← Назад
Решение #498784 Экономические
Решение
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
2
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПК | 172 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1101-2302/8597-сонли иқтисодий иш
ЗАНГИОТА ТУМАНЛАРАРО
ИҚТИСОДИЙ СУДИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
2023 йил 7 сентябрь
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси У.Р.Хусанов
раислигида, судья ёрдамчиси Х.Д.Холмуродовнинг суд мажлиси котиблигида,
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий
бошқармаси даъвогар “ЙЙЙ” масъулияти чекланган жамиятининг
манфаатида жавобгар УУУ ҳисобидан 139 504 032 сўм зарар ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни, жавобгар
вакили ППП (раҳбар) иштирокида, суднинг маъмурий биносида, очиқ суд
мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
“ЙЙЙ” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар
деб юритилади) ва УУУ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)
ўртасида
2023 йил 12 январда истеъмолчиларга ичимлик ва оқава суви хизматларини
кўрсатиш шартномаси тузилган.
Тарафлар ўртасида 2022 йил 20 июлда тузилган далолатномада
жавобгар шаҳар ичимлик суви ва оқава тармоғига ўзбошимчалик билан
уланиб, ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги, шу сабабли
ичимлик суви тармоқдан узилганлиги, қайта уланиш учун базавий ҳисоблаш
миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима тўланиши лозимлиги
кўрсатилган.
Тарафлар ўртасида 2023 йил 6 майда тузилган далолатномада
жавобгар шаҳар оқава тармоғи ва ичимлик сув тармоғига уланганлиги, сув
ҳисоблагичи борлиги, лекин рўйхатда ўтмаганлиги, истеъмолчи ер ости
(артизан қудуқдан) фойдаланиши, хатлов ўтказилган вақтда ўзбошимчалик
билан шаҳар ичимлик сув тармоғига уланиб ичимлик сувидан
фойдаланаётганлиги аниқланганлиги кўрсатилган.
Жавобгар томонидан сув ҳисоблагичи қайтадан тамға асосида
ўрнатилмаганлиги сабабли, даъвогар Қоидалар 87-бандининг ”б”-кичик
бандига кўра ҳисоб-китоб бўйича жавобгар томонидан тўланган суммаларни
ҳисобга олганда 2022 йил 20 июлдан 2023 йил 6 майга қадар 139 504 032 сўм
қарздорлик юзага келган.
Даъвогар 2023 йил 15 июнда жавобгарга қарздорликни қоплаш
юзасидан огоҳлантириш хати юборган.
Жавобгар мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли низо келиб
чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят
ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) даъвогар
манфаатида Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан
мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 139 504 032 сўм зарар ундиришни
сўраган.
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 22 августдаги
ажрими билан ишга низонинг предметига мустақил талаблар билан арз
қилмайдиган учинчи шахс сифатида Тошкент вилояти Ғазначилик хизмати
бошқармаси ва Янгийўл шаҳар Молия бўлими жалб қилинган.
Суд мажлисида танаффусга қадар иштирок этган даъвогар вакили
даъво талабларини қувватлаб, жавобгар томонидан сув тармоғига
ўзбошимчалик билан уланиб олинганлиги, охирги марта тузилган
далолатномадан кейинги давр учун Қоидаларнинг 87-бандида белгиланган
формула бўйича қарздорлик ҳисобланганлигини билдириб, даъво талабини
қаноатлантиришни сўраган.
Суд мажлисида жавобгар вакили даъво талабларини қисман тан олиб,
2022 йил август ойларидан буён раҳбар эканлиги, далолатномада
кўрсатилган ҳолатлар тўғри эканлиги, собиқ шаҳар ҳокимининг
топшириғига асосан шаҳардаги аллеяда сув тармоғига уланганлиги,
ҳисоблагич бўлса-да, рўйхатдан ўтказилмаганлиги, қарздорликни камроқ
ҳисоблаб берган тақдирда тўлаб берилиши, 2022 йилда тузилган
далолатнома бўйича ҳам қарздорликни шаҳар ҳокимлигидан олинган
маблағлар ҳисобига қоплаганликларини билдириб, даъво талабини қисман
қаноатлантиришни сўради.
Палата суд муҳокамасини вакили иштирокисиз кўришни сўраган бўлса,
суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор
қилинган даъвогар ва учинчи шахслар суд мажлисида вакилининг
иштирокини таъминламади. Ишни кўриш вақти ва жойи кўрсатилган
суднинг ажрими ишда иштирок этувчи шахсларга гибрид ва электрон
почта орқали етказиб берилган. Шунингдек, суд муҳокамасида танаффус
эълон қилиниб, даъвогар вакили суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида
тегишли тартибда тилхат орқали хабардор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
(бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 128-моддасининг биринчи
қисмига кўра, агар суд иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси
ўзига юборилган ажримнинг кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу
Кодексда назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинганлиги
тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга эга бўлса,
иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошисига кўра, ажримнинг кўчирма
нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик
фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда
юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса, иқтисодий суд ишларини
юритиш иштирокчиси суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган
деб ҳисобланади.
ИПК 172-моддасининг тўртинчи қисмига асосан, ишда иштирок этувчи
шахслар танаффус эълон қилингунига қадар суд мажлисида ҳозир
бўлганлигидан ёки бўлмаганлигидан қатъи назар, суд мажлисининг вақти ва
жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ҳисобланади ҳамда
уларнинг танаффус тугаганидан кейин суд мажлисига келмаганлиги суд
мажлисини давом эттиришга тўсқинлик қилмайди.
Суд, ИПКнинг 127-128, 170, 172-моддалари талабларига кўра, ишни
даъвогар, учинчи шахслар ва палата вакиллари иштирокисиз кўриш мумкин
деб ҳисоблайди.
Тарафлар вакилларининг тушунтириши, ишдаги мавжуд ҳужжатларга
ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра суд даъво талабларини тўлиқ
қаноатлантиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини
жавобгардан ундиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
15 июлдаги 194-сонли қарорига 2-илова сифатида тасдиқланган
“Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари
кўрсатиш” Қоидалари (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади)нинг
94-бандига мувофиқ, ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда
қурилмаларига ўзбошимчалик билан уланиб олинганлик аниқланган
тақдирда, сарфланган сув ва қабул қилинган оқова сувлар миқдори мазкур
Қоидаларнинг 87-бандига мувофиқ, уланишнинг сув узатиш қуввати бўйича
қуйидаги кундан бошлаб ҳисоб-китоб қилинади: ўзбошимчалик билан
уланиш аниқлангунга қадар охирги текшириш далолатномаси тузилган
кундан; агар ўзбошимчалик билан уланиш ИСКХ ташкилотига тегишли
тармоқ ва қурилмаларга нисбатан бўлган бўлса, ўзбошимчалик билан
уланиш кунидан бошлаб у аниқлангунга қадар, бироқ даъво муддатидан кўп
бўлмаган ҳолда ҳисобланади. Агар ўзбошимчалик билан уланиш санасини
ҳужжат билан тасдиқлашнинг имкони бўлмаса, у ҳолда ўзбошимчалик билан
уланиб фойдаланиш даври даъво даври муддатига тенг бўлади.
Қоидаларнинг 87-бандининг “б”-кичик банди II ва III гуруҳ
истеъмолчилари учун сувни ҳисобга олиш асбоби билан таъминланмаган
истеъмолчилар томонидан сарфланган сув миқдори асосий ичимлик сув
тармоғи уланмасининг сув ўтказиш қуввати бўйича қуйидаги формула билан
амалга оширилади:
М — 0,60-0,62 га тенг бўлган зулфин орқали сув сарфи коэффициенти;
F — суюқлик оқиб ўтадиган қувур ёки тешик кесими майдони (ички
диаметр бўйича), м2 ;
g — 9,8 м/секунд2 га тенг бўлган эркин тушиш тезлиги;
Н — сув тақсимоти ёки коммунал сув тармоғига уланиш жойидаги
сувнинг бир метрдаги босими;
t — ойнинг календарь кунлари, 24 соат мобайнидаги секундлардаги
вақт.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 985-моддасининг биринчи қисмида ғайриқонуний
ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига
етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан
бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда
қопланиши лозимлиги белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, суд жавобгар томонидан ўзбошимчалик билан
сув тармоғига уланиб олганлиги тарафлар ўртасида тузилган далолатнома,
тарафлар вакиллари тушунтиришлари билан ўз тасдиғини топганлиги,
ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари юзасидан Қоидаларда белгиланган
ҳисоблаш формуласига асосан сарфланган сувни зарар сифатида
ҳисобланишини инобатга олиб, қарздорлик ундириш тўғрисидаги даъво
талабини тўлиқ қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига
139 504 032 сўм қарздорлик ундиришни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари
миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилиши, еттинчи
қисмида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда
бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг
манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш
рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи
манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво
талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб
равишда ундирилиши лозим.
Юқоридагиларга кўра, суд даъво талаби асосли эканлиги, даъвогар
даъво аризаси киритишда давлат божи тўламаганлигини инобатга олиб,
жавобгардан республика бюджети фойдасига 2 790 080,64 сўм давлат божи,
даъвогар фойдасига 33 000 сўм почта харажати ундиришни лозим топади.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 127-128, 170, 172, 176-180, 186, 192-моддаларини қўллаб,
суд
қарор қилади:
Даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилсин.
УУУ ҳисобидан “ЙЙЙ” масъулияти чекланган жамияти фойдасига
139 504 032 сўм қарздорлик, 33 000 сўм почта харажати, жами 139 537 032
сўм ундирилсин.
УУУ ҳисобидан республика бюджети фойдасига 2 790 080,64 сўм давлат
божи ундирилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин.
Ишни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари
юзасидан Янгийўл шаҳар прокуратурасига хусусий ажрим орқали хабар
берилсин.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида Зангиота
туманлараро иқтисодий суди орқали Тошкент вилоят судига апелляция
тартибида шикоят қилиниши (прокурор эса ишда иштирок этувчи шахснинг
мурожаати бўлган тақдирда протест келтириши) мумкин.
Апелляция тартибида кўрилмаган иш кассация тартибида кўриб
чиқилмаслиги ишда иштирок этувчи шахсларга тушунтирилсин.
Судья
У.Р.Хусанов