← Назад
Решение #507561 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 437 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
13 733 символов
4-1601-2202/4969-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида
ишни кўрган судья Ж.Мусабоев
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья Қ.Ходжаев
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья Ф.Ражабов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
шаҳришаҳри
2023 йил 16 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Т.Аннаева раислигида, ҳайъат аъзолари З.Рустамов
ҳамда Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида,
“Obod diyor asr xamkor 2020” масъулияти чекланган жамияти вакиллари
(раҳбар) Х.Ўзганов, З.Алакулов (2022 йил 20 июндаги 14-сонли ишончнома
асосида), жавобгар “Leasing bonus” масъулияти чекланган жамияти вакили
Л.Сулаймонов (2022 йил 12 октябрдаги 22-сонли ишончнома асосида)
иштирокида, даъвогар “Obod diyor asr xamkor 2020” масъулияти чекланган
жамияти манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят
ҳудудий бошқармасининг жавобгар “Leasing bonus” масъулияти чекланган
жамиятидан 68 812 000 сўм асосий қарз, 8 257 440 сўм пеня ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган иш бўйича қабул қилинган
Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 октябрдаги ҳал қилув
қарори ва Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 27 декабрдаги қарори устидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар манфаатида берган
кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга видеоконференцалоқа
режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Obod diyor asr xamkor 2020” масъулияти чекланган жамияти (бундан
буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат
палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата
деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Leasing
bonus” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб
юритилади)дан 68 812 000 сўм асосий қарз ва 8 257 440 сўм пеня ундиришни
сўраган.
Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 октябрдаги ҳал
қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 27 декабрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, даъвогар
манфаатида палата Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган.
Шикоятда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш
тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда
тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан жавобгарнинг ҳисоб рақамига
жами 240 379 171 сўм ўтказиб берилганлиги, ўз навбатида жавобгар
170 079 161 сўмлик маҳсулотни етказиб бериб, қолган 70 300 838 сўмлик
тўлов бўйича маҳсулот етказиб бермаганлиги, даъвогар раҳбари Х.Ўзганов
номига 2021 йил 16, 17 июнь кунлари 10 000 дона шифер етказиб бериш учун
ишончнома берилганлиги ҳамда жамият омборидан мазкур ҳисобварақфактуралардаги 1 900 дона шифер олиб чиқиб кетилганлиги омборчининг
дафтарига қайд этилган бўлса-да, 70 300 838 сўмлик маҳсулотни даъвогар
раҳбари қабул қилиб олганлигини тасдиқловчи бирор-бир ҳужжат жавобгарда
мавжуд эмаслиги, қолаверса, жавобгар томонидан маҳсулотларнинг ҳақиқатда
даъвогарга жўнатилганлигини тасдиқловчи далил, йўл варақалари, товартранспорт юк хатлари судга тақдим этилмаганлиги, бундай ҳолатда эса,
даъвогар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланмаган 2021 йил
22 июндаги 438-сонли ҳамда 24 июндаги 446-сонли электрон ҳисобварақфактураларни маҳсулот даъвогарга жўнатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат
сифатида тан олиб бўлмаслиги, судлар томонидан қайд этилган ҳолатларга
аниқлик киритилмаганлиги важ қилиб кўрсатилган.
Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакили Х.Ўзганов
Шукрулло исмли шахс унинг корхонасида ишлаганлиги, олдин ҳам
маҳсулотларни шу шахс олиб келиб берганлигини маълум қилди.
Даъвогар вакили З.Алакулов кассация шикоятида келтирилган
важларни такрорлаб, кассация шикоятини қаноатлантиришни, суд
ҳужжатларини бекор қилиб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида
янги қарор қабул қилишни сўрашди.
Жавобгар вакили шикоятда келтирилган важлар асоссиз эканлиги,
судлар томонидан иш ҳолатлари тўлиқ ўрганилиб, қонуний ҳамда
асослантирилган қарор қабул қилинганлигини билдириб, суд қарорларини
ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда
хабардор қилинган бўлса-да, палата суд мажлисида вакили иштирокини
таъминламади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация
шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа
шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик
қилмайди. Ушбу ҳуқуқ нормасидан келиб чиқиб, судлов ҳайъати ишни
палата вакилининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, жавобгарнинг кассация шикоятида келтирилган
важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга
асосан суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирмасдан
қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён
матнда ФК деб юритилади) 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар
мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар
ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда
қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида маҳсулот ектазиб
бериш юзасидан 2021 йил 12 майда 197-сонли шартнома тузилган.
Шартноманинг 1.1-бандига кўра, “сотувчи” (жавобгар) ўзига тегишли
шартноманинг 1.3-бандида назарда тутилган миқдор ва сифатдаги маҳсулот
(шифер)ларни “сотиб олувчи” (даъвогар)га топшириш, даъвогар эса ушбу
маҳсулот(лар)ни қабул қилиб, унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 1.4-бандига мувофиқ маҳсулотнинг умумий қиймати
251 600 000 сўмни ташкил этган.
ФКнинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига
мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб
берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб
чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик
фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва
шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа
мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни
қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Шартноманинг 3.2-бандида, жавобгар шартноманинг 2.1-бандида
кўрсатилган етказиб бериладиган маҳсулот бўйича тўловларни амалга
ошириш мажбурияти даъвогар томонидан бажарилган санадан бошлаб
маҳсулотни 10 банк куни ичида даъвогарга топшириши шартлиги,
3.6-бандида эса даъвогар маҳсулотни қабул қилиш вақтида кўздан кечириши,
маҳсулотнинг мазкур шартнома шартларига мос келмаслиги аниқланган
тақдирда, даъвогар шу муддатда жавобгарга аниқланган номувофиқлар
ҳақида маълумотларни акс эттирувчи хабарнома юбориши белгилаб
қўйилган.
Шартнома шартларидан келиб чиқиб, даъвогар ўзининг шартномавий
мажбуриятларини лозим даражада бажариб, етказиб бериладиган маҳсулот
учун жавобгарнинг ҳисоб рақамига жами 240 380 000 сўм ўтказиб берган.
Жавобгар томонидан даъвогарга маҳсулотлари етказиб берилганлиги
юзасидан қуйидаги, яъни: 2021 йил 17 июнда 419-сонли (33 300 090 сўмлик),
2021 йил 18 июнда 421-сонли (37 000 100 сўмлик), 2021 йил 21 июнда
432-сонли (33 300 090 сўмлик), 2021 йил 22 июнда 438-сонли
(33 300 090 сўмлик), 2021 йил 24 июнда 446-сонли (37 000 100 сўмлик),
2021 йил 25 июнда 451-сонли (22 200 060 сўмлик), 2021 йил 26 июнда
454-сонли (22 200 060 сўмлик), 2021 йил 28 июнда 457-сонли
(22 078 765,45 сўмлик), жами 240 379 351,45 сўмлик электрон ҳисобварақ
фактуралар юборилган ва 170 079 165 сўмлик ҳисобварақ фактуралар
даъвогар томонидан белгиланган муддатларда тасдиқланган. Жавобгар
томонидан юборилган 2021 йил 22 июндаги 438-сонли (33 300 090 сўмлик)
ва 2021 йил 24 июндаги 446-сонли (37 000 100 сўмлик) жами
70 300 190 сўмлик шифер маҳсулотлари етказиб берилганлиги тўғрисидаги
электрон ҳисобварақ фактуралар тасдиқланмаган ёки рад қилинмаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
25 июндаги 522-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзаро ҳисоб-китоблар
тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш
тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандида, электрон ҳисобварақ-фактура
товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилиш ва сотиб олишни
тасдиқлайдиган, ЭҲФ айланиш тизими операторлари орқали тақдим
этиладиган ва қабул қилинадиган, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ
белгиланган шаклларда расмийлаштирилган электрон ҳужжат эканлиги
кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
14 августдаги 489-сон қарори билан тасдиқланган “Ҳисобварақ
фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул
қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом деб
юритилади)нинг 63-бандига кўра (2021 йил июнь ойида амалда бўлган),
етказиб берувчи томонидан тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактура ўн
календарь кун ичида сотиб олувчи томонидан электрон рақамли имзо билан
тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши шарт. Сотиб
олувчи томонидан белгиланган муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган
электрон ҳисобварақ-фактура тасдиқланган ҳисобланади.
Демак, мазкур ҳолатда жавобгар юборган 2021 йил 22 июндаги
438-сонли ва 2021 йил 24 июндаги 446-сонли (жами 70 300 190 сўмлик)
электрон ҳисобварақ-фактуралар Низомда белгиланган ўн кунлик муддат
ичида даъвогар томонидан тасдиқланмаган ёки сабабли кўрсатилган ҳолда
рад этилмаган. Шу боис мазкур ҳисобварақ-фактуралар Низом талабларига
кўра, тасдиқланган ҳисобланади.
Бухгалтерия стандартларига кўра, маҳсулот етказиб берилганлиги
ишончнома, ҳисобварақ-фактуралар билан тасдиқланиши лозим.
Мазкур ҳолатда ҳам жавобгар томонидан даъвогарга жами
240 379 351,45 сўмлик шифер маҳсулотлари етказиб берилганлиги даъвогар
раҳбари Х.Ўзганов номига берилган ишончнома, юқорида қайд этилган
ҳисобварақ-фактуралар ва иш ҳужжатлари билан тўлиқ тасдиқланган.
Қолаверса, даъвогар раҳбари Х.Ўзганов суд муҳокамасида унинг
номига 2021 йил 16, 17 июнь кунлари 10 000 дона шифер олиш учун
ишончнома берилган бўлса-да, барча шифер маҳсулотларини ўзи эмас, балки
Шукурулло исмли шахс олиб кетганлигини маълум қилган. Х.Ўзгановнинг
мазкур кўрсатмаси Наманган шаҳар ИИО ФМБ ТБ суриштирувчисининг
2023 йил 2 февралдаги жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги
қарорида ҳам ўз аксини топган.
Шу боис, биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ аниқлаб, иш
ҳужжатлари ҳамда тарафларнинг важ ва эътирозларига тегишли ҳуқуқий
баҳо бериб, ишнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво
талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қонуний тўхтамга келган.
Ўз навбатида апелляция инстанцияси суди ҳам моддий ва процессуал
ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда асосли равишда биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирган важлар билан келишиб
бўлмайди деб ҳисоблайди. Чунки, ишнинг ҳақиқий ҳолати ва юқорида қайд
этилган асослар даъвогарнинг важлари асоссиз эканлигини, унинг даъво
талабларига асос қилиб келтирган ҳолатлари тегишли далиллар асосида
исботлаб берилмаганлигини тасдиқлайди. Шу боис жавобгарнинг важлари
суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш
учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув
қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги,
моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини,
апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш
учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда суд ҳужжатларини бекор қилиш учун асослар мавжуд
эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг
2022 йил 26 октябрдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг
2022 йил 27 декабрдаги қарорини ўзгаришсиз, палатанинг кассация
шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд
харажатларини тақсимлаш масаласини муҳокама қилиб, ИПКнинг
118-моддасига асосан кассация шикояти тақдим этишда тўланган 33 000 сўм
почта харажатини даъвогар зиммасида қолдириб, ишни кассация
инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 770 694,4 сўм давлат божи ҳамда
82 500 сўм видеоконференцалоқа харажатини даъвогардан ундиришни лозим
топади.
Баён қилинганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қарор қилди:
Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 октябрдаги ҳал
қилув қарори ва Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 27 декабрдаги қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Савдо-
6
саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг кассация шикояти
қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
“Obod diyor asr xamkor 2020” масъулияти чекланган жамиятидан:
- республика бюджетига 770 694,4 сўм давлат божи;
- Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига
82 500 сўм харажат ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Т.Аннаева
ҳайъат аъзолари:
З.Рустамов