Реквизиты
Категория economic_new Номер дела 4-2101-2403/149 Дата решения 16.02.2024 Инстанция Первая инстанция Тип документа Суд Navoiy tumanlararo iqtisodiy sudi Судья SA’DULLAYEV XAMIDULLO XAYRULLAYEVICH Язык
Стороны
Истец / Обвинение Навоийазот Ответчик / Подсудимый China transport import
Source ID 9489ccb9-1116-44b2-889c-24fbb6b3b58c Claim ID PDF Hash 8a2ce91b48d25ded... Загружено 10.04.2026 PDF
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ФКнинг 382-моддаси ФКнинг 382 law
ФКнинг 312-моддаси ФКнинг 312 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения 9 980 символов
4-2101-2403/149-сонли иқтисодий иш судья Ҳ.Саъдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Навоий шаҳри 2024 йил 16 февраль Кармана туманлараро иқтисодий суди судья Ҳ.Саъдуллаев раислигида, судья ёрдамчиси М.Жамилов котиблигида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасининг даъвогар “Навоийазот” АЖ манфаатида жавобгар “China transport import” МЧЖга нисбатан киритилган закалат пулини ундириш ва шартномани бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни даъвогар вакили А.Ачилов (ишончномага асосан) иштирокида суд биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни А Н И Қ Л А Д И: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси “Навоийазот” АЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси киритиб, жавобгар “China transport import” МЧЖга (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) нисбатан ўз шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги сабабли тарафлар ўртасида тузилган 2023 йил 3 октябрдаги 153829-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномасини бекор қилишни ва жавобгардан 238.050 сўм закалат пули ундиришни сўраган. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишни сўраган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили даъво талабларини қувватлаб, тўловлар ўтказилган бўлсада, жавобгар шартнома шартларига риоя қилмасдан маҳсулотни етказиб бермаганлигини ва даъво талабларини қаноатлантиришни сўради. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар вакили суд мажлисида иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 170-моддасининг учинчи қисмига кўра, иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин. Шунга кўра, суд ИПКнинг 128, 170-моддаларига асосан ишни жавобгар вакили иштирокисиз кўриб ҳал қилишни лозим деб топди. Суд, даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, ишдаги ҳужжатларни муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қаноатлантиришни лозим деб топди. Ишдаги материаллардан ва суд муҳокамасида аниқланишича, тарафлар ўртасида 2023 йил 3 октябрда жами 7.617.600 сўмлик маҳсулот етказиб бериш тўғрисида “Электрон тизимда ўтказилган электрон давлат харидлари натижаси бўйича товар етказиб бериш тўғрида” 153829-сонли шартнома тузилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. Шартномаларнинг 2.1-бандига кўра, буюртмачи (даъвогар) ушбу шартнома давлат харидларининг электрон тизимида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб 10 (ўн) иш куни мобайнида шартнома бўйича 100 фоиз тўловларни ўзининг Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги (ҲККП) ҳисобварағига ўтказиши лозимлиги, 2.2-бандида эса ижрочи (жавобгар) тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида ҲККПдан хабарнома олинган пайтдан эътиборан 7 (етти) иш кунида маҳсулотни етказиб бериш мажбуриятини олган. Шартнома шартига асосан даъвогар томонидан 2023 йил 16 октябрь куни жами 7.617.600 сўм, яъни 100 фоиз тўловларни ўзининг Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги ҳисобварағига ўтказган бўлсада, жавобгар томонидан шартнома шартига риоя қилинмаган ҳолда товарлар етказиб берилмаган. Ушбу ҳолатлар даъво аризасига илова қилинган ҳужжатлар ишдаги бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топади. ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФКнинг 382-моддасига кўра, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин: 1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса; 2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда. Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 203-сонли қарорида ҳам тушунтириш берилган. Мазкур ҳолатда махсулот учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилган бўлсада, жавобгар томонидан маҳсулот етказиб бериш тўғрисидаги шартнома бўйича олинган мажбуриятлар жиддий бузилиб, тегишли махсулотлар даъвогарга етказиб берилмаган. ФК 384-моддасининг иккинчи қисмига кўра, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин. Бунда ўттиз кунлик муддат таклиф олинган пайтдан, агар таклиф олинган муддат номаълум бўлса, иккинчи тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифни олиши учун нормал зарур бўлган вақт ўтган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Даъвогар томонидан тарафлар ўртасида юқорида қайд этилган шартномаларни бекор қилиш тўғрисида 2023 йил 15 ноябрда талабнома юборилган бўлсада, жавобгар томонидан ушбу талабнома юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган. Шунингдек, тарафлар ўртасидаги шартнома электрон тизим орқали тузилганлиги боис, электрон тизимдаги дастур орқали даъвогарнинг шартномани жарима билан бекор қилиш ҳақидаги таклифлари жавобгар томонидан рад қилинган. Ушбу ҳолатлар даъвогар вакилининг кўрсатмаси ҳамда ишдаги тегишли ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топди. Шунга кўра суд, жавобгар томонидан шартнома шартлари бузилган ҳолда, тегишли маҳсулотлар етказиб берилмаганлигини у томонидан шартнома шартларининг жиддий равишда бузилиши деб баҳолаб, даъвонинг тарафлар ўртасида тузилган маҳсулот етказиб бериш шартномасини бекор қилиш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни лозим деб топди. Шунингдек, даъво талабида жавобгар томонидан ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига жойлаштирилган жами 238.050 сўм закалат пулини жарима сифатида ундириш сўралган. Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 21 майда 3015-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисида”ги низомнинг (кейинги ўринларда 3015- сонли низом деб юритилади) 34-бандига кўра, корпоратив буюртмачи ва иштирокчи электрон давлат харидларида иштирок этиш учун ўзларининг ҲККПдаги ҳисоб рақамларига закалат тўловларини ўтказадилар. Қайд этилган низом талабидан келиб чиқиб жавобгар томонидан ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига 238.050 сўм закалат пули жойлаштирилган. ФКнинг 312-моддасига кўра, агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади. 3015-сонли низомнинг 52-бандига кўра, буюртмачи томонидан электрон дўкон ёки аукцион орқали тузилган шартнома бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганлиги ҳақидаги маълумот тақдим қилинмаганда, ҲККП ушбу шартнома бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш муддати тугагач уч иш кунидан сўнг бюджет буюртмачиларининг шартнома бўйича пул маблағларига суд ёки давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингунга қадар банд қўйиши, 53-бандида эса ҳисоб-китоб клиринг палатаси суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қарори асосида закалатни банддан ечишни тегишли ҳисоб-рақамга ўтказишни амалга ошириши белгиланган. Шу боис, суд мазкур ҳолатда даъвогарнинг жавобгардан 238.050 сўм миқдоридаги закалат пулини ундириш ҳақидаги талабини асосли деб ҳисоблаб, ушбу талабни қаноатлантиришни лозим деб топди. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Шу боис, суд ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини жавобгарнинг зиммасига юклашни лозим деб топади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 176, 179-моддаларини қўллаб, суд Қ А Р О Р Қ И Л Д И: Даъвогар “Навоийазот” АЖнинг даъво талаблари қаноатлантирилсин. “Навоийазот” АЖ билан “China transport import” МЧЖ ўртасида тузилган 2023 йил 3 октябрдаги 153829-сонли шартнома бекор қилинсин. Жавобгар “China transport import” МЧЖдан даъвогар “Навоийазот” АЖ фойдасига 153829-сонли шартнома бўйича “China transport import” МЧЖ томонидан жойлаштирилган 238.050 сўм закалат пули ва 34.000 сўм почта харажати ундирилсин. Жавобгар “China transport import” МЧЖдан республика бюджетига 3.740.000 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ойлик муддат ўтгач қонуний кучга киради ва қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилсин. Ҳал қилув қароридан норози тарафлар у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида апелляция тартибида ёки мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ойлик муддат ичида кассация тартибида шикоят қилишлари (протест келтиришлари) мумкин. Судья Х.Х. Саъдуллаев