Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1601-2202/8035 Дата решения 06.09.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Ражабов Феруз Фахриддинович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Мадад инвест элит масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый General Lift System масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1159997 Claim ID 3568859 PDF Hash e5812ef679e41be1... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 437-моддаси ФКнинг 437 law
бандига асосан агар пул мажбуриятини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечикт… бандига асосан агар пул мажбуриятини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганлик учун ФК 327 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ФКнинг 335-моддаси ФКнинг 335 law
ФКнинг 444-моддаси ФКнинг 444 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения 16 128 символов
4-1601-2202/8035-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Ж.Мусабоев Апелляция инстанциясида маърузачи судья А.Иномов Кассация инстанциясида маърузачи судья Ф.Ражабов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 6 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар З.Рустамов ҳамда Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, “Madad invest elit” масъулияти чекланган жамияти вакиллари А.Рўзиев (2023 йил 10 мартдаги 2-сонли ишончнома асосида), адвокат Т.Маматов (2023 йил 10 мартдаги 2-сонли ишончнома ва 2023 йил 9 январдаги 1126-сонли ордер асосида), Ш.Болтабоев (ишончномасиз), “General lift system” масъулияти чекланган жамияти вакиллари Х.Насридинов (2023 йил 6 мартдаги 15-сонли ишончнома асосида), Х.Насридинов (2023 йил 6 мартдаги 16-сонли ишончнома асосида) иштирокида, даъвогар “Madad invest elit” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “General lift system” масъулияти чекланган жамиятидан 100 000 000 сўм асосий қарз, 17 000 000 сўм фоиз ундириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган иш бўйича қабул қилинган Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайътининг 2023 йил 10 мартдаги қарори устидан “Madad invest elit” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий суд биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: “Madad invest elit” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “General lift system” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2021 йил 28 октябрда 43-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Шартномага асосан жавобгар умумий қиймати 2 270 366 997,80 сўм бўлган 11 дона лифтни даъвогарга етказиб бериш, маҳсулотни қабул қилиб олиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар 2021 йил 19 ноябрдаги 234-сонли тўлов топшириқномасига асосан 212 794 000 сўм ва 2021 йил 28 октябрдаги 155-сонли тўлов топшириқномасига асосан 300 000 000 сўм, жами 512 794 000 сўм пул маблағини жавобгарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Ўз навбатида жавобгар 2021 йил 15 ноябрдаги 42-сонли ҳисоб-фактурага асосан даъвогарга умумий қиймати 412 793 999,6 сўмлик 2 дона лифт етказиб берган. Даъвогар 2022 йил 16 ноябрдаги 52-сонли талабнома билан жавобгарга мурожаат қилиб, ўтказиб берилган 100 000 000 сўм пул маблағини қайтаришни сўраган. Мазкур талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Шундан сўнг даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарга жами 512 794 000 сўм пул маблағи ўтказиб берилганлиги, бироқ жавобгар томонидан берилган 412 793 999,6 сўмлик маҳсулот етказиб берилганлиги, шартномавий мажбурият лозим даражада бажарилмаганлигини асос қилиб, жавобгардан 100 000 000 сўм асосий қарз ва 17 000 000 сўм фоиз ундиришни сўраган. Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 10 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 100 000 000 сўм асосий қарз, 3 000 000 сўм фоиз, 2 340 000 сўм давлат божи ва 24 000 сўм почта харажати жами 105 364 000 сўм ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайътининг 2023 йил 10 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинган. Иш бўйича қабул қилинган Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайътининг 2023 йил 10 мартдаги қароридан норози бўлиб, даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда даъво аризасидаги важларини ҳамда апелляция инстанцияси судининг қарорида 100 000 000 сўм жавобгарга аванс тариқасида берилганлиги қайд этилган бўлса-да, ушбу пул маблағи аванс тариқасида ўтказилганлигини тасдиқловчи бирор-бир ҳужжат мавжуд эмаслиги, жавобгарнинг қолган маҳсулотларни Хитой давлатидан сотиб олиб келганлиги даъво талабини рад этиш учун асос бўлиши мумкинлиги тегишли далиллар ва қонунчилик билан исботлаб берилмаганлиги кўрсатилган. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогарнинг вакиллари кассация шикоятида келтирган важларини қувватлаб, шикоятни қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантиришни сўрашди. Жавобгар вакиллари кассация шикоятига нисбатан эътироз билдириб, шикоятда келтирилган важлар асоссиз эканлиги, апелляция инстанцияси суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ ўрганилиб, тарафларнинг ва эътирозларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилганлиги, даъвогарнинг даъво талабларига асос қилиб келтирган ҳолатлари исботлаб берилмаганлиги, шартномага асосан даъвогарга етказиб берилиши лозим бўлган лифт(лар) Хитой давлатидан олиб келинганлиги, маҳсулотларнинг сертификати мавжудлиги, ушбу товарларни олиб кетиш юзасидан даъвогарга талабнома юборганлиги, бироқ талабнома оқибатсиз қолдирилганлиги, етказиб берилган 2 дона лифтнинг сифатсизлиги ҳақидаги даъвогарнинг важлари асоссиз эканлигини билдириб, кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди. Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда кўрсатиб ўтилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни лозим топди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Юқорида қайд этилганидек, тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш юзасидан 2021 йил 28 октябрда 43-сонли шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, жавобгар даъвогарга умумий қиймати 2 270 366 997,80 сўм бўлган 11 дона лифтни етказиб бериш, даъвогар эса маҳсулотни қабул қилиб олиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шунингдек, шартноманинг 3-бандига кўра, даъвогар спецификациядаги суммани 50 фоиз миқдорида 3 банк иш кунида ўтказиш ҳамда етказиб бериладиган маҳсулотлар учун юклаб жўнатишга тайёр бўлган ҳақиқатдаги миқдор учун пул ўтказиш йўли билан хақ тўлаши лозим бўлган. ФКнинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи - сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. Шартнома шартларидан келиб чиқиб, даъвогар томонидан 2021 йил 19 ноябрдаги 234-сонли тўлов топшириқномасига асосан 212 794 000 сўм ва 2021 йил 28 октябрдаги 155-сонли тўлов топшириқномасига асосан 300 000 000 сўм, жами 512 794 000 сўм пул маблағини жавобгарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берган. Ўз навбатида жавобгар 2021 йил 15 ноябрдаги 42-сонли ҳисоб-фактурага асосан даъвогарга жами 412 793 999,6 сўмлик 2 дона лифт етказиб берган. Даъвогар 2022 йил 16 ноябрдаги 52-сонли талабнома билан жавобгарга мурожаат қилиб, ўтказиб берилган 100 000 000 сўм пул маблағини қайтаришни сўраган. Мазкур талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. ФК 420-моддасининг учинчи қисмига кўра, олдиндан тўланган суммани олган сотувчи товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда сотиб олувчи ҳақи тўланган товарни топширишни ёки сотувчи топширмаган товар учун олдиндан тўланган суммани қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли. Демак, мазкур ҳолатда даъвогар шартноманинг 3-банди талабларидан келиб чиқиб, етказиб бериладиган маҳсулотлар учун юклаб жўнатишга тайёр бўлган ҳақиқатдаги миқдор учун жами 512 794 000 сўм пул маблағини даъвогар жавобгарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берган. Жавобгар эса амалда юклаб жўнатишга тайёр 2 дона умумий қиймати 412 793 999,6 сўмлик лифтни даъвогарга етказиб берган. Бундан кўринади-ки, даъвогар ўтказиб берилган пул маблағи ва жавобгар томонидан етказиб берилган маҳсулот қиймати ўртасидаги фарқ 100 000 000 сўмни ташкил этган. ФК 420-моддасининг учинчи қисми талабларидан келиб чиқиб, даъвогар амалда етказиб берилмаган товар учун тўланган 100 000 000 сўмни жавобгардан талаб қилишга ҳақли. Шунга асосан биринчи инстанция суди даъвогарнинг ушбу талабини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган. Шунингдек, даъво аризасида жавобгардан 17 000 000 сўм банк фоизи ундириш сўралган. ФК 419-моддасининг учинчи қисмига кўра, агар сотиб олувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ топширилган товар ҳақини ўз вақтида тўламаса, сотувчи товар ҳақини ва ўзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўлашни талаб қилишга ҳақли. ФК 327-моддасининг биринчи қисмига кўра, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли Қарорининг 11-бандига асосан агар пул мажбуриятини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганлик учун ФКнинг 327-моддасига мувофиқ белгиланган фоизлар миқдори (ставкаси) пул мажбурияти бажарилишини кечиктириш оқибатларига очиқдан-очиқ номутаносиб бўлса, суд фоизларнинг қоплаш табиатини ҳисобга олиб, ФКнинг 326-моддасига мос ҳолда, ФКнинг 335-моддасига асосан фоизлар миқдорини (ставкаси) камайтиришга ёки кредиторга уни ундиришни бутунлай рад этишга ҳақли. Мазкур ҳолатда даъвогар тўлаган 100 000 000 сўм пул маблағлари жавоб томонидан ўз вақтида қайтариб берилмаганлиги иш ҳужжатлари билан тўлиқ тасдиқланган. Шу боис биринчи инстанция суди Пленум қарорида берилган тушунтиришдан келиб чиқиб, даъвонинг фоиз ундириш талабини қисман қаноатлантириб, жавобгардан 3 000 000 сўм фоиз ундириш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Бироқ, апелляция инстанция суди қайд этилган ҳолатларни инобатга олмасдан, ишдаги далилларга нотўғри ҳуқуқий баҳо бериб, маҳсулот тайёр бўлгандан сўнг жавобгар маҳсулот тайёрлиги ҳақида даъвогарни огохлантириши, даъвогар эса маҳсулотни 50 фоизи миқдорида тўловни амалга ошириб, қолган 50 фоизини маҳсулотни қабул қилиб олгандан сўнг 3 кун ичида тўлаши кераклигига асосланиб ҳамда 2 дона лифтнинг хисоб-китобидан қолган 100 000 000 сўм ҳақдорлик эса кейинги етказиб берилиши керак бўлган маҳсулот учун аванс тўлови сифатида ҳисобга олиниши керак бўлган сумма деб ҳисоблаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асоссиз хулосага келган. Чунки, ФК 438-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади. Аниқланишича, тарафлар ўртасида тузилган шартномада унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган. Шу боис тарафлар ўртасидаги шартнома бир йил муддатга тузилган ҳисобланади. Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг амал қилиш муддати 2022 йил 28 октябрда тугаган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3-бандида етказиб бериладиган маҳсулотлар учун юклаб жўнатишга тайёр бўлган ҳақиқатдаги миқдор учун пул ўтказиш йўли билан хақ тўлаши лозим бўлган. Жавобгар 2022 йил 30 ноябрдаги 1/12-сонли, 6 декабрдаги 2/12-сонли ва 29 декабрдаги 5/12-сонли талабномалар билан даъвогарга мурожаат этиб, 9 дона лифт жамланмалари тайёрлигини билдириб, ушбу товарларни олиб кетишни ва унинг ҳақини тўлашни сўраган. ФКнинг 444-моддасига кўра, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи, товар етказиб берувчини хабардор қилган ҳолда, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган товарларни қабул қилишни рад этишга ҳақли. Товар етказиб берувчи билдириш хатини олгунча етказиб берилган товарларни сотиб олувчи қабул қилиши ва уларнинг ҳақини тўлаши лозим. Демак, жавобгар маҳсулот тайёрлиги юзасидан даъвогарга шартнома муддати тугагандан сўнг мурожаат этган ва мазкур ҳолатда даъвогар товарларни қабул қилишни рад этиб, олдиндан тўланган маҳсулот ҳақини қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Шу боис мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси судининг қарорини қонуний деб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. ИПК 301-моддасининг 6-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича айрим суд ҳужжатларини бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга ҳақли. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган суд харажатлари (1 170 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажатлари)ни жавобгарнинг зиммасида қолдириш, шунингдек, кассация инстанцияси учун даъвогар томонидан олдиндан тўланган 1 170 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажатини жавобгардан даъвогар фойдасига ундириш, ишни апелляция ва кассация инстанцияси судларида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 157 500 (75 000 + 82 500) сўм суд харажатларини ва кассация инстанцияси учун тўланиши лозим бўлган 3 000 сўм почта харажатини жавобгардан Олий суд депозит ҳисоб-рақамига ундириш ҳамда апелляция инстанцияси судининг суд харажатларини ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни бекор қилиш лозим деб ҳисоблайди. Баён қилинганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301-303, 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади: “Madad invest elit” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 мартдаги қарори бекор қилинсин. Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 10 январдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилсин. Жавобгар “General lift system” масъулияти чекланган жамиятидан: - “Madad invest elit” масъулияти чекланган жамияти фойдасига кассация инстанцияси учун олдиндан тўланган 1 170 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажати; 7 - Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозит ҳисоб рақамига 157 500 сўмлик видеоконференцалоқа ҳамда 3 000 сўм почта харажатлари ундирилсин. Ижро варақалари берилсин. Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 мартдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Т.Аннаева ҳайъат аъзолари З.Рустамов