← Назад
Решение #509789 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 279 | — | law | |
| ФКнинг | 237 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
17 383 символов
4-1001-2229/71429-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида
ишни кўрган судья Б.Абдурахимов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья В.Ли
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья Ф.Ражабов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
шаҳри шаҳри
2023 йил 10 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
З.Рустамов ҳамда Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимов котиблигида,
“Асакабанк” акциядорлик жамияти вакили Т.Уралов (2023 йил 4 январдаги
20-05/26-сонли ишончномага асосан), “Paxta Exim” масъулияти чекланган
жамияти вакиллари А.Йўлдашев, Р.Окилова (2023 йил 20 июлдаги
ишончномаларга асосан), даъвогар “Асакабанк” акциядорлик жамияти
манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий
бошқармасининг жавобгар “Paxta Exim” масъулияти чекланган жамиятидан
7 200 000 АҚШ доллари миқдорида муддати келмаган асосий қарз, 18 000 АҚШ
доллари миқдорида муддати келмаган фоиз қарздорлиги, 3 212 000 АҚШ
доллари миқдорида муддати ўтган асосий қарз, 297 869,79 АҚШ доллари
миқдорида муддати ўтган фоиз қарзи, жами 10 727 869 АҚШ доллари
ундиришни, ундирувни гаровдаги мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги даъво
аризаси юзасидан юритилган иш бўйича қабул қилинган Тошкент туманлараро
иқтисодий судининг 2023 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар
суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 12 майдаги қарори
устидан “Paxta Exim” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган
кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга очиқ суд мажлисида кўриб
чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Асакабанк” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб
юритилади) манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят
ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) судга даъво
аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Paxta Exim” масъулияти чекланган
жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 7 200 000 АҚШ
доллари миқдорида муддати келмаган асосий қарз, 18 000 АҚШ доллари
миқдорида муддати келмаган фоиз қарздорлиги, 3 212 000 АҚШ доллари
миқдорида муддати ўтган асосий қарз, 297 869,79 АҚШ доллари миқдорида
муддати ўтган фоиз қарзи, жами 10 727 869 АҚШ доллари ундиришни,
ундирувни гаровдаги мол-мулкларга қаратишни сўраган.
Кейинчалик, даъвогар суд мажлиси куни ҳолатига жавобгарнинг муддати
ўтган асосий қарзи 10 412 000 АҚШ доллари, муддати ўтган фоиз қарздорлиги
367 053,59 АҚШ доллари, муддати ўтган асосий қарзга ҳисобланган фоиз
қарздорлиги 3 904,5 АҚШ долларини, жами 10 782 958,09 АҚШ долларини
ташкил этганлигини билдириб, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш
тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этган ва суднинг 2023 йил 13 мартдаги
ажрими билан мазкур ариза иш юритишга қабул қилинган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 мартдаги ҳал
қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан
даъвогар фойдасига 10 412 000 АҚШ доллари муддати ўтган асосий қарз,
367 053,59 АҚШ доллари муддати ўтган фоиз қарздорлиги, 3 904,5 АҚШ
доллари муддати ўтган асосий қарзга ҳисобланган фоиз қарздорлиги, жами
10 782 958,09 АҚШ доллари миқдорида кредит қарздорлиги ундирилган ҳамда
ундирув гаровдаги мулкларга қаратилган. Даъво талабининг қолган қисмини
қаноатлантириш рад этилган.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 12 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан
мурожаат қилиб, биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг қарорларини
бекор қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда судлар томонидан иш учун
аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, тақдим этилган далилларга
тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, “Real Agro Coton” унитар корхонаси ва
“Агробанк” АТБ тошкент вилоят ҳудудий филиали ўртасида 2021 йил
22 ноябрда 95-сонли сонли кредит шартномаси имзоланганлиги ва ушбу
шартномага асосан “Агробанк” АТБ филиали томонидан корхонага 2022 йилда
17 360 тонна пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш
учун 67 828 992 000 сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилганлиги,
суд томонидан эса мазкур иш бўйича кредит қарздорлигининг ундируви “Real
Agro Coton” унитар корхонасига тегишли пахта тозалаш пунктларида
сақланаётган 15 000 тоннадан кам бўлмаган миқдордаги 2022 йил ҳосили
(пахтаси) ва уни қайта ишлашдан олинадиган тола маҳсулотига қаратилганлиги,
ушбу ҳолат мазкур иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори “Агробанк”
АТБнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир кўрсатганлиги, бироқ биринчи
инстанцияси суди “Агробанк” АТБни ишга жалб қилмаганлиги, Ўзбекистон
Республикаси Президентининг ПҚ-43-сонли қарори 8-бандининг биринчи
қисмига асосан кредит қарздорлигини тўлашда жавобгарга енгиллик
берилмаганлиги, даъвогарнинг даъво талабиги ўзгартириш тўғрисидаги аризаси
нусхаси тарафларга юборилмаганлиги, суд мажлисининг вақти ва жойи
тўғрисида “Real Tex Nurafshon” масъулияти чекланган жамияти, “Real Teks
Qorako`l” масъулияти чекланган жамияти ва “Real Agro Cotton” унитар
корхонаси тегишли тартибда хабардор қилинмаганлигини кўрсатган.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган бўлса-да, палата, “Real Tex Nurafshon”, “Real Teks Qorako`l”
масъулияти чекланган жамиятлари, “Real Agro Cotton” унитар корхонаси ва
“Kafil sug‘urta” АЖ суд мажлисида ўз вакиллари иштирокини таъминламади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини
(протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг
келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Ушбу ҳуқуқ нормасидан келиб чиқиб, судлов ҳайъати ишни улар
вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакиллари кассация
шикоятида келтирилган важларини такрорлаб, судлар томонидан иш ҳолатлари
тўлиқ аниқланмаганлиги, жавобгарнинг важлари ва тақдим этилган
ҳужжатларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаганлигини билдириб, кассация
шикоятини қаноатлантиришни, суд ҳужжатларини бекор қилиб, янги қарор
қабул қилишни сўрашди.
Даъвогар вакили шикоятда келтирилган важлар асоссиз эканлиги, судлар
томонидан иш ҳолатлари тўлиқ ўрганилиб, қонуний ва асослантирилган қарор
қабул қилинганлигини билдириб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни
сўради.
Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, жавобгарнинг кассация шикоятида келтирилган
важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан
суд қарорларини ўзгаришсиз қолдириб, кассация шикояти қаноатлантиришни
рад этишни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар шартларига ва
қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар
бўлмаганда эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа
талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар номидан унинг Нурафшон
филиали ва жавобгар ўртасида 2022 йил 18 августда 13-сонли кредит
шартномаси тузилган.
ФК 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича
бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга
(қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул
маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш
ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Кредит шартномасининг 1.1-бандига кўра, банк жавобгарга айланма
маблағларни тўлдириш, улгуржи савдо фаолиятини ривожлантириш мақсадида
ип-калава сотиб олиш учун кредит валютасида 12 000 000 АҚШ миқдорида
кредит бериш мажбуриятини олган.
Кредит шартномасининг 2.1-бандига кўра кредит муддати шартнома
тузилган вақтдан бошлаб 7 ойни ташкил қилиши, кредит ставкаси йиллик
10 фоизни ташкил қилиши белгиланган.
Шартноманинг 6.2-бандига кўра, қарз олувчи томонлар ўртасида тузилган
ва ушбу шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган (1-илова) кредитни
қайтариш жадвалига асосан кредитнинг асосий қарзини кредит валютасида
кредит тўлиқ сўндирилгунга қадар қайтариши кўрсатилган.
Шартнома шартларидан келиб чиқиб, банк ўзининг шартномавий
мажбуриятларини лозим даражада бажариб, жавобгарга шартномада
белгиланган миқдорда кредит маблағларини ажратган.
ФК 735-моддасининг биринчи бандига кўра қарз олувчи олинган қарз
суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз
берувчига қайтариши шарт.
Бироқ, жавобгар кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини лозим
даражада бажармасдан кредит ва унинг фоизларини шартномада белгиланган
муддатларда тўламаган. Бунинг натижасида жавобгарнинг даъвогар олдида
2022 йил 15 декабрь ҳолатига муддати ўтган кредит асосий қарзи
3 212 000 АҚШ доллари, фоиз қарздорлиги 297 869,79 АҚШ долларини ташкил
этган.
Даъвогарнинг мавжуд қарздорликни тўлаш тўғрисидаги огоҳлантириш
хатлари жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли даъвогар
манфаатида палата даъво аризасидаги талаб билан судга мурожаат қилган.
Кредит шартномаси 17-бандининг б) кичик бандига кўра, жавобгар
кредитнинг бирор бир қисми (асосий қарз, ҳисобланган фоизлар,
кечиктирилган тўловлар бўйича фоизлар)ни тўлаш бўйича мажбуриятлари
бажарилмаса, агар ушбу ҳолат даъвогар томонидан жавобгарга мажбурият
бажарилмаганлиги тўғрисида огоҳлантиришдан сўнг 30 (ўттиз) календарь кун
ичида давом этадиган бўлса, кредитни муддатидан олдин ундириб олиш учун
асос бўлади.
ФК 736-моддасининг иккинчи қисмига асосан агар қарз шартномасида
қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи
қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган
тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар
билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Демак, мазкур ҳолатда жавобгар кредит шартномасига асосан тўланиши
лозим бўлган кредит қазларини ўз вақтида тўламаганлиги, кредитни қайтариш
жадвалини бир неча маротаба бузганлиги ишдаги ҳужжатлар ҳамда тарафлар
вакилларининг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топган.
Шу боис биринчи инстанция суди даъво талабининг жавобгардан
даъвогар фойдасига 10 412 000 АҚШ доллари миқдорида кредит асосий қарзи,
367 053,59 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган кредит фоизи, муддати
ўтган асосий қарзга ҳисобланган 3 904,5 АҚШ доллари миқдорида фоиз
қарздорлиги, жами 10 782 958,09 АҚШ долларини ундириш тўғрисида қонуний
қарор қабул қилган.
Шу билан бирга даъво аризасида ундирувни гаровдаги мулкларга
қаратиш сўралган.
Аниқланишича, кредитни қайтариш таъминоти сифатида 2022 йил
18 августда расмийлаштирилиб, нотариал тартибда тасдиқланган ипотека
шартномасига асосан “Real Tex Nurafshon” масъулияти чекланган жамиятига
тегишли Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, Бирлик МФЙ, Тошкент йўли
кўчаси 78-уй манзилида жойлашган ип йигирув фабрикаси бино ва иншоотлари
ипотекага қўйилган.
Шунингдек, 2022 йил 31 августда расмийлаштирилиб, нотариал тартибда
тасдиқланган ипотека шартномаларига асосан “Real Teks Qorako`l” МЧЖга
тегишли Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Хўжалар МФЙ, Улуғбек кўчаси
153-уйда жойлашган ишлаб чиқариш биноси ҳамда ушбу манзилда жойлашган
ип калава ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ипотекага қўйилган.
Бундан ташқари, 2022 йил 23 августда расмийлаштирилиб, нотариал
тартибда тасдиқланган гаров шартномасига асосан “Real Agro Coton” унитар
корхонасининг Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани, Қорасув массиви,
Мунаввар кўчаси 52-уй манзилида ва Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри,
Ойбек кўчаси, Улуғбек МФЙ ҳамда Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани,
Ўртасарой МФЙ ҳудудида жойлашган пахта тозалаш пунктларида сақланаётган
15 000 тоннадан кам бўлмаган миқдордаги 2022 йил ҳосили (пахтаси) ва уни
қайта ишлашдан олинадиган тола маҳсулотлари гаровга қўйилган.
ФКнинг 279-моддасига кўра, гаровга олувчининг (кредиторнинг)
талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган
мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада
бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.
ФК 280-моддасининг биринчи қисмига асосан гаровга олувчининг
(кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан
суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.
Биринчи инстанция суди мазкур ҳуқуқ нормаларига асосан ундирувни
гаровдаги мулкларга қаратиш ҳақида асосли хулосага келган. Чунки, тарафлар
ўртасида тузилган ипотека (гаров) шартномалари бекор қилинмаган,
ўзгартирилмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилмаган.
Бундан кўринадики, апелляция инстанцияси суди иш ҳолатларини тўлиқ
аниқлаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда
асосли равишда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз
қолдирган.
Шу билан бирга судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида
келтирган важлари билан келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди.
Биринчидан, тарафлар ўртасида имзоланган 2022 йил 18 августдаги
13-сонли кредит шартномаси ҳамда юқорида қайд этилган ипотека ва гаров
шартномалари мазкур низо бўйича даъвонинг асоси ҳисобланади.
Шу боис “Real Agro Coton” унитар корхонаси ва “Агробанк” АТБ Тошкент
вилоят ҳудудий филиали ўртасида 2021 йил 22 ноябрда 95-сонли сонли кредит
шартномаси имзоланганлиги ва ушбу шартномага асосан “Агробанк” АТБ
филиали томонидан корхонага 2022 йилда 17 360 тонна пахта хом ашёсини
етиштириш харажатларини молиялаштириш учун 67 828 992 000 сўм миқдорида
имтиёзли кредит маблағлари ажратилганлиги ушбу низони мазмунан кўриб
чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Қолаверса, жавобгар мазкур иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори
“Агробанк” АТБнинг айнан қайси қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир
қилганлигини тегишли далил ва қонунчилик ҳужжатлари асосида исботлаб
бермаган. Қайд этилган ҳолатда, судлов ҳайъати судлар томонидан қабул
қилинган суд ҳужжатлари “Агробанк” АТБнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл
қилмайди деб ҳисоблайди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-43-сонли
қарори 8-бандининг биринчи қисмига асосан кредит қарздорлигини тўлашда
жавобгарга енгиллик берилмаганлиги важи ҳам асоссиз ҳисобланади.
Чунки, ФКнинг 237-моддасига кўра, мажбуриятни бажаришдан бир
томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга
йўл қўйилмайди, қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан
мустасно.
Қолаверса, кредит шартномасида белгиланган мажбуриятлар жавобгар
томонидан шартномада белгиланган муддатларда бажарилмаганлиги тарафлар
вакилларининг кўрсатмалари ва иш ҳужжатлари билан тўлиқ тасдиқланган.
Кредит шартномасида мажбуриятларни бажариш муддатларини узайтириш
юзасидан ёки бошқа тарзда бирор-бир ўзгартириш киритилмаган.
Учинчидан, биринчи инстанция суди муҳокамасининг вақти ва жойи
тўғрисида “Real Tex Nurafshon” масъулияти чекланган жамияти, “Real Teks
Qorako`l” масъулияти чекланган жамияти ва “Real Agro Cotton” унитар
корхонаси тегишли тартибда хабардор қилинган ва бу ҳақдаги далиллар иш
ҳужжатларида мавжуд.
Шунингдек, даъвогарнинг даъво талаби миқдорини кўпайтириш
тўғрисидаги аризаси суд мажлисида тақдим этилган ва ушбу суд мажлисида
жавобгар вакили ҳам иштирок этган бўлиб, мазкур ариза судга тақдим
этилганлигидан хабардор бўлган.
Шу боис жавобгарнинг важлари суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор
қилиш учун асос бўлмайди.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш
учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида
баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва
(ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос
бўлади.
Мазкур ҳолатда суд қарорларини бекор қилиш учун бундай асослар
мавжуд эмас.
7
ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг 2023 йил
13 мартдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг 2023 йил
12 майдаги қарорини ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини
қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд
харажатларини тақсимлаш масаласини муҳокама қилиб, ИПКнинг
118-моддасига асосан кассация шикояти тақдим этишда тўланган 33 000 сўм
почта харажатини жавобгар зиммасида қолиришни ҳамда ундан республика
бюджетига ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ
1 208 350 144,81 сўм давлат божи ундиришни лозим топади.
Баён қилинганларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 мартдаги ҳал
қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 12 майдаги қарори ўзгаришсиз, “Paxta Exim” масъулияти
чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
“Paxta Exim” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига
1 208 350 144,81 сўм давлат божи ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Т.Аннаева
ҳайъат аъзолари:
З.Рустамов
Ф.Ражабов