Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2201-2302/1723 Дата решения 04.10.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Абдуллаев Абдумумин Абдуахатович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Бўш турган объектлар маркази бошқармаси Хоразм вилояти Ответчик / Подсудимый “RWC” MCHJ qo‘shma korxonasi
Source ID 1177661 Claim ID 3597080 PDF Hash 39e6a610551c74f3... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 3
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онунининг 14-моддаси онуни 14 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
онуни 9-моддаси онуни 9 law
Текст решения 10 275 символов
4-2201-2302/1723-сонли иш иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Х.Рахимов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – В.Қазақов Кассация инстанциясида маърузачи судья- А.Абдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 4 октябрь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, Бўш турган обеъктлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасининг “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонасидан 78 113 008 сўм ижара тўловини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 июлдаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган обеъктлардан самарали фойдаланиш марказининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ва “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган обеъктлардан самарали фойдаланиш марказининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 78 113 008 сўм ижара тўловини ундиришни сўраган. Суднинг 2023 йил 17 апрелдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида “Хоразм иссиқлик манбаи” ДУК, Урганч Давлат университети, Хоразм архитектура ва қурилиш техникуми, “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК ва Хонқа туман баркамол авлод болалар мактаби жалб қилинган. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 8 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 78 113 008 сўм ижара тўлови ва 30 000 сўм почта харажати ундирилган. Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг асослантирувчи ва хулоса қисмларидаги жавобгардан даъвогар фойдасига 78 113 008 сўм ижара тўловини ундириш қисми 69 808 282 сўмга, жавобгардан Республика бюджетига 1 562 260,16 сўм давлат божи ундириш қисми 1 396 166 сўмга ўзгартирилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Даъвогарнинг кассация шикоятида Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 июлдаги қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш сўралган. Жавобгарнинг кассация шикоятида суд қарорини ўзгартириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 67 039 955 сўм ижара тўлови ундириш сўралган. Суд муҳокамасида ишда иштирок этувчи шахслардан вакил иштирок этмади, бироқ иш ҳужжатларида унинг суд мажлиси муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далил мавжуд, ундан вакилнинг суд мажлисида иштирок этмаслиги эса ишни кўришга тўсқинлик қилмайди. Судлов ҳайъати кассация шикоятларида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятларини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2022 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабрга қадар жами 6 та ижара шартномалари тузилган бўлиб, мазкур шартномалар электрон аукцион савдолари орқали расмийлаштирилмасдан, тўғридан-тўғри расмийлаштирилган, уларнинг амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрь қилиб белгиланган. 2023 йил учун ижара шартномаси тузилмаган бўлса-да, давлат мулк объектларидан фойдаланиб келган, бироқ, ушбу давр учун ижара тўловларини амалга оширмаган. Шу боис даъвогар Хоразм вилояти хокимининг “Вилоятдаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2023 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида” 2023 йил 19 январдаги 20-12-0-Q/23-сонли қарори талабидан келиб чиқиб, 2023 йил январь-апрель ойларида жавобгар ижара объектларидан фойдаланганлиги учун 78 113 008 сўм ижара ҳақи ҳисоблаб, ушбу суммани ундиришни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 544-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаб туриши шарт. Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби, шартлари ва муддатлари мулк ижараси шартномаси билан белгиланади. Булар шартномада белгиланмаган ҳолларда одатда худди шундай мол-мулкни ўхшаш ҳолатларда ижарага беришда қўлланиладиган тартиб, шартлар ва муддатлар белгиланган деб ҳисобланади. ФК 554-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ мулк ижараси шартномаси бекор бўлганидан кейин ижарага олувчи ижарага берувчига мол-мулкни ўзига топширилган ҳолатда, нормал эскиришни ҳисобга олиб ёки шартномада келишилган ҳолатда қайтариши лозим. Агар ижарага олувчи ижарага олган мол-мулкни қайтармаса ёки кечиктириб қайтарса, ижарага берувчи кечиктирилган барча вақт давомида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли. “Ижара тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида ижара шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам ижарачи ижарага олинган мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса ҳамда ижарага берувчи ижара шартномаси муддати тугагунига қадар бунга ҳеч қандай эътироз билдирмаган ва шартномада ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда шартнома худди шу муддатга давом эттирилган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 февралдаги ПҚ-43-сонли Қарори 4-бандининг иккинчи хат бошисида Давлат мулкидан фойдаланиш юзасидан 2022 йилдан буён амалда бўлган ижара шартномалари бўйича ижара тўловлари миқдори 2023 йил 1 апрелга қадар ўзгаришсиз қолдирилиши белгиланган. Бироқ, биринчи инстанция суди эса мазкур Қарорда белгиланган имтиёзларни инобатга олмасдан, даъвогар томонидан Хоразм вилояти хокимининг “Вилоятдаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2023 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида” 2023 йил 19 январдаги 20-12-0-Q/23-сонли қарори талабидан келиб чиқиб, 2023 йил январь-апрель ойларида жавобгар ижара объектларидан фойдаланганлиги учун жавобгарга нисбатан 78 113 008 сўм ижара ҳақи ҳисобланишини асосли деб ҳисоблаб, барвақт хулосага келган. Ваҳоланки, юқорида қайд этилган Қарор талабидан келиб чиққан ҳолда, жавобгарга январь-март ойлари учун 2022 йилда қўлланилган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб, 713-сонли шартнома бўйича бир ойга 4 945 396 / 31 кунга 159 529 * 90 кун = 14 357 610 сўм, 714-сонли шартнома бўйича бир ойга 1 336 037 / 31 кунга 43 098 * 90 кун = 3 878 820 сўм, 715-сонли шартнома бўйича бир ойга 1 188 035 / 31 кунга 38 324 * 90 кун = 3 449 160 сўм, 716-сонли шартнома бўйича бир ойга 8 524 428 / 31 кунга 274 982 * 90 кун = 24 748 380 сўм, 717-сонли шартнома бўйича бир ойга 581 655 / 31 кунга 18 763 * 90 кун = 1 688 670 сўм, 718-сонли шартнома бўйича бир ойга 743 190 / 31 кунига 23 971 * 90 кун = 2 157 390 сўм, жами биринчи чорак учун 50 280 030 сўм, шунингдек, апрель ойи учун ижара тўловини Хоразм вилояти ҳокимининг 2023 йил 19 январдаги 20-12-0-Q/23-сонли қарори талабидан келиб чиқиб, 19 528 252 сўм (50 280 030 + 19 825 252 = 69 808 282) ҳисобланиши лозим эди. Апелляция инстанцияси суди қайд этилганларни инобатга олиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда, ҳал қилув 4 қарорининг асослантирувчи ва хулоса қисмларидаги жавобгардан даъвогар фойдасига 78 113 008 сўм ижара тўловини ундириш қисми 69 808 282 сўмга ўзгартириш, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида тўғри, хулосага келган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 301-моддасининг 1-бандига кўра кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади. “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддасининг 10-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари - ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятларини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун даъвогардан ундирилиши лозим бўлган давлат божини даъвогар давлат божидан озод этилганлиги сабабли ундирмасликни, даъвогар томонидан олдиндан тўланган 33 000 сўм почта харажатини, жавобгар томонидан олдиндан тўланган давлат божи ва 33 000 сўм почта харажатини уларнинг зиммасида қолдиришни лозим топади. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 283, 301, 303моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: Ушбу иш бўйича қабул қилинган Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 июлдаги қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган обеъктлардан самарали фойдаланиш марказининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ва “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан берилган кассация шикоятлари эса қаноатлантирмасдан қолдирилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов А.Абдуллаев