← Назад
Решение #510452 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
8
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ФКнинг | 465 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ИПКнинг | 179 | — | law | |
| судлар ФК | 326 | — | law | |
| ИПК | 299 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law |
Текст решения
15 464 символов
4-1805-2301/334-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Ғ.Игамов
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья – Ҳ.Турсунов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 9 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов
ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, А.Файзиевнинг котиблигида, Миришкор
туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили
Р.Хазратқулов (2023 йил 4 январдаги 01-сонли ишончнома асосида), жавобгарнинг
вакили А.Хўжанов (2023 йил 17 февралдаги 18-сонли ишончнома асосида)нинг
иштирокида, Миришкор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгаши (даъвогар “Ибратбек Ҳаётбек” фермер хўжалиги манфаатида)нинг
жавобгар “Mirishkor tekstil group klaster” масъулияти чекланган жамиятидан
425 075 641 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш
юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар томонидан берилган
кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Миришкор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгаши (бундан кейин матнда Кенгаш деб юритилади) “Ибратбек Ҳаётбек”
фермер хўжалиги (бундан кейин матнда даъвогар ёки фермер хўжалиги деб
юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Mirishkor
tekstil group klaster” масъулияти чекланган жамияти (бундан кейин матнда
жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) ҳисобидан 332 586 327 сўм асосий қарз, унга
ҳисобланган 49 887 949 сўм жарима, режадан ортиқча топширган маҳсулот
устамаси 6 587 000 сўм, 988 050 сўм жарима, ҳар бир кг терим пули учун
ноқонуний ушлаб қолинган 250 сўмдан 23 886 500 сўм ва унга ҳисобланган
3 582 975 сўм жарима, 6 571 166 сўм асоссиз ушлаб қолинган қуритиш тозалаш
харажати ва унга ҳисобланган 985 674 сўм жарима ундиришни сўраган.
Касби туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 мартдаги ҳал қилув
қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвогарга жавобгардан
187 181 014 сўм қарздорлик ва 49 887 949 сўм жарима ундириш белгиланган.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 31 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори - жавобгар “Mirishkor tekstil
group klaster” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар “Ибратбек Ҳаётбек”
фермер хўжалиги фойдасига 988 050 сўм жарима ундирилсин - деб ўзгартирилган.
Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Кенгашнинг кассация шикоятида қуйи инстанция судларининг қарорларини
бекор қилиб, даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул
қилиш сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда судлар томонидан иш учун аҳамиятли
ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаганлиги, ҳар бир даъво талаблари алоҳида муҳокама
қилинмаганлиги ва уларга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, моддий ва процессуал
ҳуқуқ нормалари бузилганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида кенгаш вакили кассация шикоятида келтирилган важларни
қувватлаб, қуйи инстанция судларининг қарорларини бекор қилишни ва даъво
аризасини тўлиқ қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар вакили кассация шикояти асоссизлиги, апелляция инстанцияси
суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилганлиги ва қонуний
қарор қабул қилинганлигини билдириб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни
сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган даъвогардан вакил суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов
ҳайъати ишни даъвогарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан
бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра шикоятни қаноатлантиришни рад
этишни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларида мажбуриятлар шартномадан, зиён
етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб
чиқиши белгиланган.
ФКнинг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига
ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар
ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган
бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2022 йил 27 январда тузилган пахта хом
ашёси ва уруғлик пахта ҳарид қилиш бўйича 18-сонли фючерс шартномасига
асосан даъвогар (Хўжалик) 2022 йил ҳосилидан 26 гектар ер майдонидан
90,0 тонна пахта хом ашёси топшириш мажбуриятини, жавобгар (Харидор) эса
Хўжаликни ушбу шартномада белгиланган тартибда етиштирилган маҳсулотини
қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Даъвогар томонидан жавобгарга шартномага асосан 2022 йил пахта ҳосили
учун 95 546 тонна пахта хом ашёси электрон тасдиқланган ҳисоб-варақ
фактураларга асосан етказиб берилган.
Шартноманинг 4.5-бандида Хўжаликка етказиб берган маҳсулот
қийматининг 100 фоизи ҳисобидан терим учун юборилган пуллар ва бошқа
харажатлар чегирилганидан қолган қисми 2022 йилнинг 31 декабрига қадар тўлаб
берилиши белгиланган.
Даъво аризасида баён этилишича, жавобгар томонидан топширилган пахта
хом ашёси пулидан жавобгар 2022 йил пахта терим мавсумида ҳар кг пахтага
биринчи терим учун 1500 сўм, иккинчи терим учун 1800 сўм терим пули
белгиланган бўлса-да, ушбу терим пуллари миқдори устига яна ҳар бир кг учун
250 сўм пул маблағи ҳисоблаб, жами 23 886 500 сўм пул маблағи ортиқча
ҳисобланган, режадан ортиқча топширган маҳсулотни 15 фоизлик устамаси
6 587 000 сўмни ҳам тўлаб бермаган. Бундан ташқари, қуритиш ва тозалаш
харажати учун асоссиз равишда 6 571 166 сўм ушлаб қолинган.
ФКнинг 465-моддасига асосан контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ
хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш
ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга – тайёрловчига
шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади,
тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини
шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини
олади.
Тарафлар ўртасида 2023 йил 1 январда тасдиқланган солиштирма
далолатнома ва маълумотнома, ўзаро тасдиқланган электрон ҳисоб-фактуралар
асосан жавобгарнинг даъвогар олдида 416 050 203 сўм қарздорлиги мавжудлиги
аниқланган. Бироқ, судга даъво аризаси киритилганидан сўнг жавобгар томонидан
асосий қарздорлик қисман тўлаб берилган ва натижада қарздорлик
174 022 848 сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, 6 571 166 сўм асоссиз ушлаб қолинган қуритиш тозалаш
харажатини ундиришни сўраган.
Шартноманинг 1.4-бандига биноан пахта хом ашёсини қуритиш
ва тозалаш харажатларини жавобгар зиммасига олган.
Шартнома 2.1-бандининг ж)-кичик бандида режадан ортиқча топширилган
пахта хом ашёсинининг қийматига яна 15 фоиз миқдорда қўшимча тўлаш
белгиланган. Даъвогар шартномада белгиланган 90,0 тонна пахта ўрнига 95 546
тонна пахта хом ашёси топширган. Шартнома шартига биноан ортиқча
топширилган пахтанинг 15 фоиз устамаси 6 587 000 сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолатда, биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган асосларга
кўра, жавобгардан даъвогарга 187 181 014 сўм қарздорлик ҳамда 49 887 949 сўм
жарима ундириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.
Жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисоб-рақамига ҳар бир кг терилган
пахтани ўртача терим пули нархига яна 250 сўмдан жами 23 886 500 сўм ўтказиб
берган. Ушбу ўтказиб берилган пуллар даъвогарнинг ҳисоб-рақами орқали
банкка тақдим этган ҳужжати, чек дафтари ва розилик имзоси билан теримчиларга
нақд пул шаклида берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил
4 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар
фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунини иқтисодий
судлар амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 103-сонли қарори
2-бандининг иккинчи хатбошисида офертани акцептлаш учун белгиланган
муддатда уни олган шахснинг кўрсатилган шартнома шартларини бажариш
юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизмат кўрсатиши, ишларни
бажариши, муайян суммани тўлаши ва ҳоказолар), агар қонунда ва офертада
бошқача тартиб кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланиши ҳақида
тушунтиришлар берилган.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди даъвогарга пул маблағи ўтказиб
берилганлиги, даъвогар пул маблағи ўтказилганда эътироз билдирмаганлиги, ушбу
пул маблағини банк орқали теримчиларга нақд пул шаклида берганлиги, унинг бу
ҳаракати акцепт деб баҳолаган ҳамда даъвогарнинг қўшимча терим пули унинг
розилигисиз ҳисоб-рақамига ўтказиб берилганлигини, бу пулни топширилган
маҳсулот пулидан нотўғри ушлаб қолаётганлиги ҳақидаги важига қўшилмаслик
ҳақида асосли хулосага келган. Шунга кўра, даъвонинг ҳар бир кг пахта терими
учун 250 сўмдан ушлаб қолинган жами 23 886 500 сўм ва унга ҳисобланган
3 582 975 сўм жаримани ундириш қисми асоссиз бўлганлиги сабабли бу талабни
асосли равишда қаноатлантиришни рад этган.
Шунингдек, даъво аризасида даъвогарга жавобгардан шартноманинг
5.4-бандига асосан терим пулига ҳисобланган жаримадан ташқари, жами
51 861 673 сўм жарима ундиришни сўраган.
Шартноманинг 5.4-бандида шартномага мувофиқ белгиланган муддатларда
бўнак(аванс) маблағларини, топширилган (юклаб жўнатилган) пахта хом ашёси
ҳақини белгиланган муддатда тўламаганлиги учун Харидор Хўжаликка ўзи
тўлаши керак бўлган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима тўлаши назарда
тутилган.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка
кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб
турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай
даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий
аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд
алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб,
кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.
Ушбу ҳолатда биринчи инстанция суди жарималар ундириш ҳақидаги даъво
талабларини қисман қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 49 887 949
сўм жарима ундириш ҳақида асосли хулосага келган. Бироқ, биринчи инстанция
суди даъво талабининг режадан ортиқча топширилган маҳсулот учун 15 фоиз
миқдорида устама – 6 587 000 сўм ундирган бўлса-да, ушбу устамага нисбатан
ҳисобланган 988 050 сўм жарима ундириш талабини муҳокама қилмаган.
Ваҳоланки, ИПКнинг 179-моддасида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида
билдирилган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ҳақидаги
ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосалар бўлиши кераклиги,
180-моддасида эса, суд пул маблағларини ундириш тўғрисидаги талабни
қаноатлантириш чоғида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундирилиши лозим
бўлган пул суммаларининг умумий миқдорини асосий қарзнинг, зарарларнинг,
неустойканинг (жарима ва пенянинг) ҳамда фоизларнинг миқдорини алоҳидаалоҳида аниқлаган ҳолда кўрсатиши лозимлиги белгиланган.
Мазкур ҳолатда, апелляция инстанцияси суди шартнома шартлари ҳамда
қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, талаб қилинган 988 050 сўм жарима
миқдори мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиб эканлиги сабабли даъво
талабининг ушбу қисмини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган.
Кассация шикоятидаги биринчи инстанция суди томонидан шартноманинг
5.4-бандида келишилган 15 фоизлик жарима суммаси асоссиз равишда 7 фоизга
камайтирилганлиги ҳақидаги важлари билан келишиб бўлмайди. Чунки, судлар
ФКнинг 326-моддасига биноан неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли бўлиб,
шунга кўра жарима суммасини асосли тарзда камайтирилган.
Шунингдек, Кенгашнинг пахта хом-ашёсини қуритиш ва тозалаш учун
асоссиз ушлаб қолинган суммага ҳисобланган жаримага биринчи инстанция суди
тўхталмаганлиги ҳақидаги важлари асоссиз ҳисобланади. Чунки, биринчи
инстанция суди ундирилиши сўралган барча жарима суммаларини қўшиб
ҳисоблаган ҳолда муҳокама қилган бўлиб, пахта хом-ашёсини қуритиш ва тозалаш
учун асоссиз ушлаб қолинган суммага ҳисобланган жаримага баҳо берилган.
Баён қилинганлардан кўринадики, кассация шикоятида билдирилган важлар
асоссиз бўлиб, апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ
нормаларини тўғри қўллаган ҳолда ҳал қилув қарори ўзгартирилган.
ИПК 299-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ишни кассация
тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди
томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал
қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун
аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён
қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини,
қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан
қолдиришга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318-сонли Қарорининг 3-бандида Фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво
аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти
органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари
(ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш ҳуқуқи берилганлиги ва бунда
даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда манфаати кўзлаб даъво аризаси
киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи
ундирилмаслиги қайд этилган. Шу сабабли ишни кассация инстанциясида кўриш
билан боғлиқ давлат божи ундирилмайди. Кассация шикояти тақдим этишда
тўланган 33 000 сўм почта харажати даъвогар зиммасида қолдирилади.
Шунингдек, даъвогардан Олий суднинг депозит рақамига ишни
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари
ундирилади.
6
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
Миришкор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгашининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 31 майдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Ибратбек Ҳаётбек” фермер хўжалигидан Олий суднинг депозит рақамига
ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд
харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Ш. Маҳмудов
ҳайъат аъзолари:
Б. Исрайлов
Ш. Мирзахакимов