← Назад
Решение #510531 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПК | 118 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
10 017 символов
4-1001-2311/18412-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида
ишни кўрган судья Б.Султонов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья А.Ибрагимов
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья Ф.Ражабов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
шаҳришаҳри
2023 йил 9 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари З.Рустамов ва
Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, даъвогар
“Ipoteka bank” АТИБ манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг жавобгар “Humo lizing”
масъулияти чекланган жамиятида 1 874 260 302,86 сўм ундириш ҳамда
ундирувни “Poytaxt leasing” масъулияти чекланган жамияти, “Poytaxt motors”
масъулияти чекланган жамияти ва “Humo Motors” масъулияти чекланган
жамиятига тегишли бўлган гаровдаги мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги
даъво аризаси юзасидан юритилган иқтисодий иш бўйича қабул қилинган
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 апрелдаги ҳал қилув
қарори ва Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 20 июндаги қарори устидан “Humo lizing” масъулияти чекланган
жамияти томонидан берилган кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан
бирга очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Ipotekabank” акциядорлик тижорат банки Меҳнат филиали (бундан
буён матнда банк ёки даъвогар деб юритилади) ва “Humo lizing” масъулияти
чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида
2021 йил 29 июлда 352/460/2020-сонли кредит шартномаси имзоланган.
Шартномага асосан банк филиали томонидан жавобгарга 6 ой имтиёзли
давр билан 36 ой муддатга йиллик 21 фоиз устама хақ тўлаш шарти билан
7 000 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган.
Кредит таъминоти сифатида тарафлар ўртасида нотариал тартибда
расмийлаштирилган гаров шартномаларига асосан жавобгар, “Poytaxt leasing”,
“Poytaxt motors” ҳамда “Humo motors” масъулияти чекланган жамиятига
тегишли бўлган 28 турдаги автотранспорт воситалари гаровга қўйилган.
Кредит шартномаси шартларига мувофиқ жавобгар кредит ва унга
ҳисобланган фоизларни белгиланган муддатда ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш
мажбуриятини олган.
Даъво аризасида, жавобгар шартнома бўйича ўз зиммасига олган
мажбуриятини лозим даражада бажармасдан, банк томонидан ажратилган
кредит маблағларини қайтариш муддатларини бузганлиги натижасида унинг
2023 йил 6 аперль ҳолатига даъвогар олдида 1 795 073 033,27 сўм асосий қарз,
78 104 351,99 сўм кредит фоиз қарзи, 1 802 917,60 сўм пеня, жами
1 874 260 302,86 сўм қарздорлик юзага келганлиги қайд этилган.
Қарздорликни тўлаш ҳақида даъвогарнинг огоҳлантириш хатларини
жавобгар эътиборсиз қолдирганлиги асоси билан Ўзбекистон Савдо-саноат
палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата
деб юритилади) даъвогар манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан
мурожаат қилиб, жавобгардан жами 1 874 260 302,86 сўм ундириш ҳамда
ундирувни гаровдаги мулкларга қаратишни сўраган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 апрелдаги ҳал
қилув қарори билан давогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб,
жавобгардан даъвогар фойдасига 1 561 561 464,51 сўм асосий қарз,
78 104 351,99 сўм муддати ўтган фоиз қарзи, 1 082 917,6 сўм пеня ундирилиб,
ундирув гаровдаги мулкларга қаратилган. Даъво талабининг қолган қисмини
қаноатлантириш рад этилган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 20 июндаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2023 йил
27 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти
билан мурожаат қилиб, биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг
қарорларини бекор қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда қуйи судлар
томонидан давлат божи ундиришда хатоликка йўл қўйилганлиги, жавобгар
кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланиши, Ўзбекистон Республикасининг
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи
ставкаларининг миқдорларига кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари амалга
оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш
чоғида ушбу банднинг “а”-“г” ва “е” кичик бандларида кўрсатилган
белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши назарда
тутилган бўлса-да, ишни кўриш натижалари бўйича жавобгардан умумий
асосларда давлат божи ундирилганлиги, судлар қайд этилган ҳолатларга
эътибор бермаганлиги натижасида жавобгардан давлат божи кўп
ундирилганлигини кўрсатган.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда
хабардор қилинган бўлса-да, тарафлар суд мажлисида ўз вакиллари
иштирокини таъминламади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация
шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа
шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик
қилмайди.
Ушбу ҳуқуқ нормасидан келиб чиқиб, судлов ҳайъати ишни тарафлар
вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Судлов ҳайъати, жавобгарнинг кассация шикоятида келтирилган
важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга
асосан суд қарорларини ўзгаришсиз қолдириб, кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи ва олтинчи қисмларига кўра, суд
харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво
талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Агар даъвогар томонидан билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги
талаб асосли бўлиб, бироқ унинг миқдори қонунчиликда белгиланган
ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан камайтирилган бўлса, суд
харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда ундирилиши
лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд харажатлари
жавобгарнинг зиммасига юклатилиши лозим.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, палатанинг даъвогар манфаатида
киритган даъво аризасида жавобгардан даъвогар фойдасига 1 874 260 302,86
сўм ундириш сўралган бўлиб, ишни кўриш жараёнида қарздорлик қисман
қопланган.
Биринчи инстанция суди ишни кўриш натижалари бўйича давлат божи
ундириш масаласини ҳал этишда 1 874 260 302,86 сўм даъво баҳосининг
икки фоизи миқдорида 37 485 206,05 сўм давлат божини жавобгардан
ундириш ҳақида қонуний хулосага келган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни
билан тасдиқланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари” 2-бандининг
“а”- кичик бандида мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан - даъво
баҳосининг 2 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши лозимлиги назарда
тутилган.
Шу билан бирга судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида
келтирилган важлар билан қуйидаги асосларга кўра, келишиб бўлмайди деб
ҳисоблайди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги
Қонуни билан тасдиқланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”
изоҳида: кичик тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик
фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида ушбу банднинг “а”-“г”
ва “е” кичик бандларида кўрсатилган белгиланган ставканинг 50 фоизи
миқдорида давлат божи тўлаши назарда тутилган.
Бундан кўринади-ки, кичик тадбиркорлик субъектлари судга мурожаат
қилишда белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди.
Мазкур ҳолатда эса палата даъвогар манфаатида олдиндан давлат
божини тўламаган ҳолда судга даъво аризаси билан мурожаат этган.
Амалдаги қонунчиликда ишни кўриш натижалари бўйича кичик
тадбиркорлик субъектларидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида
давлат божи ундириш назарда тутилмаган.
Шу боис биринчи инстанция суди иш ҳужжатларига тегишли ҳуқуқий
баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний
ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилган. Ўз навбатида апелляция
инстанцияси суди ҳам асосли равишда биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Шу боис жавобгарнинг важлари суд қарорларини ўзгартириш ёки
бекор қилиш учун асос бўлмайди.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш
учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув
қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги,
моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини,
апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш
учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда суд қарорларини бекор қилиш учун бундай асослар
мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг 2023 йил
27 апрелдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг 2023 йил
20 июндаги қарорини ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини
қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд
харажатларини тақсимлаш масаласини муҳокама қилиб, ИПКнинг
118-моддасига асосан кассация шикояти тақдим этишда тўланган 33 000 сўм
почта харажатини жавобгар зиммасида қолдиришни ҳамда суд
ҳужжат(лар)ининг фақатгина давлат божига оид қисми шикоят қилинганлиги
сабабли давлат божи ундирмасликни лозим топади.
Баён қилинганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодекси нинг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қарор қилди:
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 апрелдаги ҳал
қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 20 июндаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Humo lizing” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти
қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Т.Аннаева
ҳайъат аъзолари:
З.Рустамов
Ф.Ражабов