Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1204-2201/1955 Дата решения 08.09.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Мирзахакимов Шерзод Турдалиевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Малек Учтом фермер хўжалиги Ответчик / Подсудимый АПК Оқолтин унитар корхонаси
Source ID 1164912 Claim ID 3520428 PDF Hash b7217ce5f67de510... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФК 261-моддаси ФК 261 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ФКнинг 262-моддаси ФКнинг 262 law
ИПК 276-моддаси ИПК 276 law
ИПК 299-моддаси ИПК 299 law
ИПКнинг 302-моддаси ИПКнинг 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения 19 154 символов
4-1204-2201/1955-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Н. Сангиров Апелляция инстанциясида маърузачи судья – А. Рахимов Кассация инстанциясида маърузачи судья – Ш. Мирзахакимов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 8 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Сирдарё вилояти Оқолтин туман кенгаши (даъвогар “Малек Учтом” фермер хўжалиги манфаатида)нинг жавобгар “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамиятидан 324 347 500 сўм устама тўлови, 47 354 735 сўм пеня ҳамда 48 652 125 сўм жарима ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Оқолтин туман ҳокимининг 2021 йил 8 январдаги туманда супер элита, элита ва авлодли уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида ўтказиладиган тендер танловини ўтказиш тўғрисида 3-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан ўтказилган танлов натижаларига кўра ҳамда туман танлов комиссиясининг 2021 йил 23 февралдаги 01/05-3-сонли йиғилиш баённомасига асосан “Малек Учтом” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) танлов ғолиби деб топилиб, 2022 йил ҳосили учун уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари рўйхатига киритилган ва рўйхат тасдиқланган. Танлов комиссия аъзоларидан бири сифатида “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)нинг раҳбари А.Ибодуллаев ҳам иштирок этган ва танлов баённомасини имзолаган. Шунингдек, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2021 йил 10 мартда тузилган пахта хом ашёси харид қилиш бўйича 143-сонли контрактация шартномасига кўра, даъвогар жавобгарга 107,9 га ер майдонидан “Бухоро 102” навли 377,2 тонна пахта хом-ашёсини етказиб бериш, жавобгар эса келишилган тартиб ва миқдорда тўловларни амалга ошириши лозим бўлган. Даъвогар томонидан жавобгарга пахта хом ашёсининг бир тоннаси учун 6 020 006 сўм харид нархи белгиланган ҳолда етказиб берилган. 2021 йил ҳосилидан асосий фонд ҳисобига уруғлик пахта тайёрлаш мақсадида ғўза майдонларида ўтказилган апробация натижалари якунига кўра тузилган далолатномада даъвогарнинг пахта экилган майдонида ўтказилган апробация натижаси бўйича навдорлик 98 % ни ташкил этганлиги, кутилаётган уруғлик пахта хом ашёси 94,5 тоннани ташкил этиши қайд этилган. Мазкур апробация далолатномаси жавобгар вакили С.Бобонов томонидан тасдиқланган. Сирдарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилоят бошқармасининг 2021 йил 27 сентябрдаги 39/116-сонли қўшма баёни ҳамда “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДК Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланган режада даъвогар Оқолтин тумани бўйича 2021 йил ҳосилидан 94,5 тонна асосий фонд ҳисобига “Бухоро 102” навли R2 авлодли уруғлик пахта маҳсулоти топшириши белгиланган. Даъвогар 2021 йил ҳосили ҳисобидан жавобгарга 94,716 тонна “Бухоро 102” навли R2 авлодли уруғлик пахтани топширган. Уруғлик пахтани қабул қилиш ҳақида тузилган юк хатлари ва қабул квитанцияларига мувофиқ жавобгар даъвогардан пахта хом ашёсини уруғлик учун қабул қилиб олганлиги қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 январдаги 2-сон қарори билан тасдиқланган “Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерларига берилган майдонларда уруғлик пахта хом ашёси етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг (бундан буён матнда Низом деб юритилади) 14-бандида уруғлик пахта хом ашёсига қонун ҳужжатларига асосан етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсидан тайёрланган уруғлик чигит Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти (O’zDSt-663-2017 “Уруғлик чигит. Техникавий шартлар”) талабларига мос бўлганда, пахта хом ашёси қийматига нисбатан супер элита ва элита уруғлик чигит учун 100 фоиз, I авлод (R1) учун 75 фоиз, II авлод (R2) учун 50 фоиз ва III авлод (R3) учун 25 фоиз миқдорида устамалар ҳисобланиши белгиланган. Шунингдек, Низомнинг 15-бандида устамалар харажати тайёрланган уруғлик чигит нархига киритилиши ва икки босқичда ҳисоб-китоб амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Бироқ, жавобгар томонидан даъвогарга қабул қилинган уруғлик пахта учун устама тўлаб берилмаган. Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш юзасидан юборган талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Шу сабабли Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Сирдарё вилояти Оқолтин туман кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) даъвогар манфаатида жавобгар ҳисобидан етказиб берилган 94,716 тонна уруғлик пахта хом ашёси учун шартномада келишилган пахта хом ашёси харид қийматидан келиб чиқиб, 324 347 500 сўм устама тўлови, 47 354 735 сўм пеня ва 48 652 125 сўм жарима жами 420 354 360 сўм ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 январдаги ҳал қилув қарори билан Кенгашнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвогарга жавобгардан 324 347 500 сўм устама тўлови ва 15 000 000 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг - “Жавобгар “APK OQOLTIN” унитар корхонасидан “Малек Учтом” фермер хўжалиги фойдасига 324 347 500 сўм асосий қарз ва 24 000 сўм почта харажати ундирилсин” қисми – “Жавобгар “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан даъвогар “Малек Учтом” фермер хўжалиги фойдасига 162 201 150 сўм асосий қарз ҳамда олдиндан тўланган 24 000 сўм почта харажати ундирилсин” – деб ўзгартирилган. Ишни биринчи инстанцияда кўрганлик учун жавобгар “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 3 244 023 сўм давлат божи республика бюджетига ундирилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, жавобгар томонидан берилган кассация шикоятида қуйи инстанция судларининг қарорини бекор қилиб, даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда даъвогар томонидан топширилган уруғлик пахта хом ашёси заҳира фонди ҳисобига қабул қилинганлиги, даъвогар билан уруғлик пахта хом ашёсини етиштириш бўйича шартнома тузилмаганлиги, Оқолтин тумани бўйича “Бухоро 102” навли уруғ экилмаганлиги, шу боис, заҳирага олинган “Бухоро 102” навли уруғлик сотилмаганлиги, судлар томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлигини кўрсатган. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган Кенгаш ва тарафлардан вакиллар суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни ишда иштирок этувчи шахсларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра шикоятни қисман қаноатлантиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларида мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқиши белгиланган. Даъво аризасида даъвогар томонидан жавобгарга уруғлик пахта хом ашёси етказиб берилганлиги учун 324 347 500 сўм ундириш сўралган. Аниқланишича, даъвогар томонидан жавобгарга 2021 йил ҳосили ҳисобидан 94,716 тонна “Бухоро 102” навли R2 авлодли уруғлик пахта етказиб берилган. Низомнинг 16-бандига кўра, устамалар етиштирилган уруғлик пахта хом ашёси миқдорига ҳисобланади ва қуйидаги тартибда икки босқичда ҳисоб-китоб амалга оширилади: б) пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларида: биринчи босқичда – топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисобланган устаманинг 50 фоизи миқдорида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари таркибига кирувчи уруғчилик хўжаликларига пахта хом ашёсини топширган вақтда; иккинчи босқичда – уруғлик чигит экилгандан (сотилгандан) кейин устаманинг қолган 50 фоиз қисми 100 фоиз деб ҳисобланиб, шундан 10 фоизи пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ихтиёрида қолдирилади, 40 фоизи уларнинг таркибига кирувчи уруғчилик фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилиши белгиланган. Бироқ, даъвогар уруғлик пахта хом ашёси 2021 йил сентябрь-октябрь ойларида етказиб берган бўлса-да, жавобгар топширилган топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисобланган устаманинг 50 фоизи миқдоридаги устамани тўлаб бермаган. Иш юзасидан қарор қабул қилишда биринчи инстанция суди жавобгар томонидан даъвогарга устама тўлаб берилиши лозимлиги ҳақида тўғри хулосага келган бўлса-да, лекин устама миқдорини ҳисоб-китоб қилишда янглишиб, даъвонинг устама ундириш ҳақидаги қисмини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган. Хусусан, биринчи инстанция суди Низом 16-бандининг “б” кичик бандида белгиланган тўлов тартибига қай даражада риоя этилганлиги, иккинчи босқичдаги ҳисоб китобни амалга ошириш учун уруғлик чигит жавобгар томонидан реализация қилинганлиги ҳолатлари ўрганилмаган. Даъво аризасида кўрсатилган тартибда, даъво талабидан четга чиқмаган ҳолда, шартномада келишилган пахта хом ашёси харид қийматидан келиб чиқиб 1 тонна уруғлик пахта хом ашёси учун тўланиши лозим бўлган устаманинг миқдори 3 425 000 сўмдан ҳисобланганда, даъвогар томонидан топширилган 94,716 тонна уруғлик учун жавобгар томонидан жами 324 402 300 сўм устама ҳисобланиши ва биринчи босқичда ушбу сумманинг 50% яъни 162 201 150 сўм тўлов амалга оширилиши лозим бўлган. Иш ҳужжатларида жавобгар томонидан уруғлик 2022 йил ҳосили учун реализация қилинганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Жавобгарнинг судга тақдим этган маълумотномаси ва далолатномасига кўра, жавобгар томонидан 2022 йил ҳосили учун “Бухоро 102” навли уруғлик экилмаган, 2022 йил 10 апрелда расмийлаштирилган далолатномада эса “Бухоро 102” навли уруғлик учун эҳтиёж бўлмаганлиги сабабли техник чигит тоифасига ўтказилганлиги қайд этилган. Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси жавобгарнинг уруғлик асосий фондга эмас, балки заҳира фондига қабул қилинганлиги, шу боис устама тўланмаслиги ҳамда уруғлик етказиб бериш ҳақида шартнома тузилмаганлиги ҳақидаги важларини асоссизлигини аниқлаб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига фақат биринчи босқичда тўланиши лозим бўлган 162 201 150 сўм устама миқдори ундирилиши лозимлиги ҳақида тўғри хулосага келган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 14 ноябрда 1738-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган, 2007 йил 2 октябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг 89-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 3/11-сон қарори билан тасдиқланган “Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандида: - “Уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва захира фондини етиштирувчи хўжаликлар “Супер элита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низомга”га (2006 йил 13 март, рўйхат рақами 1551 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 11-сон, 88-модда) мувофиқ танлов асосида аниқланади” - деб белгиланган. Фермер хўжалиги эса уруғлик пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича асосий фондни етиштирувчи хўжаликлар танловида ғолиб бўлган. Жавобгарнинг даъвогар томонидан етказиб берилган уруғлик пахта хом ашёсини заҳира фонди ҳисобига олиши учун эса ҳеч қандай қонуний асослар мавжуд бўлмаган. Шунингдек, тарафлар ўртасида уруғлик пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича алоҳида шартнома тузилмаган бўлса-да, лекин тарафлар айнан уруғлик пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича ўзаро ҳуқуқий муносабатларга киришган. Бу ҳолатлар иш ҳужжатларидаги танлов баённомаси, апробация далолатномаси, юк хатлари, қабул квитанциялари билан тасдиқланади. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 203-сон Пленум қарорининг 8-банди еттинчи хатбошисида агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтиришлар берилган. Шунингдек, даъво аризасида тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан жавобгардан 47 354 735 сўм пеня ва 48 652 125 сўм жарима ундириш сўралган. ФК 260-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонунчилик ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдиpда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади. ФК 261-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмига кўра, қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади. Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади. Биринчи инстанция суди даъвонинг 48 652 125 сўм жарима ундириш қисмини Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 3-бандида берилган тушунтиришларга таяниб, мазкур талабни қаноатлантиришни рад этган ҳамда 47 354 735 сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво талабини асосли деб ҳисоблаб, ФКнинг 326-моддасини қўллаган ҳолда, уни 15 000 000 сўмга камайтирган бўлса-да, суднинг ушбу хулосалари билан келишиб бўлмайди. Чунки, тарафлар ўртасида уруғлик пахта хом ашёсини етказиб бериш ҳақида шартнома мавжуд эмас. Ваҳоланки, ФКнинг 262-моддасига кўра, неустойка тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши керак. Шунга кўра, биринчи инстанция суди даъво аризасидаги пеня ва жарима ундириш ҳақидаги талабларни юқорида қайд этилган асосга кўра қаноатлантиришни рад этиши лозим бўлган. Апелляция инстанцияси суди эса қарорнинг асослантирувчи қисмида биринчи инстанция суди томонидан тарафлар ўртасида уруғлик пахта хом ашёсини етказиб бериш ҳақида алоҳида шартнома тузилмаганлигини инобатга олиб, даъвонинг пеня ва жарима ундириш ҳақидаги қисмларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келганлигини кўрсатган бўлса-да, бироқ биринчи инстанция суди 47 354 735 сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво талабини асосли деб ҳисоблаб, ФКнинг 326-моддасини қўллаган ҳолда, уни 15 000 000 сўмга камайтириш ҳақида нотўғри хулосага келганлигига эътибор қаратмаган. Бу эса, апелляция инстацияси суди томонидан ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текширмаганлигидан далолат беради. Ваҳоланки, ИПК 276-моддасининг иккинчи қисмига кўра, апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт. Баён қилинганлардан кўринадики, судлар моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатога йўл қўйган. ИПК 299-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ишни кассация тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади. ИПКнинг 302-моддаси биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. ИПК 301-моддасининг 4-бандига кўра кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига илова қилинган Давлат божи ставкаларида иқтисодий судларга бериладиган апелляция, кассация тартибида берилган шикоятлардан биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда тўланадиган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланиши белгиланганлиги, жавобгар шикоятда суд қарорларини тўлиқ бекор қилишни сўраганлиги сабабли жавобгардан кассация инстанцияси суди учун 486 520,60 сўм давлат божи ундирилади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан ишни кассация инстанциясида кўриш билан боғлиқ тўланган 3 717 023 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажатлари жавобгар зиммасида қолдирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 апрелдаги қарори хулоса қисмидаги: – “Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарорининг - “Жавобгар “APK OQOLTIN” унитар корхонасидан “Малек Учтом” фермер хўжалиги фойдасига 324 347 500 сўм асосий қарз ва 24 000 сўм почта харажати ундирилсин” қисми – “Жавобгар “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан даъвогар “Малек Учтом” фермер хўжалиги фойдасига 162 201 150 сўм асосий қарз ҳамда олдиндан тўланган 24 000 сўм почта харажати ундирилсин” – деб ўзгартирилсин” қисми – “Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарорининг - “Жавобгар “APK OQOLTIN” унитар корхонасидан “Малек Учтом” фермер хўжалиги фойдасига 324 347 500 сўм асосий қарз ва 24 000 сўм почта харажати ундирилсин” қисми – “Жавобгар “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан даъвогар “Малек Учтом” фермер хўжалиги фойдасига 162 201 150 сўм асосий қарз ҳамда олдиндан тўланган 24 000 сўм почта харажати ундирилсин. Даъво талабининг жавобгардан даъвогар фойдасига 47 354 735 сўм пеня ундириш қисмини қаноатлантириш рад этилсин.” – деб ўзгартирилсин. Қарорнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин. 8 “APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 486 520,60 сўм давлат божи ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Ш. Маҳмудов ҳайъат аъзолари: Б. Исрайлов