← Назад
Решение #2895350 Экономические
Судебный акт
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
13
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| збекистон Республикаси Конституцияси | 55 | — | law | |
| ФКнинг | 234 | — | law | |
| ФКнинг | 666 | — | law | |
| ФКнинг | 555 | — | law | |
| чмас мулкни ижарага бериш шартномаси ФК | 116 | — | law | |
| БКнинг | 122 | — | law | |
| ФКнинг | 112 | — | law | |
| Кодекс | 114 | — | code_article | |
| збекистон Республикаси Бюджет кодекси | 122 | — | code_article | |
| збекистон Республикаси Бюджет кодекси | 122 | — | code_article | |
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ИПКнинг | 68 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1201-2501/12503-сонли иш
ГУЛИСТОН ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Гулистон шаҳри
2025 йил 29 сентябрь
Гулистон туманлараро иқтисодий суди, судья И.Юсупов раислигида,
судья ёрдамчиси Ж.Эгамова суд мажлиси котиблигида, даъвогар ҳамда ССП
вакили М.Шерназаров (ишончнома асосида), Ж.Омонов (раҳбар) жавобгар
раҳбари У.Қулмонқулов ҳамда У.Хайдаров (бош ҳисобчи) иштирокида,
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий
бошқармасининг даъвогар “ nh r F d” МЧЖ манфаатида жавобгар Сирдарё
вилоят ҳокимлиги бинолардан фойдаланиш бошқармаси ҳисобидан
битимнинг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаб амалда бажарилган ишлар
қиймати 992 330 135 сўмни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
қўзғатилган иқтисодий ишни ўз биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
аниқлади:
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти
ҳудудий бошқармасининг (ССП) даъвогар “ nh r F d” МЧЖ (даъвогар ёки
ижарага олувчи) манфаатида Гулистон туманлараро иқтисодий судига даъво
аризаси билан мурожаат қилиб жавобгар Сирдарё вилоят ҳокимлиги
бинолардан фойдаланиш бошқармаси (жавобгар ёки ижарага берувчи)
ҳисобидан шартноманинг ҳақиқий эмаслик оқибатини қўллаган ҳолда
992 330 135 сўм етказилган зарар суммасини ундиришни сўраган.
Суд ажримига асосан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил
талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида Сирдарё вилояти
ҳокимлиги, Сирдарё вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси, Сирдарё
вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ва Давлат активларини
бошқариш Агентлигининг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси жалб этилган.
Суд мажлисида иштирок этган ССП ҳамда даъвогар вакиллари даъво
аризани тўлиқ қўллаб-қувватлаб, тарафлар ўртасида имзоланган шартномалар
давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги лекин жавобгар амалда даъвогар билан
имзоланган шартномага ишонган ҳолда унга асосан объектга пул
киритганлигини, уни таъмирлаганлигини билдириб даъво суммасини
қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар вакиллари бажарилган ишлар қабул қилиб олинганлигини,
бажарилган ишларга нисбатан эътироз билдирилмаганлигини, бажарилган
ишлар назорат ўлчовидан ўтказилганлиги сабабли ушбу назорат ўлчови
бўйича қаноатлантирилишига эътирози йўқлигини билдирди.
Аввалги, суд мухокамасида иштирок этган Сирдарё вилояти
Ғазначилик хизмати бошқармаси ва Сирдарё вилояти Иқтисодиёт ва молия
бош бошқармаси шартномалар давлат рўйхатидан ўтмаганлигини ҳамда
молиялаштириш назарда тутилмаганлигини маълум қилган.
Шунингдек, аввалги суд муҳокамасида иштирок этган Давлат
активларини бошқариш Агентлигининг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси
объектни баҳолатиш жараёнида у таъмирланганлиги сабабли юқорироқ
нархда баҳоланганлигини билдириб судга баҳолаш ҳисоботини тақдим этган.
Бундан ташқари, аввалги суд мухокамасида иштирок этган Сирдарё
вилоят хокимлиги вакили объект сайёр суд мажлисида ҳам ўрганилганлигини,
объектга амалда қилинган харажатлар қаноатлантириб берилиши
лозимлигини билдирди.
Прокурор судга ўзининг ёзма фикрномасини тақдим қилиб даъво
талабини қисман қаноатлантиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (ИПК)
127, 128, 170-моддаси талабларига мувофиқ прокурор тегишли тарзда
хабардор қилинганлиги сабабли суд, ишни прокурор иштирокисиз кўриш
мумкин деб ҳисоблади.
Суд, иш хужжатлари билан танишиб, тарафлар вакилларининг
важларини тинглаб, ишдаги прокурор фикрини ўрганиб қўйидаги асосларга
кўра даъво талабини қисман қаноатлантиришни лозим топди.
Иш ҳужжатлари ҳамда даъво аризасида баён этилишига кўра, даъвогар
ҳамда жавобгар ўртасида имзоланган 2024 йил 2 февралдаги 3-сонли ижара
шартномасига (ижара шартномаси) асосан “Ижарага берувчи” “Ижарага
олувчига” ўз балансида бўлган Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри Баҳор МФЙ
Тошкент йўли кўчасида жойлашган “Гулистон чойхонаси” кўчмас мулк
мажмуасини умумий 1059 кв.м. майдонни “Объект” фойдаланиш учун 10 йил
муддатга ижарага берилган.
Ижара шартномасининг 3,6 бандига кўра, ижарачининг ижарага
олинган объект ҳудудидаги ер участкасида ўз маблағлари ва қарзга олинган
маблағлар ҳисобидан қурилишнинг умумий қоидаларига риоя қилган ҳолда
зарур ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш биноларини қуришга рухсат
берилган.
Бундан ташқари шартноманинг 3,7 бандига кўра, ижарага олинган
объектнинг қийматини оширадиган ўзгаришларни ижарачи мустақил равишда
киритиш, объектни реконструкциялаш, кенгайтириш, техник жиҳатдан қайта
жиҳозлашга ҳақли эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Шартноманинг 3,9 бандида объектни сотиб олиш санасига барча
амалга оширилган сарф харажатлар лойиҳа смета ҳужжатларига асосан
бажарилган иш ҳажми далолатномалари асосида баҳоланган қийматдан
чегирилиши кўрсатиб ўтилган.
Кейинчалик “Ижарага берувчи” “Ижарага олувчига” ўртасида 2024
йил
14 февралда 1-сонли пудрат шартномаси (пудрат шартномаси) имзоланган
ҳамда “Объектни” таъмирлашга келишилган.
Шартноманинг 1 бандига кўра, Пудратчи яъни даъвогар шартномада
ҳамда лойиҳада назарда тутилган ишларни бажариш ҳамда Буюртмачи ушбу
бажарилган ишларни қабул қилиш мажбуриятини олган.
Объект 2024 йил 2 февралдаги ўзаро топшириш қабул қилиш
далолатномасига асосан ижарага олувчига топширилган.
Ижарага олувчи ва ижарага берувчи пудрат шартномаси талабларидан
келиб чиққан ҳолда “Ремстройпроект” ХК билан шартнома доирасида мазкур
ижарага олинган объектда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун лойиҳасмета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, жавобгар билан биргаликда “m .g v.uz”
платформаси орқали Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй жой коммунал
хўжалик вазирлигининг ваколатли идораларига мурожаат қилган ва
белгиланган тартибда таъмирлаш ишларини олиб борган.
Таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг тарафлар ўртасида бажарилган
ишларни топшириш қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилган ҳамда
бажарилган ишлар жавобгар томонидан қабул қилиб олинган.
Бироқ, объект Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил
21 апрелдаги ПФ-70-сонли фармонига асосан оммавий савдоларга
чиқарилиши белгиланган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг
кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилган ҳамда аукцион савдоларига
чиқарилиши учун балансда сақловчи томонидан Давлат активларини
бошқариш Агентлигининг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси
топширилган.
Даъвогарнинг берган тушунтиришига кўра, объектни сотувга
чиқаришдан аввал унда бажарилган ишлар билан биргаликда баҳоланиб
юқори суммада савдога чиқарилиши кўрсатиб ўтилганлиги сабабли аукцион
савдоларда иштирок эта олмаганлигини маълум қилган.
Давлат активларини бошқариш Агентлигининг Сирдарё вилоят
ҳудудий бошқармаси мулкни аукцион савдоларига чиқаришдан аввал
мустақил баҳоловчи “Сирдарё мустақил баҳолаш ва экспертиза” МЧЖ
томонидан объектни бозор қийматини аниқлаб бериш бўйича тузилган
шартномасига асосан объектнинг бозор қиймати баҳоланган. Унга кўра,
объект мустақил баҳоловчи томонидан 2 755 000 000 сўмга баҳоланган ва
аукцион савдоларига чиқарилган. Савдо якунлари бўйича фуқаро А.Солиев
ғолиб деб топилиб у билан белгиланган тартибда шартнома
расмийлаштирилган.
Объектни сайёр суд мажлиси жараёнида ўрганилган вақтда фуқаро
А.Солиевнинг (иш бошқарувчи Ғ.Жабборов) ва тарафлар иштирокида ўрганиб
чиқилди.
Фуқаро Ғ.Жабборовнинг тушунтиришига кўра, фуқаро А.Солиев ғолиб
деб топилгандан сўнг объектда қўшимча таъмирлаш ишлари
бошланганлигини, ҳақиқатдан ҳам суратдаги ишлар бор бўлганлигини,
бугунги кунда объект ўзлари танлаган лойиҳа асосида қайта
таъмирланаётганлиги сабабли айрим қисмилари бузиб қурилаётганлигини,
лекин бажарилган ишлар қисман сақлаб қолинганлигини билдириб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасининг биринчи
қисмига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган
барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ушбу модданинг учинчи қисмига
кўра, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши
қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд
томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (кейинги
ўринларда — ФК) 8-моддаси биринчи қисмига асосан фуқаролик ҳуқуқ ва
бурчлари қонунчиликда назарда тутилган асослардан, шунингдек фуқаролар
ҳамда юридик шахсларнинг, гарчи қонунчиликда назарда тутилган бўлмасада, лекин фуқаролик қонунчилигининг умумий негизлари ва мазмунига кўра
фуқаролик ҳуқуқ ҳамда бурчларни келтириб чиқарадиган ҳаракатларидан
вужудга келади.
ФКнинг 234-моддасига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён
етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан
келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда мажбуриятлар тарафлар ўртасида тузилган
шартномалардан келиб чиққан.
ФК 631-моддасининг биринчи қисмига кўра, пудрат шартномаси
бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига
биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига
белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш
натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини
олади. Агар қонунчиликда ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда
тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.
ФКнинг 666-моддасига кўра, қурилиш пудрати шартномаси бўйича
пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи
билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш
мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур
шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш
мажбуриятини олади. Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони
(жумладан уй-жой биносини), иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта
қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган
объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида
тузилади. Қурилиш пудрати шартномаси тўғрисидаги қоидалар, агар
шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бино ва иншоотларни
капитал таъмирлаш ишларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Тарафлар
ўртасида тузилган шартнома шартларига кўра, даъвогар томонидан
шартномада назарда тутилган товарлар бериш ва ишлар, хизматларни
кўрсатиш, жавобгар эса буюртма бериш, хизматлар товарларни қабул қилиш
ва тўлаб бериш мажбуриятини олган.
ФКнинг 555-моддасига кўра, агарда мулк ижараси шартномасида
бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан молмулкнинг ажратиб олса бўладиган тарзда яхшиланиши унинг мулки
ҳисобланади.
Ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ўз маблағлари
ҳисобидан ва ижарага берувчининг розилиги билан яхшилаган, бу яхшилашни
мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлмаган тақдирда,
ижарага олувчи шартнома бекор бўлганидан кейин, башарти шартномада
бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бу яхшилашлар қийматини
тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
“Мулк ижараси шартномасига оид фуқаролик қонун ҳужжатлари
нормаларини иқтисодий судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари
тўғрисида” 2011 йил 11 декабрдаги 234-сонли Қарорининг 15-бандида
берилган тушунтиришга кўра, бино ва иншоотларни ижарага бериш
тўғрисидаги шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар
ижарага берувчида мулкни ижарага бериш ҳуқуқи мавжудлигини
аниқлашлари лозимлиги. Ижарага берувчининг бино ёки иншоотни ижарага
бериш ҳуқуқини баҳолашда судлар қуйидагиларни ҳисобга олишлари зарур:
шахс, агар унинг кўчмас мулкка нисбатан оператив бошқариш ҳуқуқи
рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, мулкни ижарага беришга ҳақли эмас;
хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унитар корхонага бириктирилган
кўчмас мулкни мулкдор унитар корхонанинг розилигисиз ижарага беришга
ҳақли эмас;
мулкдорнинг розилигисиз унитар корхона томонидан тузилган
хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унга тегишли кўчмас мулкни ижарага бериш
шартномаси ФКнинг 116-моддаси талабларига кўра ўз-ўзидан ҳақиқий эмас
ҳисобланади.
Мазкур ҳолатда жавобгарнинг гарчанд ижарага бериш ҳуқуқи мавжуд
бўлмасада объектни ижарага бериш тўғрисида шартнома тузилган ва унинг
давоми сифатида пудрат шартномаси тузилган.
Даъвогар жавобгар билан тузилган шартномалар доирасида объектда
таъмирлаш ишларини амалга оширган.
БКнинг 122-моддасига кўра, юридик мажбуриятлар иқтисодий тасниф
кодлари бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида бюджет
ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан қабул қилинади
ҳамда ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилади.
Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари
ҳисобидан ижро этилиши лозим бўлган юридик мажбуриятлар ғазначилик
бўлинмалари томонидан ҳисобга олинади.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг
бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни,
хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек
уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик
бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар юридик
мажбуриятлар юзага келишини тасдиқловчи ҳужжатларни ғазначилик
бўлинмаларида рўйхатдан ўтказиш учун жорий молия йилининг 25
декабридан кечиктирмай тақдим этади.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг
товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш тўғрисида тузиладиган
шартномаларида 15 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш
назарда тутилади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан
белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг
товарларни (ишларни, хизматларни) импорт қилиш бўйича шартномалари,
уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу шартномалар қонунчиликда
назарда тутилган тартибда ваколатли органларда тегишли экспертизадан
ўтганидан ва ҳисобга қўйилганидан сўнг ғазначилик бўлинмалари томонидан
рўйхатдан ўтказилади. Бунда шартномаларда кўрсатилган суммалар
ғазначилик бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг миллий
валютасида ҳисобга олинади.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг биринчи
ҳамда иккинчи гуруҳ харажатлари бўйича юридик мажбуриятлари ғазначилик
бўлинмалари томонидан буюртмалар шаклида рўйхатдан ўтказилади.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг
товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан шартномалари
жорий молия йили доирасида амал қилиш муддати билан тузилиши лозим,
капитал қўйилмалар бўйича шартномалар ҳамда қонунчиликда назарда
тутилган амал қилиш муддати бир неча йилни ташкил этиши мумкин бўлган
ҳоллар бундан мустасно. Шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, агар
шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қўшимча битим
тузилмаган бўлса, етказиб берувчи (пудратчи) томонидан товарларни
(ишларни, хизматларни) етказиб бериш бўйича юридик мажбуриятларни
бажариш тугатилади.
Бюджетдан ажратиладиган маблағлар асосида белгиланган юридик
мажбуриятларни қабул қилиш учун лимит биринчи навбатда тегишли
моддалар бўйича молия йили бошида мавжуд бўлган, бюджетдан
ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ва ғазначилик
бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилган шартномалар бўйича юзага келган
кредиторлик қарзи суммасига банд қилиб қўйилади.
Маблағларни:
бюджет ташкилотининг иқтисод қилинган бюджетдан ажратиладиган
маблағлари ҳисобидан ўз бюджет ташкилотларини ривожлантириш
жамғармасига, шунингдек тиббиёт муассасаси томонидан — харажатлар
сметасида назарда тутилган мақсадли бюджетдан ажратиладиган маблағлари
ҳисобидан ўзининг тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва
ривожлантириш жамғармасига;
ҳар бир объект бўйича келишилган манзилли ва титул рўйхатларда
ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган
суммалар доирасида капитал қўйилмалар бўйича буюртмачи хизматини
сақлаб туришга;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, давлат ҳокимияти ва
бошқаруви органларининг хизматлари учун ҳақ тўлашга;
юридик мажбуриятлар мавжудлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар
асосида амалга ошириладиган харажатларни тўлашга ўтказиш шартнома
тузилмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил
28 февралдаги “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада
ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-594-сонли Қарорининг
6-бандида бюджет ташкилотларининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб
берувчилар билан шартномалари, шунингдек буюртмачиларнинг Давлат
бюджети маблағлари ҳисобига капитал қурилишига оид шартномалари
мажбурий тартибда Ғазначиликда рўйхатга олиниши шартлиги ва фақат у
амалга оширилгандан кейин кучга кириши қатъий белгилаб қўйилган.
Бироқ, тарафлар ўртасида тузилган юқоридаги шартнома Ғазначилик
бошқармасидан рўйхатдан ўтмаган.
ФКнинг 112-моддаси биринчи қисмида, битимнинг нотариал шаклига
ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг
ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий
бўлмайди. Кодекс 114-моддасига кўра, ҳақиқий бўлмаган битим унинг
ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик
оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2014 йил
28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг битимларни
ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги нормаларини қўллашнинг айрим
масалалари ҳақида” ги 269-сонли қарорининг 11-бандида, агар қонунчилик
талабларига ёки битим тарафларининг келишувига кўра, у нотариал
тасдиқланиши ёки қонунчиликка мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши
лозим бўлса, суд нотариал шаклига ёки давлат рўйхатидан ўтказиш талабига
риоя этилмаганлиги сабабли битимни ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.Бунда
судлар инобатга олишлари лозимки, ФК 115-моддасигамувофиқ битимнинг
қонун талаб қиладиган шаклига риоя қилмаслик қонунда тўғридан-тўғри
кўрсатилган ҳолдагина унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.Ўзбекистон
Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмигакўра, бюджет
ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан
ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб
берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган
ўзгартиш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан
ўтказилганидан кейин кучга киради. Судлар шуни назарда тутишлари
лозимки, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга нисбатан
товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берганлик учун ҳақ ундириш
тўғрисидаги даъволар кўрилаётганда шартнома Ўзбекистон Республикаси
Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмида белгиланган тартибда
рўйхатдан ўтказилмаганлиги, шартноманинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига
олиб келмайди. Бундай ҳолатда шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши
ҳақида тушунтириш берилган. Ушбу Пленум қарорининг 24-бандида эса, ФК
114-моддасининг иккинчи қисмига асосан битим ҳақиқий бўлмаганида
тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани
қайтариб бериши, олинган нарсани аслича қайтариб бериш мумкин
бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари
қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши
шарт.Бунда судлар инобатга олишлари лозимки, олинган нарсани аслича
қайтариб бериш имконияти бўлмаган ҳолларда (мол-мулкдан фойдаланиш,
бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) олинган нарсанинг ўрнини тўлдириш
миқдори ўхшаш вазиятларда, одатда ўхшаш мол-мулкдан фойдаланиш (ишлар
бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) учун олинадиган баҳо бўйича аниқланиши
ҳақида тушунтириш берилган.
Тарафлар ўртасида бажарилган ишлар бўйича “ st v luti n
ks rtgr u ” МЧЖ томонидан назорат ўлчови ўтказилган бўлиб унга кўра,
амалда бажарилган ишлар қиймати 765 749 787 сўм (ҚҚСсиз 683 705 167
сўм)лик ишлар бажарилганлиги аниқланган. Жавобгар ушбу суммани тан
олишини ҳамда ушбу суммадан келиб чиққан ҳолда бажарилган ишлар
қийматини ундириб беришни сўраган.
Юқорида қайд этилганларга биноан, жавобгар бюджет ташкилоти
эканлиги, молиялаштириш давлат бюджети маблағи ҳисобидан амалга
оширилиши, тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномаси ғазначиликдан
мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлишига қарамасдан,
рўйхатдан ўтказилмаганлиги, бу билан тарафлар ўртасида шартнома
тузилмаган деб ҳисобланади, бироқ, даъвогар томонидан жавобгарнинг
объектида бажарилган ишлар қиймати мавжудлиги, уни қайтариб бериш
имконияти йўқлиги сабабли, унинг қиймати яъни 992 330 135 сўм, 765 749 787
сўм (ҚҚСсиз 683 705 167 сўм) сўм қарздорлик ҳолати иш ҳужжатларида
мавжуд шартнома, ҳисобварақ-фактура, акт, даъвогар ва жавобгар вакилининг
берган тушунтиришлари ва бошқа ишга алоқадор ҳужжатлар каби далиллар
билан ўз тасдиғини топади. Қолаверса, суд мажлисида иштирок этган
жавобгар вакили томонидан ҳам қарздорлик инкор этилмади.
ФКнинг 236-моддасига асосан мажбуриятлар мажбурият шартларига
ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар
бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа
талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
ИПКнинг 68-моддаси биринчи қисмида асосан ишда иштирок этувчи
ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган
ҳолатларни исботлаши кераклиги, учинчи қисмида эса ишда иштирок этувчи
ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган
далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, агар ушбу Кодексда
бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки
суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим, бироқ жавобгар
томонидан маблағлар даъвогарга тўлаб берилганлигини фактини тасдиқловчи
далиллар тақдим этилмади.
Юқорида қайд этилганларга асосан суд, даъво талабини мавжуд
ҳужжатлардан келиб чиқиб 683 705 167 сўм ундириш қисмини асосли деб
ҳисоблайди ҳамда даъво аризасининг ушбу талабини қаноатлантиришни
лозим топади.
ИПКнинг 118-моддаси биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, еттинчи қисмига
биноан, давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа
шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб
тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар
қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб
даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши
рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига илова
сифатида тасдиқлаган Давлат божи ставкаларининг миқдорига кўра,
Иқтисодий судларга бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан
даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам
бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилиши белгиланган.
ИПКнинг 118-моддаси ва “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон
Республикаси Қонунига асосан даъвонинг асосли деб топилганлиги
683 705 167 сўм қисми бўйича (683 705 167 х 2%) 13 674 103,34 сўм давлат
божи ва олдиндан тўлаб чиқилган 41 200 сўм почта харажатлари жавобгар
зиммасига, даъвонинг рад этилган 308 624 968 сўм қисми бўйича (308 624 968
х 2%) 6 172 499,36 сўм давлат божини даъвогар зиммасига юклашни лозим
топади.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг
Иқтисодий процессуал кодекси 66, 68, 118, 170, 176-180, 186-моддаларини
қўллаб, суд
ҚАРОРҚИЛДИ:
Даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар Сирдарё вилоят хокимлиги бинолардан фойдаланиш
бошқармасиҳисобидан даъвогар “ nh r F d” МЧЖ фойдасига 683 705 167
сўм пул маблағлари ва 41 200 сўм почта харажатлари ундирилсин.
Даъво талабининг қолган қисми рад этилсин.
Давлат бюджетига;
“ nh r F d” МЧЖ ҳисобидан 6 172 499,36 сўм;
Сирдарё
вилоят
хокимлиги
бинолардан
фойдаланиш
бошқармасиҳокимлиги ҳисобидан 13 674 103,34 сўм давлат божи
ундирилсин.
Ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси тарафларга юборилсин.
Ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ойлик муддат ўтгач
қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан
эътиборан бир ой ичида шу суд орқали Сирдарё вилоят судига апелляция
тартибида шикоят қилиниши (прокурор протест келтириши) ёки ҳал қилув
қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация
шикояти (протести) берилиши мумкин.
Судья
И.А. Юсупов