← Назад
Решение #2864002 Экономические
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| Ер кодекси | 36 | — | code_article | |
| лиши Ер кодекси | 36 | — | code_article | |
| збекистон Республикасининг Конституцияси | 68 | — | law | |
| тисодий процессуал кодекси | 118 | — | code_article |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1203-2501/3821-сон иш
Ўзбекистон Республикаси номидан
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Ховос тумани
2025 йил 24 октябрь
Боёвут туманлараро иқтисодий суди, судья Ў.Йўлдошев раислигида, судья
ёрдамчиси Э.Эгамқуловнинг котиблигида, даъвогар Ховос туман ҳокимлигининг
жавобгар «Боғбон ота» фермер хўжалиги ва ҳокимлик ўртасида 2021 йил
07 июнда имзоланган №145-сонли қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни
узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш
тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан иқтисодий ишни Ховос туман
прокурорининг ёрдамчиси А.Абдурахмонов, даъвогар вакили И.Ортиқбоев
(02.10.2025 йилдаги №6092-сонли ишончнома асосида), Ховос туман қишлоқ
хўжалик бўлими вакили К.Мансуров (03.10.2025 йилдаги №71-сонли ишончнома
асосида), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги
агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вакили Ж.Газиев
(08.10.2025 йилдаги №6814-1941-сонли ишончома асосида) лар иштирокида ўз
биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни,
а н и қ л а д и:
Даъвогар Ховос туман ҳокимияти судга даъво ариза билан мурожаат қилиб,
жавобгар «Боғбон ота» фермер хўжалиги ўртасида 2021 йил 07 июнда имзоланган
№145-сонли узоқ муддатли ер ижара шартномасини муддатидан олдин бекор
қилишни сўраган.
Суднинг 2025 йил 19 сентябрдаги ажрими билан ишга Ховос туман қишлоқ
хўжалик бўлими, Ховос туман солиқ инспекцияси, Ховос туман фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Давлат кадастрлар палатаси Сирдарё
вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё
вилоят бошқармаси Ховос туман бўлими низонинг предметига нисбатан мустақил
талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиниб, суд
мажлиси вақти ва жойи тўғрисида ҳудудий прокурор хабардор қилинган.
Суд
мажлисида
даъвогар
вакили
жавобгар
ердан
оқилона
фойдаланмаганлиги натижасида солиқ тўловларидан қарздорлиги вужудга
келгани, ер қаровсиз қолгани, хусусан экилган чигитдан 18,98 гектари чиқмагани
ва 7,5 гектар ер майдонига экинлар экилмасдан қаров из қолганлигини билдириб,
даъвони тўлиқ қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида Ховос туман қишлоқ хўжалик бўлими вакили даъвогар
вакилининг важларини қувватлаб, ўтказилган мониторингда рухсатсиз шоли
эккани иш ҳужжатлари билан тасдиқланишини билдириб, қонуний қарор қабул
қилишни сўради.
Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вакили
режадаги кунгабоқар экилмасдан қолгани ва пахта қаровисз қолганлиги сабабли
жавобгар рахбарига маъмурий жазо қўлланилганлигини билдириб, қонуний қарор
қабул қилишни сўради.
Суд мажлисида прокурор даъвони қувватлаб, даъво ариза важлари
ҳужжатлар асосида тасдиқланганлигини билириб қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида жавобгар, фермерлар кенгаши, солиқ ва кадастр органи
вакиллари суд мажлисида иштирок этмади ва иштирок этмаслик сабаби судга
маълум қилинмади, ушбу ҳолатда суд ишни Ўзбекистон Республикасининг
Иқтисодий процессуал кодекси(ИПК) 128, 170-моддаларига асосан уларнинг
иштирокисиз кўришни лозим топди.
Суд, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини иш
ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асослар билан даъво талабини
тўлиқ қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси (Ер кодекси) 31-моддасига асосан
юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида
чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва
тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига
олинганидан кейин вужудга келади.
Иш ҳужжатларига кўра, Ховос туман ҳокимлиги (кейинги матнларда
“даъвогар” деб юритилади) нинг 2021 йил 23 мартдаги №232-сонли қарори билан
«Боғбон ота» фермер хўжалиги (кейинги матнларда “жавобгар” деб юритилади)га
туманнинг:
Э.Қаххаров массиви ҳудудидан 72, 73, 75, 99 ва 100-контурларидан умумий
майдони 95,86 гектар шундан экин майдони 51,98 гектар ва 41,3 гектари бўз ерни
ташкил этган ер участкаси 49 йил муддатга пахта-ғаллачилик учун ажратилиб,
чегаралари белгиланиб, чизмалари тузилиб, 2021 йил 07 июнда ер учсткасини
узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси имзоланиб №143-сонли рақам билан
Кадастр агентлигининг Ховос туман бўлими томонидан рўйхатга олинган, шу
санадан бошлаб жавобгарнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи вужудга келган.
Даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, солиқдан қарзи
мавжудлиги, туман ҳокимининг 2025 йил учун экинларни жойлаштириш қарорида
8,0 гектар ерга кунгабоқар экиш режалаштирилсада экилмасдан қолгани,
27,98 гектар пахтанинг 18,97 гектари униб чиқмаганлиги ва агротехник тадбирлар
амалга оширилмаганлиги важлари шартномани муддатидан олдин бекор қилишга
асос бўлиши баён қилинган.
2025 йил 16 июнь куни Ховос туман қишлоқ хўжалик фаолиятига маъсуллар
иштирокида жавобгарга тегишли ҳудудда мониторинг ўтказилиб, унда жавобгар
туман ҳокимининг 2025 йил 13 мартдаги экинларни жойлаштириш қарорида
кўрсатилган экинлар экилмасдан қолгани, 27,98 гектар пахтанинг 18,97 гектари
униб чиқмаганлиги ва агротехник тадбирлар амалга оширилмаганлиги
аниқланган.
Экинларни жойлаштиришда назарда тутилган 8 гектар кунгабоқар
экилмасдан қолгани, пахта тўлиқ униб чиқмагани ва ер қаровсиз қолдирилганлиги
сабабли Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги
агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг 2025 йилдаги қарори
билан жавобгар рахбарига маъмурий жазо қўлланилган.
Шунингдек солиқ органи тақдим этган 05.09.2025 йилдаги маълумотида
жавобгарнинг 2022-2025 йилларда ер солиғидан қарзи жами 41 429 000 сўмни
ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги
№14-сонли қарорининг 4-иловаси, иккинчи бандида ер участкасидан қонунчилик
ҳужжатларида, ижарага олиш шартномасида кўрсатилган талаблар ва қишлоқ
хўжалиги экинларини жойлаштириш шартлари бузилганда ҳамда мақсадли,
самарали ва оқилона фойдаланилмаганда, қишлоқ хўжалиги корхоналари билан
тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилинишига асос бўлиши
назарда тутилган.
Ер кодексининг 36-моддаси, 1-қисми 6, 7 ва 9 бандларига асосан ер
участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, ер участкасидан рухсат этилган
фойдаланишнинг асосий турига номувофиқ фойдаланилганида, қонунчиликда
белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида
белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда, ер
участкасига бўлган ҳуқуқ бекор бўлиши мумкин.
Шунингдек шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш асослари Ўзбекистон
Республикасининг Фуқаролик кодекси (ФК) 382-384-моддлари, ер участкасига
бўлган ҳуқуқнинг бекор бўлиши Ер кодексининг 36-моддасида назарда тутилган.
ФК 382-моддсига асосан иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса
тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан ўзгартирилиши ёки
бекор қилиниши мумкин.
Ижара шартномасининг 17-бандида ердан белгиланган мақсадда
фойдаланилмаганлиги шартномани бекор қилишга сабаб бўлади деб белгиланган.
Суд, даъвонинг режалаштирилган кунгабоқар экин экилмасдан қолгани,
экилган пахта тўлиқ униб чиқмагани, экин майдонида агротехник тадбирлар
ўтказилмасдан ер қаровсиз қолгани ва ер солиғи мунтазам тўланмасдан қолиши
тўғрисидаги важлари юқоридаги қонунчилик нормаларига асосан шартномани
қўпол равишда бузиш ва бундай ҳолат шартномани бекор қилишга асос бўлади
деб ҳисоблайди.
Шунингдек суд, ишни кўриш давомида низони судгача ҳал қилиш
(талабнома юбориш) тартибига амал қилинган деб ҳисоблайди.
Хусусан 2025 йил 23 июнда юқоридаги асосларга кўра шартномани
муддатидан олдин бекор қилиш баён қилинган огоҳлантириш ва таклиф хатлари
жавобгарга таништирилган, лекин жавобгар ушбу хатларга ўз эътирозини
билдириб, рад жавобини берган.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 68-моддасига асосан ер, ер
ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар
умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат
муҳофазасидадир.
Баён этилганларга асосан суд, жавобгарнинг режалаштирилган кунгабоқар
экин экилмасдан қолгани, экилган пахта тўлиқ униб чиқмагани, экин майдонида
агротехник тадбирлар ўтказилмасдан ер қаровсиз қолгани ва ер солиғи мунтазам
тўланмасдан қолишини, ердан оқилона фойдаланмаганлиги ва шартнома
мажбуриятини қўпол (жиддий) равишда бузгани иш ҳужжатлари билан
тасдиқланади ва даъво талабини асосли деб ҳисоблаб, тўлиқ қаноатлантириб,
тарафлар ўртасида имзоланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни узоқ
муддатли ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни
мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Шунингдек суд, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал
кодекси 118-моддасига асосан даъвонинг қаноатлантирилган қисми бўйича
жавобгардан даъвогар фойдасига судга мурожаат қилишда ихтиёрий тўланган
41 200 сўм почта харажатини ундиришни, шунингдек 4 120 000 сўм давлат божи
тўловини жавогар зиммасига юклашни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 176-179-моддаларини қўллаб, суд
қ а р о р қ и л д и:
Даъвогар Ховос туман ҳокимлиги ва «Боғбон ота» фермер хўжалиги
ўртасида 2021 йил 25-июнда имзоланган №145-сонли қишлоқ хўжалигига
мўлжалланган ерларни узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисидаги шартномани
муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги даъво талаби тўлиқ
қаноатлантирилсин.
Даъвогар Ховос туман ҳокимлиги ва жавобгар «Боғбон ота» фермер
хўжалиги ўртасида 2021 йил 07 июнда имзоланган №145-сонли қишлоқ
хўжалигига мўлжалланган ерларни узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисидаги
шартнома муддатидан олдин бекор қилинсин.
Жавобгар «Боғбон ота» фермер хўжалигидан даъвогар Ховос туман
ҳокимлиги фойдасига 41 200 сўм почта харажати ундирилсин.
Жавобгар «Боғбон ота» фермер хўжалигидан Республика Бюджетига
4 120 000 сўм давлат божи ундирилсин.
Ҳал қилув қароридан норози тараф, бир ой муддатда шу суд орқали,
Сирдарё вилоят судига апелляция, олти ойлик муддатда кассация шикояти
бериши (протест келтирилиши) мумкин.
Судья
Ў.Йўлдошев