← Назад
Решение #499527 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
10
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПКнинг | 302 | — | law | |
| нинг ФК | 234 | — | law | |
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ФК | 666 | — | law | |
| бандига асосан ФК | 646 | — | law | |
| ИПК | 68 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| йича ушбу Кодекс | 302 | — | code_article | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
17 427 символов
4-2001-2204/3054-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция cудида ишни
кўрган судья – Ф.Муродов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья М.Кодирова
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья З.Рустамов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 6 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
Ф.Ражабов ва З.Рустамовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг
котиблигида, даъвогар “Your Doors” масъулияти чекланган жамияти
вакиллари У.Нарзиев (раҳбар), адвокат Ш.Мавлонов (2022 йил 4 январдаги
ишончнома, 2022 йил 6 декабрдаги 28-сонли ордер асосида), жавобгар “Rotor
Burgulash” масъулияти чекланган жамияти вакили Ш.Латипов (2022 йил
6 декабрдаги 8-сонли ишончнома асосида), Т.Остонов (ишончномасиз), Ғарбий
Ўзбекистон дала Гидрогеология экспедицияси мутахассиси Ш.Темиров (2023
йил 9 мартдаги 01/164-сонли ишончнома асосида) иштирокида, даъвогар
“Your Doors” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Rotor Burgulash”
масъулияти чекланган жамиятидан 150.000.000 сўм асосий қарз, 30.000.000
жарима ундириш тўғрисидаги даъво аризаси асосида қабул қилинган Когон
туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 январдаги ҳал қилув қарори ва
Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил
9 мартдаги қарори устидан “Your Doors” масъулияти чекланган жамияти
томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида
кўмаклашувчи Бухоро вилоят суди орқали видеоконференцалоқа режимида
ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
ишдаги ҳужжатларга кўра, “Your Doors” масъулияти чекланган
жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва жавобгар “Rotor
Burgulash” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар
деб юритилади) ўртасида 2021 йил 15 ноябрь куни 15-сонли шартнома
тузилган.
Шартноманинг
1.1-бандига
кўра,
жавобгар
ўз
зиммасига
даъвогарнинг топшириғига биноан 190 п.м чуқурликда битта артезан
ичимлик суви қудуғини ротор бурғулашни, жавобгар эса бажарилган ишлар
учун 100 фоиз олдиндан тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг
2.1 бандига кўра, бажариладиган ишлар баҳоси сметага асосан 170 000 000
сўм деб белгиланган.
Даъвогар томонидан 09.12.2021 йилдаги 1-сонли электрон тўлов
топшириғига биноан жавобгарга 150 000 000 сўм тўланган.
Жавобгар томонидан бурғулаш ишлари олиб борилиб, якунига
етказилган. 2022 йил 28 февралда тарафлар вакиллари томонидан
бажарилган ишлар қиймати ҳисобварақ фактураси маълумотномаси
тасдиқланган. Даъвогарга 150 000 000 сўмлик иш бажарилганлиги
тўғрисида электрон ҳисобварақ фактура юборилган.
Даъвогарга қарашли Вобкент тумани Ғарибшох МФЙ Ғарибшоҳ
қишлоғида жойлашган сувни қайта ишлаш, чучуклаштириш, қуйиш ва тоза
сув ишлаб чиқариш цехи ҳудудидаги ичимлик суви мақсадларида
фойдаланиш учун 5240-сонли қудуқ паспорти Бухорогидрогеология
станцияси томонидан 2022 йил январь ойида берилган.
Вобкент туман санитария ва эпидемиология маркази 2022 йил
4 ноябрда 710-сонли назорат текширув хулосасига кўра, мазкур бурғу
қудуғи суви истеъмолга яроқсиз деб топилган.
Даъвогар томонидан 2022 йил 15 августда жавобгарга талабнома
юборилиб, ичимлик суви ўрнига яроқсиз сув келаётганлиги сабабли,
бурғулаш технологиясига риоя қилинмаганлиги учун тўланган пул
маблағларини қайтариш сўралган. Мазкур талабнома жавобгар томонидан
оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли даъвогар даъво аризаси билан
мурожаат қилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 150.000.000 сўм асосий
қарз ва 30.000.000 жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 5 январдаги ажрими билан
ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз
қилмайдиган учинчи шахс сифатида Бухоро гидрогеология станцияси
унитар корхонаси жалб қилинган.
Когон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 январдаги ҳал
қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантириш рад
қилинган.
Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 9 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз
қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлиб,
даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд
қарорларини бекор қилишни сўраган.
Бунга асос қилиб, шикоятда тарафлар ўртасида тузилган шартномага
кўра жавобгар ичимлик суви чиқариш мақсадида 190 метр чуқурликдаги
қудуқни бурғулаш мажбуриятини олганлигини, даъвогар томонидан
150 000 000 сўм жавобгар ҳисоб рақамига кўчириб берилганлигини,
жавобгар томонидан бурғулаш иши сифатсиз бажарилганлигини, қудуққа
туширилган қувур атрофи 150 метр оралиқни юқори сув қатламдаги шўр
сувлар қўшилмаслиги учун цементация қилиши зарур бўлса-да лозим
даражада бажарилмаганлиги, бажарилган ишлар қабул қилиб олинган
бўлса-да, 7 ой ўтгач сувнинг хусусияти ўзгарганлигини, санитария ва
эпидемиология маркази туман бўлимининг хулосаси билан сув истеъмолга
яроқсиз деб топилганлигини, қудуқларни қазиш учун ДХМ орқали махсус
рухсатнома расмийлаштириб олинмаганлиги, жавобгарга мавжуд
камчиликларни бартараф этиш ҳақида юборилган талабномаларни
бажармаганлиги учун судга мурожаат қилинганлигини, Ғарбий Ўзбекистон
гидрогеология экспедицияси томонидан берилган хулосада қувурлар
бўшлиқ қисмининг цементация қилинмаслиги, пайвандлаш сифатли
бажарилмаганлиги оқибатида юқори қатлам шўр сувлар чучук сувга
қўшилиб кетган бўлиш мумкинлиги кўрсатилганлигини, ИПКнинг
302-моддасига асосан ҳал қилув қарорида ва апелляция инстанцияси
судининг қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ
эмаслиги ҳамда қонун ҳужжатларини нотўғри талқин қилинганлигини
кўрсатган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари кассация
шикоятидаги важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни ва суд
қарорларини бекор қилишни ҳамда даъво талабини қаноатлантиришни рад
этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари даъвогарнинг
кассация шикоятига эътироз билдириб, даъвогарнинг кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни
сўрашди.
Суд мажлисида иштирок этган Ғарбий Ўзбекистон дала
Гидрогеология экспедицияси мутахассиси Ш.Темиров мазкур ҳолатдан
хабари борлигини маълум қилиб, қонуний қарор қабул қилишни сўради.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш
ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра
жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим
топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (кейинги ўринда ФК
деб юритилади)нинг ФК 234-моддасининг иккинчи қисмига кўра,
мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу
Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномасидан
келиб чиққан.
ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва
қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар
бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа
талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
ФК 631-моддасининг биринчи қисмига кўра, пудрат шартномаси
бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг
топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини
буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади,
буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш
мажбуриятини олади.
ФК нинг 666-моддасига кўра, қурилиш пудрати шартномаси бўйича
пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи
билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилишини бажариш
мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур
шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш
мажбуриятини олади.
ФК 680-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, ишлар натижасининг
пудратчи томонидан топширилиши ва буюртмачи томонидан қабул қилиб
олиниши иккала тараф имзолаган далолатнома билан расмийлаштирилади.
Иш ҳужжатларида бажарилган ишлар қиймати ҳисобварақ фактураси
маълумотномаси расмийлаштирилган бўлиб, у тарафлар вакиллари
томонидан икки томонлама имзоланган, даъвогарнинг муҳри билан
тасдиқланган.
ФК 646-моддасининг биринчи, учинчи қисмларига кўра, буюртмачи
бажарилган ишни (унинг натижасини) пудрат шартномасида назарда
тутилган муддатда ва тартибда пудратчи иштирокида кўриб чиқиши ва
қабул қилиши, иш натижасини ёмонлаштирадиган даражада шартномадан
чекиниш ёки бошқа камчиликлар аниқланган тақдирда эса, бу тўғрида
пудратчига дарҳол маълум қилиши шарт. Буюртмачи ишни текширмасдан
қабул қилган бўлса, уни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши
мумкин бўлган камчиликлар (очиқ кўриниб турган камчиликлар)ни далил
қилиб келтириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Иш ҳолатларидан аниқланишича, даъвогар томонидан жавобгарга
бурғулаш ишларини олиб бориш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тақдим
қилинмаган. Шунингдек, бажарилган ишлар далолатномасини имзолашда
бирор бир эътироз билдирилмасдан имзоланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
“Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб
чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим
масалалари тўғрисида”ги 2016 йил 23 декабрдаги 306-сонли Қарори
9.1-бандига асосан ФК 646-моддасининг қоидаларига кўра, ишни қабул
қилиш вақтида унинг камчиликларини аниқлаган буюртмачи бу
камчиликлар ёхуд уларни тузатиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйиш
мумкинлиги далолатнома ёки қабул қилишни тасдиқловчи бошқа
ҳужжатда кўрсатилган ҳоллардагина уларни важ қилиб келтиришга ҳақли.
Пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий
усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин
камчиликлар), шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликлар
аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
Шу боис, далолатномада кўрсатилмаган бажарилган ишларнинг
камчилиги бўйича низо келиб чиққан тақдирда, судлар пудрат
шартномасидан чекинишлар ёки бошқа камчиликлар ишни қабул
қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкинлигини, бу камчиликлар
пудратчи томонидан қасддан яширилмаганлигини аниқлашлари лозим.
Агар бундай камчиликларни ишни қабул қилиш пайтида аниқлаш
мумкин бўлганлиги ёки ишлар буюртмачи томонидан текширмасдан қабул
қилинганлиги аниқланса, буюртмачининг ишдаги бундай камчиликларга
ҳавола қилиши пудратчининг бажарилган ишлар ҳақини ундириб бериш
тўғрисидаги талабини қаноатлантиришни рад этиш ёхуд буюртмачининг
ушбу камчиликлар билан боғлиқ талабларини қаноатлантириш учун асос
бўлмайди.
Қолаверса, 8 ой давомида бурғу қудуғидан даъвогар фойдаланиб
келган ва кейинчалик унинг суви таркиби ўзгариб шўрланган. Даъвогар
даъво аризасида ва суд мажлисида бурғулаш иши сифатсиз бажарилиши
оқибатида бурғу қудуқ суви шўрланиб яроқсиз бўлганлиги ҳақида важ
келтирса-да, бироқ жавобгар томонидан бурғулаш ишлари сифатсиз
бажарилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.
Ваҳоланки, ИПК 68-моддасининг биринчи, учинчи қисмларига кўра,
ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос
қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Ишда иштирок этувчи
ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган
далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, агар ушбу
Кодексда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суд мажлиси бошлангунига
қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим.
Қолаверса, суд мажлисда иштирок этган мутахассис ҳолат юзасидан
биринчи инстанция судига маълумотнома тақдим қилган бўлиб, унда
жавобгар томонидан цементация қилиш ишлари амалга оширилганлигини
ва даъвогар томонидан насос билан меъёрдан ортиқча сув
чиқарилмаганлигини инобатга олиб, ер ости тупроқ сиқиши оқибатида
қувурда ёриқлар бўлиши эҳтимоли бўлиши мумкинлиги, ҳозирги кунда
қудуқ сувининг шўрланиш сабабларини аниқлаш имконияти йўқлиги ва
қудуқни ёпиш зарурлигини маълум қилинган.
Шунингдек, судлов ҳайъати даъвогарнинг кассация шикоятидаги
келтирган важлари билан келишмайди.
ФК 647-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, пудратчи бажарган
иш пудрат шартномасининг шартларига, шартлар бўлмаганида ёки тўлиқ
бўлмаганида эса, одатда тегишли турдаги ишларга қўйиладиган талабларга
мос келиши керак. Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб
назарда тутилган бўлмаса, бажарилган иш натижаси буюртмачига
топшириш пайтида шартномада кўрсатилган ёки одатда қўйиладиган
талаблар билан белгиланган хусусиятларга эга бўлиши ва оқилона муддат
давомида шартномада назарда тутилганидек фойдаланиш учун, агар у
шартномада белгиланган бўлмаса, бундай турдаги ишнинг натижасидан
одатдагидек фойдаланиш учун яроқли бўлиши керак.
ФК 651-моддасининг иккинчи қисмига кўра, иш натижасига кафолат
муддати белгиланмаган ҳолларда иш натижаларидаги камчиликлар
оқилона муддатда, бироқ иш натижаси топширилган кундан бошлаб икки
йил мобайнида аниқланган тақдирда, агар қонунда, шартномада ёки иш
муомаласи одатларида бошқа муддатлар белгиланган бўлмаса, буюртмачи
иш натижасидаги камчиликлар билан боғлиқ талабларни қўйиши мумкин.
Тарафлар ўртасида тузилган шартномада жавобгар артезан қудуғи
қазиб бериш мажбуриятини зиммасига олган. У томонидан шартнома
мажбурияти бажарилиб бурғу қудуғи қазилган, қудуқ паспорти
расмийлаштирилиб, даъвогар фойдаланишга топширилган. Кейинчалик
қазилган қудуқдан чиқадиган ер ости сувининг шўрланганлиги ҳолати
юзасидан жавобгарлик ҳолати шартнома шартларида келишилмаган.
Жавобгар томонидан бурғу қудуғи қазиш сифатсиз амалга оширилганлиги
ҳолатлари иш ҳужжатларида ўз тасдиғини топмаган.
Шу сабабли, биринчи инстанция суди ишда аниқланган ҳолатлар ва
қонун талабидан келиб чиқиб, даъвогарнинг 150 000 000 сўм асосий қарз
ундириш талаби асоссиз бўлганлиги сабабли қаноатлантиришни рад этиш
ҳақида тўғри хулосага келган.
Шунингдек, даъвогар даъво аризасида 30.000.000 жарима ундиришни
сўраган.
ФК 260-моддасининг учинчи қисмига биноан, неустойка билан фақат
ҳақиқий талаб таъминланади.
Даъвогарнинг асосий қарз ундириш талаби асосиз бўлганлиги
сабабли, унинг жарима ундириш талаби ҳам асоссиздир.
Шу боис биринчи инстанция суди даъвогарнинг жарима ундириш
талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли тўхтамга келган.
Юқоридагиларга асосан, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди
томонидан ҳар бир далилнинг ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва
ишончлилиги, уларнинг йиғиндиси бўйича етарлилиги нуқтаи назаридан
баҳоланиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган
ҳолда даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри ва
асослантирилган хулосага келинган деб ҳисоблайди.
Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди қарор қабул қилишда
иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаган ҳамда моддий ва
процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган. Шунинг учун апелляция
инстанция суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини
ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган.
ИПК 301-моддасининг 2-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс
302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва
7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув
қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд
ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш
учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув
қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги,
моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд
нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки
бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
ИПКнинг 118-моддаси биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари
миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация шикоятини
қаноатлантирмасдан қолдиришни, иш юзасидан қабул қилинган биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанция судининг
қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, даъвогар томонидан кассация
инстанция суди учун тўлаб чиқилган 900 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм
почта
харажатларини
унинг
зиммасида
қолдиришни,
ишни
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм
харажатни даъвогардан ундиришни лозим деб топади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 297, 301-303-моддаларини қўллаб, судлов
ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Your Doors” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
Когон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 январдаги ҳал
қилув қарори ва Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 9 мартдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Your Doors” масъулияти чекланган жамияти томонидан кассация
инстанция суди учун тўлаб чиқилган 900 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм
почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилсин.
“Your Doors” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суднинг депозит
рақамига ишни видеконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500
сўм суд харажатлари ундирилсин.
Мазкур қарор бўйича ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга
киради.
Раислик қилувчи:
Т.Аннаева
ҳайъат аъзолари:
Ф.Ражабов
З.Рустамов