← Назад
Решение #510734 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
6
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ИПК | 176 | — | law | |
| ФКнинг | 260 | — | law | |
| ИПК | 299 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
16 922 символов
4-1204-2201/1184-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Н.Сангиров
Апелляция инстанциясида
маърузачи судья – Б.Исаков
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 8 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов
ва Ш.Мирзахакимовдан иборат таркибда, А.Файзиевнинг котиблигида, Сирдарё
вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили
Ш.Жўрақулов (2023 йил 1 апрелдаги ишончнома асосида), “APK OQOLTIN”
масъулияти чекланган жамияти вакиллари У.Султонов (2023 йил
3 мартдаги 01-40-сонли ишончнома асосида), У.Абдуллаев (2023 йил
26 июлдаги 01-99-сонли ишончнома асосида) ва Ф.Мавланов (2023 йил
26 июлдаги 01-98-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Ўзбекистон
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Оқолтин туман кенгаши
(даъвогар “Туҳмақ” фермер хўжалиги манфаатида)нинг жавобгар
“APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамиятидан 195 508 724 сўм устама
тўлови ва 18 768 837 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар
томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси
Олий судининг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Оқолтин тумани ҳокимининг 2021 йил 8 январдаги туманда супер элита,
элита ва авлодли уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар
ўртасида ўтказиладиган тендер танловини ўтказиш тўғрисида 3-сонли қарори
қабул қилинган.
Мазкур қарорга асосан ўтказилган танлов натижаларига кўра ҳамда туман
танлов комиссиясининг 2021 йил 23 февралдаги 01/05-3-сонли йиғилиш
баённомасига асосан “Туҳмақ” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар
ёки фермер хўжалиги деб юритилади) танлов ғолиби деб топилиб, 2022 йил
ҳосили учун уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари рўйхатига
киритилган ва рўйхат тасдиқланган.
Танлов комиссия аъзоларидан бири сифатида “APK OQOLTIN” масъулияти
чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) корхонанинг
раҳбари А.Ибодуллаев ҳам иштирок этган ва танлов баённомасини имзолаган.
Шунингдек, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2021 йил 10 мартда тузилган
пахта хом-ашёси харид қилиш бўйича 142-сонли контрактация шартномасига
кўра, даъвогар жавобгарга 48,1 га ер майдонидан “Бухоро 102” навли
164,7 тонна пахта хом-ашёсини етказиб бериш, жавобгар эса, келишилган тартиб
ва миқдорда тўловларни амалга ошириши лозим бўлган.
Даъвогар томонидан жавобгарга пахта хом-ашёсининг харид нархи бир
тоннаси учун 6 020 006 сўм белгиланган ҳолда етказиб берилган.
2021 йил ҳосилидан асосий фонд ҳисобига уруғлик пахта тайёрлаш
мақсадида ғўза майдонларида ўтказилган апробация натижалари якунига кўра
тузилган далолатномада даъвогарнинг пахта экилган майдонида ўтказилган
апробация натижаси бўйича навдорлик 98 фоизни ташкил этганлиги, кутилаётган
уруғлик пахта хом-ашёси 64,8 тоннани ташкил этиши қайд этилган. Мазкур
апробация далолатномаси жавобгар вакили С.Бобонов томонидан тасдиқланган.
Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва Агросаноат мажмуи
устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилоят бошқармасининг 2021 йил
27 сентябрдаги 39/116-сонли қўшма баёни ҳамда “Уруғчиликни ривожлантириш
маркази” ДК Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланган
режада даъвогар Оқолтин тумани бўйича 2021 йил ҳосилидан 64,8 тонна асосий
фонд ҳисобига “Бухоро 102” навли R2 авлодли уруғлик пахта маҳсулоти
топширилиши белгиланган.
Даъвогар 2021 йил ҳосили ҳисобидан жавобгарга 64,953 тонна “Бухоро 102”
навли R2 авлодли уруғлик пахтани топширган. Уруғлик пахтани қабул қилиш
ҳақида тузилган юк хатлари ва қабул квитанцияларига мувофиқ жавобгар
даъвогардан пахта хом-ашёсини уруғлик учун қабул қилиб олганлиги қайд
этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 январдаги
2-сон Қарори билан тасдиқланган “Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик
ишлаб чиқариши ва кластерларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёси етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг (бундан
буён матнда Низом деб юритилади) 14-бандига кўра, уруғлик пахта хом-ашёсига
қонун ҳужжатларига асосан етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсидан
тайёрланган уруғлик чигит Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти
(O’zDSt-663-2017 “Уруғлик чигит. Техникавий шартлар”) талабларига мос
бўлганда, пахта хом ашёси қийматига нисбатан супер элита ва элита уруғлик
чигит учун 100 фоиз, I авлод (R1) учун 75 фоиз, II авлод (R2) учун 50 фоиз ва
III авлод (R3) учун 25 фоиз миқдорида устамалар ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, Низомнинг 15-бандида устамалар харажати тайёрланган
уруғлик чигит нархига киритилиши ва икки босқичда ҳисоб-китоб амалга
оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Бироқ, жавобгар томонидан даъвогарга қабул қилинган уруғлик пахта
маҳсулоти учун устама тўлаб берилмаган. Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш
юзасидан юборган талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Шу сабабли Оқолтин тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер
эгалари кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) даъвогар
манфаатида жавобгардан етказиб берилган 64,953 тонна уруғлик пахта хом-ашёси
учун шартномада келишилган пахта хом-ашёси харид қийматидан келиб чиқиб,
195 508 724 сўм устама тўлови ва 18 768 837 сўм пеня ундириш юзасидан судга
даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 октябрдаги ҳал
қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан
даъвогар фойдасига 195 508 724 сўм устама тўлови суммаси ундириш белгиланиб,
даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 18 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг жавобгардан даъвогар
фойдасига 195 508 724 сўм асосий қарз ундириш қисми 97 754 362 сўм асосий
қарзга ззгартирилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз
қолдирилган.
Жавобгарнинг кассация шикоятида қуйи инстанция судларининг қарорини
бекор қилиб, даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш сўралган. Бунга асос
қилиб, кассация шикоятида даъвогар томонидан топширилган уруғлик пахта хомашёси заҳира фонди ҳисобига қабул қилинганлиги, даъвогар билан уруғлик пахта
хом-ашёсини етиштириш бўйича шартнома тузилмаганлигини, Оқолтин тумани
бўйича “Бухоро 102” навли уруғ экилмаганлиги, шу боис, заҳирага олинган
“Бухоро 102” навли уруғлик сотилмаганлиги, судлар томонидан иш учун
аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри
қўлланилганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида жавобгар вакиллари кассация шикоятида келтирилган
важларни қувватлаб, қуйи инстанция судларининг қарорларини бекор қилишни ва
даъво аризасини қаноатлантиришни рад этишни сўрашди.
Кенгаш вакили кассация шикояти асоссизлиги, апелляция инстанцияси суди
томонидан қонуний қарор қабул қилинганлигини билдириб, шикоятни
қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор
қилинган даъвогар суд мажлисида вакили иштирокини таъминламади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни
уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов
ҳайъати ишни даъвогарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари
билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра шикоятни қаноатлантиришни
рад этишни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларида мажбуриятлар шартномадан, зиён
етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб
чиқиши белгиланган.
ИПК 176-моддасининг олтинчи қисмига кўра, суднинг ҳал қилув қарори
қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. У суд мажлисида текширилган
далилларгагина асосланган бўлиши мумкин.
Биринчи инстанция суди иш юзасидан қарор қабул қилишда жавобгар
томонидан даъвогарга устама тўлаб берилиши лозимлиги ҳақида тўғри хулосага
келган бўлса-да, лекин моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, даъвонинг
устама ундириш ҳақидаги қисмини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида барвақт
хулосага келган.
Хусусан, биринчи инстанция суди Низом 16-бандининг “б” кичик бандида
белгиланган тўлов тартибига қай даражада риоя этилганлигини, иккинчи
босқичдаги ҳисоб китобни амалга ошириш учун уруғлик чигит жавобгар
томонидан реализация қилинганлиги ҳолатларини ўрганмаган.
Ваҳоланки, Низом 16-бандининг “б” кичик бандига мувофиқ, пахтатўқимачилик ишлаб чиқаришларида: биринчи босқичда – топширилган уруғлик
пахта хом ашёси учун ҳисобланган устаманинг 50 фоизи миқдорида пахтатўқимачилик ишлаб чиқаришлари таркибига кирувчи уруғчилик хўжаликларига
пахта хом ашёсини топширган вақтда; иккинчи босқичда - уруғлик чигит
экилгандан (сотилгандан) кейин устаманинг қолган 50 фоиз қисми 100 фоиз деб
ҳисобланиб, шундан 10 фоизи пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ихтиёрида
қолдирилади, 40 фоизи уларнинг таркибига кирувчи уруғчилик фермер
хўжаликлари ихтиёрида қолдирилиши кўрсатиб ўтилган.
Даъво аризасида кўрсатилган тартибда, даъво талабидан четга чиқмаган
ҳолда, шартномада келишилган пахта хом-ашёси харид қийматидан келиб чиқиб
1 тонна уруғлик пахта хомашёси учун тўланиши лозим бўлган устаманинг
миқдори 3 010 003 сўмдан ҳисобланганда, даъвогар томонидан топширилган
64,953 тонна уруғлик учун жавобгар томонидан жами 195 508 724 сўм устама
ҳисобланиши ва биринчи босқичда ушбу сумманинг 50 фоизи, яъни 97 754 362
сўм тўлов амалга оширилиши лозим бўлган.
Иш ҳужжатларида жавобгар томонидан уруғлик 2022 йил ҳосили учун
реализация қилинганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.
Жавобгар томонидан судга тақдим этилган маълумотнома ва далолатномага
кўра, жавобгар томонидан 2022 йил ҳосили учун “Бухоро 102” навли уруғлик
экилмаган, 2022 йил 10 апрелда расмийлаштирилган далолатномада эса,
“Бухоро 102” навли уруғлик эҳтиёж бўлмаганлиги боис, техник чигит тоифасига
ўтказилганлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси жавобгарнинг уруғлик асосий
фондга эмас, балки заҳира фондига қабул қилинганлиги, шу боис устама
тўланмаслиги ҳамда уруғлик етказиб бериш ҳақида шартнома тузилмаганлиги
ҳақидаги важларини асоссиз деб ҳисоблаб, жавобгардан даъвогар фойдасига фақат
биринчи босқичда тўланиши лозим бўлган устама миқдори ундирилиши
лозимлиги ҳақида тўғри хулосага келган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув
хўжалиги вазирлигининг 2007 йил 2 октябрдаги 89, 3/11-сон қарори билан
тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан
2007 йил 14 ноябрда 1738-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Уруғлик
пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш ва унга асосан шартномалар
тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандида уруғлик пахта хом ашёсининг
асосий ва захира фондини етиштирувчи хўжаликлар “Супер элита, элита ва
кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун
хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низомга”га мувофиқ
танлов асосида аниқланиши белгиланган.
Мазкур фермер хўжалиги эса, уруғлик пахта хом ашёсини етказиб бериш
бўйича асосий фондни етиштирувчи хўжаликлар танловида ғолиб бўлган.
Даъвогар томонидан етказиб берилган уруғлик пахта хом ашёсини заҳира
фонди ҳисобига олиши (техник чигит тоифасига ўтказилиши) учун эса, ҳеч қандай
қонуний асослар мавжуд бўлмаган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида уруғлик пахта хом-ашёсини етказиб бериш
бўйича алоҳида шартнома тузилмаган бўлса-да, лекин тарафлар айнан уруғлик
пахта хом-ашёсини етказиб бериш бўйича ўзаро ҳуқуқий муносабатларга
киришган. Бу ҳолатлар иш ҳужжатларидаги танлов баённомаси, апробация
далолатномаси, юк хатлари, қабул квитанциялари билан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик
шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи
фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари
тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли Пленум қарори 8-бандининг
еттинчи хатбошисида берилган тушунтиришга кўра, агар тарафларнинг
шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар
билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб
берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини
ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла
олмайди.
ФКнинг 260-моддасига кўра, қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан
белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган
тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади.
Даъво аризасида тарафлар ўртасида пахта хом-ашёси етказиб бериш ҳақида
тузилган шартноманинг 5.3-бандига асосланиб, жавобгардан даъвогар фойдасига
18 768 837 сўм пеня ундириш сўралган.
Биринчи инстанция суди тарафлар ўртасида уруғлик пахта хом ашёсини
етказиб бериш ҳақида алоҳида шартнома тузилмаганлигини инобатга олиб,
даъвонинг неустойка ундириш ҳақидаги қисмини қаноатлантиришни рад этиш
ҳақида тўғри хулосага келган.
Шунга кўра, апелляция инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарорининг
ушбу қисми асосли равишда ўзгаришсиз қолдирилган.
Баён қилинганлардан кўринадики, кассация шикоятида билдирилган важлар
асоссиз бўлиб, апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ
нормаларини тўғри қўллаган ҳолда, ҳал қилув қарорининг жавобгардан даъвогар
фойдасига 195 508 724 сўм асосий қарз ундириш қисмини 97 754 362 сўмга
ўзгартирган.
ИПК 299-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ишни кассация
тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди
томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал
қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли
ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун
аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён
қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини,
қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан
қолдиришга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи, еттинчи ва тўққизинчи қисмларига кўра,
суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво
талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан
тасдиқланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари” иккинчи қисмининг
“д” кичик бандига кўра апелляция, кассация ва назорат тартибида берилган
шикоятларга биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда
тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Иқтисодий ишлар
бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида” 2020 йил 19 декабрдаги
36-сонли Қарори 20-бандининг иккинчи хатбошисида агар апелляция, кассация
шикояти берилганда суд ҳужжатининг фақат ундириш ёки ундиришни рад этиш
қисми шикоят қилинаётган бўлса, давлат божи низолашилаётган суммадан келиб
чиқиб ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати кассация шикояти учун олдиндан
тўланган суд харажатларини жавобгарнинг зиммасида қолдиришни, кассация
шикоятида суд қарорларини тўлиқ бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад
этиш сўралганлиги сабабли давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиқиб
ҳисоблаб, кам тўланган 187 687,61 сўм давлат божини жавобгардан ундиришни
лозим топди.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2023 йил 18 апрелдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“APK OQOLTIN” масъулияти чекланган жамиятидан Республика бюджетига
187 687,61 сўм давлат божи ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Ш. Маҳмудов
ҳайъат аъзолари:
Б. Исрайлов
Ш. Мирзахакимов