← Назад
Решение #513299 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
6
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| збекистон Республикаси Божхона кодекси | 201 | — | code_article | |
| ИПК | 280 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| йича ушбу Кодекс | 302 | — | code_article | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| харажатларни ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
15 587 символов
4-2201-2101/4540-сонли иш иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида ишни кўрган
судья – М.Қазақов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья – В.Қазақов
Кассация инстанцияси судида
маърузачи судья – В.Сатторова
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О РИ
2023 йил 3 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
И.Таджиев ва В.Сатторовадан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида,
суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган
Хоразм вилоят судининг ходими Қ.Курязов, Хоразм вилояти божхона
бошқармаси вакили З.Бекчонов (2022 йил 3 октябрдаги 13/20-22-04008-сонли
ишончномага асосан), “IMOM EKO TRANS” хусусий корхонаси вакили
адвокат Р.Хаитов (2023 йил 2 июндаги 26-сонли ишончномага асосан)нинг
иштирокида, даъвогар Хоразм вилояти божхона бошқармасининг жавобгар
“IMOM EKO TRANS” хусусий корхонасидан 328 300 000 сўм ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган
Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
12 октябрдаги қарори устидан “IMOM EKO TRANS” хусусий корхонаси
томонидан берилган кассация шикояти ва унга илова қилинган ҳужжатларни
иш билан бирга Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимида
бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Хоразм вилояти божхона бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар
деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
“IMOM EKO TRANS” хусусий корхонасидан (бундан буён матнда жавобгар
деб юритилади) 328 300 000 сўм йиғимни ундиришни сўраган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 январдаги
ажримига асосан “CAPITAL ECONOMIC” масъулияти чекланган жамияти
ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз
қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 4 августдаги ҳал
қилув қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан
даъвогар фойдасига 328 300 000 сўм йиғим ва 21 600 сўм почта харажатлари,
шунингдек, жавобгардан Республика бюджетига 6 566 000 сўм давлат божи
ундирилган.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 12 октябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Даъво тўлиқ
қаноатлантирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 12 октябрдаги қарори устидан жавобгар
кассация шикояти билан мурожаат қилиб, апелляция инстанцияси судининг
қарорини бекор қилиб, даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилиш
ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда
даъвогар томонидан қўшимча божхона тўловларини ҳисоблашда
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертлар хулосасида
републикамизда автотранспортларнинг “Евро” экологик даражасини
аниқлаш учун синов лабораторияси йўқлиги учун “Евро” экологик даражаси
тўғрисида алоҳида экспертлик хулоса бераолмаслиги, экспертларнинг
хулосаларида ягона илмий-услубий адабиётларга асосланган ҳолда аниқ
хулосалар тақдим қилинмаганлиги оқибатида хулосада келтирилган
Марказнинг хулосалари асос қилиб олинганлиги, бироқ экспертиза холатлар
бир-бирига қарама-қаршилик ҳамда номувофиқлик келтириб чиқарганлиги,
мазкур ҳолат бўйича маъмурий судда иш кўриб чиқилиб, жамият
раҳбарининг хатти-ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги
сабабли маъмурий суд томонидан жамият раҳбарига нисбатан иш юритиш
тугатилганлиги, жавобгар раҳбари ҳужжатларни сохталаштирмаганлиги,
ушбу ҳолатларга қуйи судлар томонидан тегишли ҳуқуқий баҳо
берилмаганлигини кўрсатган.
Суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор
қилинган учинчи шахс вакили суд мажлисида иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация
шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа
шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик
қилмайди.
Судлов ҳайъати жойида маслаҳатлашиб, ишни учинчи шахс
вакилининг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида хулосага келди.
Суд мажлисида жавобгар вакили шикоятда келтирилган важларни
такрорлаб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни
сўради.
Даъвогар вакили кассация шикоятига эътироз билдириб, апелляция
инстанцияси суди тарафларнинг барча важларини муҳокама қилганлигини
баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни ва апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўз кучида қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб,
шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама
қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни
янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни, кассация
шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жавобгар номига Хитой давлатидан
2 дона “Седельный тягач, Марка: HOWO, 2020 йилда ишлаб чиқарилган, тип
топлива Дизельный двигатель” автотранспорт воситалари олиб келиниб,
“Урганч” ТИФ божхона постида 33007/16.02.2021/0000833-сонли божхона
юк декларацияси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил 29 октябрдаги 665-сон қарорига асосан 328 300 000 сўм миқдорида
утилизация йиғимидан имтиёзлар қўлланилган ҳолда “эркин муомалага
чиқариш” (ИМ-40) божхона режимига расмийлаштирилган.
Жавобгар томонидан даъвогарга тақдим этилган Қорақалпоғистон
Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг
2021 йил 5 февралдаги № 02/18-14-266-сонли хатида HOWO русумли тягач
двигатель рақами 201007028177 двигатель модели WD 615,47 шасси рақами
LZZ5CLSB0LN684844 ва HOWO русумли тягач 201007028107 двигатель
модели WD 615,47 шасси рақами LZZ5CLSB2LN684845 бўлган транспорт
воситалари “Евро-5” экологик синфига мослиги, экологик талабга жавоб
бериши кўрсатилган.
Шундан кейин, даъвогар 2021 йил 13 сентябрда 03-13/4-3470-сонли хат
билан Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш қўмитасига мурожаат қилиб, 2 дона HOWO русумли транспорт
воситалари “Евро-5” экологик синфига мослиги экологик талабга жавоб
бериши юзасидан лаборатория текшируви хулосаларини тақдим қилиш,
транспорт воситаларини кўздан кечирилганлиги тўғрисидаги далолатнома
нусхаларини тақдим қилиш сўралган.
Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш қўмитаси 2021 йил 28 сентябрдаги № 03/18-14-2070-сонли хати билан
жавоб бериб, жавобгар номига Хитой давлатидан олиб келинган HOWO
русумли тягач двигатель рақами 201007028177 двигатель модели WD 615,47
шасси рақами LZZ5CLSB0LN684844 ва HOWO русумли тягач 201007028107
двигатель модели WD 615,47 шасси рақами LZZ5CLSB2LN684845 бўлган
транспорт воситалари “Евро-5” экологик синфига мослиги юзасидан
лаборатория текшируви ўтказилмаганлиги, далолатнома тузилмаганлиги
ҳамда қўмита томонидан юборилган хатни нотўғри эканлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси 201-моддасининг биринчи
қисмига кўра, товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона органлари,
агар божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари мавжуд деб тахмин
қилиш учун етарли ва тасдиқланган асослар мавжуд бўлса, божхона
назоратини амалга оширишга, шу жумладан божхона аудити усуллари
асосида амалга оширишга ҳақли.
Даъвогар томонидан 2021 йил 21 сентябрда товарларни чиқариб
юборилганидан кейинги божхона назоратини ўтказиш тўғрисидаги қарори
қабул қилинган ва автотранспорт воситаларининг экологик синфига аниқлик
киритиш юзасидан комплекс экспертиза тайинланган.
Ўтказилган комплекс экспертиза натижаси бўйича Ўзбекистон
Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертиза марказининг Қорақалпоғистон Республикаси
бўлимининг хулосаларига асосан, юқоридаги 2 дона “HOWO” модель:
ZZ4257S3241V, шасси (VIN) № LZZ5CLSB0LN684844 ва “HOWO” модель:
ZZ4257S3241V, шасси (VIN) № LZZ5CLSB2LN684845 бўлган транспорт
воситаларига “Чиқинди газларни фильтрлаш тизими (Система фильтрации
выхлопных газов)” ўрнатилмаганлиги аниқланган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур транспорт воситалари “Евро-5” ва ундан
юқори экологик даража талабларига жавоб бермаслиги тўғрисида хулосалар
берилган.
Даъвогар юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, 2021 йил 2 декабрда
03-13/22-4369-сонли талабнома орқали жавобгарга мурожаат қилиб, нотўғри
имтиёз қўлланилганлигини билдириб, 328 300 000 сўм утилизация йиғимини
тўлаб беришни сўраган.
Бироқ, даъвогарнинг жавобгарга юборган талабномаси жавобгар
томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Натижада мазкур низо келиб чиқиб, даъвогар юқоридаги талаблар
билан судга мурожаат қилган.
Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг даъво талабини
қаноатлантиришда қуйидагиларга асосланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
“Коронавирус пандемияси даврида ташқи иқтисодий фаолият, туризм ва
қурилиш соҳаларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар
тўғрисида” 2020 йил 29 октябрдаги 665-сонли қарорида 2022 йил 31 декабрга
қадар “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган
транспорт воситаларига утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилиши
белгиланган.
Шунга асосан, жавобгар Қорақалпоғистон Республикаси экология ва
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг “Евро-5” экологик синфига
мослиги, экологик талабга жавоб бериши ҳақидаги хатига асосланиб,
2 та транспорт воситасини 328 300 000 сўм миқдорида утилизация йиғимидан
имтиёзлар қўлланилиб, “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига
расмийлаштирган.
Аммо, мазкур 2 та транспорт воситаси “Евро-5” ва ундан юқори
экологик даража талабларига жавоб бермаслиги ҳақида Ўзбекистон
Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертиза марказининг Қорақалпоғистон Республикаси
бўлими томонидан комплекс экспертиза натижаси бўйича хулосалар
берилган.
Апелляция инстанцияси суди томонидан (хулоса) берган экспертлар
Ҳ.Ғ.Султонов ҳамда Р.М.Палимбетовлар суд мажлисига таклиф этилиб,
ўзлари
томонидан
берилган
хулоса
бўйича
ҳақиқатдан
ҳам
автотранспортларнинг “Евро-5” экологик даражасини аниқлаш учун синов
лабораторияси мавжуд эмаслиги бироқ, транспорт воситаларининг техник
паспортлари ўрганилганда техник паспортларида “Евро-5” ёзувлар мавжуд
эмаслиги сабабли транспорт воситалари кўздан кечирилганда чиқинди
газларни фильтрлаш тизими (система фильтрации выхлопных газов)
ўрнатилмаганлиги сабабли, мазкур транспорт воситалари “Евро-5” ва ундан
юқори экологик даража талабларига жавоб бермаслиги ҳақидаги
тушунтиришларини инобатга олиб, жавобгар томонидан олиб келинган
транспорт воситалари “Евро-5” ва ундан юқори экологик даража талабларига
жавоб бермаслиги тўғрисида тўхтамга келиб, даъвогарнинг даъвосини тўлиқ
қаноатлантиришни лозим топган.
Судлов ҳайъати апелляция инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ
аниқламасдан, даъвони қаноалантириш ҳақида барвақт хулосага келган деб
ҳисоблайди.
Хусусан, суд жавобгар томонидан тақдим қилинган ишлаб чиқарувчи
томонидан берилган “подтверждение” ҳамда транспорт воситаларига
тегишли ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ўрганилмаган.
Шунингдек, судлар экспертлар томонидан берилган транспорт
воситаларда чиқинди газларни фильтрлаш тизими (система фильтрации
выхлопных газов) ўрнатилмаганлиги сабабли, мазкур транспорт воситалари
“Евро-5” ва ундан юқори экологик даража талабларига жавоб бермаслиги
ҳақидаги хулосаси қайси илмий-услубий адабиётларга ва амалдаги
қонунчиликка асосланганлигига, жавобгар номига импорт қилинган
автотранспорт воситаларининг “Евро” экологик даражасини аниқлайдиган
синов лабораториясининг ўзи мавжуд эмаслиги учун “Евро” экологик
даражасини аниқлаш имкони мавжуд эмаслиги ҳақидаги важларига тегишли
ҳуқуқий баҳо берилмаган.
ИПК 280-моддасининг иккинчи қисмида апелляция инстанцияси
судининг қарорида апелляция шикоятида (протестида) келтирилган ҳал
қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текшириш тўғрисида
талаб билдирилишига доир асослар, апелляция шикояти (протести) юзасидан
ёзма фикрда баён қилинган важлар, апелляция инстанцияси суди томонидан
аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари
учун асос бўлган далиллар; суд қарорни қабул қилишда амал қилган
қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар; суднинг у ёки бу
далилларни рад этишига ва ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган
қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўлламаганлигига доир
сабаблар кўрсатилиши кераклиги белгиланган.
Апелляция инстанцияси суди жавобгарнинг шикоятдаги важларини
ўрганмаган ва билдирилган важларига ҳуқуқий баҳо берилмаган. Натижада
суд томонидан асослантирилмаган қарор қабул қилинган.
ИПК 301-моддасининг 3-бандида кассация инстанцияси суди кассация
шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс
302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг
4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув
қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати
бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли эканлиги белгиланган.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ
аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли
бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган
хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки)
процессуал
ҳуқуқ
нормаларининг
бузилганлиги
ёхуд
нотўғри
қўлланилганлиги асос бўлади. Мазкур ҳолатда биринчи ва апелляция
инстанцияси судлари томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ
ўрганилмаган. Шу сабабли судлов ҳайъати, кассация шикоятини қисман
қаноатлантиришни, биринчи ва апелляция инстанцияси суди қарорларини
бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига
юборишни лозим топади.
Биринчи инстанция суди ишни янгидан кўришда ишда иштирок этувчи
шахсларнинг важларини тўлиқ ўрганиши, жавобгарнинг важларига баҳо
бериш учун ишга мутахассис жалб қилиш ёки экспертиза тайинлаш
масаласини ҳал қилиши, жавобгар томонидан тақдим қилинган
ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ҳолатларини аниқлаши, ишлаб чиқарувчидан
расмий маълумот олиш чоралаларни кўриши, жавобгар раҳбари Ж.Рахимовга
нисбатан қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қабул
қилинган жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судининг 2022 йил
8 июлдаги қарорида баён этилган ҳолатларнинг мазкур ишга алоқадорлигини
ўрганиб, унга тегишли ҳуқуқий баҳо бериши, ишдаги ва янгидан тақдим
этиладиган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, моддий ҳамда процессуал ҳуқуқ
нормаларини тўғри қўллаган ҳолда ишни кўриш натижаси бўйича қонуний ва
асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши, суд харажатларини, шу
жумладан ишни кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа
режимида кўриш билан боғлиқ харажатларни ИПКнинг 118-моддасига
асосан тақсимлаши лозим бўлади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301-305-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“IMOM EKO TRANS” хусусий корхонасининг кассация шикояти
қисман қаноатлантирилсин.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 4 августдаги ҳал
қилув қарори ва Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 12 октябрдаги қарори бекор қилинсин.
Иш янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Урганч
туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Р. Сагатов
ҳайъат аъзолари:
И.Таджиев
В.Сатторова