Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2006-2201/2255 Дата решения 21.09.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Ражабов Феруз Фахриддинович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение АТ Халқ банки Ответчик / Подсудимый "SITY KEMPING BUKHARA" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1170581 Claim ID 3605938 PDF Hash b7b26ddd26f0cf0e... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 179-моддаси ИПК 179 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
йича ушбу Кодекс 302-моддаси йича ушбу Кодекс 302 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 304-моддаси ИПК 304 law
Текст решения 12 627 символов
4-2003-2201/2255-сонли иш иқтисодий иш Биринчи инстанцияда судида ишни кўрган судья Х.Абдуллаев Апелляция инстанциясида маърузачи судья И.Юлдашев Кассация инстанциясида маърузачи судья Ф.Ражабов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 21 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Ш.Мирзахакимовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьлар З.Рустамов ва Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, “Sity Kemping Bukhara” масъулияти чекланган жамияти вакили адвокат Х.Намазов (2023 йил 29 июлдаги 10-сонли ордер ҳамда 2023 йил 28 июлдаги 6-сонли ишончномага асосан), АТ “Халқ банки” вакили Ш.Муминов (2023 йил 4 январдаги 8-4/2-сонли ишончномага асосан) иштирокида, даъвогар АТ “Халқ банки” манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг жавобгар “Sity Kemping Bukhara” масъулияти чекланган жамиятидан 1 015 083 АҚШ доллари миқдорида кредит қарзини ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган Ромитан туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори ҳамда Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 4 апрелдаги қарори устидан жавобгар “Sity Kemping Bukhara” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд биносида видеоконференцалоқа режимида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Республикаси АТ “Халқ банки” (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “Sity Kemping Bukhara” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2020 йил 26 ноябрда 488-сонли кредит шартномаси тузилган. Кредит шартномасига асосан даъвогар жавобгарга Хитой Халқ Республикасидан АСГҚШга метан газ ускуналари сотиб олиш мақсадида йиллик 8 фоиз устама тўлаш шарти билан 31 ой муддатга, шундан 12 ой имтиёзли даври билан 970 000 АҚШ доллар миқдорида кредит ажратиш, жавобгар эса кредит ва унга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш мажбуриятини олган. Кредит шартномаси мажбуриятларини бажарилиши таъминоти сифатида тарафлар ўртасида тузилган 2020 йил 2 декабрдаги ипотека шартномасига асосан жавобгарга тегишли бўлган Ромитан тумани, “Қоқиштувон” МФЙ, Қоқиштувон қишлоғида жойлашган умумий ер майдони 21 000 м2, умумий қурилиш майдони 450,0 м2, умумий фойдаланиш майдони 853,8 м2, қурилиш майдони 222 м2 иборат бўлган ҳамда Ромитан тумани, “Қоқиштувон” МФЙ, Қоқиштувон қишлоғида жойлашган умумий ер майдони 6 600 м2, умумий қурилиш майдони 1 516,5 м2, умумий фойдаланиш майдони 1 124,4 м2, қурилиш майдони 222 м2 иборат бўлган бино-иншоотлар ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқлари билан гаровга қўйилган. Шунингдек, тарафлар ўртасида тузилган 2022 йил 23 майдаги гаров шартномасига асосан жавобгарга тегишли бўлган Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган, бир дона газ редуктори, компрессор модели Z-6/9-250, қуввати 1500 м3 3-6 бар уч дона, компютер колонкаси икки комплект, аккумляторнинг блок бир дона, FWD300/0.6-II маркали газ осушкаси бир дона, намлик ўлчови бир дона, газ анализатори бир дона, чиллер 2500м3 бир донадан иборат автомобилларга газ қуйиш компрессор станцияси ускуналари ҳам кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган. Кредит шартномасига асосан даъвогар жавобгарга 970 000 АҚШ доллари миқорида кредит ажратган. Даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил 18 ноябрдаги 06/993-сонли талабнома билан мурожаат қилиб, кредит ва фоизларни ўз вақтида қайтармаганлиги сабабли 727 000 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтмаган кредит асосий қарзи, 242 500 АҚШ доллари муддати ўтган кредит асосий қарзи ва 45 083 АҚШ доллар муддати ўтган кредит фоизини тўлашни сўраган. Бироқ, жавобгар талабномани оқибатсиз қолдирилган. Шу сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 727 000 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтмаган кредит қарзи, 242 500 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган кредит қарзи ва 45 083 АҚШ доллар миқдорида муддати ўтган фоиз қарздорлиги, жами 1 015 083 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорликни ундириш, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратишни сўраган. Ромитан туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 декабрдаги ажрими билан жавобгардан даъвогар фойдасига жами 1 015 083 АҚШ доллари ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш тўғрисидаги даъво талаби иш юритишга қабул қилинган. Ромитан туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 727 000 АҚШ доллар кредит қарз, 242 500 АҚШ доллар муддати ўтган кредит қарз, 45 083 АҚШ доллар муддати ўтган кредит фоизи жами 1 014 583 АҚШ доллари ундирилган. Ундирув гаровдаги мулкларга қаратилиб, АТ “Халқ банки” Когон туман бўлимига нисбатан иш юритиш тугатилган.Шунингдек, жавобгардан республика бюджетига 228 584 941,15 сўм давлат божи, даъвогар фойдасига 24 000 сўм почта харажати ундирилган. Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 4 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар томонидан кассация шикояти берилган. Кассация шикоятида суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган. Бунга асос қилиб, жавобгар даъво аризасида кредит асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизларга аниқлик киритилмаганлиги, даъво талабидаги кредит қарздорлиги қайси тўлов жадвалига асосан юзага келганлиги муҳокама қилинмаганлиги, даъво талабидаги кредит қарздорлиги жами 1 014 583 АҚШ (727 000 + 242 500 + 45 083) долларини ташкил қилса-да, жавобгардан жами 1 015 083 АҚШ долларини унидириш сўралганлиги, биринчи инстанция суди ҳисоб китобларга аниқлик киритмасдан қарор қабул қилганлиги, апелляция инстанцияси суди эса, мазкур ҳолатларга баҳо бермасдан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирганлиги, ҳал қилув қарори қабул қилинган кунда жавобгарнинг мавжуд қарзи 1 008 624 АҚШ долларини ташкил қилганлиги, шунингдек, судлар кредит қарздорлигини ҳисоблашда тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 2.3, 2.4, 2.5, 2.9, 5.3-банди талабларига риоя қилинганлиги ҳолатини ўрганмаганлиги, тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномаси бўйича кафил “Абдужаббор Мухиддин” хусусий корхонаси томонидан тўловлар амалга оширилганлиги ҳолатига аниқлик киритилмаганлиги, кафил ишга жалб қилинмаганлиги ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлигини кўрсатган. Суд муҳокамасида иштирок этган жавогар вакили кассация шикоятидаги важларни қувватлаб, уни қаноатлантиришни сўради. Даъвогар вакили кассация шикоятида кўрсатилган важлар юзасидан маълумотлар тақдим эта олмаслигини маълум қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Суд мажлисида палата вакили иштирок этмади, бироқ иш ҳужжатларида унинг суд мажлиси муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далил мавжуд, палата вакилининг суд мажлисида иштирок этмаслиги эса ишни кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу боис, судлов ҳайъати ишни палата вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим деб топди. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади. ИПК 179-моддасининг олтинчи қисмига кўра, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида билдирилган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ҳақидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши керак. Юқорида қайд этилганидек, биринчи инстанция судининг 2022 йил 23 декабрдаги ажрими билан даъвогарнинг жавобгардан жами 1 015 083 АҚШ доллари ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш тўғрисидаги даъво талаби иш юритишга қабул қилинган. Бироқ, биринчи инстанция суди иш юритишга қабул қилинган даъво талабидаги 1 015 083 АҚШ миқдоридаги қарздорликнинг 500 АҚШ доллари миқдоридаги қисмини муҳокама қилинмаган, ҳал қилув қарорида уни қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш асослари ва хулосалари кўрсатилмаган. Ваҳоланки, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида даъвогарнинг даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилиши кўрсатилган. Шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан жавобгарнинг кредит асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизларига аниқлик киритилмаган, кредит қарздорлигини ҳисоблашда тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 2.3, 2.4, 2.5, 2.9, 5.3-банди талабларига риоя қилинганлиги ҳолати ўрганилмаган, тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномаси бўйича кафил “Абдужаббор Мухиддин” хусусий корхонаси томонидан кредит қарздорлиги юзасидан тўловлар амалга оширилганлигига аниқлик киритилмаган ва ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмаган. Бундан кўринади-ки, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқланмаган ҳамда билдирилган талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилмаган. Апелляция инстанцияси суди эса, қайд этилганларни инобатга олмасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида барвақт хулосага келган. ИПК 301-моддасининг 3-бандида кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли эканлиги белгиланган. ИПК 302-моддаси тўртинчи қисмининг 1-бандига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, 7-бандига кўра, билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги, ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади. Қайд этилганларга кўра, суд қарорлари бекор қилиниши ва иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши лозим. ИПК 304-моддасининг биринчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг қарорида баён қилинган кўрсатмалар ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир. Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаш мақсадида қуйидаги кўрсатмаларни бажариши лозим: - иш юритишга қабул қилинган даъво талабидаги 1 015 083 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорликнинг ҳисоб-китобига аниқлик киритиб, билдирилган талаб бўйича тегишли суд ҳужжати қабул қилиш; - даъво аризасида ҳамда у бўйича билдирилган эътирозда баён этилган ҳар бир важга баҳо бериб, ишдаги ва тақдим этиладиган янги далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текшириш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш; - кредит қарздорлигини ҳисоблашда тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 2.3, 2.4, 2.5, 2.9, 5.3-банди талабларига риоя қилинганлиги ҳолатини ўрганиш; - кредит шартномаси бўйича кафил “Абдужаббор Мухиддин” хусусий корхонаси томонидан қанча миқдорда тўловлар амалга оширилганлиги ва ушбу тўловлар банк томонидан қайта ҳисоб-китоб қилинганлигига аниқлик киритиш; - ундирилиши сўралган сумманинг асослилигига мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳуқуқий баҳо бериш, моддий ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда ишни кўриш натижаси бўйича қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиш, суд харажатларини тақсимлаш вақтида ишни кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам ундириш лозим бўлади. Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Sity Kemping Bukhara” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирилсин. Ромитан туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори ва Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 4 апрелдаги қарори бекор қилинсин. Иш янгидан биринчи инстанция судида мазмунан кўриш учун Ромитан туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Мирзахакимов ҳайъат аъзолари З.Рустамов Ф.Ражабов