Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1501-2304/2154 Дата решения 08.08.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Рустамов Зоир Аманович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Фарғона вилояти транспорт бошқармаси Ответчик / Подсудимый Шодик авто гранд масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1150133 Claim ID 3324648 PDF Hash 7e9390ccbfc16b72... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
рисидаги кодекси 176-моддаси рисидаги кодекси 176 code_article
нинг 33-моддаси нинг 33 law
ИПК 68-моддаси ИПК 68 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
онуни 9-моддаси онуни 9 law
Текст решения 14 439 символов
4-1501-2304/2154-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция cудида ишни кўрган судья – Х.Жамолиддинов Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья И.Турсунов Кассация инстанцияси судида Маърузачи судья З.Рустамов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 8 август Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ф.Ражабов ва З.Рустамовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Фарғона вилоят судининг ходими Р.Шукуров, даъвогар вакиллари – сектор бошлиғи А.Хожиматов (2023 йил 7 августдаги 45-И-сонли ишончнома асосида), бўлим бошлиғи Ж.Хакимов (2023 йил 7 августдаги 47-И-сонли ишончнома асосида), бош юрисконсульт О.Ибрагимов (2023 йил 7 августдаги 46-И-сонли ишончнома асосида), 1-тоифали инспектор Ш.Зуфаров (2023 йил 7 августдаги 48-И-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакиллари – Х.Атабаев (раҳбар), адвокатлар Н.Соловьева (2023 йил 7 июлдаги 32-сонли ордер асосида) ва М.Расулова (тингловчи)нинг иштирокида, аризачи Фарғона вилояти Транспорт бошқармасининг жавобгар “Shodlik Avto Grand ” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суд биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Фарғона вилояти Транспорт бошқармаси (бундан буён матнда аризачи деб юритилади) иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, “Shodlik Avto Grand ” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) томонидан лицензия ҳамда рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда ҳамда қўпол тарзда бузилганлиги учун АТ серияли 2007414-сонли лицензияни бекор қилишни сўраган. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, аризачи томонидан жавобгарга 2021 йил 14 январь куни АТ 2007414-сонли чекланмаган муддатга берилган “Йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш” лицензияси бекор қилинган. Шунингдек, мазкур иш бўйича хусусий ажрим чиқарилган. Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 3 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлиб, жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд қарорларини бекор қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда биринчи инстанция судида суд котиби иш материаллари билан таништирмаганлиги ва ундан нусха бермаганлиги учун унга нисбатан раддия билдирганлиги, раислик қилувчи судья иш материаллари билан жавобгар вакили таниш эмаслигини билган ҳолда суд мажлисини давом эттирганлиги, суд процессида Иқтисодий процессуал кодексининг талаблари бузилган ҳолда ишни кўриш муддати ўтиб кетганлиги, ҳар бир ўтказилаётган текширувлар Бизнес Омбудсманнинг ягона ахборот реестрига киритилиши, ушбу тизимга кирмаган текширувлар ноқонуний деб ҳисобланиши, ушбу тизимдан олинган маълумотга кўра жавобгарга нисбатан ўтказилган текширув муддати 2023 йил 18 январдан 27 январга қадар, яъни 10 кун муддатда текширув ўтказилиши ҳақида рўйхатга олинганлиги, лекин текширув 20 январдан 30 январгача белгиланиб, 23 январда жавобгар гаражига келиб жавобгар раҳбаридан тилхат олишганлиги, текширув 7 кун бўлганлиги, текширув бошланишидан 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиши кераклиги, текширув тадбиркорлик субъектини иш вақтида бўлиши кераклиги ва текширув иш вақтидан ташқари бўлмаслиги, аризачи ходимлари эса кеч соат 21:00да ҳам текширув ўтказилганлиги, текширувда рухсат этилмаган шахс иштирок этганлиги, огоҳлантириш хати ноқонуний тузилганлиги, чунки аризачи ходимлари текширувни “Марғилон-Фарғона” йўналишида ўтказилмаганлиги, рейд давомида 4 та автомашинага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 176-моддасининг “з”-банди билан баённома тузилганлиги, лекин айнан қайси автомашинага ва қайси ҳайдовчига тузганлиги кўрсатилмаганлиги, 28 январь куни аризачининг иш куни бўлмаса-да, шанба куни рейд ўтказилганлиги, огоҳлантириш хатига А.Хожиматов имзоси қўйганлиги, бироқ унинг имзо қўйишга ҳуқуқи бўлмаганлиги, жавобгарни текшириш мақсадида Бизнес Омбудсмандан рухсат олиш учун икки маротаба хат жўнатилганлиги, лекин улар рози бўлмаганидан кейин уч (3) маротаба ҳаракат қилиб рухсат олишга эришганлигини кўрсатган. Суд мажлисида жавобгар вакиллари кассация шикоятидаги важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни ва суд қарорларини бекор қилишни ҳамда ариза талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрашди. 3 Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Иш ҳужжатларига кўра, аризачи томонидан жавобгарга 2021 йил 14 январда “Йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш” фаолияти билан шуғулланиш учун амал қилиш муддати чекланмаган АТ серияли 2007414-сонли лицензия берилган. Шунингдек, тарафлар ўртасида 2022 йил 1 октябрда йўловчи ташиш йўналишларида хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи 156-сонли оммавий оферта шартномаси тузилиб, шартноманинг 1.1-бандига мувофиқ аризачи 2022 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 октябрга қадар бўлган муддатда жавобгарга ушбу шартноманинг иловасида белгиланган шартларда, ШЙТ430-cонли “Тошлоқ-Фарғона” йўналишида йўловчиларни мунтазам ташишни амалга ошириш ҳуқуқи берилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девонининг 2023 йил 14 январдаги ТМ-00-03162-сонли хатига асосан жавобгар фаолиятида текшириш дастури доирасида 2023 йил 16 январдан 30 январгача бўлган муддат оралиғида 10 кунлик текшириш ўтказилишига келишилганлиги қайд қилинган. Аниқланишича, аризачининг 2023 йил 16 январдаги 7-сонли буйруғига асосан жавобгарнинг автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширишда лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши юзасидан 2022 йил 1 январдан 2023 йил 30 январгача бўлган даврдаги иш фаолияти бўйича 2023 йил 23-30 январь кунлари текширув ўтказилиши белгиланган. Текширув натижалари бўйича аризачи ва жавобгар иштирокида далолатнома тузилиб, бир нусхаси жавобгарга топширилган. Текширишда жавобгар фаолиятида бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Хусусан, жавобгарда текшириш даврида фойдаланилаётган автотранспорт воситалари сони 145 тани ташкил этгани ҳолда жавобгар 80 та ҳайдовчиларнинг меҳнат шартномаларини тақдим қилган. Жавобгар томонидан йўл варақаларини юритилиши текширилганда, 2022 йилнинг январь ойи учун 41 та, февраль ойи учун 39 та, март ойи учун 37 та, апрель ойи учун 38 та, май ойи учун 40 та, июнь ойи учун 38 та, июль ойи учун 40 та, август ойи учун 40 та, сентябрь ойи учун 39 та, октябрь ойи учун 40 та, ноябрь ойи учун 40 та, декабрь ойи учун 40 та йўл варақаси тақдим этилган. Жамият томонидан 2022 йил давомида яъни 2022 йил январь ойи 21 та, 2022 йил февраль ойи 22 та, 2022 йил март ойи 16 та, 2022 йил апрель ойи 20 та, 2022 йил май ойи 19 та, 2022 йил июнь ойи 16 та, 2022 йил июль ойи 16 та, 2022 йил август ойи 14 та, 2022 йил сентябрь ойи 11 та, 2022 йил октябрь ойи 1 та, 2022 йил ноябрь ойи 6 та ҳамда 2022 йил декабрь ойи 11 та жами 173 та автотранспорт воситаси лицензия варақасига эга бўлмаган ҳолда ҳар ойда турлича сонда белгиланмаган тартибда ишга чиқарилганлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, текшириш ўтказиш жараёнида жамият томонидан 156-сонли оферта шартномасида белгиланган автотранспорт воситалари ва уларни ҳайдовчиларининг исм-шарифи, ҳайдовчилик гувоҳномаси, 30 соат сертификатга эгалиги тўғрисида тақдим қилинган маълумотномадаги жами 3 та автотранспорт воситаси ҳайдовчиларининг меҳнат шартномалари мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сонли қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” (бундан буён матнда Регламент деб юритилади)нинг 37-бандига кўра, лицензия варақалари билан таъминланмаган автотранспорт воситаларига йўл варақаларининг берилиши лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг қўпол тарзда бузилиши ҳисобланиши белгиланган. “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг 33-моддасида лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига олиб келган бўлса, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бекор қилиниши белгиланган. Мазкур ҳолатда, жавобгар томонидан лицензия талабларига риоя қилмасдан уни қўпол тарзда бузиши оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий хавф келтириб чиқарилишига олиб келишини англатади. Шунинг учун биринчи инстанция суди аризачининг ариза талабини қаноатлантириш ҳақида асосли тўхтамга келган. Бу билан жавобгар томонидан Регламент 11-бандининг “в”, “е” ва “ж” кичик бандлари ва Қонун талабларини бузилган. ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида билдирган важлари билан қуйидаги асосларга кўра келишмайди. Жавобгарнинг текширув бошланишидан 10 иш кунидан олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиши кераклиги ҳақидаги важи асоссиздир. Чунки, жавобгарни текшириш асос бўлган ҳолатлар хавфни таҳлил этиш тизими натижалари бўйича эмас, балки фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган. Яъни, аризачи жавобгарни 2023 йил 17 январда 40/11-64-сонли хабарнома билан текширув бошланишидан 3 кун аввал хабардор қилган. Демак, текширув фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган вақтда жавобгарни 10 кунлик муддатда хабардор қилиши шартлиги белгиланмаган. Қолаверса, аризачининг хаттиҳаракатлари ноқонунийлиги ҳақида маъмурий суднинг қарори ёки аризачи юқори турувчи органининг ҳужжати тақдим қилинмади. Шунингдек, жавобгарнинг тадбиркорлик субъектини иш вақтидан ташқари текширганлиги ҳақидаги важи билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, аризачи ва жавобгар иштирокида тузилган 2023 йил 30 январдаги далолатномада текширув иш вақтидан ташқари ўтказилганлиги ҳолати қайд қилинмаган. Қолаверса, текширувни иш вақтидан ташқари ўтказилганлиги ҳақида далолатномада эътирозлар билдирилмаган. Бундан ташқари, жавобгарнинг огоҳлантириш хати аризачи раҳбари А.Хожиматов томонидан имзоланмаганлиги ва у ноқонуний имзоланганлиги ҳақидаги важи бирор-бир далил билан исботланмаган. Бу эса, аризачининг аризасини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмайди. Юқоридагиларга асосан, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан ҳар бир далилнинг ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги, уларнинг йиғиндиси бўйича етарлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган ҳолда даъво талабини қаноатлантириш ҳақида тўғри ва асослантирилган хулосага келинган деб ҳисоблайди. Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаган ва моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган. Шунинг учун апелляция инстанция суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. 6 ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Шунинг учун, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади. “Давлат божи тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддаси биринчи қисмининг 19-бандига биноан, аризачи ва жавобгар – ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган. Шу боис, жавобгардан давлат божи ундирилмайди. Жавобгардан Олий суднинг депозит рақамига кассация шикоятини беришда тўланмаган 33 000 сўм почта харажатлари ва ишни видеконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилиши лозим. Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Shodlik Avto Grand ” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарори ва Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 3 майдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Shodlik Avto Grand ” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суднинг депозит рақамига 33 000 сўм почта харажатлари ва ишни видеконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Т.Аннаева ҳайъат аъзолари: Ф.Ражабов З.Рустамов