Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1107-2301/651 Дата решения 07.09.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Рустамов Зоир Аманович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Олмалиқ КМК акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый Спец авто масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1159981 Claim ID 3529446 PDF Hash 2bb79303e786b33d... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 402-моддаси ФКнинг 402 law
ФКнинг 434-моддаси ФКнинг 434 law
онунининг 26-моддаси онуни 26 law
ИПКнинг 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения 18 030 символов
4-1107-2301/651-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья Б.Тўраев Апелляция инстанциясида маърузачи судья А.Арипов Кассация инстанциясида маърузачи судья З.Рустамов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 7 сентябр Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари судья Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” акциядорлик жамияти вакили Б.Умирқулов (2023 йил 4 январдаги АХ-01-19-8-сонли ишончнома асосида), “Spets-avto” масъулияти чекланган жамияти вакиллари Т.Призенсов, адвокат М.Ахмедов (2023 йил 9 августдаги 02-сонли ва 2023 йил 1 августдаги 2-сонли ишончномалар ҳамда 2023 йил 7 августдаги 55-сонли ордер асосида) иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасининг “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” акциядорлик жамияти манфаатида “Spets-avto” масъулияти чекланган жамиятидан 189 750 000 сўм қарздорлик ва 37 950 000 сўм жарима ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 июндаги қарори устидан “Spets-avto” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида (кўмаклашувчи Тошкент вилоят суди орқали) видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: даъво аризасида қайд этилишича, махсус ахборот порталида 2022 йил 12 августда (лот №412496) бошланғич аукцион нархи 12 650 000 сўм билан ўтказилган электрон давлат харидлари натижасига кўра, буюртмачи - “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда АЖ ёки даъвогар деб юритилади) ва ижрочи - “Spets-avto” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ ёки жавобгар деб юритилади) ўртасида “рул кучайтгичи механизми” (рулевой усилитель) ускуналарини етказиб бериш бўйича умумий қиймати 189 750 000 сўмлик №412496.1.1-сонли шартнома тузилган бўлиб, ушбу шартнома 2022 йил 15 августда тасдиқланган. Шартноманинг 1-бандига кўра, МЧЖ ўз зиммасига шартномада белгиланган сифатлардаги ҳар бири 12 650 000 сўмдан 15 дона “рул кучайтгичи механизми” (рулевой усилитель) ускуналарини жами 189 750 000 сўм нархда АЖга етказиб бериш, АЖ эса уларни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятларини олган. Шартноманинг 1-бандида етказиб бериладиган товарлар техник параметри ва товар маркаси OSPBX500LS, Белорусия Республикасида ишлаб чиқарилган, кафолат муддати 6 ой ва яроқлилик муддати 2023 йил 31 декабрга қадар бўлиши лозимлиги белгиланган. Даъвогар АЖ томонидан 2022 йил 12 сентябрда ўзининг шартнома мажбуриятлари тўлиқ бажарилиб, жавобгарга 189 750 000 сўм миқдорида шартнома тўловлари тўлиқ тўлаб берилган. Жавобгар МЧЖ томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаганлиги, хусусан, сифатсиз ва шартнома талабларига жавоб бермайдиган товарлар етказиб берилганлиги, шу сабабли ушбу товарларни қайтариб олишини сўраб жавобгарга хат юборилганлиги каби важлар билан Ўзбекистон Республикаси Савдосаноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда “Палата” деб юритилади) даъвогар АЖ манфаатида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, жавобгар МЧЖдан 189 750 000 сўм қарздорликни ва унга 37 950 000 сўм жаримани ундиришни сўраган. Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 июндаги қарори билан Палатанинг апелляция шикояти қисман қаноатлантирилиб, Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 мартдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш юзасидан янги қарор қабул қилинган. Даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 151 800 000 сўм қарздорлик, 18 975 000 сўм жарима ва 24 000 сўм почта харажати ундирилган. Жавобгардан республика бюджетига 3 643 200 сўм давлат божи ундирилиб, даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 июндаги қарорини бекор қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, даъвогар томонидан 2023 йил 17 январ куни ўтказилган текшириш нотўғри тартибда ўтказилганлиги, чунки етказиб берилган маҳсулотлар стенд учун эмас, балки самосваллар учун мослаштирилганлиги, маҳсулотларни стендларга ўрнатган ҳолда текшириш ёки эксплуатация қилиш функционал жиҳатдан нотўғри эканлиги суд томонидан эътиборсиз қолдирилганлиги, шунингдек даъвогарга умумий ҳисобда 6 дона сифатли товар етказиб берилганлиги, ушбу ҳолатда қарздорлик суммасини 151 800 000 сўм эмас, балки 75 950 000 сўм, жарима суммасини эса 15 180 000 сўм миқдорида белгилаши лозимлигини кўрсатган. Палата ишни унинг вакилисиз кўриб чиқишни сўраган. Шунинг учун, судлов ҳайъати ишни Палата вакилининг иштирокисиз кўришни лозим топди. Суд мажлисида жавобгар вакиллари ўзи томонидан берилган кассация шикоятини қўллаб-қувватлаб, Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 июндаги қарорини бекор қилишни сўрашди. Суд мажлисида даъвогар вакили кассация шикоятига нисбатан ўз эътирозини билдириб, кассация шикоятини рад этишни, апелляция инстанцияси суди қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида келтирилган важлари билан қуйидаги асосларга кўра келишмайди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 437-моддасига кўра маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 402-моддаси биринчи қисмига кўра сотувчи сотиб олувчига сифати олди-сотди шартномасига мос келадиган товарни топшириши шарт. Иш ҳужжатларига кўра, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан МЧЖ АЖга 2022 йил 13 сентябрда 15 дона “рул кучайтгичи механизми” (рулевой усилитель) ускуналарини етказиб берган. Бироқ, ушбу етказиб берилган товарларни транспорт-техникаларга ўрнатиб ишлатиш давомида айрим камчиликлар, хусусан рул бошқаруви камчиликлари, ичидан матор мойи оқиши, айрим ускуналар эса янги эмаслиги аниқланган ҳамда бу тўғрисида АЖнинг ходимлари томонидан 2022 йил 10 октябрда далолатнома тузилган. Шу билан бирга, дастлабки етказиб берилган ушбу товарлардаги камчиликларни аниқлаб тасдиқлаш учун АЖнинг мутахассис ходимлари ва “Ўзтест” ДМ Олмалиқ филиалининг мутахассиси томонидан 15 дона товарларининг биттаси танлов асосида қайта кўрикдан ўтказилган ҳамда бунда ҳам юқоридаги камчиликлар ўз тасдиғини топган бўлиб, бу ҳақида 2022 йил 20 октябрда далолатнома тузилган. Шу сабабли, 2022 йил 10 октябрда АЖ МЧЖга хат билан мурожаат қилиб, етказиб берилган 15 дона “рул кучайтгичи механизми” (рулевой усилитель) ускуналарни янгисига алмаштириб беришни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 28 декабрдаги “Сифати тегишли даражада бўлмаган маҳсулот (товар)ларни етказиб бериш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиёти тўғрисида” 174-сонли қарори (бундан буён матнда Пленум қарори деб юритилади) 2-банди 1-3–хатбошиларига кўра, тегишли даражада сифатли бўлмаган маҳсулот (товар)ларни етказиб бериш деб, сифатсиз, ностандарт ва бут бўлмаган маҳсулот (товар)ларни етказиб бериш англанилиши судларга тушунтирилсин. Тўлиқ ёки жиддий қайта ишловсиз, вазифасига мувофиқ фойдаланилиши мумкин бўлмаган маҳсулот (товар) сифатсиз деб тан олиниши лозим. Белгиланган тартибда тасдиқланган стандартлар ва метрология қоидалари, техник шартлар ва намуналар (эталонлар)га хилоф равишда чиқарилган маҳсулот (товар), бундай маҳсулот (товар) белгиланган мақсадларда фойдаланилиши мумкинлиги ёки мумкин эмаслигидан қатъи назар, ностандарт ҳисобланади. Хусусан, мазкур Пленум қарорининг 15-банди 1-хатбошисида берилган тушунтиришларга кўра, судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, маҳсулот (товар)ларнинг сифатини танлаб текшириш натижалари, агар бундай текшириш сотиб олувчи (олувчи) томонидан стандартлар, техник шартлар ва томонлар учун мажбурий бўлган бошқа қоидалар ёки шартнома асосида ва белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда амалга оширилган бўлса, бутун туркумга тааллуқли бўлади. ФКнинг 434-моддасининг биринчи қисмига кўра, сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида маълум қилинмаган бўлса, сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра: худди шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни; харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни; товарнинг камчиликларини текинга бартараф этишни ёки сотиб олувчи ёхуд учинчи шахс томонидан товарнинг камчиликларини бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини; харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни; кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шундан кейин, МЧЖ ўзи томонидан дастлаб етказиб берилган товарларни янгиси билан алмаштириш мақсадида, 2023 йил 11 январда АЖга жами 12 дона “рул кучайтгич механизми” (рулевой усилитель) ускуналарини етказиб берган. Ушбу 12 дона товарларнинг шартномада белгиланган стандартларга мослиги ва сифати 2023 йил 17 январда тарафлар: АЖ ва МЧЖнинг масъул ходимлари иштирокида текширилган. Мазкур текширишда ушбу 12 дона товарларнинг фақатгина 3 таси шартномада келишилган стандартларга мос келиши ва сифатли эканлиги аниқланган бўлиб, қолган 9 дона товарлар шартномада келишилган параметрларга (сифат ва стандартларга) мос келмаслиги аниқланган. Бу ҳақида тарафлар: АЖ ва МЧЖ вакиллари иштирокида далолатнома ҳамда текширув жадвали тузилган. Шундан кейин, МЧЖ 2023 йил 7 февралда АЖга 1-сонли хат билан мурожаат қилиб, ҳақиқатдан ҳам иккинчи марта етказиб берилган товарларда ҳам камчилик чиққанлигини, шу сабабли ушбу товарларни янгисига алмаштириб беришга тайёрлигини билдирган. Бироқ, жавобгар томонидан ҳар икки марта ҳам шартномада келишилган параметрларга (сифат ва стандартларга) мос келмайдиган товарлар етказиб берилганлиги сабабли, Палата даъвогар манфаатида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, шартнома бўйича етказиб бериладиган товарлар учун тўланган 189 750 000 сўм пул маблағларини қарздорлик сифатида ва унга нисбатан 37 950 000 сўм жаримани жавобгардан ундиришни сўраган. Мазкур ҳолатда, жавобгар томонидан шартномада келишилган 15 дона товарлардан шартномада белгиланган параметрларга (сифат ва стандартларга) мос келадиган фақатгина 2023 йил 11 январда 3 дона товарлар етказиб берилганлиги, қолган 12 дона товарларда эса ҳар икки марта ҳам келишилган параметрларга (сифат ва стандартларга) мос келмайдиган товарлар етказиб берилганлиги ҳолати ишдаги мавжуд ҳужжатлар, хусусан, тарафларнинг ўзаро ёзишмалари ва тузган далолатномалари ҳамда тарафлар вакилларининг суд мажлисида берган кўрсатмалари асосида ўз исботини топган. Шартноманинг 4.5-бандида шартномада белгиланган параметрлар, сифат, ассортимент ва шаклларга мос келмайдиган товарлар етказиб берилган тақдирда, буюртмачи (АЖ) товарларни қабул қилишдан бош тортишга, товар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундиришга, етказиб бериладиган товарлар учун олдиндан тўланган пул маблағларини қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Бундан ташқари, Пленум қарорининг 6-бандида берилган тушунтиришга кўра, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига мувофиқ, агар етказиб берилган товарлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар, техник шартлар, намуналарга (эталонларга), қонун ҳужжатларида ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса, сотиб олувчи товарларни қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳақини тўлашни рад этиб, етказиб берувчидан сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундириб олишга, агар товарлар ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган суммани белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар етказиб берганлик учун жарима етказиб берувчидан акцептсиз тартибда ундириб олинади. Аниқланишича, жавобгар ўзига тўланган 189 750 000 сўм пул маблағлари учун фақатгина 3 дона жами 37 950 000 сўмлик товарларни шартномада белгиланган сифат ва параметрларда етказиб бериб, мажбуриятларнинг ушбу қисмини бажарган, қолган 151 800 000 сўм пул маблағлари учун сифатли товар етказиб бермаган. Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриб чиқишда даъво аризасини қаноатлантиришни тўлиқ рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиб, моддий ҳуқуқ нормалари бузилишига йўл қўйилган. Ваҳоланки, юқоридаги ҳолатлардан даъвогарнинг даъво аризасидаги 189 750 000 сўм қарздорликни ундириш талабининг 151 800 000 сўм қисми асосли ва ўз исботини топган. Шу сабабли, апелляция инстанцияси суди жавобгардан даъвогарга 151 800 000 сўм қарздорликни ундириш тўғрисида асосли хулосага келган. Шу билан бирга шартноманинг 4.5-бандида етказиб берилмаган товар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ҳисобланиши лозимлигидан келиб чиқиб, даъвонинг 37 950 000 сўм жарима ундириш талабининг 30 360 000 сўм қисми асосли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли қарорининг 2-бандида судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шартлиги тўғрисида тушунтириш берилган. Шунга кўра, апелляция инстанцияси суди даъво талабларининг асосли деб топилган 30 360 000 сўм жарима ундириш суммасини муҳокама қилиб, иш ҳолатларини ва шартнома мажбуриятлари бажарилганлик даражасини инобатга олган ҳолда, 30 360 000 сўм жарима суммасини камайтиришни, жавобгардан 18 975 000 сўм жарима ундиришни лозим деб ҳисоблаб асосли хулосага келган. Юқоридагилардан кўринадики, апелляция инстанцияси суди томонидан иш юзасидан қарор қабул қилишда моддий ва процессуал нормаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда, апелляция шикоятини қисман қаноатлантириш ҳамда биринчи инстанция судининг 2023 йил 27 январдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш янгидан янги қарор қабул қилиш ва даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгардан даъвогарга 151 800 000 сўм қарздорлик ва 18 975 000 сўм жарима ундириш, даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида асосли хулосага келган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. 6 ИПКнинг 301-моддаси биринчи қисми 1-бандига кўра, ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддаси биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанция судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, жавобгар томонидан кассация инстанцияси суди учун олдиндан тўланган 1 821 600 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажатларини унинг зиммасида қолдиришни ҳамда жавобгардан ишни кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатини Олий суд депозит ҳисобига ундиришни, ортиқча тўланган 455 400 сўм давлат божини жавобгарга қайтаришни ва бу ҳақда маълумотнома беришни лозим деб топади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 115, 118, 301 – 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қ и л д и: “Spets-avto” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 6 июндаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Spets-avto” масъулияти чекланган жамияти томонидан кассация инстанцияси учун тўланган 1 821 600 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажати унинг зиммасида қолдирилсин. “Spets-avto” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суд депозит ҳисобига ишни кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажати ундирилсин. Ортиқча тўланган 455 400 сўм давлат божи “Spets-avto” масъулияти чекланган жамиятига қайтарилсин ва бу ҳақда маълумотнома берилсин. Мазкур қарор бўйича ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Т. Аннаева ҳайъат аъзолари: Ф. Ражабов З. Рустамов