Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1601-2504/19302 Дата решения 04.11.2025 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Наманганский межрайонный экономический суд Судья UMAROV XURSHIDJON XUSANOVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение Ответчик / Подсудимый
Source ID 11e15b9d-e17b-47f1-8b0e-8dc0cb6d27e1 Claim ID PDF Hash e2f7730abc0e8fef... Загружено 10.04.2026 17:06 PDF
Ссылки на нормативные акты 3
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 170-моддаси нинг 170 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1601-2504/19302-сонли иш судья: Х.Умаров ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Наманган шаҳри 2025 йил 4 ноябрь Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Умаров раислигида, судья ёрдамчиси Х.Абдулбориевнинг котиблигида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар АААА манфаатида жавобгар ББББ ҳисобидан жами 8 172 182,3 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни даъвогар вакили Ю.Абдураззақова (ишончнома асосида)нинг иштирокида суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Судга тақдим этилган даъво аризасида баён қилинишича, АААА (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва ББББ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2025 йил 3 январда 1215-сонли олди-сотди шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра даъвогар жавобгарга тиббиётда қўлланиладиган дори воситалари (бундан буён матнда маҳсулот деб юритилади)ни етказиб бериш, жавобгар эса товарни қабул қилиб олиш ва уни ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан етказиб берилган маҳсулот ҳақини жавобгар тўлиқ тўламаганлиги учун унинг даъвогар олдида 5 675 182,30 сўмлик қарздорлиги юзага келган. Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш юзасидан юборган талабномасини жавобгар оқибатсиз қолдирганлиги боис Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 5 675 182,30 сўм асосий қарз, 2 497 000 сўм пеня ундиришни сўраган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили даъво талабларини қувватлаб, тарафлар ўртасида тузилган шартнома асосида жавобгарга маҳсулот етказиб берилганлигини, жавобгар маҳсулот ҳақини тўлиқ тўламаганлигини, бугунги кундаги қарздорлиги 5 675 182,30 сўмни ташкил этаётганлигини, жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун шартнома бўйича унга 2 497 000 сўм пеня ҳисобланганлигини маълум қилиб, даъво талабларини қаноатлантиришни сўради. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган Палата ва жавобгар суд мажлисига келмади. Палата ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишни сўраган. Мазкур ҳолатда суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 170-моддасига асосан ишни Палата ва жавобгар иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди. Суд даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, даъво аризасида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман қаноатлантиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган. Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2025 йил 3 январда 1215-сонли олди-сотди шартномаси тузилган. ФК 386-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади. Ўзаро тузилган шартноманинг 1-бандига кўра даъвогар жавобгарга маҳсулотни етказиб бериш, жавобгар эса товарни қабул қилиб олиш ва уни ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартнома бўйича олинган мажбурият даъвогар томонидан бажарилиб, жавобгарга 2025 йил 22 январдаги 461-сонли, 26 январдаги 429-сонли, 15 майдаги 4863-сонли ҳисобварақ-фактуралар орқали жами 8 495 182,3 сўмлик маҳсулот етказиб берилган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.2-бандида жавобгар олинган маҳсулотларнинг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаши, қолган 50 фоиз ҳақини ҳисобварақ-фактуралар имзолангандан сўнг 30 календарь кун мобайнида тўлаши белгиланган. Жавобгар шартнома бўйича олган мажбуриятларини лозим даражада бажармай етказиб берилган маҳсулот ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўлиқ тўламаган ва 5 675 182,30 сўм миқдорида қарздорликка йўл қўйган. Даъвогарнинг қарздорликни тўлаб бериш ҳақида 2025 йил 17 сентябрда юборган 713-сонли огоҳлантириш хати (талабномаси) жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилиб, қарздорлик тўланмаган. ФК 418-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра сотиб олувчи товар ҳақини тўлаши лозим. Мазкур қарздорлик ишдаги тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ҳисобварақфактуралар, талабнома ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топганлиги сабабли суд даъвонинг асосий қарз ундириш талабини асосли деб ҳисоблайди. Шунингдек, даъво аризасида жавобгар маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги сабабли унинг ҳисобидан 2 497 000 сўм пеня ундириш сўралган. Шартноманинг 5.3-бандида етказиб берилган товарлар учун тўлов кечиктирилган ҳолда жавобгар даъвогарга кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима тўлаши назарда тутилган. ФК 333-моддасининг биринчи қисмига биноан қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Бундай ҳолатда суд жавобгар маҳсулот ҳақини ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган кундан бошлаб 30 кун муддат ичида тўлаши лозим бўлса-да, тўловни 2025 йилнинг 15 июнидан 7 октябрга қадар 110 кунга кечиктирилганлиги сабабли даъвогарнинг пеня ундириш талабини ҳам асосли деб ҳисоблайди (пенянинг ҳисоб-китоби даъво аризасида баён этилган). ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 4-бандида назарда тутилган тушунтиришларни инобатга олиб, суд ундирилиши талаб қилинган 2 497 000 сўм пеняни 1 250 000 сўм миқдорида қаноатлантириб, қолган қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, олтинчи қисмида агар даъвогар томонидан билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг миқдори қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши белгиланган. Қайд этилганларга асосланган ҳолда суд даъво талабларини қисман қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 5 675 182,30 сўм асосий қарз, 1 250 000 сўм пеня, 41 200 сўм почта харажатлари, республика бюджетига 412 000 сўм давлат божи ундиришни лозим топди. Бинобарин ИПКнинг 118, 170, 176-180 ва 186-моддаларини қўллаб, суд қарор қилади: Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин. Жавобгар ББББ ҳисобидан даъвогар АААА фойдасига 5 675 182,30 сўм асосий қарз, 1 250 000 сўм пеня, 41 200 сўм почта харажатлари ундирилсин. Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. Жавобгар ББББ ҳисобидан республика бюджетига 412 000 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан у қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида апелляция тартибида шу суд орқали Наманган вилоят судига шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Раислик қилувчи, судья Х.Умаров