← Назад
Решение #487863 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
6
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
15 159 символов
4-1904-2302/1371-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни
кўрган судья - Ш.Ғозиев
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья - С.Аллабердиев
Кассация инстанциясида
маърузачи судья - Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 3 октябрь
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, судьялар А.Абдуллаев ва
Б.Исрайловдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “Bek agro
eksport-s” масъулияти чекланган жамияти вакиллари Б.Тўхтаев (2023 йил
11 сентябрдаги 76-сонли ишончномага асосан) ва Я.Сафаров (2023 йил
5 январдаги 7-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида, Қумқўрғон туман
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг даъвогар
“Eshqobil Xojimurod” фермер хўжалиги манфаатида жавобгар “Bek agro
eksport-s” масъулияти чекланган жамиятидан ноқонуний ушлаб қолинган
19 080 593 сўм ҳақдорлик ва унга ҳисобланган 9 540 296 сўм пеня ҳамда
шартномавий режадан ортиқча топширилган маҳсулотнинг бозор нархида
38 400 000 сўм қийматда ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган Қумқўрғон туманлараро иқтисодий
судининг 2023 йил 11 майдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 июлдаги қарори
устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий
суд биносида, видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб
чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Eshqobil Xojimurod” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб
юритилади) ва “Bek agro eksport-s” масъулияти чекланган жамияти (бундан
буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2020 йил 24 сентябрда
бошоқли дон харид қилиш бўйича 25-сонли фьючерс шартномаси тузилган.
Шартноманинг 1.1-бандига кўра, даъвогар жавобгарга 2021 йил ҳосилидан
38 гектар ер майдонидан давлат стандарти бўйича шартноманинг 1.2-бандида
кўрсатилган 142,3 тонна буғдой маҳсулоти (бундан буён матнда маҳсулот деб
юритилади) топшириш мажбуриятини, жавобгар эса даъвогарни ушбу
шартномада белгиланган тартибда бошоқли дон уруғлиги билан таъминлаш,
етиштирилган маҳсулотни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш
мажбуриятини олган.
Шартноманинг 3.1-бандида ушбу шартномага мувофиқ етказиб берилган
бир тонна маҳсулот учун хақ шартноманинг 1.2-бандида белгиланган нархда,
яъни 1 550 000 сўмдан тўланиши белгиланган.
Даъвогар томонидан жавобгарга шартнома режасига кўра 142,3 тонна ва
шартнома режасидан ортиқча 9,6 тонна, жами 151,9 тонна маҳсулот етказиб
берилган. Жавобгар томонидан етказиб берилган ҳар бир тонна маҳсулот учун
1 550 000 сўмдан тўлов амалга оширилган.
Даъвогар жавобгар томонидан унинг ҳисобидан суғурта учун
1 047 090 сўм ва кредит фоизи учун 18 033 503 сўм пул маблағлари ноқонуний
ушлаб қолинганлиги ва шартномавий режадан ортиқча топширилган маҳсулот
ҳақи учун бозор нархида тўланмаганлигини асос қилиб, Қумқўрғон туман
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши (бундан буён
матнда Кенгаш деб юритилади) даъвогар манфаатида судга даъво аризаси
билан мурожаат қилиб, жавобгардан ноқонуний ушлаб қолинган 19 080 593 сўм
ҳақдорлик, унга ҳисобланган 9 540 296 сўм пеня ҳамда шартномавий режадан
ортиқча топширилган маҳсулотнинг бозор нархида (9 600 х 4 000 сўм)
ҳисобланган 38 400 000 сўм, жами 67 020 889 сўм ундиришни сўраган.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 11 майдаги ҳал
қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан
даъвогарга 18 080 593 сўм қарздорлик ва 1 900 000 сўм пеня ундириш
белгиланган.
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 18 июлдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур суд қарорлари устидан жавобгар кассация шикояти билан
мурожаат қилиб, ҳал қилув қарори ва қарорни бекор қилишни сўраган. Бунга
асос қилиб шикоятда, жавобгар томонидан даъвогарга шартноманинг 3.5-банди
талабидан келиб чиқиб, маҳсулот ҳақини тўлиқ тўлаб берганлиги, режадан
ортиқча топширган маҳсулоти учун 1 550 сўмдан пул тўлаб берганлиги,
жавобгар фермер хўжалигини юқори ҳосил олишини таъминлаш мақсадида ўз
ташаббуси билан имтиёзли кредит маблағи олиб, кредитни фермер хўжалиги
маҳсулотни етиштириш учун минерал ўғит, ёқилғи мойлаш материаллари, иш
ҳақи ва шунга ўхшаш харажатлар учун йўналтирганлиги, ушбу кредит маблағи
учун жавобгар устама ёки сумма қўшиб ҳисобламаганлиги, жавобгар кредитни
ўзи учун олмаганлиги, даъвогар кредитдан фойдаланиб юқори ҳосил олиб
режани ортиғи билан бажарганлиги, бу ҳолатда кредит фоизини даъвогар
тўлаши лозимлиги, шу сабабли жавобгар томонидан кредит фоизи пуллари
даъвогар ҳисобидан ушланиб, кредитни қоплаш учун йўналтирилганлиги,
шунингдек даъвогарнинг пули етарли бўлмаганлиги сабабли жавобгар
томонидан 2021 йил бошоқли дон (ғалла) ҳосили етиштириш учун
бажариладиган ишларни ўз вақтида ва тўғри ташкиллаштириш учун суғурта
пули фермер хўжалигига ўтказиб берилганлиги, ҳисоб-китоб вақтида даъвогар
суғурта пулини ихтиёрий тўламаганлиги сабабли жавобгар пулни ушлаб
қолишга мажбур бўлганлиги, қарздорликни ушлаб қолиш тўғрисида тарафлар
ўртасида солиштирма далолатнома тузилганлиги ва унда даъвогар
қарздорликни тан олганлиги, суд эса ушбу солиштирма далолатномани
инобатга олмаганлиги кўрсатилган.
Суд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятини қувватлаб, унда
қайд этилган важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган
Кенгаш ва даъвогар вакили судда иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан
буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини
(протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг
келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни Кенгаш ва даъвогар вакилининг
иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати жавобгар вакиларининг тушунтиришларини тинглаб,
кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда
муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра шикоятни қаноатлантирмасдан ва суд
қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва
қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар
бўлмаганда эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа
талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак деб белгиланган.
ФК 465-моддасининг 1-бандига кўра, контрактация шартномасига
мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги
маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган
шахсга – тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш)
мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб
туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб
туриш) мажбуриятини олиши белгиланган.
Аниқланишича, жавобгар даъвогар топширган маҳсулот ҳақидан
19 080 593 сўмни унинг ҳисоб-рақамига ўтказиб бермасдан, ушбу пул
маблағидан суғурта учун 1 047 090 сўм ва кредит фоизи учун 18 033 503 сўм
ушлаб қолган.
Шартноманинг 3.4-бандига кўра, топширилган маҳсулот учун ҳисоб-китоб
ПК-10 (уруғлик донга ПК-10А) шакл бўйича қабул қилиш квитанциялари ва
тарафлар ўртасида тузиладиган оралиқ далолатномаларга асосан хўжаликнинг
ҳисоб-рақамига пул маблағи ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Даъвогар шартномада суғурта ва кредит фоизини келгусида маҳсулот
ҳақидан тўлаб бериш юзасидан мажбурият олмаганлиги ва пул маблағларини
ушлаб қолиш учун қонуний асослар мавжуд эмаслиги сабабли биринчи
инстанция суди даъвонинг 18 080 593 сўм қарз суммасини ундириш талабини
асосли равишда қаноатлантирган.
Шартноманинг 4.2-бандига кўра, тайёрловчи (жавобгар) хўжаликка
(даъвогар) маҳсулот ҳақи тўлов муддатини ўтказиб юборилган ҳар бир кун
учун муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида,
бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ
бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.
Биринчи инстанция суди даъвонинг ушбу талабини муҳокама қилиб, даъво
аризасида маҳсулот ҳақи учун ҳақдорлик (қарз) суммаси кечиктирилганлиги
учун шартнома шартига мувофиқ 9 540 296 сўм пеня суммаси тўғри
ҳисобланган деб, ФКнинг 326-моддасини қўллаб, пеня суммасини қисман
ундириш ҳақида асосли хулосага келган.
Шартноманинг 2.4-бандида шартномада келишилган нархларга мувофиқ
белгиланган муддатларда маҳсулот учун ҳисоб-китоб қилиш, 7.1-бандида
шартномага тарафларнинг келишуви билан қўшимча ва ўзгартиришлар
киритилиши мумкинлиги ва шартномага киритиладиган ўзгартириш ва
қўшимчалар ёзма шаклда тузилиши ҳамда шартномага киритилган қўшимча ва
ўзгартиришлар хўжалик жойлашган туман қишлоқ хўжалиги бўлими
томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган.
Биринчи инстанция суди шартномада белгиланган маҳсулот баҳосига
ўзгартириш киритиш юзасидан шартномага қўшимча келишув тузилмаганлиги
ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаганлиги, даъвогар томонидан
режадан ортиқча топширилган маҳсулотлар учун бозор нархида ҳисоб-китоб
қилиш учун қўшимча келишув тузилганлиги ёки шартномага қўшимча
ва ўзгартиришлар киритилганлиги тўғрисида далиллар даъвогар томонидан
тақдим қилинмаганлигини асос қилиб, даъвонинг режадан ортиқ топширилган
маҳсулот учун шартномада келишилган 38 400 000 сўм ундириш талабини
қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги
130-сонли қарори билан тасдиқланган “Буғдой етиштириш харажатларини
кредитлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 20-бандида тижорат банки
томонидан қарз олувчи (фермер хўжаликлари, Уруғчиликни ривожлантириш
маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари ва ғаллачилик
кластерлари)га буғдойни сотишдан тушган маблағларни жамлаш, кредит ва
унга ҳисобланган фоиз тўловларини сўндириш учун Жамғарма (Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини
давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси)дан қишлоқ хўжалиги
маҳсулотлари учун ажратилган мақсадли маблағлар ҳисобварағи очилиши, қарз
олувчи “Жамғармадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган
мақсадли маблағлар ҳисобварағи”га буғдойни сотишдан тушган маблағлар
ҳисобидан, биринчи навбатда, буғдой етиштириш учун олинган кредит ва унга
ҳисобланган фоиз тўловларини сўндириши белгиланган.
ФК 8-моддасининг биринчи қисмига кўра, фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари
қонунчиликда назарда тутилган асослардан, шунингдек фуқаролар ҳамда
юридик шахсларнинг, гарчи қонунчиликда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин
фуқаролик қонунчилигининг умумий негизлари ва мазмунига кўра фуқаролик
ҳуқуқ ҳамда бурчларни келтириб чиқарадиган ҳаракатларидан вужудга келади.
Мазкур ҳолатда 2020 йил 24 сентябрда “Агробанк” АТБ Қумқўрғон
филиали (банк) ва жавобгар (қарз олувчи) ўртасида 1-сонли кредит шартнома
тузилган бўлиб, шартноманинг 1.1-бандида банк қарз олувчига бошоқли дон
ҳосили етиштириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия
вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллабқувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 фоизгача, тайёрлов корхонаси
томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга
олган ҳолда 39 828 750 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратиши,
1.2-бандида эса қарз олувчи олинган кредит маблағини мазкур кредит
шартномасида белгиланган шартларда қайтариш ва унга фоизлар тўлаш
мажбуриятини олган.
Ушбу кредит шартномасининг 2.4-бандида кредит таъминоти сифатида –
кредит қайтмаслиги хавфининг суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта
полиси, бўлғуси ғалла ҳосили суғуртаси, кафиллик ва қонун ҳужжатларида
назарда тутилган бошқа таъминот турлари берилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Ўз навбатида, “My-Insurance” МЧЖ СК (Суғурталовчи) томонидан
жавобгар (Суғурта қилдирувчи)га кредитни қатймаслигини суғурталаш бўйича
11/1/89/0013-сонли суғурта полиси берилган ва жавобгар томонидан
суғурталовчига жами 199 143 750 сўм суғурта учун тўлов ўтказиб берилган.
Кредит шартномаси ва кредитни қайтмаслиги хатаридан суғурталашда
жавобгар шартнома тарафи сифатида иштирок этмаган ва зиммасига
мажбурият олмаганлиги сабабли кредит фоизи ва суғурта тўлови юзасидан
фермер хўжалигининг ҳуқуқ ёки мажбурияти вужудга келмаган.
Қайд этилганларга кўра, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини
ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қонуний тўхтамга келган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида тасдиқланган 2021 йил ҳосили учун
солиштирма далолатномада фермер хўжалигининг жами топширган ғалла
суммаси 227 978 905 сўм, жами берилган моддий ресурслар қиймати
318 491 879 сўм ва 2021 йил 20 июль ҳолатига қолдиқ 16 074 704 сўм эканлиги
кўрсатилган бўлса-да, ушбу далолатноманинг даъвогар томонидан
тасдиқланганлиги фактининг ўзи жавобгарнинг кредит фоизи ва суғурта тўлови
учун даъвогарга тўлаб бериши лозим бўлган маҳсулот ҳақидан ушлаб қолиш
учун асос бўла олмайди. Чунки, даъвогар зиммасига кредит ва суғурта
тўловини тўлаш бўйича тарафлар ўртасида ўзаро келишув мавжуд эмас.
Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида
келтирилган важлар билан келишмайди.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган,
иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув
қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги,
моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари
бузилмаган, шу боис суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос
мавжуд эмас.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд харажатлари
ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари
миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
6
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини
қаноатлантирмасдан, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни, кассация
инстанцияси учун жавобгар томонидан ихтиёрий тўланган суд харажатларини
унинг зиммасида қолдириб, жавобгардан ишни видеоконференцалоқа
режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатини ундиришни лозим
топади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий
процессуал кодекси 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ и л д и:
“Bek agro eksport-s” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти
қаноатлантирилмасдан, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил
11 майдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 июлдаги қарори ўзгаришсиз
қолдирилсин.
“Bek agro eksport-s” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан
кассация инстанцияси учун Олий суд депозит ҳисоб рақамига 82 500 сўм
видеоконференцалоқа режими харажати ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Ш.Маҳмудов
ҳайъат аъзолари:
А.Абдуллаев
Б.Исрайлов