Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2317/5933 Дата решения 02.08.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Ражабов Феруз Фахриддинович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "EASTLINE EXPRESS" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый ANDALUS TRANS масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1148213 Claim ID 3479760 PDF Hash bec18cf70c173af9... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 234-моддаси нинг 234 law
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ФКнинг 721-моддаси ФКнинг 721 law
ФКнинг 14-моддаси ФКнинг 14 law
ИПКнинг 68-моддаси ИПКнинг 68 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения 21 168 символов
4-1001-2317/5933-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья С.Тўлқинов Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья А.Нарзуллаев Кассация инстанцияси судида маърузачи судья Ф.Ражабов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 2 август Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т.Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар З.Рустамов ҳамда Ф.Ражабовдан иборат таркибда, Б.Муродқосимовнинг котиблигида, даъвогар “Eastline express” масъулияти чекланган жамияти вакили адвокат А.Юлдашев (2023 йил 1 августдаги 1-сонли ишончнома ва 2023 йил 16 январдаги 20-сонли ордерга асосан), “Andalus trans” масъулияти чекланган жамияти вакиллари М.Хусниддинхонов (раҳбар), адвокат И.Исмоилов (2023 йил 8 июндаги 18-сонли ишончнома ва 2023 йил 17 майдаги 13-сонли ордерга асосан)нинг иштирокида, даъвогар “Eastline express” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Andalus trans” масъулияти чекланган жамиятидан 20 809 Евро миқдорида зарар, ташиш хизмат учун тўланиши лозим бўлган 12 000 000 сўм зарар ҳамда адвокатлик хизмат ҳақи учун 10 000 000 сўм зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 4 апрелдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 25 майдаги қарори устидан “Andalus trans” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Eastline express” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “Andalus trans” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2022 йил 13 декабрда ЕЕ-AST-2022-сонли автотранспорт воситасида юк ташиш шартномаси тузилган бўлиб, мазкур шартнома бўйича жавобгар автотранспорт воситасида юк ташиш хизматини кўрсатиш, даъвогар эса кўрсатилган хизматни қабул қилиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартномага асосан даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил 27 декабрда 2212270010-сонли буюртма берилган бўлиб, буюртмага асосан жавобгардан юк ташиш хизматини кўрсатиш сўралган ҳамда унинг талаблари кўрсатилган. Жавобгарга тегишли давлат рақами 50161 МВА, ярим тиркама рақами 502181ВА бўлган “Mercedez Benz” русумли автотранспорт воситаси 2022 йил 28 декабрда белгиланган жойдан юк (газ плиталари)ларни ортиб йўлга чиққан. Бу ҳақда CMR 2876-сонли инвойс мавжуд. Жавобгар юкни олиб келиш жараёнида, яъни юк Қозоғистон Республикаси, Ақтўбе вилояти, Шалқар туманидан ўтган Самара-Шимкент йўлининг 1223 км га келганда, 2023 йил 4 январда ёнғин келиб чиққан. Натижада юкларнинг бир қисмига зарар етган. Хусусан, “Check identification group” МЧЖнинг 2023 йил 14 январдаги 23/1001-сонли хулосасига мувофиқ жами 120 дона газ плитасига ёнғин натижасида зарар етказилган. Мазкур ҳолат бўйича “Tourbillon group” МЧЖ (етказиб берилиши лозим бўлган мулк эгаси) томонидан ҳам 2023 йил 14 январда 14/01-1-сонли далолатнома ҳайдовчилар иштирокида расмийлаштирилган бўлиб, унга асосан 120 дона жами 20 809 Евро миқдоридаги газ плиталарига зарар етганлиги қайд этилган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.7-бандида жавобгар ташиш жараёнида юкларни бут сақлаш мажбуриятини олганлигини, 5.8-бандига асосан эса, юк ташиш жараёнида юкнинг йўқолиши, қисман ёки тўлиқ ёроқсиз ҳолга келиши оқибатида юзага келган моддий зарар жавобгар томонидан даъвогарга тўлиқ қоплаб берилиши лозимлиги белгиланганлигини маълум қилиб, даъвогар жавобгарга 2023 йил 12 январда 5-сонли талабнома юборган ҳамда етказилган зарарни ихтиёрий қоплаб беришни сўраган. Бироқ, талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Шу боис, даъвогар даъво аризасидаги талаб билан судга мурожаат қилиб, жавобгардан 20 809 Евро миқдорида зарар, ташиш хизмати учун тўланиши лозим бўлган 12 000 000 сўм зарар, шунингдек, адвокатлик хизмат ҳақи учун 10 000 000 сўм зарар ундиришни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 4 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 20 809 Евро, 10 000 000 сўм адвокат хизмат ҳақи, 2 667 200,08 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 25 майдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилишни ҳамда даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда даъвогарнинг жавобгардан зарарни талаб қилишга ваколати йўқлиги, даъвогар олиб келиниши лозим бўлган юк эгаси эмаслиги, юкларнинг ёниб кетиши натижасида даъвогар ҳеч қандай зарар кўрмаганлиги, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан жавобгар ҳақ эвазига мустақил равишда ёки учинчи шахсларни жалб қилган ҳолда шартномада кўрсатилган юкларни автомобил транспортида ташиш бўйича хизматларни бажаришни ташкил этиш, даъвогар эса кўрсатилган хизматларни қабул қилиш ва қийматини тўлаш мажбуриятини олганлигини, юк эгаси “Tourbillon group” МЧЖ бўлса-да, унинг даъвогарга мазкур юкларни олиб келишга буюртма берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар судга тақдим этилмаганлиги, “Tourbillon group” МЧЖ ва “Estline general service group” МЧЖ ўртасида 2022 йил 7 ноябрда 623-2022-сонли транспорт экспедиторлик шартномаси тузилганлиги, шартномага асосан экспедитор ҳақ эвазига ва мижоз ҳисобидан товарларни ташкил этиш ва уларни белгиланган манзилга етказиш, транспорт ҳужжатларини, божхона мақсадлари учун ҳужжатларни ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш мажбуриятини, мижоз эса, кўрсатилган экспедиторлик хизматларини тўлаш мажбуриятини олганлиги, даъвогар ва “Estline general service group” МЧЖ ўртасида 2022 йил 5 январда шартнома тузилганлиги, аммо, мазкур шартномада “Tourbillon group” МЧЖга тегишли бўлган юклар кўрсатилмаганлиги, мазкур шартномаларга асосан “Tourbillon group” МЧЖга тегишли юкларни ташиш мажбуриятини даъвогар эмас балки, “Estline general service group” МЧЖ олганлиги, юк эгаси даъвогарга буюртма бермаганлиги, судлар томонидан мазкур ҳолатларни инобатга олмасдан жавобгардан зарар ундириб хатоликка йўл қўйганлиги, иш ҳужжатларида “Koryeo general service CO., LTD” томонидан айнан 2022 йил 27 декабрда газ плиталарини олиб келиш бўйича жавобгарга берилган буюртма мавжуд бўлиб, ушуб ҳолатга қуйи инстанция судлари томонидан баҳо берилмаганлиги, суд мажлиси баённомасида учинчи шахс сифатида жалб этилган “Tourbillon group” МЧЖ вакили К.Файзиевнинг кўрсатувлари қайд этилмаганлиги, суд қарорларида даъвогар томонидан юк ташиш учун 2022 йил 27 декабрда 2221270010-сонли буюртма берилганлиги кўрсатилган бўлса-да, аммо, юклар ёниб кетганидан кейин 10 кун ўтгач, яъни 2023 йил 14 январда 2022 йил 27 декабрь санаси қўйилган буюртма тайёрлаб, уни “Didox” интерактив хизматлар сайти орқали жавобгарга юборганлиги, юк ёниб кетганидан кейин юборилган буюртма ҳуқуқий кучга эга эмаслиги, 2023 йил 4 январда ёнғин юкларнинг ишқаланиши натижасида келиб чиққанлиги, бунда ҳайдовчининг айби йўқлиги, мазкур ҳолат ёнғин юзасидан тузилган далолатнома билан тасдиқланиши, Фарғона вилоят ФВБ ЁТМ мутахассиси маълумотномасида ҳам ёнғин ярим тиркамада юкларнинг ишқаланиши натижасида келиб чиққанлиги қайд этилганлиги, ёнғин инсон омилисиз келиб чиққанлиги, мазкур ҳолатда форс-мажор ҳолатлар инобатга олинмаганлигини кўрсатган. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгарнинг вакили кассация шикоятидаги важларини такрорлаб, “Koryeo general service CO., LTD” томонидан айнан 2022 йил 27 декабрда газ плиталарини олиб келиш бўйича жавобгарга буюртма берилганлиги аммо, юклар ёниб кетганидан сўнг даъвогар томонидан юборилган буртмани тасдиқлаб берганлигини, чунки, “Koryeo general service CO., LTD”дан кўрсатилган хизмати учун пул берилмаслиги мумкинлигидан келиб чиқиб, даъвогар унга пул ўтказиб берганлиги сабабли ҳужжатларни тасдиқлаганлигини маълум қилиб, шикоятни қаноатлантиришни сўради. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогарнинг вакили кассация шикоятидаги важлар асоссизлигини, юкларни ташиш бўйича олдиндан экспедиторлик шартномалари тузилишини, шунга асосан йил давомида буюртмалар бериш орқали ишлар бажарилишини, юк эгаси “Tourbillon group” МЧЖ шу сабабли “Estline general service group” МЧЖ ва “Koryeo general service CO., LTD” билан шартномалар тузганлиги, “Estline general service group” МЧЖ юкларни ташиш учун учинчи шахслар билан шартномалар тузишга ҳақли эканлиги, шу боис у даъвогар билан шартнома тузганлиги, даъвогар ўз навбатида жавобгар билан шартнома тузиб, ушбу юкларни ташиш бўйича унга буюртма берганлигини маълум қилиб, шикиоятни қаноатлантиришни рад этишни ва суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган “Tourbillon group”, “Estline general service group” ҳамда “Check identification group” масъулияти чекланган жамияти суд мажлисида вакиллари иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу боис, судлов ҳайъати ишни қайд этилган шахслар вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 234-моддасига кўра, мажбурият шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда мажбурият тарафлар ўртасида тузилган шартномадан келиб чиққан. ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФКнинг 721-моддасига мувофиқ, агар ташувчи юк ёки багажнинг йўқолиши, кам чиқиши ёки шикастланишида (бузилишида) ўзининг айби йўқлигини исбот қилиб бера олмаса, ташиш учун қабул қилиб олган юк ва багаж йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки уларга шикаст етказилганлиги (бузилганлиги) учун жавобгар бўлиши белгиланган. Юк ёки багажни ташиш вақтида етказилган зарар ташувчи томонидан қуйидаги миқдорда тўланади: юк ёки багаж йўқолган ёхуд кам чиққан тақдирда - йўқолган ёки кам чиққан юк ёхуд багажнинг қиймати миқдорида; юк ёки багажга шикаст етказилган (бузилган) тақдирда - унинг қиймати қанча пасайган бўлса, шунча сумма миқдорида, шикастланган (бузилган) юк ёки багажни тиклаш мумкин бўлмаганида эса, унинг қиймати миқдорида; баҳосини эълон қилган ҳолда ташишга топширилган юк ёки багаж йўқолган тақдирда - юк ёки багажнинг эълон қилинган қиймати миқдорида. Аниқланишича, “Estline general service group” МЧЖ ва даъвогар ўртасида 2022 йил 5 январда ЕЕ-EGS-01-сонли транспорт экспедицияси шартномаси тузилган бўлиб, шартномага кўра, даъвогар ҳақ эвазига “Estline general service group” МЧЖга юк ташиш хизматларини кўрсатиши, “Estline general service group” МЧЖ эса, кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Худди шундай, “Tourbillon group” масъулияти чекланган жамияти ва “Estline general service group” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2022 йил 7 ноябрда 623-2022-сонли транспорт экспедицияси шартномаси тузилган. Мазкур шартномага асосан “Estline general service group” МЧЖ ҳақ эвазига “Tourbillon group” МЧЖга юк ташиш хизматларини кўрсатиши, “Tourbillon group” МЧЖ эса кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар ва жавобгар ўртасида 2022 йил 13 декабрда ЕЕ-AST-2022-сонли автотранспорт воситасида юк ташиш шартномаси тузилган бўлиб, мазкур шартнома бўйича жавобгар автотранспорт воситасида юк ташиш хизматини кўрсатиш, даъвогар эса кўрсатилган хизматни қабул қилиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Мазкур шартнома шартларидан келиб чиққан ҳолда даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил 27 декабрда 2212270010-сонли буюртма (заявка) берилган. Буюртмада жавобгардан мазкур буюртма бўйича юк ташиш хизматини кўрсатиш сўралган ҳамда унинг талаблари кўрсатилган. Жавобгарга тегишли давлат рақами 50161 МВА, ярим тиркама рақами 502181ВА бўлган “Mercedez Benz” русумли автотранспорт воситаси 2022 йил 28 декабрда белгиланган жойдан юк (газ плиталари)ларни ортиб йўлга чиққан. Бу ҳақда CMR 2876-сонли инвойс мавжуд. Юкни олиб келиш жараёнида, яъни юк Қозоғистон Республикаси, Ақтўбе вилояти, Шалқар туманидан ўтган Самара-Шимкент йўлининг 1223 кмга келганда, 2023 йил 4 январда ёнғин келиб чиққан. Натижада юкларни бир қисмига зарар етказилган. Хусусан, “Check identification group” МЧЖнинг 2023 йил 14 январдаги 23/1001-сонли хулосасига кўра жами 120 дона газ плитасига ёнғин натижасида зарар етказилган. Мазкур ҳолат бўйича “Tourbillon group” МЧЖ томонидан ҳам 2023 йил 14 январда 14/01-1-сонли далолатнома ҳайдовчилар иштирокида расмийлаштирилган бўлиб, унга асосан 120 дона жами 20 809 Евролик газ плиталарига зарар етганлиги қайд этилган. Даъвогар тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.7-бандида, жавобгар ташиш жараёнида юкларни бут сақлаш мажбуриятини олганлигини, 5.8-бандида эса юк ташиш жараёнида юкнинг йўқолиши, қисман ёки тўлиқ ёроқсиз ҳолга келиши оқибатида юзага келган моддий зарар жавобгар томонидан даъвогарга тўлиқ қоплаб берилиши лозимлиги белгиланганлигини маълум қилиб, жавобгарга 2023 йил 12 январда 5-сонли талабнома юборган ҳамда етказилган зарарни ихтиёрий қоплаб беришни сўраган. Аммо, талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли даъвогар даъво аризасидаги талаб билан судга мурожаат қилиб, жавобгардан 20 809 Евро миқдорида зарар, ташиш хизмати учун тўланиши лозим бўлган 12 000 000 сўм зарар ҳамда адвокат хизмат ҳақи учун тўланган 10 000 000 сўм зарар сифатида ундиришни сўраган. Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабини қисман қаноатлантириш тўғрисида тўғри тўхтамга келган. Чунки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 3.7-бандига кўра, жавобгар ташиш жараёнида юкларни бут сақлаш мажбуриятини, 5.8-бандига мувофиқ эса, юк ташиш жараёнида юкнинг йўқолиши, қисман ёки тўлиқ яроқсиз ҳолга келиши оқибатида юзага келган моддий зарарни даъвогарга тўлиқ қоплаб бериш мажбуриятини олган. Юкни ташиш жараёнида ёнғин чиқиш натижасида 120 дона жами 20 809 Евролик газ плиталарига зарар етганлиги факти ишдаги мавжуд ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. Шу боис, биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгардан 20 809 Евро миқдорида етказилган зарар ундириш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантирган. Судлов ҳайъати жавобгар тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.8-бандига асосан етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини олганлиги сабабли унинг даъвогар мулк эгаси эмаслиги шу боис у зарарни талаб қилишга ҳақли эмаслиги ҳақидаги важлари билан келишмайди. Шунингдек, судлов ҳайъати жавобгарнинг форс-мажор ҳолатида юкка зарар етказилганлиги тўғрисидаги важларини ҳам асоссиз деб ҳисоблайди. Чунки, жавобгарнинг қайд этилган важлари тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 8.1-8.5-бандларида назарда тутилган далиллар билан тасдиқланмаган. Жавобгарнинг даъвогар томонидан юк ташиш учун 2022 йил 27 декабрда 2221270010-сонли буюртма берилганлиги кўрсатилган бўлса-да, аммо, юклар ёниб кетганидан кейин 10 кун ўтгач, яъни 2023 йил 14 январда 2022 йил 27 декабрь санаси қўйилган буюртма тайёрлаб, уни “Didox” интерактив хизматлар сайти орқали жавобгарга юборганлиги, юк ёниб кетганидан кейин юборилган буюртма ҳуқуқий кучга эга эмаслиги тўғрисидаги важлари билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, мазкур ҳолатда даъвогар томонидан юборилган буюртма жавобгар томонидан қабул қилинган. Бундан ташқари, судлов ҳайъати жавобгарнинг 2023 йил 4 январдаги ёнғин юкларнинг ишқаланиши натижасида келиб чиққанлиги, бунда ҳайдовчининг айби йўқлиги, мазкур ҳолат ёнғин юзасидан тузилган далолатнома билан тасдиқланиши, Фарғона вилоят ФВБ ЁТМ мутахассиси маълумотномасида ҳам ёнғин ярим тиркамада юкларнинг ишқаланиши натижасида келиб чиққанлиги қайд этилганлиги тўғрисидаги важлари билан келиша олмайди. Чунки, қайд этилган далолатнома ва маълумотномада ёнғин юкларнинг ишқаланиши натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган. Судлов ҳайъати жавобгарнинг биринчи инстанция судида иштирок этган “Tourbillon group” МЧЖ вакили К.Файзиевнинг кўрсатувлари суд мажлиси баённомасида қайд этилмаганлиги тўғрисидаги важлари билан келиша олмайди. Чунки, гарчи 2023 йил 4 апрелдаги суд мажлиси баённомасида К.Файзиевнинг кўрсатувлари қайд этилмаган бўлса-да, шу кунда қабул қилинган ҳал қилув қарорида К.Файзиев суддан қонуний қарор қабул қилишни сўраганлиги баён қилинган. Биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгардан 12 000 000 сўм зарар ундириш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида асосли қарор қабул қилган. Чунки, ФКнинг 14-моддасига кўра, зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. Даъвогар томонидан жавобгарга қайд этилган пул маблағи тўлаб берилмаганлиги ҳамда даъвогар ушбу сумма миқдорида зарар кўрмаганлиги сабабли даъвогарнинг ушбу даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Бундан ташқари, даъвогар жавобгардан адвокат хизмат ҳақи учун тўланган 10 000 000 сўмни зарар сифатида ундириб беришни сўраган. ФКнинг 14-моддасига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки тушунилади. Даъвогар судга мурожаат қилиш учун адвокат хизматидан фойдаланиб, ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун “Yuldashoff and Partners” адвокатлик бюроси билан 2023 йил 16 январда 7-сонли шартнома тузган. Шартномага кўра, адвокат хизмати кўрсатилиб, адвокатга хизмати ҳақи учун 10 000 000 сўм тўлаб берилган. Шунга кўра, биринчи инстанция суди даъво талабининг адвокат хизмат ҳақи ундириш қисмини қаноатлантириш тўғрисида тўғри тўхтамга келган. ИПКнинг 68-моддасининг биринчи қисмига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Даъвогар кассация шикоятида келтирган важларини исботлай олмади ва мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далилларни тақдим этмади. Биринчи инстанция суди томонидан иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилган ҳолда шартнома бўйича жавобгар томонидан даъвогарга зарар етказилганлигини инобатга олиниб, даъвогарнинг даъво талабини қисман қаноатлантириш тўғрисида асосли хулосага келган. Шу боис, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Баён этилганлардан кўринадики, биринчи инстанция ҳамда апелляция инстанцияси суди низони ҳал этишда процессуал ҳамда моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда қонуний қарор қабул қилган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандида кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади ва кассация шикояти билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ҳамда почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 4 апрелдаги ҳал қилув қарори ҳамда Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 25 майдаги қарори ўзгаришсиз, “Andalus trans” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Кассация инстанцияси учун тўланган суд харажатлари “Andalus trans” масъулияти чекланган жамияти зиммасида қолдирилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Т.Аннаева ҳайъат аъзолари З.Рустамов Ф.Ражабов