Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1101-2302/9559 Дата решения 20.11.2023 Инстанция Первая инстанция Тип документа Решение Суд Зангиота туманлараро иқтисодий суди Судья Закирова Паризод Захиджановна Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение SHURTAN GAZ KIMYO MAJMUASI масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Zoomlion Heavy Science And Technology масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1201292 Claim ID 3733140 PDF Hash 602631345e49e196... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 437-моддаси ФКнинг 437 law
онунининг 25-моддаси онуни 25 law
ФКнинг 333-моддаси ФКнинг 333 law
бандида ФКнинг 326-моддаси бандида ФК 326 law
дори ФКнинг 327-моддаси дори ФК 327 law
шунингдек ФКнинг 263-моддаси шунингдек ФК 263 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения 14 294 символов
4-1101-2302/9559-сонли иқтисодий иш ЗАНГИОТА ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ 2023 йил 20 ноябрь Зангиота туманлараро иқтисодий суди судьяси П.Закирова раислигида, судья ёрдамчиси Д.Каримов суд мажлиси котиблигида, ____________нинг даъвогар ____________ масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар ____________ масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 133 828 580 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни жавобгар вакили ____________ иштирокида, суднинг маъмурий биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: ____________ масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва ____________ масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2023 йил 27 апрелда 495/023-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Шартноманинг 1.1-бандида сотувчи (жавобгар) шартнома шартларига мувофиқ етказиб бериш мажбуриятини, сотиб олувчи (даъвогар) эса ушбу шартноманинг ажралмас қисми бўлган, томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган товар юк хатлари ва ҳисобварақ-фактуралари, спецификация (1-илова)даги нарх, миқдор ва ассортимент бўйича эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмларни қабул қилиш ва улар учун келишилган тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.1-бандига кўра 12% қўшимча қиймат солиғи билан биргаликда маҳсулот нархи 1 138 966 640 сўмни ташкил қилиши белгиланган. Шартноманинг 2.2-бандида шартнома имзоланганидан сўнг 15 иш кунида сотиб олувчи сотувчига 50% миқдорда олдиндан тўловни амалга ошириши, қолган 50% тўлов эса Хитойдаги ишлаб чиқарувчи маҳсулотни корхонадан юклаб берганидан сўнг амалга ошириши, 2.3-бандида сотувчи 50% олдиндан тўлов амалга оширилганидан сўнг 30 календарь кун ичида маҳсулотларни етказиб бериши кўрсатилган. Даъвогар 2023 йил 12 майдаги 2398-сонли тўлов топшириқномаси билан жавобгарга шартнома ижроси бўйича 569 483 320 сўм пул маблағларини ўтказиб берган. Жавобгар шартномада кўрсатилган маҳсулотларни муддатида етказиб бермаганлиги сабабли, даъвогар 2023 йил 12 июлда жавобгарга шартномани бекор қилиш ва тўланган пул маблағларини қайтариш тўғрисида талабнома юборган. Даъвогар жавобгарга 2023 йил 28 июлда такроран 017/3042-сонли талабнома юбориб, унда 569 483 320 сўм асосий қарз (олдиндан тўлов суммаси) ҳамда мажбурият кечиктирилгани учун 133 828 580 сўм пеня тўлаб беришни сўраб, агарда ушбу пул маблағлари тўлаб берилмаса шартномани бекор қилиш, асосий қарз ва пеняни ундиришни сўраб судга мурожаат қилиш ҳақида маълум қилинган. Бироқ ушбу талабнома жавобгарнинг манзилига 2023 йил 29 июлда юборилган. Жавобгар 2023 йил 28 июлдаги 208-сонли мемориал ордер билан даъвогарга 569 483 320 сўм пул маблағларини қайтариб берган. Жавобгар томонидан товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилганлиги сабабли тарафлар ўртасида низо келиб чиқиб, ____________ (бундан буён матнда палата деб юритилади) даъвогар манфаатида Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 133 828 580 сўм пеня ундиришни сўраган. Суд мажлисида жавобгар вакили даъво талабларини тан олмасдан, маҳсулотни етказиб бериш жавобгарга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар, яъни хорижлик ҳамкорнинг маҳсулотни юклаб бериши, мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш масалаларида муаммолар юзага келганлиги сабабли содир бўлганлиги, шу боис маҳсулот шартномада белгиланган муддат ичида етказилмаганлиги, пул маблағларини қайтариш талабига эса даъвогарнинг биринчи оғзаки талаби билан чоралар кўрилганлиги, даъвогардан бу орада ҳеч қандай талабномалар олинмаганлиги, иш ҳужжатларида даъвогарнинг 2023 йил 12 июлдаги талабномаси жавобгарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, шунингдек ушбу хатда пеня тўлаб бериш тўғрисида талаб билдирилмаганлигини таъкидлаб, даъво талабларини тўлиқ рад қилишни сўради. Палата даъво аризасида, даъвогар эса суд мажлисига қадар электрон почта орқали тақдим этган аризасида суд муҳокамасини уларнинг вакиллари иштирокисиз кўришни сўраганлар. Ишни кўриш вақти ва жойи кўрсатилган суднинг ажрими уларга гибрид ва электрон почта орқали етказиб берилган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 128-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар суд иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга эга бўлса, иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида суд томонидан юридик шахснинг судга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган ажримнинг кўчирма нусхаси олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси судни хабардор қилган бўлса, иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади. Суд, ИПКнинг 127-128 ва 170-моддалари талабларига кўра, ишни палата ва даъвогар вакиллари иштирокисиз кўриш мумкин деб ҳисоблайди. Ишда иштирок этган жавобгар вакилининг тушунтиришини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, суд қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман қаноатлантиришни, суд харажатларини тарафлар зиммасига уларнинг қаноатлантирилган ҳамда рад қилинган талабларига мутаносиб равишда юклашни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФКнинг 437-моддасига асосан маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. ФК 420-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, олдиндан тўланган суммани олган сотувчи товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда сотиб олувчи ҳақи тўланган товарни топширишни ёки сотувчи топширмаган товар учун олдиндан тўланган суммани қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли. ФК 263-моддасига кўра, неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Тарафлар ўртасидаги шартноманинг 5.3-бандида сотувчи молмулкни тўлиқ етказиб бермаганлиги учун сотиб олувчига етказиб берилмаган ҳар бир кун учун шартнома бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлаши, лекин бунда пенянинг умумий суммаси шартнома суммасининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги зарурлиги белгиланган. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига мувофиқ, товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. Шунга кўра даъвогар қонун талабларига риоя қилган ҳолда бажарилмаган мажбурият қийматидан келиб чиқиб пеня ҳисоблаган. Даъвогар пенянинг ҳисоб-китобини даъво аризасида қуйидагича келтирган: бажарилмаган мажбурият қиймати сифатида 569 483 320 сўм олдиндан тўлов суммасининг 0.5 фоизи - 2 847 416,6 сўм; кечиктирилган кунлар 2023 йилнинг 10 июндан 2023 йил 27 июлгача - 47 кун; 2 847 416,6 * 47 = 133 828 580,2 сўм пеня. Бироқ, суд даъвогар пеня суммасини ҳисоблашда хатоликка йўл қўйган деб ҳисоблайди. Шартноманинг 2.3-бандида сотувчи 50 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилганидан сўнг 30 календарь кун ичида маҳсулотларни етказиб бериши кўрсатилган. Шундай экан 2023 йил 12 майда олдиндан тўлов амалга оширилганлигини инобатга олсак, жавобгар 2023 йил 12 июнгача маҳсулотни етказиб бериши лозим бўлган, даъвогар пеняни шу кундан ҳисоблашга ҳақли бўлади. Жавобгар томонидан маҳсулот етказиб берилмаганлиги сабабли даъвогар 2023 йил 12 июлда пул маблағларини қайтариш тўғрисида хат йўллаган. Бу билан даъвогар шу кундан бошлаб шартномага қизиқиш йўқотганлигини, ундан (маҳсулотдан) воз кечишини маълум қилган. Демак маҳсулотни етказиб бериш кечиктирилган кунлар 2023 йил 12 июндан 2023 йил 12 июлига қадар 30 кунни, пеня суммаси ҳам шунга мутаносиб равишда 85 422 498 сўмни ташкил қилади. Суд жавобгар вакилининг даъвогар томонидан талабномалар жавобгарга йўлланмаганлиги, шундай бўлсада тарафлар ўртасидаги оғзаки музокаралар натижасида пул маблағлари тез фурсатларда қайтариб берилганлиги, маҳсулотни етказиб бериш жавобгарга боғлиқ бўлмаган шароитларда юзага келганлиги, бундай ҳолларда даъвогар пеня ундириб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслиги каби важлари билан келишмайди. ФКнинг 333-моддасида эса қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, жавоб бериши белгиланган. Мазкур ҳолатда жавобгар шартнома бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини лозим даражада бажармаган. Жавобгар эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмларни ўз вақтида етказиб бермаган, шу сабабли даъвогар шартномадан воз кечган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорнинг 2-бандида судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шартлиги ҳақида тушунтириш берилган. Мазкур қарорнинг 4-бандида ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли эканлиги, судлар неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозимлиги, шунингдек ФКнинг 263-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ тарафларнинг келишуви билан қонунда аниқланган неустойка (қонуний неустойка) миқдорининг оширилиши ўз-ўзидан ундирилаётган неустойкани камайтиришга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозимлиги баён этилган. Юқоридагиларга кўра, суд жавобгар даъвогарга 569 483 320 сўмлик маҳсулотларни етказиб бермаганлиги, амалдаги қонунчилик бўйича жавобгарлик мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозимлиги белгиланганлиги, даъвогар амалда 85 422 480 сўм пеня ундириб беришни талаб қилишга ҳақли бўлсада, 133 828 580 сўм пеня ундиришни талаб қилганлиги, шунда 48 406 100 сўм пеня ундириш талаби асоссиз эканлиги, жавобгар маҳсулот етказиб беришни унча кўп бўлмаган 30 кунлик муддатга кечиктирганлигини инобатга олиб, пеня миқдорини асосий қарз суммаси (569 483 320 сўм) йиллик қайта молиялаш ставкасининг ўртача бир ойлик суммаси миқдоригача камайтиришни, жавобгардан даъвогар фойдасига 6 600 000 сўм пеня ундиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, олтинчи қисмига кўра агар даъвогар томонидан билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг миқдори қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши лозимлиги, еттинчи қисмига кўра давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво 6 талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган. Юқоридагиларга кўра, суд даъво аризаси киритилишида давлат божи тўланмаганлиги, даъво баҳоси 133 828 580 сўмлиги, даъво талаби қисман асосли эканлиги, неустойканинг миқдори суд томонидан камайтирилганлигини инобатга олиб, жавобгардан республика бюджети фойдасига 1 708 449,60 сўм давлат божи, даъвогар фойдасига 33 000 сўм почта харажати, қаноатлантирилиши рад этилган даъво талаби бўйича даъвогардан республика бюджети фойдасига 968 122 сўм давлат божи ундиришни лозим топди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 127-128, 170, 176-180, 186, 192-моддаларини қўллаб, суд ____________ масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан ____________ масъулияти чекланган жамияти фойдасига 6 600 000 сўм пеня, 33 000 сўм почта харажати, жами 6 633 000 сўм ундирилсин. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. ____________ масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджетига 1 708 449,60 сўм давлат божи ундирилсин. ____________ масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджетига 968 122 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида апелляция тартибида шикоят қилиниши (прокурор эса ишда иштирок этувчи шахснинг мурожаати бўлган тақдирда протест келтириши) мумкин. Апелляция тартибида кўрилмаган иш кассация тартибида кўриб чиқилмаслиги ишда иштирок этувчи шахсларга тушунтирилсин. Раислик қилувчи, судья П.Закирова