Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2213/57459 Дата решения 20.09.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Ҳайдаров Рустам Раҳмонович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "Ўзбекистон почтаси" АЖ Ответчик / Подсудимый Халқ банки АТБ
Source ID 1170977 Claim ID 3509661 PDF Hash 2cddf35d45abe03e... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 14-моддаси нинг 14 law
ФКнинг 985-моддаси ФКнинг 985 law
ФКнинг 324-моддаси ФКнинг 324 law
нинг 68-моддаси нинг 68 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
Текст решения 11 518 символов
4-1001-2213/57459-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья – Н.Муродов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – С.Аллабердиев Кассация инстанциясида маърузачи судья – Р.Хайдаров ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 20 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б.Исрайловнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар А.Абдуллаев ва Р.Хайдаровдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “O’ZBEKISTON POCHTASI” АЖ вакили Қ.Хамроев (2023 йил 6 январдаги 2-20/21-сонли ишончнома асосида), АТБ “Халқ банки” вакили Ф.Норқобилов (2023 йил 4 январдаги 03-33-3/1-сонли ишончнома асосида), Э.Нормухаммедов (2023 йил 17 июлдаги 03-33-3/15-сонли ишончнома асосида) иштирокида Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси “O’ZBEKISTON POCHTASI” АЖ манфаатида жавобгар АТБ “Халқ банки” ҳисобидан Сариосиё шаҳарчаси, М.Улуғбек маҳалласи, М.Улуғбек кўчасида жойлашган умумий ер майдони 2234,0 кв.м. бўлган АТБ “Халқ банки” Сариосиё туман филиали томонидан бузилган бино иншоотнинг умумий баҳоси 1 323 246 500 сўмни ҳамда бой берилган фойда 1 250 000 000 сўмни ҳамда почта харажатини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 4 апрелдаги қарори устидан жавобгар АТБ “Халқ банки” томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси “O’ZBEKISTON POCHTASI” АЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида жавобгар АТБ “Халқ банки” (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ҳисобидан Сариосиё шаҳарчаси, М.Улуғбек маҳалласи, М.Улуғбек кўчасида жойлашган умумий ер майдони 2234,0 кв.м. бўлган жавобгарнинг Сариосиё туман филиали томонидан бузилган бино иншоотнинг умумий баҳоси 1 323 246 500 сўм ҳамда 1 250 000 000 сўм бой берилган фойдани ундиришни сўраган. Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 1 323 246 500 сўм компенсация ҳамда судга мурожаат қилишда олдиндан тўланган 24 000 сўм почта харажатлари, республика бюджети ва суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 26 464 930 сўм давлат божи, Олий суднинг депозит ҳисоб рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажати ундириш, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этиш, шунингдек, даъвогар ҳисобидан республика бюджети ва суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 25 000 000 сўм давлат божи ундириш белгиланган. Апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 4 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Жавобгар суд қарорларидан норози бўлиб, кассация тартибида шикоят келтирган. Жавобгар ўз шикоятида биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ аниқланмаганлиги, Сариосиё туман ҳокимлиги ишга жалб қилинмаганлиги, даъвогар томонидан судгача бўлган даврда ўтказилган иккита экспертиза хулосалари асосида бир томонлама қарор қабул қилинганлиги, жавобгарнинг такрорий экспертиза ўтказиш ҳақидаги илтимосномаси асоссиз равишда рад қилинганлиги сабабли суд қарорларини бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакиллари шикоятни тўлиқ қувватлаб, уни қаноатлантиришни ва янги қарор қабул қилишни сўради. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакили шикоятни қаноатлантиришни рад этишни ва суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати тарафлар ва уларнинг вакилларининг тушунтиришларини эшитиб, ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Сариосиё тумани ҳокимининг 2017 йил 12 январь кунидаги 31-сонли қарорининг 3-бандига асосан, Сариосиё тумани М.Улуғбек маҳалласи, А.Қаҳҳор кўчасидан жавобгарнинг Сариосиё филиалининг янги маъмурий биносини қуриш учун жавобгарнинг Сариосиё филиалига 2200,0 кв.м. ер майдони ажратилган. Зарар етказилган даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низом (кейинги ўринларда Низом)нинг 26-бандига кўра, юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (кейинги матнларда ФК деб юритилади)нинг 14-моддасига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зеро, Низомнинг 27-бандига мувофиқ, ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахслар кўрган зарар учун компенсация тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади. Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга берилган тақдирда товон тўлаш, турар жой бериш, вақтинча турар жой бериш ва мол-мулкни янги жойга ташиш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига кўра корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Шу сабабли биринчи босқич суди даъвогарнинг 1 323 246 500 сўмни қаноатлантириш тўғрисида асосли хулосага келган. Низомнинг 8-бандига асосан, ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади: фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш; бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш; ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш; давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ёки кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва етказилган зарарларни қоплаш; ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш; фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш; янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш. Ушбу ҳолатда компенсация тўловлари бино-иншоотнинг қийматини тўлаш шаклида белгиланган. Шунингдек, Сариосиё тумани ҳокимининг 2017 йил 12 январь кунидаги 31-сонли қарорига асосан “Ўзбекистон почтаси” АЖ Сурхондарё вилоят филиалига туман ҳокимлигининг 2017 йил 10 июндаги №01-20/424сонли алоқа хати юборилиб, унда жамиятга тегишли бўлган бинони бузиш (снос) харажатларини ўлаб бериш мақсадида бинони баҳолатишда амалий ёрдам сўралган. Шунга кўра, филиал томонидан 2022 йил 7 майдаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Қашқадарё вилоят бўлимига тегишли алоқа хати билан мурожаат қилиниб, Бўлимнинг 2022 йил 11 май кунида берилган 21-05(895)17.1-М/1362-сонли мутахассис фикрига кўра, Сариосиё шаҳарчаси М.Улуғбек маҳалласи М.Улуғбек кўчасида жойлашган “Ўзбекистон почтаси” акционерлик жамияти номида бўлган “Почта” биноларининг қайта молиялаштириш коэффициентлари бўйича ҳозирги кундаги қиймати 1 323 246 500 сўмни ташкил этиши баён этилган. Бундан ташқари, биринчи босқич суди даъвогарнинг 1 250 000 000 сўм бой берилган фойдани ундиришни рад этиш ҳақидаги хулосаси ҳам асосли бўлиб, ФКнинг 985-моддаси биринчи қисмига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. ФКнинг 324-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, бой берилган фойдани аниқлашда кредитор томонидан уни олиш учун кўрилган чоралар ва шу мақсадда кўрилган тайёргарликлар ҳисобга олинади. Бироқ, даъвогар томонидан бой берилган фойда исботлаб берилмаган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бандан буён ИПК деб юритилади)нинг 68-моддаси 1-қисмига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Мазкур норманинг учинчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, агар ушбу Кодексда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим. Биринчи инстанция суди моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида тўғри хулосага келган. Қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб асосли хулосага келган. Кассация шикоятида келтирилган важлар ҳам асоссиз бўлиб, суд қарорларини бекор қилиш учун асос бўлмайди. ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув 5 қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ олдиндан тўланган 13 232 465 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни, жавобгардан ишни суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатларини ундиришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 4 апрелдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. АТБ “Халқ банки”дан Ўзбекистон Республикаси Олий суди фойдасига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Б.Исрайлов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Р.Хайдаров