← Назад
Решение #2852607 Экономические
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
3
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 170 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1601-2504/19375-сонли иш
судья: Х.Умаров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Наманган шаҳри
2025 йил 4 ноябрь
Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Умаровнинг раислигида,
судья ёрдамчиси Х.Абдулбориевнинг котиблигида, даъвогар ААААнинг жавобгар
ББББ ҳисобидан жами 145 210 785 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
қўзғатилган ишни даъвогар вакили К.Икрамов (ишончнома асосида)нинг иштирокида
суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, АААА (бундан буён
матнда даъвогар деб юритилади)га ББББ (бундан буён матнда жавобгар деб
юритилади) Давлатобод тумани, Ёшлар кўчасида кўп қаватли турар жой биносини
қуришни бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш бўйича ариза билан мурожаат
қилган.
Даъвогар томонидан жавобгарнинг аризасига асосан қурилиш-монтаж
ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизмати
кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги
200-сон қарори билан тасдиқланган “Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун
объектни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг” Маъмурий
регламенти (бундан буён матнда Маъмурий регламент деб юритилади) бўйича
кўрсатилган давлат хизмати учун жавобгар даъвогарга аризада назарда тутилган
объектнинг қурилиш-монтаж ишлари қийматининг 0,2 фоизи миқдорида, яъни
122 295 585 сўм ажратмани тўламаган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида 2025 йил 8 июлда 223/ТО-сонли, 232/ТО-сонли
бино иншоотларни инструментал техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида шартномалар
тузилган бўлиб, уларга кўра даъвогар инструментал техник хулоса бериш, жавобгар
ишларни қабул қилиш ва уларни ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Даъвогар томонидан шартномалар бўйича бажарилган ишлар ҳақини жавобгар
тўламаганлиги учун унинг даъвогар олдида жами 19 096 000 сўм миқдорда
қарздорлиги юзага келган.
Даъвогарнинг ажратмани ҳамда қарздорликни тўлаб бериш ҳақида юборган
талабномасини жавобгар оқибатсиз қолдирганлиги боис даъвогар судга даъво аризаси
билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 122 295 585 сўм ажратма, 19 096 000 сўм
асосий қарз, 3 819 200 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суд мажлисида даъвогар вакили даъво талабларини қувватлаб, жавобгар
кўрсатилган давлат хизмати бўйича ажратмани ва шартномалар бўйича вужудга
келган қарздорликни бугунги кунга қадар тўламаганлигини маълум қилиб, даъво
талабларини қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган жавобгар суд мажлисига келмади.
Мазкур ҳолатда суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
(бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 170-моддасига асосан ишни жавобгар
иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди.
Суд ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб, даъвогар вакилининг
тушунтиришларини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман
қаноатлантиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жавобгар даъвогарга сўровнома билан
мурожаат қилиб, Давлатобод тумани, Ёшлар кўчасида кўп қаватли турар жой
биносини қуришни бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат
хизматлари кўрсатишни сўраган.
Маъмурий регламентнинг 15-банди талабидан келиб чиқиб, даъвогар
томонидан жавобгарга бир иш куни мобайнида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш
юзасидан давлат хизмати кўрсатилган ва сўровномада кўрсатилган объектнинг
қурилиш-монтаж ишлари қиймати (61 147 792 581)нинг 0,2 фоизи миқдорида
(қўшимча қиймат солиғисиз), яъни 122 295 585 сўм ажратмани белгилаган ҳолда
инвойс шакллантирилган.
Даъвогар томонидан шакллантирилган 2025 йил 27 августда 212049349-сонли
инвойс жавобгарга тақдим қилинган бўлиб, жавобгар инвойсда кўрсатилган
122 295 585 сўм ажратмани тўламаган.
Ваҳоланки, Маъмурий регламентнинг 20-бандида ариза берувчи инвойсда
кўрсатилган суммани инвойс тушган кундан бошлаб бир ой муддатда тўлаши
шартлиги, 21-бандида объектда давлат қурилиш назоратини амалга оширишдан
тушган маблағ тўлиқ миқдорда даъвогарнинг банк ҳисобварағига ўтказилиши
белгиланган.
Жавобгар ажратманинг 11 032 000 сўм қисмини 2025 йил 2 октябрда тўлаган.
Бу ҳолат даъвогар вакилининг суд мажлисида берган тушунтиришлари ҳамда судга
тақдим этилган 2025 йил 4 ноябрдаги 4-02-1625-сонли маълумотномаси билан
тасдиқланади.
Суд даъво аризаси суд девонхонасида 2025 йил 13 октябрда куни кирим
қилинганлиги сабабли даъвогарнинг ажратма ундириш талабининг 111 263 585 сўм
қисми асосли, 11 032 000 сўм қисми асоссиз бўлган деб ҳисоблайди.
Жавобгар ажратмани қисман тўлаганлиги учун суд даъво талабининг
111 263 585 сўм ажратма ундириш қисмини қаноатлантиришни, 11 032 000 сўм
қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
Шунингдек, даъво аризасида шартномалар асосида бажарилган ишлар учун
жавобгардан жами 19 096 000 сўм ундириш сўралган.
Иш ҳужжатларига кўра тарафлар ўртасида 2025 йил 8 июлда 223/ТО-сонли,
232/ТО-сонли бино иншоотларни инструментал техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
тузилган шартномаларга мувофиқ даъвогар Янгиқўрғон тумани, Қўриқ МФЙ
ҳудудидаги 5 қаватли турар жой биносини, Давлатобод тумани, Юксалиш МФЙ кўп
қаватли турар жой биносини инструментал техник текширишдан ўтказиб, техник
хулоса бериш, жавобгар эса бажарилган ишларни қабул қилиш ва уларни ҳақини
тўлаш мажбуриятини олган.
Шартномалар бўйича даъвогар томонидан жавобгарга жами 19 096 000 сўмлик
ишлар бажарилиб, даъвогар томонидан тайёрланган техник хулоса жавобгар
топширилган.
Шартномаларнинг 3.2-бандида жавобгар шартнома суммасининг 30 фоизи
миқдоридаги тўловни амалга оширганидан сўнг даъвогар объект ҳолатини ўрганиши,
жавобгар шартнома суммасининг қолган 70 фоиз миқдоридаги тўловни амалга
оширганидан сўнг даъвогар объект хулосасани топшириши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 693-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра илмий-текшириш
ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи (ижрочи) буюртмачи берган вазифада
кўрсатилган илмий текширишларни амалга ошириш, тажриба-конструкторлик ва
технология ишлари пудрат шартномаси бўйича эса - янги буюм намунасини, унга
тегишли конструкторлик ҳужжатларини, янги технологияни ишлаб чиқиш ёки намуна
нусхасини тайёрлаш мажбуриятини, буюртмачи пудратчига (ижрочига) техникавий
топшириқ бериш, ишни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини
олади.
Бироқ жавобгар шартномалар бўйича олган мажбуриятларини лозим даражада
бажармасдан бажарилган ишлар ҳақини тўламаган ва жами 19 096 000 сўм миқдорида
қарздорликка йўл қўйган.
Суд муҳокамасида аниқланган иш ҳолатларига кўра суд мажлиси куни
ҳолатига жавобгарнинг шартномалар бўйича даъвогар олдидаги асосий қарзи
19 096 000 сўмни ташкил этганлиги ишдаги тарафлар ўртасида тузилган
шартномалар, техник хулоса, талабнома ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини
топганлиги сабабли суд даъвонинг мазкур талабини асосли деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, даъво аризасида жавобгар қарздорликни ўз вақтида
тўламаганлиги сабабли унинг ҳисобидан 3 819 200 сўм пеня ундириш сўралган.
Ўзаро тузилган шартномаларнинг 5.2-бандида мазкур жавобгар шартнома
бўйича бажарилган иш учун тўловларни шартноманинг 3-бобида белгиланган тартиб
ва муддатда амалга оширмаган тақдирда даъвогарга қарздорлик суммасини ва тўлов
кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи
миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган
миқдорда пеня тўлашига келишилган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда
мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун
ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Бундай ҳолатда суд жавобгар бажарилган ишлар ҳақини шартномаларда
белгиланган муддатда тўламаганлиги сабабли даъвогарнинг пеня ундириш талабини
ҳам асосли деб ҳисоблайди (пенянинг ҳисоб-китоби иш ҳужжатларида мавжуд).
ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг
бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий
аҳволини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли. Бу ҳақда
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги
“Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий
жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим
масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 4-бандида назарда тутилган
тушунтиришларни инобатга олиб, суд ундирилиши талаб қилинган 3 819 200 сўм
пеняни 2 674 000 сўм миқдорида қаноатлантириб, қолган қисмини қаноатлантиришни
рад этишни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок
этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб
равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, олтинчи қисмида агар даъвогар
томонидан билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ
унинг миқдори қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд
томонидан камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга
олинмаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан
ҳолда, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши белгиланган.
Шу боис суд даъво талабларининг асосли бўлган қисми учун даъвогар
фойдасига жавобгардан 2 683 576 сўм давлат божи ундиришни, даъво талабларининг
асоссиз бўлган қисми учун даъво аризаси судга киритилишида олдиндан тўланган
давлат божининг 220 640 сўм қисмини даъвогар зиммасида қолдириш лозим деб
ҳисоблайди.
Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъво талабларини қисман
қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 111 263 585 сўм ажратма,
19 096 000 сўм асосий қарз, 2 674 000 сўм пеня, 2 683 576 сўм давлат божи ва 41 200
сўм почта харажатлари, шунингдек даъво аризаси судга киритилишида олдиндан
тўланган давлат божининг 220 640 сўм қисмини даъвогар зиммасида қолдиришни
лозим топди.
Бинобарин ИПКнинг 118, 170, 176-180 ва 186-моддаларини қўллаб, суд
қ а р о р қ и л а д и:
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар ББББ ҳисобидан даъвогар АААА фойдасига 111 263 585 сўм
ажратма, 19 096 000 сўм асосий қарз, 2 674 000 сўм пеня, 2 683 576 сўм давлат божи
ва 41 200 сўм почта харажатлари ундирилсин.
Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Даъво аризаси судга киритилишида олдиндан тўланган давлат божининг
220 640 сўм қисми даъвогар АААА зиммасида қолдирилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ойлик муддатда Наманган вилоят
судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят
қилиш (протест келтириш) мумкин.
Раислик қилувчи, судья
Х.Умаров