Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1201-2503/7462 Дата решения 16.06.2025 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Гулистанский межрайонный экономический суд Судья XOLIKOV MUZAFFAR ABDIGAPPAROVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение K ` IR ` IN Ответчик / Подсудимый
Source ID d5e6d1be-5ee6-4ea6-b0cf-4cbe17bbbe8d Claim ID PDF Hash 5735251f5c01253b... Загружено 10.04.2026 17:07 PDF
Ссылки на нормативные акты 10
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 170-моддаси ИПКнинг 170 law
збекистон Республикаси Конституцияси 130-моддаси збекистон Республикаси Конституцияси 130 law
ИПК 13-моддаси ИПК 13 law
ФКнинг 234-моддаси ФКнинг 234 law
ФКнинг 437-моддаси ФКнинг 437 law
Кодексининг 47-моддаси Кодекси 47 code_article
ФКнинг 386-моддаси ФКнинг 386 law
ИПКнинг 72-моддаси ИПКнинг 72 law
ИПКнинг 68-моддаси ИПКнинг 68 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1201-2503/7462-сонли иш ГУЛИСТОН ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Гулистон шаҳри 2025 йил 16 июнь Гулистон туманлараро иқтисодий судининг судьяси М.Холиков раислигида, судья ёрдамчиси Ю.Абизов суд мажлиси котиблигида, Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари Н.Абдукаримов, даъвогар вакили А.Бабаев (2025 йил 3 мартдаги 27-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакили Ж.Қўшбоқов (2025 йил 8 майдаги 01-04/1404-сонли ишончнома асосида), Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси вакили А.Головина (2025 йил 28 майдаги 01/20-32/4-сонли ишончнома асосида) иштирокида, даъвогар “K ` IR ` IN ” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Сирдарё вилоят спорт бошқармаси ҳисобидан 8 145 522 сўм асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни ўз биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Даъвогар “K ` IR ` IN ” масъулияти чекланган жамияти (даъвогар) Гулистон туманлараро иқтисодий судига жавобгар Сирдарё вилоят спорт бошқармасига (жавобгар) нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 8 145 522 сўм асосий қарзни ундириш сўраган. Суднинг 2025 йил 23 майдаги ажрими билан ишга Сирдарё вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси ва Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб этилган. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган Сирдарё вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси суд мажлисига келмади, шунингдек вакил(лар)и иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда — ИПК) 128-моддасига биноан агар суд иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга эга бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади. ИПКнинг 170-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахсларга суд даъво аризаси юзасидан тақдим этишни таклиф қилган ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни мавжуд материаллар бўйича кўришга тўсқинлик қилмайди. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган даъвогар суд мажлисига келмаса, даъвогарнинг ишни унинг йўқлигида кўриш тўғрисидаги аризаси бўлган тақдирда, низо унинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин. Шу сабабли, суд ишни ИПКнинг 128, 170, 172-моддаси талабларига асосан Сирдарё вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили даъво аризани қўллабқувватлаб, ундаги важларни такрорлаб, кўмир нархи ошганлиги, 8 145 522 сўмлик кўмир учун ҳисобварақ-фактура тақдим этмаганлиги ҳақида важлар келтириб, даъво аризани қаноатлантиришни сўради. Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили даъво аризага эътироз билдириб, кўмир қабул қилинганлиги, дастлабки шартнома ғазначиликдан рўйхатдан ўтганлиги, ушбу шартномага қўшимча келишув эса ғазначиликдан рўйхатдан ўтмаганлиги, даъвогар 8 145 522 сўмлик кўмир учун ҳисобварақфактура тақдим этмаганлиги, шу сабабли қарздорлик тўлаб берилмаганлиги ҳақида тушунтиришлар бериб, қонуний қарор қабул қилишни сўради. Суд мажлисида иштирок этган Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси вакили қонуний қарор қабул қилишни сўради. Суд мажлисида иштирок этган прокурор даъвони қаноатлантиришни сўради. Суд, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра даъво аризасини қисман қаноатлантиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 130-моддасининг биринчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. ИПК 13-моддаси биринчи қисмига асосан суд ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (кейинги ўринларда — ФК) 8-моддаси биринчи қисмига асосан фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қонунчиликда назарда тутилган асослардан, шунингдек фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг, гарчи қонунчиликда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин фуқаролик қонунчилигининг умумий негизлари ва мазмунига кўра фуқаролик ҳуқуқ ҳамда бурчларни келтириб чиқарадиган ҳаракатларидан вужудга келади. ФКнинг 234-моддасига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда мажбуриятлар тарафлар ўртасида 2022 йил 5 майда тузилган 01/05/22-сонли шартномадан (шартнома) келиб чиққан. Сирдарё вилояти Ғазначилик хизмати бошқармасининг 2025 йил 10 июндаги 02-09/35-261-сонли хатига кўра, ушбу шартнома ғазначиликдан рўйхатдан ўтказилганлиги ва касса харажатлари амалга оширилганлиги аниқланди. Шартноманинг 1, 2-бандларига кўра, сотувчи (даъвогар) 1 тонна кўмир нархи 300 300 сўм бўлган, жами 12 012 000 сўмлик 40 тонна кўмир маҳсулотларини сотиши, харидор (жавобгар) эса тўловни белгиланган тартибда амалга ошириш мажбуриятини олган. ФКнинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи - сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. Шартноманинг 3.1-бандига кўра, харидор маҳсулот учун олдиндан етказиб берилаётган маҳсулотнинг 50 фоизи миқдорида тўлов ўтказиш йўли билан тўловни амалга ошириши, маҳсулотни қабул қилган пайтдан бошлаб 10 кун ичида қолган 50 фоизи тўловни амалга ошириши белгиланган. Жавобгар 2022 йил 12 майдаги 3420600044-сонли тўлов топшириқномасига асосан даъвогарнинг ҳисобига 6 006 000 сўм маблағ ўтказиб берган. Шартноманинг 4.1-бандига кўра, харидор мазкур шартнома қонуний кучга киргандан сўнг, маҳсулотни икки томонлама тузилган маҳсулот етказиб бериш режасига асосан олиб кетиши белгиланган. Аниқланишича, даъвогар жавобгарга 21,680 тонна ҚҚС билан биргаликда 6 564 558 сўмлик кўмир топширганлиги ҳақида 2022 йил 25 июлдаги 7-сонли ҳисобварақ-фактурани юборган, жавобгар томонидан ҳисобварақ-фактура қабул қилинган. Шунингдек, тарафлар ўртасида 2022 йил 15 июлда 11,860 тонна кўмир, 2022 йил 18 июлда 10,00 тонна кўмир топширилганлиги ҳақида далолатномалар расмийлаштирилган бўлиб, юк хатларида кўмирнинг 1 тоннаси учун нарх 300 300 сўм деб кўрсатилган. Сўнг, мазкур шартномага мувофиқ тарафлар ўртасида 2022 йил 7 сентябрда 8,140 тонна кўмир, 2022 йил 8 сентябрда 10,00 тонна кўмир топширилганлиги ҳақида далолатномалар расмийлаштирилган, юк хатларида кўмирнинг 1 тоннаси учун нарх 418 245 сўм деб кўрсатилган. Бироқ, 2022 йил сентябрь ойида топширилган кўмир учун тўловлар амалга оширилмаган. Шу сабабли тарафлар ўртасида низо келиб чиққан. Даъво аризада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2022 йил 16 июлдаги 06/1-126-сонли топшириғига мувофик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан “Ўзбеккўмир” АЖ нинг “Кўмиртаъминот” МЧЖ орқали аҳоли ва бюджет ташкилотларига сотиладиган кўмир маҳсулотини чакана нархи келишув баёнига асосан 2022 йил 25 июлдан бюджет ташкилотлари учун кўмирнинг ҳар бир тоннаси 418 245 сўм этиб белгиланганлиги, жавобгарга етказилган 20 тонна кўмир учун ҳар бир тоннасига 418 245 сўмдан, жами 8 364 900 сўм ҳисобланганлиги, қарздорлик 8 145 522 сўмни ташкил этиши ҳақида асослар келтириб, 8 145 522 сўм ундиришни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 47-моддаси биринчи ва иккинчи қисмига кўра,товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, агар мазкур моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт. Ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақфактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 522-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисида” Низомнинг 2-бандида электрон ҳисобварақ-фактура - товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилиш ва сотиб олишни тасдиқлайдиган, электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими операторлари орқали тақдим этиладиган ва қабул қилинадиган, қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган шаклларда расмийлаштирилган электрон ҳужжатлиги белгиланган. Бироқ, даъвогар 2022 йил 7 ва 8 сентябрда топширган кўмир учун эски ёки оширилган нархда жавобгарга ҳисобварақ-фактурани юбормаган. Шартноманинг 3.4-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан Республикада иш ҳақининг ва ёкилғи энергетика ресурусларининг, шунингдек темирйул ва транспорт харажатларини ошиши кўмирни шартномавий нархини ошишига сабаб бўлиши ва бу холатда томонлар қўшимча келишув асосида олди-сотди ишларини амалга ошириши кўрсатилган. Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2022 йил 5 майдаги 01/05/22-сонли шартномага 2022 йил 22 ноябрда 1-сонли қўшимча келишув тузилган бўлиб, сотилиши назарда тутилган 40 тонна кўмирнинг 20 тоннасининг нархи 8 364 900 сўм (1 тонна кўмир 418 245 сўм) деб белгиланган. Қўшимча келишувнинг 3-бандига кўра, қўшимча келишув ғазначилик бошқармаси бўлимидан рўйхатдан ўтказилгандан сўнг қонуний кучга кириши кўрсатилган. Лекин, қўшимча келишув ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаган. ФКнинг 386-моддасига биноан олди-сотди шартномасига мувофиқ олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади. Гарчи, даъвогар кўмир нархи ошганлиги, 20 тонна кўмирни оширилган нархда топширганлиги ҳақида важлар келтирган бўлса-да, бироқ шартноманинг 3.4-бандига мувофиқ кўмир нархи ошган ва кўмирни жавобгарга топширган вақтда шартномага қўшимча келишув расмийлаштирилмаган, балки кўмирни жавобгарга 2022 йил 7 ва 8 сентябрда топширган бир вақтда, қўшимча келишув 2022 йил 22 ноябрда, яъни 75 кундан сўнг расмийлаштирилган. Мазкур ҳолатда, кўмир нархи ошганлиги ҳақидаги қўшимча келишув амалда ишлар бажариб бўлингандан сўнг тузилганлиги, ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги, тарафлар ўртасида оширилган нархда ҳисобварақ-фактура тақдим этилмаганлиги боис, даъвогарнинг кўмирни оширилган нархда ундириш ҳақидаги талабини асосли деб ҳисоблаб бўлмайди. Даъвогарнинг жавобгарга 40 тонна кўмир топширганлиги, 20 тонна кўмир учун 6 006 000 сўм маблағ тўлов бўлганлиги ҳолатлари иш ҳужжатларида мавжуд шартнома, ҳисобварақ-фактура, далолатномалар, юк хатлари ва бошқа ишга алоқадор ҳужжатлар каби далиллар билан ўз тасдиғини топиши сабабли инкор этиб бўлмайди. ИПКнинг 72-моддасига кўра, қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас. ИПКнинг 68-моддаси биринчи қисмига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак, шунингдек учинчи қисмига биноан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, агар ушбу Кодексда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим. Шу боис, суд 20 тонна кўмир нархини 2022 йил 5 майдаги 01/05/22-сонли олди-сотди шартномасида белгиланган нархда, яъни 6 006 000 сўм ундиришни лозим деб ҳисоблайди. Юқорида қайд этилганларга асосан, кўмир нархи ошганлиги ҳақидаги қўшимча келишув амалда ишлар бажариб бўлингандан сўнг тузилганлиги, қўшимча келишув ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги, тарафлар ўртасида оширилган нархда ҳисобварақ-фактура тақдим этилмаганлиги боис, суд даъвогарнинг жавобгардан 8 145 522 сўм асосий қарзни ундириш талабини қисман қаноатлантиришни, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 6 006 000 сўм асосий қарз ундиришни, даъвонинг 2 139 522 сўм қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим деб ҳисоблайди. ИПКнинг 118-моддаси биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши белгиланган. “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган давлат божи ставкаларига кўра мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдоридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-108сон Фармони 2-бандига асосан, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори — 375 000 сўм этиб белгиланди. Суд, суд харажатларини ундириш масаласини муҳокама қилиб,даъво талаби қисман қаноатлантирилганлиги, жами даъво баҳосининг 2 фоизи БҲМнинг 1 бараваридан камлиги, 375 000 сўм давлат божи олдиндан тўланганлигини инобатга олиб, суд иш бўйича ундирилиши лозим бўлган суд харажатларини қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда даъвогар ва жавобгар зиммасига юклашни, жавобгардан даъвогар фойдасига 302 757,5 сўм давлат божи ва 37 500 сўм почта харажатини ундиришни, даъвонинг рад этилган қисми бўйича 72 242,5 сўм давлат божини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 68, 72, 118, 128, 170, 176-180, 186моддаларини қўллаб, суд қарор қилди: Даъво ариза қисман қаноатлантирилсин. Жавобгар Сирдарё вилоят спорт бошқармаси ҳисобидан даъвогар “K ` IR ` IN ” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 6 006 000 сўм асосий қарз, 302 757,5 сўм давлат божи ва 37 500 сўм почта харажатлари ундирилсин. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. Олдиндан тўланган 72 242,5 сўм давлат божи даъвогар “K ` IR ` IN ” масъулияти чекланган жамияти зиммасида қолдирилсин. Ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси тарафларга юборилсин. Ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ойлик муддат ўтгач қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилсин. Ҳал қилув қарори устидан у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда шу суд орқали Сирдарё вилоят судига апелляция тартибида ёки қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан у қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибда шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин. Судья М.А. Холиков