Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2310/60401 Дата решения 04.12.2023 Инстанция Первая инстанция Тип документа Решение Суд Зангиатинский межрайонный экономический суд Судья Солиев Сарвар Ғайратжонович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Хожиакбар-Акобир Транс масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый "Агробанк" АТБ
Source ID 1205844 Claim ID 3715379 PDF Hash f19df3c25e6ead0f... Загружено 09.04.2026 06:21 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 25-моддаси ИПКнинг 25 law
амда ИПК 25-моддаси амда ИПК 25 law
исми ИПК 110-моддаси исми ИПК 110 law
ФКнинг 14-моддаси ФКнинг 14 law
ИПК 68-моддаси ИПК 68 law
ФКнинг 9-моддаси ФКнинг 9 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2310/60401-сонли иқтисодий иш ЗАНГИОТА ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ Зангиота тумани 2023 йил 4 декабрь Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси ................................, судья ёрдамчиси Н.Бобоёровнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар “................................” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар "................................" АТБ ва қўшимча жавобгар "................................" АТБнинг ................................ филиалига нисбатан "................................" АТБ ҳисобидан 720 000 000 сўм зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни даъвогар вакили ........................................ (2023 йил 10 октябрдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, суднинг маъмурий биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни А Н И Қ Л А Д И: “................................” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, "................................" АТБ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ва "................................" АТБ ................................ филиали (бундан буён матнда қўшимча жавобгар деб юритилади) жавобгар ҳисобидан 720 000 000 сўм зарар ундиришни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 10 октябрдаги ажрими билан мазкур иш судловга тегишлилик қоидаларига кўра мазмунан кўриб чиқиш учун Зангиота туманлараро иқтисодий судига ўтказилган. Жавобгар вакили суд муҳокамасига қадар илтимоснома билан мурожаат қилиб, фарзандининг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли бугунги суд мажлисида иштирок эта олмаслигини маълум қилиб, суд муҳокамасини кейинга қолдиришни сўраган бўлса, суд мажлисида даъвогар вакили қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш учун суд муҳокамасини кейинга қолдиришни сўради. Суд, илтимосномаларни муҳокама этар экан, судда даъво айнан даъвогарнинг ташаббуси билан қўзғатилганлиги ва у Тошкент туманлараро иқтисодий судининг муҳокамасида ҳам иштирок этганлиги, ушбу ҳолатда даъво аризаси бўйича мавжуд далилларини тақдим этиш учун унда етарлича фурсат бўлган деб баҳолаш мумкинлиги, қолаверса у айнан қандай далилларни тақдим этиши мумкинлигини маълум қилмаганлиги, жавобгарнинг илтимосномасига эса унда асос қилиб келтирилган сабаб асослантирилмаганлиги, процессуал қонун эса суд муҳокамасини қолдириш асосларини қатъий қилиб белгилаганлиги ва ҳар икки илтимосномада суд муҳокамасини қолдириш учун қонунда белгиланган асослар келтирилмаганлигини инобатга олиб, уларни рад этишни, ишни эса мазмунан кўриб ҳал этишни лозим топади. Суд мажлисида даъвогар вакили даъвони тўлиқ қувватлаб, иш фаолияти 2021 йил ноябрь ойидан шу кунга қадар тўхтатилганлиги, ушбу даврларда судма-суд қатнаб сарсон бўлганлиги, бундан ташқари мол-мулклари суднинг қарорига асосан тақиқда бўлганлиги ҳам нормал фаолият кўрсатишига тўсиқ бўлганлиги, шундай бўлса-да, имкон даражасида кредит қарзини сўндириб келаётганлиги, кредит қарзи шартлашилган муддатда ажратилмаганлиги ва мулклари кейинчалик бекор қилинган суд қарори асосида тақиқда бўлганлиги боис у 720 000 000 сўм миқдорда зарар кўрганлигини таъкидлаб, даъвони қаноатлантиришни сўради. Суд муҳокамаси ҳақида тегишли тартибда хабардор этилган жавобгарлар суд мажлисида вакили иштирокини таъминламадилар. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 170-моддасининг учинчи қисмида иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкинлиги белгиланган, шундан келиб чиқиб, суд низони уларнинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин деб ҳисоблайди. Суд, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб, даъвогар вакилининг тушунтиришини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра даъвонинг қўшимча жавобгарга оид қисми бўйича иш юритишни тугатиб, қолган қисмини эса қаноатлантиришни рад қилишни, суд харажатларини эса рад этилган даъво талабларига мутаносиб равишда даъвогар зиммасига юклашни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 47-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар. Ваколатхона ва филиалларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ҳамда унинг ишончномаси асосида иш олиб боради. ИПКнинг 25-моддасида иқтисодий судга тааллуқли низолар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиларининг субъектли таркиби белгиланган. У энг аввало, юридик шахсларни ва юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқароларни ҳамда ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган ишлар бўйича жисмоний шахсларни ўз ичига олади. Даъво талаби қаратилган қўшимча жавобгар юридик шахс мақомига эга эмас. Шунга кўра даъвонинг унга оид қисми ИПК 110-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан тугатилиши лозим бўлади. ФК 234-моддасининг иккинчи қисмига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Иш ҳужжатларидан аниқланишича қўшимча жавобгар ва даъвогар ўртасида тузилган кредит шартномасига мувофиқ банк томонидан даъвогарга 36 ой муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 21 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти асосида “HOWO” юк машинасини сотиб олиш мақсадида 830 000 000 сўм кредит маблағи ажратилган. Кредит таъминоти сифатида кафиллик шартномасига асосан даъвогарга тегишли юк машинаси ва фуқаро Машрапова Феруза Аскаровнага тегишли автомашина гаровга қўйилган. Даъвогар томонидан кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлиги важи билан қўшимча жавобгар манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси фуқаролик ишлари бўйича ................................ туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит қарздорлигини ундиришни сўраган ҳамда суднинг 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан даъво талаблари қаноатлантирилган. Суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгар Ф.Машрапова Тошкент вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Апелляция инстанция судининг 2023 йил 3 мартдаги ажрими билан кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги даъво аризаси даъвогарнинг хати асосида кўрмасдан қолдирилган. Шундан сўнг қўшимча жавобгар манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси фуқаролик ишлари бўйича ................................ туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит қарздорликни ва унга ҳисобланган фоизни ундиришни сўраган. Суднинг 2023 йил 2 ноябрда қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан даъво талаблари қаноатлантирилган. Даъво аризасида банк шартлашилган муддатда кредит маблағини ажратмаганлиги, бундан ташқари даъвогарнинг иш фаолияти 2021 йил ноябрь ойидан шу кунга қадар тўхтатилганлиги, сабаби ушбу даврда суд органларида сарсон бўлганлиги, бундан ташқари мол-мулклари суднинг қарорига асосан тақиқда бўлганлиги ҳам зарар кўришига сабаб бўлганлиги, ҳолбуки суд қарори кейинчалик бекор қилинганлиги каби важлар келтирилган. ФКнинг 14-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 19-бандида Зарарни қоплаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тарафнинг қилган харажатлари, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганда тараф олиши мумкин бўлган, лекин унинг ололмай қолган даромадлари, ҳуқуқи бузилган шахснинг ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари ҳам киради (ФК 14-моддасининг иккинчи қисми). Бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган ҳисобкитоб, товар, иш, хизмат кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш учун кетадиган харажатлар сметаси (калькуляция) сифатидаги далиллар, мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик даражасини белгиловчи шартнома ва бошқалар билан тасдиқланган бўлиши керак деб белгиланган. Ўз навбатида даъвогар ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун, шу билан бирга иккинчи тараф томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли 720 000 000 сўм харажатлар қилганлигини асослантирилган далиллари билан ҳисоб-китобларини тақдим қилмади, бундай харажатларнинг зарурийлигини тегишли далиллар билан исботлаб бера олмади. Ҳолбуки, ИПК 68-моддасининг биринчи қисмида ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс, шу жумладан, даъвогар ҳам ўз талабига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилган. Маълумки, ФКнинг 9-моддаси фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, яъни ўз ҳуқуқларини инсофли тарзда амалга оширишлари лозимлиги, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмаслигини назарда тутади. Даъвогар айнан жавобгарларнинг айбли ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги сабабли зарар кўрганлиги, у кўрган зарар ва жавобгарларнинг ҳаракатлари ўртасида сабабий боғлиқлик мавжудлиги, харажатлар қилган бўлса, унинг зарурийлиги ва унинг аниқ ҳисоби каби важларини мақбул далиллар асосида исботлаб бермаганлиги боис суд даъво талабини асоссиз деб ҳисоблаб, уни қаноатлантиришни рад қилишни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасида суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши белгиланган. “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган давлат божи ставкаларига кўра мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорида давлат божи ундирилади, кичик тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида ушбу ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди. Демак даъвогар томонидан даъво тақдим этишда давлат божи тўланмаганлиги боис умумий ставка бўйича давлат божи ундириб, уни асоссиз даъво тақдим этган шахс зиммасига юклашни лозим топади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 110-, 118-, 169-, 170-,176-179-моддаларини қўллаб, суд Қ А Р О Р Қ И Л Д И: “................................” масъулияти чекланган жамияти ва "................................" АТБнинг суд муҳокамасини бошқа муддатга қолдириш ҳақидаги илтимосномаларини қаноатлантириш рад этилсин. Даъвонинг "................................" АТБ ................................ филиалига нисбатан иш юритиш тугатилсин. “................................” масъулияти чекланган жамиятининг "................................" АТБ ҳисобидан 720 000 000 сўм зарар ундириш талабини қаноатлантириш рад этилсин. Даъво тақдим этишда тўланган 33 000 сўм почта харажати “................................” масъулияти чекланган жамиятининг зиммасида қолдирилсин. “................................” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджети фойдасига 14 400 000 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида Зангиота туманлараро иқтисодий суди орқали Тошкент вилоят судига апелляция тартибида шикоят қилиниши (прокурор эса ишда иштирок этувчи шахснинг мурожаати бўлган тақдирда протест келтириши) мумкин. Апелляция тартибида кўрилмаган иш кассация тартибида кўриб чиқилмаслиги ишда иштирок этувчи шахсларга тушунтирилсин. Судья ................................