Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-22-2202/19 Дата решения 07.08.2023 Инстанция Надзор Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Ражабов Феруз Фахриддинович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение ELITA BIZNES SERVIS масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый "KOA ENG GO., LTD" КОМПАНИЯСИ
Source ID 1150123 Claim ID 3489643 PDF Hash 09df641d5712bed9... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
бандида агар пул мажбуриятини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганли… бандида агар пул мажбуриятини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганлик учун ФК 327 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ФКнинг 335-моддаси ФКнинг 335 law
ИПК 3051-моддаси ИПК 3051 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
Текст решения 18 703 символов
4-22-2202/19-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья М.Курбанов Апелляция инстанццияси судида маърузачи судья Р.Сагатов Кассация инстанцияси судида маърузачи судья Ш.Маҳмудов Ишни кассация тартибида такроран кўришда маърузачи судья Ф.Ражабов КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И Тошкент шаҳри 2023 йил 7 август Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар И.Таджиев, В.Сатторова, З.Рустамов ҳамда Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимов котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори М.Қурбонова, даъвогар “Elita biznes servis” масъулияти чекланган жамияти вакиллари И.Худойберганов (раҳбар), адвокат Ш.Курбанов (2023 йил 10 июлдаги 55-сонли ишончнома ва 2023 йил 6 июлдаги 13-сонли ордер асосида), жавобгар “Koa Eng Co., LTD” компанияси вакиллари К.Пак (2022 йил 17 ноябрдаги ишончномага асосан), Н.Зияев (2023 йил 1 августдаги 23-сонли ордер асосида), А.Болшаков (2023 йил 6 августдаги 6-сонли ордер асосида) иштирокида, “Elita biznes servis” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Koa Eng Co., LTD” компаниясидан 25 000 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз ва 5 900 АҚШ доллари миқдори пеня ундириш, шунингдек, жавобгар “Koa Eng Co., LTD” компаниясининг даъвогар “Elita biznes servis” масъулияти чекланган жамиятидан 59 000 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 5 900 АҚШ доллари миқдорида пеня ҳамда 9 295 АҚШ доллари миқдорида фоиз ундириш тўғрисидаги қарши даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протестинини Олий суд биносида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Elita biznes servis” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “Koa Eng Co., LTD” компанияси ўртасида 2020 йил 26 февралда 26022020-сонли шартнома тузилган. Шартномага кўра, жавобгар даъвогарга умумий қиймати 590 000 АҚШ доллари бўлган технологик ускуна (АГНКС с КПГ компрессорным оборудованием GEO-“С2” 350 ЛС 4-х ступенчатый)ни етказиб бериш, даъвогар эса ушбу ускуна учун белгиланган тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.6.1, 2.6.2, шунингдек, 2.6.3-бандларига кўра, шартнома суммасининг 20 фоизи, яъни 118 000 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов жавобгарнинг банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши, шартнома суммасининг 70 фоизи, яъни 413 000 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов товар юклашга тайёр бўлганида жавобгарнинг банк ҳисоб рақамига тўғридан-тўғри ўтказиб берилиши, шартнома суммасининг 10 фоизи, яъни 59 000 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов ускуна ишга туширилиб, жавобгар томонидан тегишли далолатнома тақдим этилгач, бироқ ускуна Урганч станциясига етказиб берилган кундан бошлаб 45 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда тўлаб берилиши лозим бўлган. Даъвогар жавобгар ҳисоб рақамига 531 000 АҚШ доллари яъни шартнома суммасининг 90 фоизини ўтказиб берган. Шартнома шартлари ва товар-транспорт ҳужжатлари асосида технологик ускуна белгиланган манзилга 2021 йил 20 февралда етказиб берилган ҳамда 2021 йил 25 февралда А EDB0005290-сонли божхона юк декларацияси билан “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган. Шартнома шартларида кўрсатилган технологик ускунанинг умумий қиймати 25 000 АҚШ доллари бўлган Sus pipe аnd fittings (300m) бир комплект 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитинглар етказиб берилмаганлиги, технологик ускуна 10 кунга кечиктириб етказиб берилганлиги асоси билан даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 25 000 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз ва 5 900 АҚШ доллари миқдорида пеня ундиришни сўраган. Шунингдек, ишни кўриш жараёнида жавобгар даъвогарга нисбатан судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, даъвогардан 59 000 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 5 900 АҚШ доллари миқдорида пеня ҳамда 9 295 АҚШ доллари миқдорида фоиз ундиришни сўраган. Суднинг 2022 йил 18 майдаги ажрими билан ишга Хоразм вилоят божхона бошқармаси ва “Decl impex” масъулияти чекланган жамияти низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилган. Хоразм вилоят судининг 2022 йил 6 июлдаги ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига 5 900 АҚШ доллари пеня ундирилиб, дастлабки даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Қарши даъво аризаси бўйича даъвогардан жавобгар фойдасига 59 000 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 5 900 АҚШ доллари миқдорида пеня ва 9 295 АҚШ доллари миқдорида фоиз ундирилган. Даъволар ўзаро ҳисобга олиниб, даъвогардан жавобгарга 59 000 АҚШ доллари асосий қарз, 9 295 АҚШ доллари фоиз ундириш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 20 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг даъвогардан жавобгар фойдасига 9 295 АҚШ доллари фоиз ундириш қисми бекор қилиниб, қарши даъво аризасининг ушбу қисмини қаноатлантириш рад этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги қарори билан суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан берилган протестда мазкур ишни кассация тартибида такроран кўриб чиқиш сўралган. Протестда суднинг жавобгар томонидан низоли маҳсулот даъвогарга тўлиқ етказиб берилганлиги ҳақидаги хулосаси ишнинг ҳақиқий ҳолатларига тўғри келмаслиги, 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитинглар даъвогарга етказиб берилмаганлиги, бу ҳақда 2021 йил 26 февралда далолатнома тузилганлиги, жавобгар ушбу камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаганлиги, низоли маҳсулот етказиб берилмаганлигини божхона ҳужжатларида ҳам кўриш мумкинлиги, судлар томонидан даъвогар томонидан тақдим этилган далиллар ҳамда божхона ҳужжатлари ўрганилмаганлиги, божхона органи маълумотларига кўра, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 1-иловасида жавобгар томонидан етказиб берилиши лозим бўлган товарлар рўйхатининг 1.8-тартиб рақамидаги бир комплект 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитинглар бўйича маълумотлар ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида ҳам юк кузатув ҳужжатларида ҳам қайд этилмаганлиги, низоли товар ўрнига gas cooler, fan cover, hopper coller ва pls control panel товарлари импорт қилинганлиги, ушбу ҳолат жавобгарнинг низоли товарни етказиб бермаганлигини тасдиқлаши, ускунанинг бутлиги мутахассис хулосасини олиш орқали аниқланмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги, қарши даъво талабини қаноатлантириш учун далилларнинг мавжуд эмаслиги, судлар жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари тўлиқ бажарилмаган бўлса-да, асоссиз равишда пеня ундирганлиги қайд этилган. Суд муҳокамасида иштирок этган прокурор протестда келтирилган важларни такрорлаб, протестни қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўради. Суд муҳокамасида иштирок даъвогар вакили кассация протестини қувватлаб, жавобгар шартномада кўрсатилган 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитингларни етказиб бермаганлиги сабабли унга 59 000 АҚШ доллари миқдоридаги қарз тўлаб берилмаганлиги, даъвогар 59 000 АҚШ долларидан 25 000 АҚШ долларини чегирган ҳолда жавобгарга 34 000 АҚШ доллари тўлаб беришга розилигини, ускуна эҳтиёт қисм сифатида етказиб берилганлиги сабабли даъвогар қўшимча қиймат солиғи тўлашга мажбур бўлганлигини, шартномада 11 турдаги маҳсулот етказиб бериш кўрсатилган бўлса-да, 13 турдаги маҳсулот етказиб берилганлиги аммо, шартноманинг 1-иловаси 1.8-тартиб рақамида кўрсатилган 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитинглар етказиб берилмаганлигини, қўшимча етказиб берилган 3 турдаги маҳсулот бўлмаса ускуна ишламаслигини маълум қилишиб, протестни қаноатлантиришни сўрашди. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгарнинг вакиллари протестда келтирилган важларга эътироз билдириб, даъвогар жавобгарга низоли ҳолат юзасидан 2022 йил 8 февралда 3-сонли талабнома орқали мурожаат қилганлиги, даъвогардан нақд пул кўринишида пул олинмаганлиги, 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитинглар бўлмаса, ускуна ишламаслиги, ускуна жавобгар томонидан ишлатиб берилганлиги, ускуна ишга туширилганлиги тўғрисидаги далолатномани даъвогар имзолашдан бош тортганлиги, мазкур ҳолат далолатномада қайд этилганлигини маълум қилиб, протестни рад этишни ва суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган Хоразм вилоят божхона бошқармаси ва “Decl impex” масъулияти чекланган жамияти суд мажлисида вакиллари иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни Хоразм вилоят божхона бошқармаси ва “Decl impex” масъулияти чекланган жамияти вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини, протест ва кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация инстанцияси судинг қарорини ўзгаришсиз, протестни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 448-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида сотиб олувчи (олувчи)нинг етказиб берувчи жойлашган ерда товарларни танлаб олиши назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи (олувчи) ўзига топширилаётган товарларни улар топшириладиган жойда кўздан кечириши лозим. Товарларнинг шартномага номувофиқлиги аниқланганда, у бундай товарларни олишдан бош тортишга ҳақли. ФК 449-моддасининг учинчи қисмига биноан, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ олишдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли. Иш ҳужжатларидан ва суд муҳокамасидан маълум бўлишича, жавобгар томонидан даъвогарга умумий қиймати 590 000 АҚШ доллари қийматдаги технологик ускуна етказиб берилган ва мазкур ускунанинг баҳоси, сифати, бутлиги ва ассортименти бўйича даъвогар томонидан белгиланган муддатда ҳеч қандай эътирозлар билдирилмаган. Ваҳоланки, шартноманинг 6.5-бандига кўра, технологик ускунани қабул қилиш жараёнида унинг шикастланганлиги ёки унинг шартнома шартларига номувофиқлиги аниқланганда 48 соат ичида, шикастланишлар ва номувофиқликларни аниқ кўрсатган ҳолда, 3 нусхада тижорат далолатномаси (коммерческий акт) расмийлаштириши ва расмийлаштирилган (имзоланган) санадан бошлаб 3 кун ичида жавобгарга юбориши лозим бўлган. Бундан ташқари, шартноманинг 6.6-бандида технологик ускунани қабул қилиш жараёнида шикастланишлар ва/ёки унинг шартнома шартларига номувофиқлиги аниқланганда, даъвогар шартноманинг 8-бўлими қоидалари асосида жавобгарга рекламация тақдим этиши лозимлиги белгиланган. Бироқ, даъвогар шартноманинг 6.5, 6.6-бандлари ва 8-бўлимидаги шартлар бўйича технологик ускунанинг шартнома шартларига номувофиқлиги юзасидан шартномада белгиланган муддатда жавобгарга ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Қолаверса, даъвогар ўз ҳисобидан 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитингларни 315 000 000 сўмга сотиб олиб, объектга ўрнатилганлигини таъкидлаган бўлса-да, аммо мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далилларни судга тақдим этмаган. Қайд этилганларга мувофиқ биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгардан 25 000 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз ундириш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли хулосага келган. Шу боис, судлов ҳайъати протестдаги жавобгар томонидан 300 метр узунликдаги зангламайдиган труба ва фитинглар даъвогарга етказиб берилмаганлиги, бу ҳақда 2021 йил 26 февралда далолатнома тузилганлиги, жавобгар ушбу камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаганлиги, низоли маҳсулот етказиб берилмаганлигини божхона ҳужжатларида ҳам кўриш мумкинлиги, даъвогар томонидан тақдим этилган далиллар ҳамда божхона ҳужжатлари ўрганилмаганлиги тўғрисидаги важлари билан келиша олмайди. Шу билан бирга, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.2-бандига асосан технологик ускуна 2020 йил 20 февралда Урганч станциясига етказиб берилган. Натижада, жавобгар технологик ускунани етказиб беришни 10 кунга кечиктирган. Шу сабабли биринчи инстанция суди даъво талабининг жавобгардан 5 900 АҚШ доллари миқдорида пеня ундириш қисмини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида асосли қарор қабул қилган. Шунингдек, қарши даъво аризасида кўрсатилган жавобгарнинг даъвогарга умумий қиймати 590 000 АҚШ доллари қийматдаги технологик ускунани етказиб берганлиги учун унинг қолган 10 фоизи, яъни 59 000 АҚШ доллари миқдоридаги қисмини шартномада назарда тутилган муддатда тўламаганлиги иш ҳужжатлари билан ўз исботини топганлиги сабабли биринчи инстанция суди қарши даъво талабидаги асосий қарз ундириш қисмини қаноатлантириб, даъвогардан жавобгар фойдасига 59 000 АҚШ доллари ундириш ҳақида қонуний қарор қабул қилган. Чунки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.2-бандига асосан технологик ускуна 2020 йил 20 февралда Урганч станциясига етказиб берилган. Қолаверса, даъвогар даъво талабида айнан технологик ускунани етказиб бериш жавобгар томонидан 10 кунга кечиктирилганлиги сабабли ундан шартноманинг 9.1-бандига асосан пеня ундиришни сўраган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 9.2-бандига кўра, даъвогар етказиб берилган технологик ускуна тўловларини кечиктирган ҳар бир кун учун тўланмаган сумманинг 0,1 фози миқдорида, бироқ тўланмаган сумманинг 10 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жавобгарга пеня тўлаш мажбуриятини олган. Шу боис, қарши даъво аризасида даъвогардан 5 900 АҚШ доллари миқдорида пеня ундириш сўралган. Даъвогар томонидан шартноманинг 2.6.3-бандида белгиланган мажбуриятлар бажарилмасдан, 59 000 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорлик белгиланган муддатда тўлаб берилмаган. Шу сабабли биринчи инстанция суди даъвогардан жавобгар фойдасига 5 900 АҚШ доллари пеня ундириш ҳақида асосли тўхтамга келган. Мазкур асосларга кўра, судлов ҳайъати протестда келтирилган қарши даъво талабини қаноатлантириш учун далилларнинг мавжуд эмаслиги, судлар жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари тўлиқ бажарилмаган бўлса-да, асоссиз равишда пеня ундирганлиги тўғрисидаги важлари билан келиша олмайди. Биринчи инстанция суди дастлабки ва қарши даъводаги қаноатлантирилган талабларни ўзаро ҳисобга олиб, пеня суммасини ундирмаслик ҳақида тўғри тўхтамга келган. Бундан ташқари, жавобгар даъвогардан 9 295 АҚШ доллари фоиз ундиришни ҳам сўраган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 11-бандида агар пул мажбуриятини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганлик учун ФКнинг 327-моддасига мувофиқ белгиланган фоизлар миқдори (ставкаси) пул мажбурияти бажарилишини кечиктириш оқибатларига очиқдан-очиқ номутаносиб бўлса, суд фоизларнинг қоплаш табиатини ҳисобга олиб, ФКнинг 326-моддасига мос ҳолда, ФКнинг 335-моддасига асосан фоизлар миқдорини (ставкаси) камайтиришга ёки кредиторга уни ундиришни бутунлай рад этишга ҳақли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган. Аммо, биринчи инстанция суди моддий ҳуқуқ номаларини нотўғри қўллаб, мазкур талабни қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган. Апелляция инстанцияси суди юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, дастлабки даъво киритилгунга қадар жавобгар даъвогарга эътироз билдирмаганлигини ва талабнома юбормаганлигини, қарши даъвонинг фоиз ундириш талаби иш ҳужжатларига кўра номутаносиблигини, ушбу сумма даъвогарнинг моддий аҳволини қийинлаштириши мумкинлигини инобатга олиб, ҳал қилув қарорининг даъвогардан жавобгар фойдасига 9 295 АҚШ доллари фоиз ундириш қисмини бекор қилиб, қарши даъвонинг ушбу талабни қаноатлантиришни рад этиш, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган. Қайд этилганларга асосан кассация инстанцияси суди апелляция инстанциясининг қарорини ўзгаришсиз қолдирган. ИПК 3051-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур модданинг иккинчи қисмига кўра, процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур ҳолатда, кассация инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, иш ҳолатларига мувофиқ қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилган, шу сабабли уни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг протестини қаноатлантиришни рад этишни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 27 декабрдаги қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди. 8 Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301-303 ва 3051-моддаларига асосланиб, қ а р о р қ и л д и: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг протестини қаноатлантириш рад этилсин. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 27 декабрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Elita biznes servis” масъулияти чекланган жамиятидан ишни видеоконференцалоқа режмида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўмлик суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Т.Аннавева ҳайъат аъзолари И.Таджиев В.Сатторова З.Рустамов Ф.Ражабов