← Назад
Решение #510486 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
7
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ФКнинг | 465 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| судлар ФК | 326 | — | law | |
| ИПК | 299 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law |
Текст решения
13 892 символов
4-1805-2301/160-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Ғ.Игамов
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья – Ҳ.Турсунов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 9 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов
ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, А.Файзиевнинг котиблигида, Миришкор
туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили
Р.Хазратқулов (2023 йил 4 январдаги 01-сонли ишончнома асосида), жавобгарнинг
вакили А.Хўжанов (2023 йил 17 февралдаги 18-сонли ишончнома асосида)нинг
иштирокида, Миришкор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгаши (даъвогар “Шарипов Толиб Ширинбой ўғли” фермер хўжалиги
манфаатида)нинг жавобгар “Mirishkor tekstil group klaster” масъулияти чекланган
жамиятидан 334 269 561,35 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар
томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси
Олий судининг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида
кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Миришкор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгаши (бундан кейин матнда Кенгаш деб юритилади) “Шарипов Толиб
Ширинбой ўғли” фермер хўжалиги (бундан кейин матнда даъвогар ёки фермер
хўжалиги деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
“Mirishkor tekstil group klaster” масъулияти чекланган жамияти (бундан кейин
матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) ҳисобидан 267 613 699 сўм асосий
қарз, унга ҳисобланган 40 142 054,85 сўм жарима, ҳар бир кг терим пули учун
ноқонуний ушлаб қолинган 250 сўмдан 19 625 750 сўм ва унга ҳисобланган
2 943 862,5 сўм жарима, 3 403 648 сўм асоссиз ушлаб қолинган қуритиш тозалаш
харажати ва унга ҳисобланган 510 547 сўм жарима ундиришни сўраган.
Касби туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 мартдаги ҳал қилув
қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвогарга жавобгардан
71 546 002 сўм қарздорлик ва 20 071 027,42 сўм жарима ундириш белгиланган.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 31 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кенгашнинг кассация шикоятида қуйи инстанция судларининг қарорларини
бекор қилиб, даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул
қилиш сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда судлар томонидан иш учун аҳамиятли
ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаганлиги, ҳар бир даъво талаблари алоҳида муҳокама
қилинмаганлиги ва уларга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, моддий ва процессуал
ҳуқуқ нормалари бузилганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида Кенгаш вакили кассация шикоятида келтирилган важларни
қувватлаб, қуйи инстанция судларининг қарорларини бекор қилишни ва даъво
аризасини тўлиқ қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар вакили кассация шикояти асоссизлиги, апелляция инстанцияси
суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилганлиги ва қонуний
қарор қабул қилинганлигини билдириб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни
сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган даъвогардан вакил суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов
ҳайъати ишни даъвогарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари
билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра шикоятни қаноатлантиришни
рад этишни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларида мажбуриятлар шартномадан, зиён
етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб
чиқиши белгиланган.
ФКнинг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига
ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар
ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган
бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2022 йил 27 январда тузилган пахта хом
ашёси ва уруғлик пахта ҳарид қилиш бўйича 281-сонли фючерс шартномасига
асосан даъвогар (Хўжалик) 2022 йил ҳосилидан 24,5 гектар ер майдонидан 89 000
кг пахта хом ашёси топшириш мажбуриятини, жавобгар (Харидор) эса Хўжаликни
ушбу шартномада белгиланган тартибда етиштирилган маҳсулотини қабул қилиб
олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Даъвогар томонидан жавобгарга шартномага асосан 2022 йил пахта ҳосили
учун 78,503 тонна пахта хом ашёси электрон тасдиқланган ҳисоб-варақ
фактураларга асосан етказиб берилган.
Шартноманинг 4.5-бандида Хўжаликка етказиб берган маҳсулот
қийматининг 100 фоизи ҳисобидан терим учун юборилган пуллар ва бошқа
харажатлар чегирилганидан қолган қисми 2022 йилнинг 31 декабрига қадар тўлаб
берилиши белгиланган.
Даъво аризасида баён этилишича, жавобгар томонидан топширилган пахта
хом ашёси пулидан жавобгар 2022 йил пахта терим мавсумида ҳар кг пахтага
биринчи терим учун 1500 сўм, иккинчи терим учун 1800 сўм терим пули
белгиланган бўлса-да, ушбу терим пуллари миқдори устига яна ҳар бир кг учун
250 сўм пул маблағи ҳисоблаб, жами 19 625 750 сўм пул маблағи ортиқча
ҳисобланган. Бундан ташқари, қуритиш ва тозалаш харажати учун асоссиз
равишда 3 403 648 сўм ушлаб қолинган.
ФКнинг 465-моддасига асосан контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ
хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш
ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга – тайёрловчига
шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади,
тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини
шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини
олади.
Тарафлар ўртасида 2023 йил 1 январда тасдиқланган солиштирма
далолатнома ва маълумотнома, ўзаро тасдиқланган электрон ҳисоб-фактуралар
асосан жавобгарнинг даъвогар олдида 267 613 699 сўм қарздорлиги мавжудлиги
аниқланган.
Бироқ, судга даъво аризаси киритилганидан сўнг жавобгар томонидан
асосий қарздорлик қисман тўлаб берилган ва натижада қарздорлик 68 142 354
сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, 3 403 648 сўм асоссиз ушлаб қолинган қуритиш тозалаш
харажатини ундиришни сўраган.
Шартноманинг 1.4-бандига биноан пахта хом ашёсини қуритиш
ва тозалаш харажатларини жавобгар зиммасига олган.
Мазкур ҳолатда, биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган асосларга
кўра, жавобгардан даъвогарга 71 546 002 сўм қарздорлик ва 20 071 027,42 сўм
жарима ундириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.
Жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисоб-рақамига ҳар бир кг терилган
пахтани ўртача терим пули нархига яна 250 сўмдан жами 19 625 750 сўм ўтказиб
берган. Ушбу ўтказиб берилган пуллар даъвогарнинг ҳисоб-рақами орқали банкка
тақдим этган ҳужжати, чек дафтари ва розилик имзоси билан теримчиларга нақд
пул шаклида берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил
4 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар
фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунини иқтисодий
судлар амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 103–сонли қарори
2-бандининг иккинчи хатбошисида офертани акцептлаш учун белгиланган
муддатда уни олган шахснинг кўрсатилган шартнома шартларини бажариш
юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизмат кўрсатиши, ишларни
бажариши, муайян суммани тўлаши ва ҳоказолар), агар қонунда ва офертада
бошқача тартиб кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланиши ҳақида
тушунтиришлар берилган.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди даъвогарга пул маблағи ўтказиб
берилганлиги, даъвогар пул маблағи ўтказилганда эътироз билдирмаганлиги, ушбу
пул маблағини банк орқали теримчиларга нақд пул шаклида берганлиги, унинг бу
ҳаракати акцепт деб баҳолаган ҳамда даъвогарнинг қўшимча терим пули унинг
розилигисиз ҳисоб-рақамига ўтказиб берилганлигини, бу пулни топширилган
маҳсулот пулидан нотўғри ушлаб қолаётганлиги ҳақидаги важига қўшилмаслик
ҳақида асосли хулосага келган. Шунга кўра, даъвонинг ҳар бир кг пахта терими
учун 250 сўмдан ушлаб қолинган жами 19 625 750 сўм ва унга ҳисобланган
2 943 862,5 сўм жаримани ундириш қисми асоссиз бўлганлиги сабабли бу талабни
асосли равишда қаноатлантиришни рад этган.
Шунингдек, даъво аризасида даъвогарга жавобгардан шартноманинг
5.4-бандига асосан терим пулига ҳисобланган жаримадан ташқари, жами
40 142 055 сўм жарима ундиришни сўраган.
Шартноманинг 5.4-бандида шартномага мувофиқ белгиланган муддатларда
бўнак (аванс) маблағларини, топширилган (юклаб жўнатилган) пахта хом ашёси
ҳақини белгиланган муддатда тўламаганлиги учун Харидор Хўжаликка ўзи
тўлаши керак бўлган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима тўлаши назарда
тутилган.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка
кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб
турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай
даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий
аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд
алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб,
кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.
Ушбу ҳолатда биринчи инстанция суди жарималар ундириш ҳақидаги даъво
талабларини қисман қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига
20 071 027,42 сўм жарима ундириш ҳақида асосли хулосага келган.
Мазкур ҳолатда, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг
қарорини ўзгаришсиз ва апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш
тўғрисида асосли хулосага келган.
Кассация шикоятидаги биринчи инстанция суди томонидан шартноманинг
5.4-бандида келишилган 15 фоизлик жарима суммаси асоссиз равишда 7 фоизга
камайтирилганлиги ҳақидаги важлари билан келишиб бўлмайди. Чунки, судлар
ФКнинг 326-моддасига биноан неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли бўлиб,
шунга кўра жарима суммасини асосли тарзда камайтирилган.
Шунингдек, Кенгашнинг пахта хом-ашёсини қуритиш ва тозалаш учун
асоссиз ушлаб қолинган суммага ҳисобланган жаримага биринчи инстанция суди
тўхталмаганлиги ҳақидаги важлари асоссиз ҳисобланади. Чунки, биринчи
инстанция суди ундирилиши сўралган барча жарима суммаларини қўшиб
ҳисоблаган ҳолда муҳокама қилган бўлиб, пахта хом-ашёсини қуритиш ва тозалаш
учун асоссиз ушлаб қолинган суммага ҳисобланган жаримага баҳо берилган.
Баён қилинганлардан кўринадики, кассация шикоятида билдирилган важлар
асоссиз бўлиб, апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ
нормаларини тўғри қўллаган.
ИПК 299-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ишни кассация
тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди
томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал
қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун
аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён
қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини,
қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан
қолдиришга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318-сонли Қарорининг 3-бандида Фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво
аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти
органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари
(ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш ҳуқуқи берилганлиги ва бунда
даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда манфаати кўзлаб даъво аризаси
киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи
ундирилмаслиги қайд этилган. Шу сабабли ишни кассация инстанциясида кўриш
билан боғлиқ давлат божи ундирилмайди.
Кассация шикояти тақдим этишда тўланган 33 000 сўм почта харажати
даъвогар зиммасида қолдирилади. Шунингдек, даъвогардан Олий суднинг депозит
рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм
суд харажатлари ундирилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
Миришкор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгашининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 31 майдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Шарипов Толиб Ширинбой ўғли” фермер хўжалигидан Олий суднинг
депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ
82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Ш. Маҳмудов
ҳайъат аъзолари:
Б. Исрайлов
Ш. Мирзахакимов