← Назад
Решение #513310 Экономические
Решение
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| кодекси | 14 | — | code_article | |
| кодекси | 15 | — | code_article | |
| кодекси | 266 | — | code_article | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Фарғона шаҳри
2023 йил 3 август
4-1501-2304/5196-сонли иш
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Жамолиддинов, судья
ёрдамчиси Н.Эралиеванинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар вакиллари
О.Неъматов ва Х.Махбубов (ишончномага асосан), жавобгар вакиллари Н.Махкамова
ва Р.Қаюмов (ишончномага асосан) иштирокида, даъвогар «Йирик солиқ тўловчилар
бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси»нинг жавобгар «Фарғона азот» акциядорлик
жамиятидан 640 517 284,45 сўм қўшилган қиймат солиғини ундириш тўғрисидаги
даъво аризасини суд биносида, очиқ суд мажлисида, видеоконференцалоқа режимида
кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
«Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси» (бундан буён
матнда даъвогар деб юритилади) ва «Фарғона азот» акциядорлик жамиятига нисбатан
иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Фарғона азот» акциядорлик
жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)нинг ҳаракатларида ҳуқуқни
суиистеъмол қилиш ҳолатлари мавжудлигидан ва жамият томонидан 640 517 284,45
сўм қўшилган қиймат солиғи асоссиз ҳисобга олинганлигидан келиб чиқиб,
жавобгардан 640 517 284,45 сўм қўшилган қиймат солиғини ундиришни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари даъво талабларини қўллабқувватлаб, даъво аризани қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида жавобгар вакиллари даъвогарнинг даъво талаблари асоссиз
эканлиги, жамият ўзига боғлиқ барча харакатларни қилганлиги, контрагентлар билан
тузилган шартномалар биржа орқали тузилганлиги, шартнома тарафларидан қўшимча
ҳужжатларни олиш имкони йўқлиги, солиқ органи ўз вақтида контрагентлар
томонидан ҚҚС тўловларини ундириш чораларини кўрмаганлигини билдириб,
даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни рад қилишни сўради.
Суд, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ҳамда ишдаги
ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра даъвони қаноатлантиришни
лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, «Йирик солиқ тўловчилар бўйича
ҳудудлараро солиқ инспекцияси»нинг 2023 йил 3 февралдаги 00074-kt-сонли ва
2023 йил 10 февралдаги 00091- kt-сонли буйруқларига асосан «Фарғона азот»
акциядорлик жамиятида 2020-2022 йиллар давомидаги фаолиятида қўшилган қиймат
солиғи тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва бюджетга тўланиши юзасидан камерал солиқ
текшируви ўтказилган.
Текширув натижаларига кўра, 2022 йил 21 февраль кунги солиқ ҳисоботларига
тузатиш киритиш ҳақидаги 33/20-05381-сонли талабнома юборилган.
Шундан сўнг, жавобгар жамият томонидан текшириш материаллари билан
танишиб чиқиб ҳамда юборилган талабномага нисбатан ўз эътирозларини баён қилиб,
даъвогарнинг талаблари асоссизлиги билдирилган.
Шунингдек, даъвогар томонидан 2023 йил 14 март кунги 33/20-07358-сонли
камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги
материалларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарори қабул қилиниб, белгиланган
тартибда судга даъво аризаси киритилиши белгиланган.
Шу сабабли, даъвогар жавобгарга нисбатан жамият харакатларида ҳуқуқни
суиистеъмол қилиш ҳоллари мавжудлиги ва жамият томонидан 640 517 284,45 сўм
қўшилган қиймат солиғи асоссиз ҳисобга олинганлигидан келиб чиқиб, жамиятдан
640 517 284,45 сўм қўшилган қиймат солиғини ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 14-моддасининг бешинчи
қисмига кўра, агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик
тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини
камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини
амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ушбу Кодекс мақсадларида ҳуқуқни
суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади.
Ушбу модданинг саккизинчи қисмига кўра, ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни
суиистеъмол
қилишнинг,
битим
қалбакилигининг
(кўзбўямачилик
учун
тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш
солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ
органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.
Солиқ кодексининг 15-моддаси биринчи қисмига кўра, Солиқ муносабатларида
солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ
тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик
обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини,
битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада
эҳтиёткорлик қилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда
3259-сон билан рўйхатдан ўтказилган, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
2020 йил 28 майдаги 24-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси
бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (4-сонли БҲМС) «Товар-моддий
захиралар”ни 58-бандига кўра, чиқиб кетаётган товар-моддий захираларнинг қиймати
чиқиб кетиш факти аниқланган пайтда балансдан ҳисобдан чиқарилади. Товармоддий захиралар ташкилотнинг балансидан:
реализация қилиш, бошқа ташкилотнинг устав капиталига таъсис улуши
кўринишида бериш, таъсисчининг таъсисчилар таркибидан чиқишида ёки
тугатилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг мол-мулкини унинг иштирокчилари
ўртасида тақсимлаётганда илгари ташкилотнинг устав капиталига киритилган
улушни таъсисчига қайтариш, бепул бериш, айирбошлаш, сақлаш муддати тугагач
яроқсизлиги сабабли, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида тугатиш (йўқ
қилиш), камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши, товар
қарзи кўринишида тақдим этиш ёки илгари олинган товар қарзини қайтариш, бошқа
операциялар ва ҳодисалар натижасида ҳисобдан чиқарилади.
Солиқ кодексининг 266-моддасига кўра, агар ҳисобга олиш ҳуқуқи товарларни
(хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим
натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари
ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли деб
белгиланган.
Шунга кўра, даъвогар томонидан текшириш ўтказилганда, «Фарғона азот»
акциядорлик жамиятининг шубхали ташкилот тоифасига кирувчи «Grand Metals Rail»
масъулияти чекланган жамияти, «Kirguli-Savdo» масъулияти чекланган жамияти,
«Vodiy Avtoqism Biznes» масъулияти чекланган жамияти ва «Nowelle» масъулияти
чекланган жамияти билан молиявий операцияларни амалга оширишидан кўзланган
ягона ва устувор мақсади, солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан
ёки ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлганлиги,
жавобгарнинг бундай ҳаракатлари Солиқ кодекси мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол
қилиш деб эътироф этилиши, ушбу контрагентлар ўртасида 2020-2022 йиллар
давомида 145 та ҳолатда ўтказилган электрон ҳисобварақ-фактурада қиймати
4 270 115 229 сўмлик маҳсулотларни кирим қилган ҳолда, қўшилган қиймат солиғи
ҳисоб-китобида 640 517 284 сўм ҳисобга(зачётга) олганлиги аниқланган.
«Фарғона азот» акциядорлик жамияти томонидан тақдим қилинган қўшилган
қиймат солиғи ҳисоб-китобларида ҳисобга (зачётга) олинган қўшилган қиймат солиғи
640 517 284 сўм бўлган товарлар (хизматлар) харидида Солиқ кодексининг 15, 266моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сонли Қарори
билан тасдиқланган “Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби
тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилинмаганлиги сабабли бюджетга қўшилган
қиймат солиғи ҳисобланмаганлиги (тўлиқ ҳисобланмаганлиги) ёки тўланмаганлиги
маълум бўлган.
Шунингдек, мазкур иш бўйича етказиб берувчи ҳисобланган контрагентлар
томонидан товарларни қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим
қилинмаган.
Юқоридагиларга кўра суд, даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан 640 517 284,45 сўм
қўшилган қиймат солиғини ундириш талабини асосли деб ҳисоблаб,
қаноатлантиришни лозим деб топди.
ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи
шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда
уларнинг зиммасига юклатилади.
Шу сабабли суд, даъво аризасини қаноатлантиришни, жавобгар ҳисобидан
даъвогар орқали давлат бюджетига 640 517 284,45 сўм қўшилган қиймат солиғини ва
33 000 сўм почта харажатларини ундиришни, шунингдек, жавобгар ҳисобидан
Республика бюджетига 12 810 345,68 сўм давлат божини, Олий суд депозитига 82 500
сўм ВКА харажатини ундиришни лозим деб топди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 68, 118, 176-179, 186-моддаларини қўллаб, суд
ҚАРОР ҚИЛДИ:
Даъвогар
«Йирик
солиқ
тўловчилар
бўйича
ҳудудлараро
солиқ
инспекцияси»нинг даъво талаби қаноатлантирилсин.
Жавобгар «Фарғона азот» акциядорлик жамияти ҳисобидан:
- даъвогар «Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси»
орқали давлат бюджетига 640 517 284,45 сўм қўшилган қиймат солиғи;
- даъвогар «Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси»
фойдасига 33 000 сўм почта харажати;
- Республика бюджетига 12 810 345,68 сўм давлат божи;
- Олий суд депозит ҳисоб рақамига 82 500 сўм ВКА харажати ундирилсин.
Ҳал қилув қароридан норози томон бир ойлик муддат ичида шу суд орқали
Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция
тартибида шикоят қилишга, прокурор протест келтиришга ҳақли.
Судья:
Х.Жамолиддинов