← Назад
Решение #507541 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
9
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПК | 46 | — | law | |
| аролик кодекси | 236 | — | code_article | |
| аролик Кодекси | 333 | — | code_article | |
| онуни | 34 | — | law | |
| ФКнинг | 260 | — | law | |
| ИПК | 299 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
15 830 символов
4-1902-2202/2873-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – У.Тожиев
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – С.Аллабердиев
Кассация инстанциясида маърузачи
судья - Р.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 17 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва В.Сатторовадан
иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа
режимида ўтказишга кўмаклашаётган Сурхондарё вилоят судининг ходими
Б.Тўрамурадов, даъвогар вакили – шўъба бошлиғи Х.Эшназаровнинг иштирокида,
даъвогар Сурхондарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш
бошқармасининг
жавобгар
“Машъал-Ғишт-Тош”
хусусий
корхонасидан
26 591 099 сўм қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган Шеробод туманлараро иқтисодий
судининг 2022 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди
Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 23 январдаги қарори
устидан “Машъал-Ғишт-Тош” хусусий корхонаси томонидан берилган кассация
шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида бўлиб ўтган
видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
аниқлади:
Сурхондарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш
бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) Шеробод туманлараро
иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, “Машъал-Ғишт-Тош”
хусусий корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан
20 307 703 сўм асосий қарз, 6 283 396 сўм пеня ундиришни сўраган.
Шеробод туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув
қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.
Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 23 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлиб, жавобгар Олий
судга кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда Шеробод туманлараро
иқтисодий судининг 2022 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят
суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 23 январдаги
қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида янги қарор
қабул қилиш сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда суднинг ҳал қилув қарорида
даъвогар вакили И.Қурбонов даъвони тўлиқ қувватлаб, уни қаноатлантиришни
сўраганлиги ёзилганлиги, аслида даъвогар вакили судга даъвони қўлламасдан
жавобгар раҳбари Ж.Абдуллаев билан вилоят бошқармасига бирга бориб
ҳисоб-китобни қайта қилишлиги ҳақида тушунтириш берганлиги, суднинг қарорида
тушунтириш нотўғри ёзилганлиги, шунингдек қарорда жавобгар вакили
2
Ж.Абдуллаев даъвони қисман тан олиб ишни қонуний ҳал қилишликни сўраганлиги
ёзилганлиги, аслида жавобгар вакили сифатида жавобгар раҳбари қатнашганлиги,
лекин даъвони умуман тан олмаганлиги, ушбу даъвони рад қилишликни
сўраганлиги, суднинг қарорида тушунтириш нотўғри ёзилганлиги, жавобгар
томонидан компенсация тўловлари олдиндан амалга ошириб келинганлиги, суднинг
ҳал қилув қарорида 26 591 099 сўм қарздорлиги вужудга келган ушбу қарздорлик
ишдаги мавжуд ҳужжатлар билан ўз исботини топганлиги кўрсатилганлиги, лекин
қайси ҳужжатга асосан исботини топганлигини юқори турувчи инстанция суди
аниқлик киритиши мумкинлиги ҳақидаги мурожаатимизга юқори инстанция суди
ҳам аниқлик киритмаганлиги, суднинг қарорида жавобгарга суд мажлиси ҳақида
огоҳлантиришларга қарамасдан судга келмаганлиги кўрсатилганлиги, лекин
жавобгар раҳбари сифатида суд мажлисида иштирок этиш мақсадида борганида
икки маротаба суд мажлисини бошқа кунга қолдириб, жавобгарни чақирмасдан
даъвогар вакили иштирокида суд мажлисини ўтказганлигини кўрсатган.
Жавобгар вакили 2023 йил 15 августда ўтказилган суд мажлисида иштирок
этиб, даъвогар томонидан ҳисобланган компенсация тўловлари қисман
тўланганлигини билдириб, 2 та тўлов топшириқномасини тақдим қилиб, кассация
шикоятини қаноатлантиришни сўради, бироқ 2023 йил 17 августга танаффус эълон
қилинган суд мажлисида иштирок этмади.
Суд мажлисида даъвогар вакили тўланган тўлов топшириқномаларига
аниқлик киритган ҳолда қарздорлик қопланмаганлигини билдириб, кассация
шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд қарорларини ўзгаришсиз
қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб
ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб,
қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд
қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий
ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил
21 декабрдаги ПФ-269-сонли Фармони билан 2023 йил 1 январдан бошлаб
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат
қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ташкил
этилган.
ИПК 46-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, тарафлардан
бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб
кетган ҳолларда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, талаб қилиш ҳуқуқидан
бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг
ўлими ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу
тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради.
Ҳуқуқий ворислик иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай
босқичида амалга оширилиши мумкин.
Шунинг учун, даъвогар унинг ҳуқуқий вориси Ўзбекистон Республикаси
Табиат ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти табиат ресурслари бошқармаси
билан алмаштирилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236- моддасига кўра,
мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай
шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда
қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 333-моддасига кўра
қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада
бажармаганлиги учун, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб
белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни
34-моддасининг олтинчи қисмига кўра, атроф муҳитни ифлослантирганлик учун,
шунингдек табиатдан лимитда (нормативда) белгиланганидан ташқари ва ўзгача
тарзда нооқилона махсус фойдаланганлик учун компенсация тўловлари юридик
шахснинг даромадидан (фойдасидан) ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу модданинг ўн биринчи бандига кўра, табиий ресурслардан
фойдаланганлик учун тўловларни ва атроф муҳитни ифлослантирганлик учун
компенсация тўловларини тўлаганлик юридик ва жисмоний шахсларни экология
тадбирларини бажаришдан ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятидан
озод этмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги
202-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф
табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун
компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён
матнда Низом деб юритилади)нинг 9-бандида компенсация тўлови суммасини
ҳисоблаш учун атроф табиий муҳитга чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар
ташланмалари массасига доир аниқ маълумотлар, атроф табиий муҳитга
ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни турларига
кўра жойлаштиришнинг ҳисобини юритиш бўйича дастлабки маълумотлар,
компенсация тўловчи субъектлар томонидан табиатни муҳофаза қилиш соҳасида
белгиланган шаклларга мувофиқ ҳар йили тақдим этиладиган давлат статистик
ҳисоботлари асосидаги аниқ маълумотлар, ифлослантирувчи манбаларда
ускуна-жиҳозлар воситасида бажарилган экологик назорат, атроф-муҳит
мониторинги натижалари маълумотлари қўлланилади.
Ҳисобот даврида атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддаларни
чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштиришнинг ҳақиқий массасини
аниқлаш мумкин бўлмаса, шунингдек, экологик нормативлар тасдиқланмаган
тақдирда, уларнинг массаси ишлаб чиқаришнинг технологик регламенти бўйича
кутилаётган йиллик массадан келиб чиқиб ҳисобланади.
Низомнинг 10-бандида атроф табиий муҳитга таъсир кўрсатишнинг I — IV
тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар компенсация тўловларини
мазкур Низомнинг 6-8-бандларида белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилиб, ўз
вақтида тўловларни амалга оширишлари шартлиги белгиланган.
Мазкур Низомнинг 11-бандида эса компенсация тўловчи субъектларда
атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва
чиқиндиларни жойлаштиришнинг тасдиқланган экологик нормативлари мавжуд
бўлмаган тақдирда ёки уларнинг амал қилиш муддати тамом бўлганда,
Низомнинг 8-бандида келтирилган 3-формула асосида компенсация тўловлари
ҳисоб-китоб қилиниши кўрсатилган.
Аниқланишича, даъвогар томонидан жавобгар фаолиятида табиатни
муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва
қонуности ҳужжатлари ижроси юзасидан 2022 йил 23 августдан 26 августга қадар
4 кунлик муддатда экологик текширув ўтказилган.
Низомнинг 5-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида
ифлослантирувчи моддалар ташламаларини атроф табиий муҳитга чиқариб
ташловчи, оқова сувларни оқизувчи ва чиқиндиларни жойлаштирувчи юридик
шахслар; юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик
фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари
коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни нормативдан
ортиқча оқизувчи жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф
табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун
компенсация тўловлари тўловчилар ҳисобланади.
Шунингдек, Низомнинг 32-бандига кўра, компенсация тўловчи субъектлар
компенсация тўловларини ўз вақтида ҳисоблаш ва тўлаш, ушбу Низомга мувофиқ
компенсация тўловлари ҳисоб-китоби суммаларини Давлат экология қўмитасининг
ҳудудий органларига келишиш учун қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этиш,
компенсация тўловлари ҳисоб-китоби маълумотларининг ҳаққонийлигини
таъминлаш, компенсация тўловларини ҳисоб-китоб қилишда йўл қўйилган
хатоларни ўз вақтида бартараф этиш ва ушбу Низом талабларига риоя қилиш каби
мажбуриятларга эга ҳисобланади.
Демак, жавобгар компенсация тўловларини ўз вақтида ҳисоблаш ва тўлаш,
ушбу Низомга мувофиқ компенсация тўловлари ҳисоб-китоби суммаларини
даъвогар вакилига келишиш учун қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этиш
мажбуриятлари зиммасига юклатилган.
Текширув натижалари бўйича 2022 йил 26 августда тарафлар иштирокида
далолатнома тузилиб, жавобгарга нисбатан 2020 йилда 7 689 513 сўм, 2021 йилда
8 189 513 сўм, 2022 йилнинг 1 ва 2-чораги учун 3 799 238 сўм, жами 20 307 703 сўм
компенсация тўлови ҳамда 6 283 396 сўм пеня ҳисобланган.
Бундан ташқари, мазкур текширув натижалари бўйича аниқланган
камчиликларни бартараф этиш ва ҳисобланган 26 591 099 сўм қўшимча
компенсация тўлови тўланишини учун жавобгар раҳбари Ж.Абдуллаевга 2022 йил
1 сентябрга қадар ёзма кўрсатма берилган. Бироқ, жавобгар раҳбари Ж.Абдуллаев
ёзма кўрсатмани имзо билан қабул қилиб олган бўлса-да, кўрсатма талаблари
бажарилмаган.
Низомнинг 26-бандида I ва II тоифага мансуб компенсация тўловчи
субъектлар ҳар чоракда атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги, чиқиндилар
жойлаштирилганлиги учун ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасигача аванс
компенсация тўловини амалга ошириши белгиланган.
Шундан сўнг, даъвогар 2022 йил 7 сентябрда 01-15/4214-cонли огоҳлантириш
хати билан 5 кунлик муддатда компенсация тўловларини тўлаш ҳақида жавобгарга
мурожаат қилган. Даъвогарнинг огоҳлантириш хати ҳам жавобгар томонидан
оқибатсиз қолдирилган.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгардан
20 307 703 сўм компенсация тўловини ундириш ҳақида асосли хулосага келган.
Шунингдек, даъвогар ўз даъво аризасида жавобгар ҳисобидан 6 283 396 сўм
пеня ундиришни сўраган.
Низомнинг 30-бандида маблағлар ўз вақтида ўтказилмаган тақдирда, муддати
ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун компенсация тўлови бўйича қарздорлик
суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, бироқ қарздорлик умумий суммасининг
50 (эллик) фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня ундирилиши белгиланган.
ФКнинг 260-моддасига асосан, қонунчилик ёки шартнома билан белгиланган,
қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдиpда
кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади.
ФКнинг 263-модда биринчи қисмига мувофиқ, неустойка тўлаш
тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар,
кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб
қилишга ҳақли.
Мазкур ҳолатда, даъвогарнинг пеня ундириш талаби ҳам 2022 йил
26 августдаги далолатнома ва ҳисоб-китоблар билан ўз тасдиғини топганлиги учун
пеня ундириш талабини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида тўғри тўхтамга келган.
Шу боис, биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабларини тўлиқ
қаноатлантириш ҳақида асосли тўхтамга келган.
Апелляция инстанцияси суди эса биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қонуний қарор қабул қилган.
Жавобгарнинг биринчи инстанция судида даъвогар ва жавобгарнинг
тушунтиришлари нотўғри ёзилганлиги ҳақидаги важи суд қарорларини бекор
қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Қолаверса, мазкур важ бўйича
бирор-бир далил мавжуд эмас.
Бундан ташқари, жавобгар томонидан суд мажлисида тақдим этилган
2023 йил 27 июлдаги ажрими суд қарорлари қабул қилингандан сўнг тақдим
этилган.
ИПК 299-моддасининг иккинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси суди
янги далилларни текширишга ва янги фактларни аниқлашга ҳақли эмас.
Қолаверса, мазкур суднинг ажримида даъвогар томонидан ҳисобланган
компенсация тўловларининг қонунийлиги кўриб чиқилмаган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг
қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддасининг 1-бандида кассация инстанцияси суди кассация
шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни
ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга
ҳақлилиги белгиланган.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни, иш юзасидан қабул қилинган биринчи ва апелляция
инстанцияси суди қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Жавобгардан республика
бюджетига 265 910,99 сўм давлат божи, Олий суднинг депозит рақамига ишни
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари
ундирилиши лозим.
Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 301 – 303-моддаларини қўллаб,
судлов ҳайъати
6
қ а р о р қ и л д и:
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш
давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
бошқармаси унинг ҳуқуқий вориси негизида Ўзбекистон Республикаси Табиат
ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти табиат ресурслари бошқармаси билан
алмаштирилсин.
“Машъал-Ғишт-Тош” хусусий корхонасининг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
Шеробод туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув
қарори ва Сурхондарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 23 январдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Машъал-Ғишт-Тош” хусусий корхонасидан:
- республика бюджетига 265 910,99 сўм давлат божи;
- Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида
кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Р. Сагатов
ҳайъат аъзолари
И. Таджиев
В. Сатторова