Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2106/42129 Дата решения 07.08.2023 Инстанция Надзор Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение НАВPУЗ КУНЧИБОЙ фермер хўжалиги Ответчик / Подсудимый "VIRIDIAN INVENTUM" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1150063 Claim ID 3547397 PDF Hash 13e1fbef3ac1e9f5... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 10
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 177-моддаси ИПК 177 law
илишда ИПК 177-моддаси илишда ИПК 177 law
ушбу Кодекснинг 256-моддаси ушбу Кодекс 256 code_article
исмини ИПК 107-моддаси исмини ИПК 107 law
ИПК 3051-моддаси ИПК 3051 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
онун 18-моддаси онун 18 law
ИПК 343-моддаси ИПК 343 law
Текст решения 17 971 символов
4-1001-2106/42129-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Д.Хайруллаева Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья М.Эргашев Кассация инстанцияси судида маърузачи судья В.Сатторова Кассация (такрорий) инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 7 август Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Исрайловнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ш.Махмудов, З.Рустамов, Ф.Ражабов ва И.Таджиевдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Андижон вилоят судининг ходими Р.Шукуров, даъвогар вакили – А.Холиқов (раҳбар), жавобгар вакиллари – А.Кадырходжаев (раҳбар) ва юрисконсульт Н.Жўраева (2023 йил 24 июлдаги 07/23-04-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси (“Navro’z Ko’nchiboy” фермер хўжалиги манфаатида)нинг жавобгар “Viridian Inventum” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан шартномани бекор қилиш ва 352 000 000 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан киритилган ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протести асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Navro’z Ko’nchiboy” фермер хўжалиги (бундан буён матнда буюртмачи ёки даъвогар деб юритилади) ва “Viridian Inventum” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда пудратчи ёки жавобгар деб юритилади) ўртасида 2020 йил 25 декабрда 04/СКО/20 DAN-сонли шартнома тузилган. Унга кўра, пудратчи буюртмачининг топшириғига асосан 22 га ер майдонида томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиб бериш, даъвогар эса бажарилган ишларни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.1-бандида унинг баҳоси 440 000 000 сўмни ташкил этиши, 4.1-бандида буюртмачи пудратчининг ҳисоб-рақамига шартнома баҳосининг 80 фоизи миқдорида олдиндан тўлов амалга ошириши, 4.2-бандида шартнома бўйича сўнгги ҳисоб-китоб ишлари бажарилганидан сўнг қабул қилиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳисобга олинган ҳолда 5 кундан кечиктирмай буюртмачи томонидан амалга оширилиши белгиланган. Буюртмачи томонидан пудратчининг ҳисоб-рақамига 2021 йил 3 мартдаги тўлов топшириқномаси билан 220 000 000 сўм, 2021 йил 15 мартдаги тўлов топшириқномаси билан 132 000 000 сўм, жами 352 000 000 сўм, яъни шартнома баҳосининг 80 фоизи олдиндан тўлов сифатида ўтказиб берилган. Шартноманинг 3.1-бандида олдиндан тўлов амалга оширилганидан сўнг 20 иш куни ичида пудратчи мажбуриятларни бажаришни бошлаши қайд этилган. Пудратчи шартнома шартларини бузган ҳолда шартномага асосан ўрнатиб берилиши лозим бўлган томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиб бермаганлиги важи билан Ўзбекистон Савдо-саноат Палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) буюртмачи (даъвогар) манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш ва жавобгардан 352 000 000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 21 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвонинг шартномани бекор қилиш талаби кўрмасдан қолдирилган, 352 000 000 сўм асосий қарз ундириш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 мартдаги қарори билан Палатанинг апелляция шикояти қаноатлантирилиб, ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 23 июндаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 15 мартдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритилган. Суд мажлисида жавобгар вакиллари протестда келтирилган важларни қўллаб, даъвогар шартномани бекор қилиш ҳақида таклиф юбормаганлиги, шартнома шартларини буюртмачи бажармаганлиги, электр энергияси билан таъминланмаганлиги сабабли ускунани ишга тушурилмаганлигини баён қилиб, протестни қаноатлантириб, апелляция ва кассация инстанцияси судларининг қарорларини бекор қилишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўрашди. Даъвогар вакили протестда келтирилган важларга эътироз билдириб, жавобгар даъвогарга барча маҳсулотларни берса, даъвогар уларни қабул қилиб олиши, шартнома тузилганлигига уч йил бўлганлиги, инфляция ҳисобига пул маблағларининг қадри қолмаганлигини баён қилиб, жавобгар пул маблағларини қайтариб берса, даъвогар барча товарларни қайтариб беришини маълум қилди. Палата суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган бўлса-да, ундан вакил суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) 3 берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни Палатанинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ҳамда протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантиришни лозим топади. ИПК 177-моддасининг биринчи қисмига кўра, ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида суд: 1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз талаблари ва эътирозларини асослантириш учун келтирган далиллари ва важларига баҳо беради; 2) иш учун аҳамиятли қайси ҳолатлар аниқланганлигини ва қайсилари аниқланмаганлигини белгилайди; 3) ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қайси қонунчилик ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин эмаслигини ҳал қилади; 4) ушбу иш бўйича қайси қонунчилик ҳужжатларини қўллаш зарурлигини аниқлайди; 5) ишда иштирок этувчи шахсларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини белгилайди; 6) даъвони қаноатлантириш лозимлигини ёки лозим эмаслигини ҳал қилади. Аммо, апелляция ва кассация инстанцияси судлари иш бўйича қарор қабул қилишда ИПК 177-моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган масалаларни ҳал этмаган ва жавобгар томонидан келтирилган далиллар ҳамда важларга баҳо бермасдан, Палатанинг даъво талабларини қаноатлантирган. Хусусан, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорида даъвогар шартномани бекор қилиш ҳақидаги келишувни жавобгарга юбормаганлиги ва бу билан низони судгача ҳал қилиш тартибга риоя қилмаганлиги, шартномани бекор қилиш талаби кўрмасдан қолдирилганлиги сабабли даъвонинг 352 000 000 сўм ундириш талабини қаноатлантириш рад этилишини кўрсатган. Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва янги қарор қабул қилишда, кассация инстанцияси суди эса апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришда, даъвогар жавобгарга 2021 йил 13 августда 3-сонли талабнома билан мурожаат қилиб, тўлаб берилган 352 000 000 сўмни қайтариш ва шартномани бекор қилишни талаб қилганлиги, жавобгар ўз мажбуриятини бажармаганлигини кўрсатган. Бироқ, иш ҳужжатларида мавжуд бўлган 2021 йил 13 августдаги 3-сонли талабнома юборилганлигини тасдиқловчи почта квитанциясида юбориш санаси 2021 йил 3 август деб кўрсатилганлигига апелляция ва кассация инстанцияси судлари эътибор бермаган. Шунингдек, тарафлар ўртасида тузилган шартномага кўра, даъвогар 2021 йил 25 январга қадар шартнома қийматининг 80 фоизини тўлаб бериши лозим бўлган. Бироқ, даъвогар 220 000 000 сўмни 2021 йил 3 март куни ва 132 000 000 сўмлик қисмини 2021 йил 15 март куни (1 ой, 20 кунга кечикиб) ўтказиб берган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 256-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида тарафлардан бири шартномага мувофиқ бошқа тарафнинг ўз мажбуриятларини бажаришига боғлиқ қилиб қўйилган мажбуриятни бажариши муқобил бажариш ҳисобланиши, бурчли тараф шартномада белгилаб қўйилган мажбуриятни бажармаган ёки мажбурият белгиланган муддатда бажарилмаслигини очиқ кўрсатиб турган вазият мавжуд бўлган тақдирда, муқобил ижрони ўз зиммасига олган тараф ўз мажбуриятини бажармай туришга ёки бу мажбуриятни бажаришдан бош тортишга ва кўрилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Бундан ташқари, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.5-бандида буюртмачи электр узатиш линиялари, трансформатор подстанциялари ва бошқа электромеханик ишларини, улаш ва ўрнатиш ишларини мустақил равишда амалга оширилиши белгиланган. Аммо, даъвогар ушбу мажбуриятларни бажармаган. Иш ҳужжатларидаги “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Данғара туман электр таъминоти корхонасининг 2021 йил 30 ноябрдаги 741-сонли маълумотига кўра, даъвогар 2021 йил 9 июнда ўзига қарашли томчилатиб суғориш механик қурилмаларини электрлаштириш учун Давлат хизматлари маркази орқали 30-кВт қувватга электр тармоқларига уланиш учун 32154633-сонли мурожаат йўлланган ва мазкур мурожаатга асосан Данғара ТЭТК томонидан фермер хўжалиги (даъвогар) ўзига алоҳида етарли қувватда трансформатор ўрнатиш кераклиги тўғрисида 2021 йил 11 июнда 1856-8-сонли техник шарти берилган, лекин фермер хўжалиги амалий ишларни бажармаган. ФК 644-моддасининг биринчи қисмига кўра, буюртмачи пудрат шартномаси бўйича ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармаганлиги, хусусан материал, ускуналар, техник ҳужжатларни ёки қайта ишланиши (ишлов берилиши) керак бўлган ашёни бермаганлиги пудратчининг шартномани бажаришига тўсқинлик қилган ҳолларда, шунингдек мазкур мажбуриятлар белгиланган муддатда бажарилмаслигини яққол кўрсатиб турган ҳолатлар мавжуд бўлганида (ушбу Кодекснинг 256-моддаси) пудратчи ишга киришмасликка, бошланган ишни эса тўхтатиб қўйишга ҳақли. Шу билан бирга, шартноманинг 3.1-бандида пудратчи ишларни бажаришни олдиндан тўлов амалга оширилгандан кейин 20 кун ичида бошлаши белгиланган. Буюртмачи томонидан тўлов амалга оширилганидан кейин пудратчи ўз вақтида ишларни бошлаган. ФК 635-моддасининг биринчи қисмига кўра, пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин. Бироқ, тарафлар ўртасида тузилган шартномада ишни бажаришнинг бошланғич муддати кўрсатилган бўлса-да, ишни бажаришнинг охирги муддати кўрсатилмаган. Шунингдек, апелляция инстанцияси суди даъвогар томонидан тўлаб берилган 352 000 000 сўмни жавобгардан ундиришда жавобгар томонидан шартномага асосан 287 546 682 сўмлик иш бажарилганлигини асоссиз инобатга олмаган. Чунки, тарафлар вакиллари, Данғара туман сув хўжалиги бўлими ва “Маматохир ота А” фермер хўжалиги ходимлари томонидан 2021 йил 21 ноябрь куни тузилган далолатномада магистрал қувурлар учун ер қазиш ишлари бажарилганлиги, магистрал қувурлар ер остига ётқизилганлиги, ҳовуз ўрни, ер ишлари бажарилганлиги, фильтр жиҳозлари ўрнатилганлиги ва бетон қилинганлиги, магистрал қувурлар гидрантлари ўрнатилганлиги ва бошқа ишлар бажарилганлиги кўрсатилган. Шунингдек, “Global Texno Progress T” МЧЖ қурилиш экспертлик ташкилотининг 2021 йил 1 декабрдаги 15-ЭЗ12/21-сонли экспертлик хулосасида шартнома бўйича жавобгар бажарган ишлари қиймати 287 546 682 сўмни ташкил этиши қайд қилинган. Ушбу эксперт хулосасига бажарилган ишларнинг чизмалари ва фото материаллар илова қилинган. Бундай ҳолатда апелляция инстанцияси суди даъво талабининг шартномани бекор қилиш қисмини ИПК 107-моддасининг 5-банди (даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса)га асосан кўрмасдан қолдириши ва даъво талабининг 352 000 000 сўм ундириш қисмини 287 546 682 сўмлик бажарилган ишларнинг қийматини айрган ҳолда қаноатлантириши лозим эди. Бундан кўринадики, судлар томонидан қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқланмаган ва бу билан процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган, бу эса асоссиз қарор қабул қилинишга сабаб бўлган. ИПК 3051-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги ҳамда моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Шунингдек, ИПК 301-моддасининг 4-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ҳақли. Шунинг учун, судлов ҳайъати протестни қаноатлантиришни, иш юзасидан қабул қилинган кассация инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни, жавобгарнинг кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириб, даъво талабининг шартномани бекор қилиш қисмини кўрмасдан қолдиришни ва жавобгардан даъвогар фойдасига 64 453 318 (352 000 000 - 287 546 682) сўм ундиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари Палатанинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда тарафларнинг зиммасига юклатилади. ИПК 118-моддасининг еттинчи қисмига кўра, давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади. Шунинг учун, ишни биринчи инстанция судида кўриш учун республика бюджетига жавобгардан 1 289 066 (64 453 318 х 2%) сўм, даъвогардан 5 750 934 (287 546 682 х 2 %) сўм давлат божи ундирилади. Иш апелляция инстанция судида кўрганлиги учун жавобгардан 644 533 (64 453 318 х 2% х 50%) сўм, даъвогардан 2 875 467 (287 546 682 х 2 % х 50%) сўм давлат божи ундирилади. Республика бюджетига жами жавобгардан 1 933 599 (1 289 066 + 644 533) сўм, даъвогардан 8 626 401 (5 750 934 + 2 875 467) сўм давлат божи ундирилади. Жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилишда 4 870 000 сўм давлат божи тўлаганлиги сабабли, даъвогар ҳисобидан жавобгар фойдасига 4 225 467 (4 870 000 - 644 533) сўм давлат божи ундирилади. Шартномани бекор қилиш талаби кўрмасдан қолдирилганлиги сабабли, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун 18-моддаси биринчи қисмининг 11-бандига асосан ушбу талаб бўйича давлат божи ундирилмайди. Шунингдек, жавобгардан Олий суднинг депозит рақамига ишни кассация инстнцияси судида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилади. Тарафлар томонидан тўланган почта харажатлари улар зиммасида қолдирилади. Жавобгардан даъвогар фойдасига ундирилган сумма ва даъвогардан жавобгар фойдасига ундирилган сумманинг ўзаро ҳисобга олиш натижасида жавобгардан даъвогар фойдасига 60 227 851 (64 453 318 - 4 225 467) сўм ундирилади. ИПК 343-моддасига асосан апелляция инстанцияси судининг қарори бўйича ундирув бекор қилинади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 – 303, 3051-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарининг протести қаноатлантирилсин. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 23 июндаги қарори бекор қилинсин. “Viridian Inventum” МЧЖ кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 мартдаги қарори ўзгартирилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 мартдаги қарорининг 2020 йил 25 декабрда 04/СКО/20 DAN-сонли шартномани бекор қилиш ва суд харажатлари тақсимлашга оид қисмлари бекор қилинсин. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг 2020 йил 25 декабрда 04/СКО/20 DAN-сонли шартномани бекор қилиш талаби кўрмасдан қолдирилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 мартдаги қарорининг хулоса қисмидаги “Viridian Inventum” МЧЖдан “Navro’z Ko’nchiboy” фермер хўжалиги фойдасига 352 000 000 сўм ундириш қисми 64 453 318 сўмга ўзгартирилсин. Республика бюджетига “Viridian Inventum” МЧЖдан 1 933 599 сўм ва “Navro’z Ko’nchiboy” фермер хўжалигидан 8 626 401 сўм давлат божи ундирилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 мартдаги қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин. Ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун “Navro’z Ko’nchiboy” 7 фермер хўжалигидан “Viridian Inventum” МЧЖ фойдасига 4 225 467 сўм давлат божи ундирилсин. “Viridian Inventum” МЧЖдан “Yangiariq Oxun” фермер хўжалиги фойдасига ундирилган 64 453 318 сўм ва “Navro’z Ko’nchiboy” фермер хўжалигидан “Viridian Inventum” МЧЖ фойдасига ундирилган 4 225 467 сўмнинг ўзаро ҳисобга олиш натижасида жавобгардан даъвогар фойдасига 60 227 851 (64 453 318 - 4 225 467) сўм ундирилади. “Viridian Inventum” МЧЖдан “Navro’z Ko’nchiboy” фермер хўжалиги фойдасига 60 227 851 сўм ундирилсин. “Viridian Inventum” МЧЖдан Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақалари берилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 мартдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Исрайлов ҳайъат аъзолари: Ш. Махмудов З. Рустамов Ф. Ражабов И. Таджиев