← Назад
Решение #507171 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
3
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| онуни | 8 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law |
Текст решения
16 994 символов
4-22-2205/40-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида кўрган
судья – М.Бобоназаров
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья – А.Абдуллаев
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья - Р.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 17 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В.Сатторова ва
Р.Сагатовдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, суд мажлисини
видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Хоразм вилоят
судининг ходими А.Назаров, даъвогар вакили – таъсисчи Eskandari Rahim
Esmaeil, учинчи шахс “Engineering and Development Company” МЧЖ қўшма
корхонаси вакиллари - Eskandari Rahim Esmaeil (жамият раҳбари, 2023 йил
2 августдаги 1069/23-сонли ишончнома асосида), офис менеджери
У.Худайбергенова (2023 йил 2 августдаги 1067/23-сонли ишончнома
асосида), таъсисчи Samani Nasr Abdolrahim, адвокат Д.Юсупова (2022 йил
14 ноябрдаги ишончнома асосида), жавобгар вакили – Ж.Саттаров
(таъсисчи)нинг иштирокида, “Engineering and Development Company” МЧЖ
қўшма корхонаси, жамият таъсисчилари Nikkhah Arya Habib, Salami Fatemeh
Mohammad, Samani Nasr Abdolrahim, Cheraghzadeh Mahmoud Gharbanali (Эрон
Ислом Республикаси резидентлари) ва Урганч шаҳар Давлат хизматлари
маркази ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз
қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган ҳолда, даъвогар
“Engineering and Development Company” масъулияти чекланган жамияти қўшма
корхонаси таъсисчиси Eskandari Rahim Esmaeilнинг жавобгар Ж.Саттаровни
жамият таъсисчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатининг 2023 йил 14 февралдаги қарори устидан “Engineering and
Development Company” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси
таъсисчиси Eskandari Rahim Esmaeil томонидан берилган кассация шикояти
асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа
режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Engineering and Development
Company” қўшма корхонаси (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади)
таъсисчиси Eskandari Rahim Esmaeil (Эрон Ислом Республикаси резиденти,
бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси
1
билан мурожаат қилиб, Ж.Саттаровни (бундан буён матнда жавобгар деб
юритилади) МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқаришни сўраган.
Суднинг 2022 йил 25 октябрдаги ажрими билан МЧЖ, МЧЖ
таъсисчилари Nikkhah Arya Habib, Salami Fatemeh Mohammad, Samani Nasr
Abdolrahim, Cheraghzadeh Mahmoud Gharbanali (Эрон Ислом Республикаси
резидентлари) ва Урганч шаҳар Давлат хизматлари маркази ишга низонинг
предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс
сифатида жалб этилган.
Хоразм вилоят судининг 2022 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан
дахвогарнинг даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.
Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция
инстанциясининг 2023 йил 14 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор
қилинган ва даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул
қилинган.
Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг
қароридан норози бўлиб даъвогар Олий судга кассация шикояти билан
мурожаат қилган ва унда апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор
қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни
сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда МЧЖ фаолиятини тартибга солувчи
“Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги
Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда жамият уставининг 14.4-бандига
асосан 2022 йил 22 май куни соат 10:00да жамият таъсисчиларининг навбатдаги
йиғилиши ўтказилиши белгиланганлиги, бу ҳақда 2022 йил 20 апрелда барча
таъсисчиларга 1039/22-сонли хабарнома юборилганлиги, ушбу хабарномада
2022 йил 22 майда бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилиш кун тартибига
жамиятнинг 2022 йил I-чорак якуни бўйича жамият директорининг
ҳисоботларини эшитиш, аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида қарор
қабул қилиш, жамиятнинг ижро этувчи органи ваколатини кўриб чиқиш
масалалари киритилганлиги, яъни жамият таъсисчилари навбатдаги йиғилиш
кун тартибига таъсисчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган ҳамда
жамиятнинг барча таъсисчилари томонидан қарор қабул қилинадиган масалалар
киритилганлиги, йиғилиш белгиланган кунда ўтказилганлиги, унда барча
таъсисчилар, шу жумладан Ж.Сатторов онлайн тарзда иштирок этганлиги ҳамда
кун тартибидаги барча масалалар бўйича қарор қабул қилиниб, 4-сонли
баённома расмийлаштирилганлиги, бироқ таъсисчи Ж.Сатторов ушбу
баённомани имзолашдан бош тортганлиги ҳамда бу ҳақда бошқа таъсисчилар
томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилганлиги, Ж.Сатторов ўзининг
бу ҳаракати (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон
бермаганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштирганлиги, бундан ташқари,
Ж.Саттаров МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган даврда МЧЖ
директори ва таъсисчиларнинг розилигисиз ўзининг имзоси билан 2021 йил
14 декабрда Дубай шаҳридаги “Cartech Trade Fze” компаниясига 43 200 АҚШ
доллари ўтказганлиги, ушбу ўтказилган маблағ эвазига 25 тонна сифатсиз битум
маҳсулоти етказиб берилиб, 25 077 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар
етказиб берилмаганлиги натижасида солиқ идоралари томонидан МЧЖга
нисбатан молиявий жарима қўлланилганлиги, Ж.Саттаровнинг МЧЖ
2
таъсисчилари умумий йиғилишида иштирок этмаганлиги, иштирок этган
тақдирда уни имзоламаганлиги ва имзолашдан бош тортганлиги Ж.Саттаровни
МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун асос бўлиши, апелляция
инстанцияси суди Ж.Саттаров МЧЖнинг фаолият кўрсатишига имкон
бермаётганлиги
ёки
уни
жиддий
тарзда
қийинлаштираётганлиги
исботланмаганлиги ҳақида нотўғри хулосага келганлиги, чунки, Ж.Саттаров
МЧЖнинг умумий йиғилишида иштирок этмаслиги ҳамда кун тартибига
киритилган масалалар бўйича қарор қабул қилишда овоз бермаслиги МЧЖнинг
фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда
қийинлаштираётганлиги исботланган ҳолат ҳисобланиши, чунки, 2022 йил Iчорак якуни бўйича жамият директори ҳисоботларининг муҳокамаси жамият
фаолиятининг асосий йўналишларини белгилашнинг зарурий шарти
ҳисобланиши, Ж.Саттаров эса ўзининг ушбу ҳаракати (ҳаракатсизлиги) билан
2022 йилнинг I-чораги якуни бўйича ҳисоботини муҳокама қилиш ва ушбу
муҳокама натижалари бўйича жамият фаолиятининг асосий йўналишларини
белгилашга тўсқинлик қилганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида даъвогар ва учинчи шахс вакиллари кассация шкоятидаги
важларни такрорлаб, жавобгар Ж.Саттаров таъсисчи Cheraghzadeh Mahmoud
Gharbanaliнинг 15 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини ўзининг
улуши сифатида ўтказиб олганлиги, аслида улуш жавобгар томонидан
киритилмаганлигини билдириб, кассация шикоятини қаноатлантиришни,
апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўрашди.
Суд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятига эътироз билдириб,
уни қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор
қилинган “Engineering and Development Company” МЧЖ қўшма корхонаси
таъсисчилари Nikkhah Arya Habib, Salami Fatemeh Mohammad, Cheraghzadeh
Mahmoud Gharbanali (Эрон Ислом Республикаси резидентлари) ва Урганч шаҳар
Давлат хизматлари маркази суд мажлисига келмадилар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги
ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб
чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари
билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
3
Иш ҳужжатларига кўра, МЧЖ тадбиркорлик субъекти сифатида Хоразм
вилояти, Урганч шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан 2020 йил
3 февралда 809078-рақам билан рўйхатга олинган.
МЧЖнинг ташкил этилиши ва унинг фаолиятини амалга ошириш учун
таъсисчилар 4 000 000 000 сўм миқдорида устав фондини шакллантириши
белгиланган. Яъни, МЧЖнинг устав фондига кўра, Саттаров Жалолиддин
Эркинбаевич - (3,75%) 150 000 000 сўм, Nikkhah Arya Habib - (25,00%)
1 000 000 000 сўм, Salami Fatemeh Mohammad - (15,62%) 625 000 000 сўм,
Samani Nasr Abdolrahim - (40,00%) 1 600 000 000 сўм, Eskandari Rahim
Esmaeil - (15,62%) 625 000 000 сўм миқдорида тақсимланган.
2020 йил 18 ноябрда МЧЖнинг устави қайта давлат рўйхатидан
ўтказилган. Яъни, Саттаров Жалолиддин Эркинбаевич - (3,00%)
120 000 000 сўм, Nikkhah Arya Habib - (14,00%) 560 000 000 сўм, Salami
Fatemeh Mohammad - (12,50%) 500 000 000 сўм, Samani Nasr Abdolrahim (40,00%) 1 600 000 000 сўм, Eskandari Rahim Esmaeil - (12,50%)
500 000 000 сўм, Cheraghzadeh Mahmoud Gharbanali - (18,00%)
720 000 000 сўм миқдорида тақсимланган.
“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар
тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг иккинчи
қисмига мувофиқ жами улушлари жамият устав фондининг (устав
капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари
ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)
билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий
тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида
чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
“Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим
масалалари тўғрисида” 2014 йил 20 июндаги 262-сонли қарорининг
19-бандида “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар
тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг иккинчи
қисмига мувофиқ иштирокчини жамиятдан чиқариш талаби билан судга
фақат жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн
фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари мурожаат қилишлари
мумкинлиги, бунда, жами улушлари жамият устав фонди (устав
капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган битта иштирокчи ҳам,
жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн
фоизини ташкил этадиган бир нечта иштирокчи ҳам бундай талаб билан
судга мурожаат қилиши мумкинлиги, бир нечта иштирокчи судга мурожаат
қилганда даъво аризаси ушбу иштирокчиларнинг барчаси ёки уларнинг
вакили (вакиллари) томонидан имзоланган бўлиши кераклиги, бунда
даъвогар (даъвогарлар) улушининг миқдори белгиланган тартиба
тасдиқланган таъсис ҳужжатлари асосида аниқланиши, агар даъвогар
иштирокчининг улуши ёки бир нечта иштирокчиларнинг жами улушлари
жамият устав фонди (устав капитали)нинг ўн фоизидан кам бўлса ёхуд даъво
4
аризаси жамиятнинг ўзи томонидан берилган бўлса, даъво аризасини
қаноатлантириш рад этилиши лозимлиги, ушбу тоифадаги ишларни кўришда
жавобгар ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги, ҳаракатлари
(ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон
бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги ҳолатлари
мавжудлигини аниқлаш лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Даъво аризасида МЧЖ таъсисчиси Ж.Саттаровни МЧЖ таъсисчилари
сафидан чиқариш учун у томонидан МЧЖ устав фондига улуши
киритилмаганлиги қайд этилган.
“Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банки Хоразм вилоят филиали
томонидан МЧЖнинг банк айланмаси бўйича берилган маълумотномада
жавобгар 2020 йил 28 февралда 28 500 000 сўм, 2020 йил 9 июнда
152 700 000 сўм пул маблағини МЧЖ устав фондини шакллантириш учун
нақд пул топширилганлиги кўрсатилган.
Демак, жавобгарнинг МЧЖ устав фондидаги улуши 3 фоиз, яъни
120 000 000 сўм этиб белгиланган бўлса-да, ушбу улуш тўлиқ
шакллантирилган. Мазкур ҳолатда, даъвогарнинг жавобгар томонидан устав
фондидаги улуши шакллантирилмаганлиги ҳақидаги важи асоссиздир.
Даъвогарнинг 2020 йилда бутун дунёда пандемия сабаб ўрнатилган
карантин чекловлари сабабли Ўзбекистон Республикасига кела олмаган
МЧЖ таъсисчиси Cheraghzadeh Mahmoud Gharbanali ўзининг устав
фондидаги улушини киритиш учун банкка топшириш шарти билан Эрон
Ислом Республикасидан Ж.Саттаровга юборилган 15 000 АҚШ долларини
(шу даврдаги курс бўйича 152 700 000 сўм) банкка унинг номидан
топширмасдан, ўзининг номидан топширганлиги ҳақидаги важи билан ҳам
келишиб бўлмайди. Чунки, биринчидан, таъсисчи Cheraghzadeh Mahmoud
Gharbanali 15 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни жавобгарга
берганлиги ҳақидаги далиллар судга тақдим этилмаган. Иккинчидан, иш
ҳужжатларида Cheraghzadeh Mahmoud Gharbanali томонидан 2020 йил
8 июндан бошлаб бугунги кунга қадар жавобгарнинг мазкур хатти-ҳаракатлари
юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганлиги ҳолати
мавжуд эмас.
Бундан ташқари, даъвогарнинг даъво аризаси ва кассация шикоятида
жавобгар МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган даврда МЧЖ
директори ва таъсисчиларнинг розилигисиз ўзининг имзоси билан 2021 йил
11 декабрда Дубай шаҳридаги “Cartech Trade Fze” компаниясига 43 200 АҚШ
доллари ўтказилганлиги, ушбу ўтказилган маблағ эвазига 25 тонна сифатсиз
битум маҳсулоти етказиб берилганлиги, 25 077 АҚШ доллари миқдоридаги
маҳсулотлар бугунги кунга қадар етказилмаганлиги натижасида солиқ
идоралари томонидан МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилганлиги
ҳақида важ келтирилган. Бироқ, даъвогарнинг мазкур важи ҳам асоссиз.
Чунки, 2021 йил 11 декабрда жамият раҳбари сифатида Samani Nasr
Abdolrahim
фаолият
юритган
ҳамда
2021
йил
11
декабрдаги
CT-MTSB-021/12-21-сонли контракт Samani Nasr Abdolrahim томонидан
имзоланган. Шу боис, даъвогарнинг МЧЖ директори ва таъсисчиларнинг
5
розилигисиз 43 200 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказганлиги ҳақидаги
важи бирор-бир далил билан исботланмаган. Қолаверса, ушбу ҳолат суд
ҳужжатларини бекор қилиш учун асос бўла олмайди.
Даъвогарнинг МЧЖ умумий йиғилишларида жавобгар сабабсиз
иштирок этмаганлиги, йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан доимо
қарши овоз бериб келаётганлиги ҳақидаги важи билан ҳам келишиб
бўлмайди. Чунки, МЧЖ таъсисчиларининг умумий йиғилиши 2020 йил
15 октябрда ўтказилган бўлиб, мазкур йиғилишда жавобгар иштирок этган.
Шунингдек, МЧЖ таъсисчиларининг умумий йиғилиши 2022 йил 22 майда
ўтказилган бўлиб, унда жавобгар онлайн тарзда иштирок этганлиги, бироқ
кейинчалик онлайн режимидаги тизимда узилиш бўлганлиги қайд этилган.
Жавобгарнинг умумий йиғилишда иштирок этиб, қарши овоз
берганлиги уни таъсисчилар сафидан чиқариш учун асос бўлмайди.
Мазкур ҳолатда, судлов ҳайъати даъвогарнинг жавобгар ўз
мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)
билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий
тарзда
қийинлаштираётганлиги
ҳолати
бирор-бир
далил
билан
исботланмаганлиги ҳақида хулосага келди.
Биринчи инстанция суди эса, иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ
ўрганмасдан даъвони қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри
тўхтамга келган.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг
ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш
ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай
асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш
ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
Баён этилганларга кўра, судлов ҳайъати даъвогарнинг кассация
шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг
қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Даъвогардан тўланган суд
харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Даъвогар томонидан Олий суднинг
депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ
82 500 сўм суд харажатлари ундирилиши лозим.
Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 301–303-моддаларини қўллаб,
судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Engineering and Development Company” масъулияти чекланган жамияти
қўшма корхонаси таъсисчиси Eskandari Rahim Esmaeilнинг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
6
Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил
14 февралдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Engineering and Development Company” масъулияти чекланган жамияти
қўшма корхонаси таъсисчиси Eskandari Rahim Esmaeilдан Олий суднинг депозит
рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм
суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Б. Сайфуллаев
ҳайъат аъзолари
В. Сатторова
7