.1-бандида даъвогар жавобгарга 40,0 га ер майдонидан
128,0 тонна пахта хом-ашёсини етказиб бериш, жавобгар эса келишилган тартиб
ва миқдорда тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Даъвогар 2023 йил ҳосилидан жавобгарга 103 122 кг пахта хом ашёсини
топширган. Жавобгар эса тўловларни амалга ошириш чорасини кўрмаган.
Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш юзасидан юборган талабномаси
жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Шу сабабли Ўзбекистон **** палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий
бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида
жавобгар ҳисобидан етказиб берилган 103 122 кг пахта хом ашёси учун
шартномада келишилган пахта хом ашёси харид қийматидан келиб чиқиб,
411 534 185 сўм асосий қарз, 82 306 837 сўм жарима ва 19 753 640 сўм пеня
ундириш юзасидан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 14 февралдаги ҳал
қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилган, жавобгардан
даъвогар фойдасига 411 534 185 сўм қарздорлик ва 13 000 000 сўм жарима
ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Жавобгарнинг кассация шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарорини бекор қилиш сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда тарафлар ўртасида
тузилган фьючерс шартномасига асосан 1 тонна пахта хом ашёси учун
8 300 000 сўм нарх белгиланган бўлса-да, даъвогар томонидан юборилган ва
жавобгар томонидан қабул қилинган пахта хом ашёси етказиб берилганлигини
тасдиқловчи ҳисобварақ-фактурада 1 тонна пахтанинг нархи 7 690 000 сўм этиб
белгиланганлиги, биринчи инстанция суди томонидан мазкур ҳолатларга баҳо
берилмаганлиги оқибатида етказиб бериладиган пахта хом ашёсининг ўртача
харид нархи тахминан 610 сўмдан ортиқ қўшиб ҳисобланганлигини кўрсатган.
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация
инстанциясининг 2024 йил 4 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг
411 534 185 сўм қарзни ундириш қисми 325 486 640,38 сўмга ўзгартирилган. Ҳал
қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш
инстанциясининг 2024 йил 13 сентябрдаги қарори билан суд ҳужжатлари
ўзгаришсиз қолдирилган.
Жавобгар судга ариза билан мурожаат қилиб, ишни янги очилган ҳолатлар
бўйича қайта кўриб чиқиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида
ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация
инстанциясининг 2024 йил 4 ноябрдаги ажрими билан жавобгарнинг суд
ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризаси
қаноатлантирилиб, иш бўйича Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 4 июлдаги қарори бекор
қилинган ва ишни умумий тартибда кўриб чиқиш белгиланган.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили кассация шикоятидаги
важларни такрорлаб, суддан уни қаноатлантиришни, биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўради.
Даъвогар вакили ўз тушунтиришида кассация шикоятига нисбатан эътироз
билдириб, суддан шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган Палатадан вакил суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги
ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов
ҳайъати ишни Палатанинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати, кассация шикоятида келтирилган важларни ишдаги
мавжуд ҳужжатлар билан бирга муҳокама қилиб, тарафлар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра шикоятни қисман
қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, мажбуриятлар
шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган
бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда, низо тарафлар ўртасидаги фьючерс шартномасидан келиб
чиққан.
Даъво аризасида даъвогар томонидан жавобгарга пахта хом ашёси етказиб
берилганлиги учун 411 534 185 сўм асосий қарз ва маҳсулот ҳақини тўлашдан
асоссиз бош тортганлиги учун 82 306 837 сўм жарима ва 19 753 640 сўм пеня
ундириш сўралган.
Ишдаги мавжуд тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 4.4-бандида
якуний ҳисоб-китоблар пахта топшириш якунлангандан кейин “Буюртмачи”
томонидан “Хўжалик”ка терим учун ўтказилган пуллар ва бошқа харажатлар
чегириб ташлангандан кейин қолган қисми ҳосил йилининг 31 декабрига қадар
амалга оширилиши белгиланган.
Даъвогар томонидан жавобгарга 2023 йил ҳосили ҳисобидан 103 122 кг
пахта хом ашёси етказиб берилган. Маҳсулотни етказиб берилганлиги ишда
мавжуд ҳисобварақ-фактура билан ўз тасдиғини топган. Жавобгар томонидан эса
шартноманинг 4.4-бандида белгиланган мажбурият бажарилмаган, қарздорликни
тўлаш юзасидан юборган даъвогарнинг талабномаси оқибатсиз қолдирилган.
Шу сабабли қарздорликни ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан
мурожаат этилган.
Биринчи инстанция суди иш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилишда
иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, жавобгар
томонидан даъвогарга 411 534 185 сўм асосий қарз тўлиқ тўлаб берилиши
лозимлиги ҳақида барвақт хулосага келган.
Хусусан, биринчи инстанция суди даъво аризасидаги асосий қарз ундириш
талабини қаноатлантиришда қарздорликни асословчи иш учун муҳим аҳамиятга
эга бўлган ҳужжатларга қонуний баҳо бермаган. Ваҳоланки, тарафлар ўртасида
тузилган фьючерс шартномасининг 4.4-бандига кўра якуний ҳисоб-китоблар
жавобгар томонидан даъвогарга терим учун ўтказилган пуллар ва бошқа
харажатлар чегириб ташлангандан кейин қолган қисми ҳосил йилининг
31 декабрига қадар амалга оширилиши белгиланган.
Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, жавобгар томонидан даъвогарга
фьючерс шартномаси доирасида жами 259 181 959,62 сўм ҳисобига маҳсулотлар
(минерал ўғитлар, ёқилғи ва бошқалар) етказиб берилган ҳамда 206 244 000 сўм
миқдорида терим пули ва даъвогарнинг 65 000 000 сўм солиқ қарздорлиги тўлаб
берилган. Шунга кўра, жавобгар даъвогарга пахта хом ашёсини етказиб бериш
шартномаси доирасида жами 530 425 959,62 сўмлик харажатларни амалга
оширган.
Шартноманинг 4.1-бандида дастлабки ҳисоб-китоб бўйича 2023 йил
ҳосили учун 1 (бир) тонна пахта хом ашёсининг баҳоси 8 300 000 сўм деб
кўрсатилган.
Бироқ, Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман судининг 2024 йил
16 октябрдаги ҳукми билан МЧЖ ҳисобчиси М.Шарипов МЧЖ раҳбари билан
келишмасдан ўзбошимчалик билан пахта хом ашёсининг 1 (бир) тоннасига
8 300 000 сўмдан фермерлар билан МЧЖ ўртасидаги шартномаларга нархни
белгилаб юборганлиги аниқланган ҳамда М.Шарипов Жиноят кодексининг
228-моддаси 2-қисмининг “а”-банди ва 229-моддасида назарда тутилган
жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва жиноий жавобгарлик
белгиланган.
ИПК 73-моддасининг тўртинчи қисмига асосан жиноят ишлари бўйича
суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилганлиги ёки
содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари
бўйича иқтисодий суд учун мажбурийдир.
Шунга кўра, мазкур ҳолатда тарафлар ўртасидаги шартномада маҳсулот
қиймати билан боғлиқ келишув мавжуд эмас ҳисобланади.
Даъвогар томонидан жавобгарга юборилган 1-сонли ҳисобварақ-фактурада
103 122 кг пахта хом ашёсининг қиймати 793 008 015 сўм (ҚҚСни ҳисобга олган
ҳолда)ни ташкил қилган.
Шу сабабли, даъвогар томонидан юборилган ҳамда жавобгар томонидан
тасдиқланган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган нарх тарафлар ўртасида
келишилган харид нархи ҳисобланади.
Шунда, даъвогар томонидан жавобгарга етказиб берилган 103 122 кг пахта
хом ашёси учун ҳисобланган 793 008 015 сўмдан жавобгар томонидан фьючерс
шартномаси доирасида 2023 йил пахта ҳосили учун даъвогарга қилинган жами
530 425 959,62 сўмлик харажатлар чегириб ташланганда, даъвогарнинг жавобгар
олдида 262 582 055,38 сўм ҳақдорлиги мавжуд ҳисобланади.
Юқоридагиларга асосан даъво аризасидаги 411 534 185 сўм асосий қарз
ундириш талабининг 262 582 055,38 сўм қисми асосли ҳисобланади.
Шунингдек, даъво аризасида жавобгар пахта хом ашёсининг ҳақини
тўлашдан асоссиз равишда бош тортганлиги учун 82 306 837 сўм жарима ва
19 753 640 сўм пеня ундириш сўралган.
ФК 260-моддасининг биринчи қисмига кўра қонунчилик ёки шартнома
билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада
бажармаган тақди да кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка
ҳисобланади.
ФК 261-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмига кўра, қарздор
мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда
тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган
неустойка жарима ҳисобланади.
Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида
тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг
бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня
ҳисобланади.
Шартноманинг 5.4-бандида топширилган пахта хом ашёсининг ҳақини
тўлашдан асоссиз бўйин товлаганлиги учун “Буюртмачи” “Хўжалик”ка
белгиланган устамалар тўланиши ҳисобга олинмаган ҳолда асоссиз тўлашдан
бўйин товлаган сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима тўлаши, жаримадан
ташқари “Буюртмачи” “Хўжалик”ка муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун
учун муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ
муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган
миқдорда пеня тўлаши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
“Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун
мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг
айрим масалалари ҳақида”ги 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг
2-бандида шартномада жарима ёки пеня шаклида белгиланадиган неустойка
тарафлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини
таъминлаш усулларидан бири ҳисобланиши, судлар неустойкани ундириш
тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига
мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши
оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама
қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари
шартлиги, 3-бандида агар шартномада айнан битта мажбуриятнинг бузилиши
учун неустойкани ҳам жарима, ҳам пеня кўринишида тўлаш назарда тутилган
бўлса, қонунчиликда бошқача ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, даъвогар
фақатгина бир шаклдаги неустойка қўллашни талаб қилишга ҳақлилиги ҳақида
тушунтириш берилган.
Биринчи инстанция суди мазкур Пленум қароридаги тушунтиришларга
риоя қилган ҳолда, даъво аризасидаги сўралган нустойканинг фақат жарима
ундириш талабини асосли деб ҳисоблаб тўғри хулосага келган бўлса-да, бироқ
даъво аризасида ундирилиши сўралган 82 306 837 сўм жариманинг тўлиқ асосли
деб ҳисоблаб, нотўғри тўхтамга келган.
Чунки, асосий қарз ундириш талабининг 262 582 055,38 сўм қисми асосли
бўлганлиги сабабли шартнома шартига кўра 82 306 837 сўм жарима ундириш
талабининг ҳам 52 516 411 сўм қисми асосли ҳисобланади.
Баён қилинганлардан кўринадики, кассация шикоятида билдирилган
важлар қисман асосли ҳисобланади.
Судлов ҳайъати, шикоятдаги ҳал қилув қарорини тўлиқ бекор қилиш
ҳақидаги важга ҳал қилув қарори қабул қилинган кунда жавобгарнинг даъвогар
олдида қисман қарздорлиги мавжуд бўлганлиги сабабли қўшилмайди.
ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмига асосан суд
харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво
талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация ва тафтиш шикояти
бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган
қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Биринчи инстанция суди суд харажатларини қаноатлантирилган даъво
талаблари миқдорига мутаносиб равишда тарафларнинг зиммасига юклашда ҳам
нотўғри тўхтамага келган.
Чунки, биринчи инстанция суди ҳал қилув қароридаги асосий қарз ва
неустойка ундириш ҳақидаги хулосадан келиб чиққан ҳолда, суд харажатлари
ундирган.
Шу сабабли, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорининг давлат божи ундириш
қисмини ҳам қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда
мувофиқлаштиришни лозим топади.
ИПК 299-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ишни кассация
тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг
қонунийлиги ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва
янги фактларни аниқлаши мумкин.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун
аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён
қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва
(ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш
ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига биноан кассация
инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича
ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман
қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорининг хулоса
қисмидаги: – “Жавобгардан даъвогар фойдасига 411 534 185 сўм қарздорлик,
13 000 000 сўм жарима ва 34 000 сўм почта харажатлари ундирилсин.”
қисмини – “Жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 262 582 055,38 сўм асосий
қарз, 52 516 411 сўм жарима ва 34 000 сўм почта харажатлари ундирилсин” – деб,
“Жавобгардан Республика бюджетига 9 876 820,44 сўм давлат божи
ундирилсин.” қисмини – “Жавобгардан Республика бюджетига 6 301 969,33сўм
давлат божи ундирилсин.” – деб, “Даъвогар ҳисобидан Республика бюджетига
395 072,8 сўм давлат божи ундирилсин.” қисмини – “Даъвогар ҳисобидан
Республика бюджетига 3 969 923,91 сўм давлат божи ундирилсин.” – деб
ўзгартиришни, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни
лозим топади. ИПК 118-моддасининг тўққизинчи қисмига асосан кассация
инстанция учун Республика бюджетига жавобгардан 3 150 984,67 сўм давлат
божи, даъвогардан 1 984 961,95 сўм давлат божи ундирилади. Ишни кассация
инстанциясида кўриш билан боғлиқ жавобгар томонидан тўланган 34 000 сўм
почта харажатлари жавобгар зиммасида қолдирилади. Жавобгардан Ўзбекистон
Республикаси Олий судининг депозитига суд мажлисини видеоконференцалоқа
режимида ўтказиш билан боғлиқ 103 000 сўм суд харажатлари ундирилади.
Биринчи инстанция судининг 2024 йил 14 февралдаги ҳал қилув қарори ҳамда
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация
инстанциясининг 2024 йил 4 июлдаги қарорига асосан берилган ижро
варақаларининг ундируви бекор қилинади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қарор
қ и л а д и:
“****” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қисман
қаноатлантирилсин.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 14 февралдаги ҳал
қилув қарорининг хулоса қисмидаги: – “Жавобгар “****” масъулияти чекланган
жамиятидан даъвогар “****” фермер хўжалиги фойдасига 411 534 185 сўм
қарздорлик, 13 000 000 сўм жарима ва 34 000 сўм почта харажатлари
ундирилсин.” қисми – “Жавобгар “****” масъулияти чекланган жамияти
ҳисобидан даъвогар “****” фермер хўжалиги фойдасига 262 582 055,38 сўм
асосий қарз, 52 516 411 сўм жарима ва 34 000 сўм почта харажатлари
ундирилсин” – деб, “Жавобгар “****” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан
Республика бюджетига 9 876 820,44 сўм давлат божи ундирилсин.”
қисми – “Жавобгар “****” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Республика
бюджетига 6 301 969,33сўм давлат божи ундирилсин.” – деб, “Даъвогар “****”
фермер хўжалигидан Республика бюджетига 395 072,8 сўм давлат божи
ундирилсин.” қисми – “Даъвогар “****” фермер хўжалиги ҳисобидан Республика
бюджетига 3 969 923,91 сўм давлат божи ундирилсин.” – деб ўзгартирилсин.
Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
“****” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан:
- Республика бюджетига ишни кассация инстанция судида кўриш билан
боғлиқ 3 150 984,67 сўм давлат божи;
- Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозитига суд мажлисини
видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 103 000 сўм суд
харажатлари ундирилсин.
Даъвогар “****” фермер хўжалигидан Республика бюджетига ишни
кассация инстанция судида кўриш билан боғлиқ 1 984 961,95 сўм давлат божи
ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 14 февралдаги ҳал
қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 4 июлдаги қарорига асосан берилган
ижро варақаларининг ундируви бекор қилинсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест
келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи
****
ҳайъат аъзолари
****
****