Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-14-2104/9 Дата решения 01.08.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Олий суд Судья Исрайлов Бахтиёр Адилович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение ООО "NEXT CONSTRUCTION" Ответчик / Подсудимый DOO-JIN CORPORATION CO., LTD
Source ID 1152935 Claim ID 3196580 PDF Hash ba8c809247e8880e... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 176-моддаси ИПК 176 law
ИПК 276-моддаси ИПК 276 law
ИПК 110-моддаси ИПК 110 law
ИПК 279-моддаси ИПК 279 law
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ИПК 68-моддаси ИПК 68 law
ИПК 278-моддаси ИПК 278 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения 25 123 символов
4-14-2104/9-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья О.Нуримов Апелляция инстанциясида маърузачи судья Б.Исрайлов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ Тошкент шаҳри 2023 йил 1 Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Исрайловнинг раислигида, ҳайъат аъзолари З.Рустамов ва Ф.Ражабовдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори М.Курбонова прокурорлигида, “Next construction” масъулияти чекланган жамияти вакили Б.Караходжаев (2022 йил 17 августдаги 81сонли ишончномага асосан) ва Э.Муминов (2022 йил 11 январдаги 3-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг “Next construction” масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар “Doo-Jin corporation Cо.LTD” компанияси (Корея) ҳисобидан қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2023 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори устидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан даъвогар манфаатида берилган апелляция шикояти асосида ишни Олий суд биносида Самарқанд вилоят суди кўмагида видеоконференцалоқа режимида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Иш ҳужжатларига кўра, “Doo-Jin corporation Cо.LTD” компанияси (“Сотувчи”, бундан буён матнда жавобгар ёки компания деб юритилади) ва “Next construction” масъулияти чекланган жамияти (“Сотиб олувчи”, бундан буён матнда даъвогар ёки МЧЖ деб юритилади) ўртасида 2018 йил 17 майда 2 000 000 АҚШ доллари қийматдаги, Кореяда ишлаб чиқарилган янги иссиқхона асбоб-ускуналарини (бундан буён матнда ускуна деб юритилади) етказиб бериш ва ўрнатиш тўғрисида 2-сонли шартнома тузилган. Шартномага тарафлар ўртасида 2019 йил 11 ноябрда 2сонли қўшимча келишув тузилиб, унга кўра СО² карбонат ангидрид тизимини барча таркибий қисмлари билан, шу жумладан 4 гектар иссиқхоналар учун фен-вентилятор тизими билан таъминлаш ва ўрнатиш; Корея Республикасидан бир йил давомида агроном-мутахассис билан таъминлаш, шу жумладан хорижлик агроном хизмат ҳақини бир йил давомида тўлаб бериш; агар қўшимча хатолар ёхуд шартноманинг барча бандлари бажарилмаса, шу жумладан амалдаги ёки бирон-бир ёзма қўшимча шартномалар бажарилмаса, ускунани ўз вақтида ишга туширмаслик сабабли, 4 гектар иссиқхона лойиҳасини ўз вақтида туширмаганлик учун Компаниядан МЧЖ фойдасига 2020 йил февраль-май ойларидаги нархлар асосида бозордаги юқори нархдаги 300 тонна пушти навли помидор қиймати миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини олган. Компания томонидан 2018 йил 28 ноябрдаги, 2019 йил 10 январдаги, 2019 йил 1 майдаги, 8 майдаги, 9 сентябрдаги, 25 декабрдаги божхона юк декларациялари билан жами 2 000 000 АҚШ доллари қийматдаги ускуналар етказиб берилган. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда ускуна компания томонидан келишилган муддатдан кечиктириб етказилганлиги ва бут ҳолда етказиб берилмаганлиги, кам чиққан эҳтиёт қисмларни даъвогар ўзи сотиб олганлиги, ускунадан ўтган давр мобайнида фойдаланиш имкони бўлмаганлиги каби компания зиммасига олган мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги важлари билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, компания ҳисобидан ускуналарни комплектациясини тўлдириш учун сарф қилинган 108 891,36 АҚШ доллари, ускунани вақтида етказиб бермаганлиги учун 286 683 АҚШ доллари пеня, карбонат ангидрид (СО²) системаси ва унинг комплектига кирадиган, шу жумладан, фен-вентилятор қиймати 168 961 АҚШ доллари, агроном-мутахассисга тўланган 70 000 АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи, 300 тонна олий навли пушти помидорнинг 2020 йил февраль-май ойларидаги бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган 3 045 000 АҚШ доллари миқдорида жарима, ускунани сотиб олиш учун банкдан олинган кредитга ҳисобланган 224 205,35 АҚШ доллари кредит фоизи, жами 3 903 740,71 АҚШ доллари ундиришни сўраган. Шу билан бирга, даъвогар 91 108,64 АҚШ долларини жавобгар томонидан етказиб берилган, лекин даъвогар томонидан тўлов амалга оширилмаган сумма ҳисобидан қаноатлантиришни сўраган. Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2021 йил 23 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига жами 356 683 АҚШ доллари ундирилган. Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 28 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг даъвогар фойдасига “286 683 АҚШ доллари миқдорида пеня ва 70 000 АҚШ доллари (агроном иш ҳақи), жами 356 683 АҚШ доллари ундириш” қисми “281 137 АҚШ доллари миқдорида пеня ва 37 000 АҚШ доллари (агроном иш ҳақи), жами 318 137 АҚШ доллари ундирилсин” деб ўзгартирилган. Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 23 февралдаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг 2021 йил 28 октябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 23 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протести қаноатлантирилган. Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2021 йил 23 августдаги ҳал қилув қарори, Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 28 октябрдаги қарори ва Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 23 февралдаги қарори бекор қилинган. Иш биринчи инстанция судида янгидан кўриш учун Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборилган. Ишни янгидан кўриш жараёнида, даъвогар ариза тақдим этиб, унда даъвогар 91 108,64 АҚШ долларини жавобгар томонидан етказиб берилган, лекин даъвогар томонидан тўлов амалга оширилмаган сумма ҳисобидан қаноатлантириш талабини кўрмасдан қолдиришни, қолган даъво талабларини кўриб чиқишни сўраган. Суднинг 2022 йил 1 ноябрдаги ажрими билан даъвогарнинг аризаси иш юритувига қабул қилинган. Кейинчалик, даъвогар ариза тақдим этиб, унда даъвогар даъво талабаридан қисман воз кечишини маълум қилиб, жавобгардан 4 гектар иссиқхона учун фен-вентиляторлари билан биргаликда карбонат ангидрид (СО²) тизимининг барча эҳтиёт қисмлари қиймати 168 961 АҚШ доллари, Корея Республикасидан келган агроном-мутахассиснинг иш ҳақи учу 64 170 АҚШ доллари, 300 тонна олий навли гулоби помидорнинг 2020 йил февраль-май ойларидаги бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда 3 045 000 АҚШ доллари миқдорида жарима, жами 3 278 131 АҚШ долларини ундиришни сўраган. Суднинг 2023 йил 26 январдаги ажрими билан даъвогарнинг аризаси иш юритувига қабул қилинган. Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2023 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, компаниядан МЧЖ фойдасига 320 000 АҚШ доллари жарима ва 64 170 АҚШ доллари агроном иш ҳақи ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Мазкур ҳал қилув қарори устидан Палата томонидан даъвогар манфаатида апелляция шикояти берилиб, унда ҳал қилув қарорини ўзгартириб, жавобгардан 3 278 131 АҚШ доллари ундириш, ҳал қилув қарорининг даъвогардан 1 483 912 952 сўм давлат божи ундириш қисмини бекор қилиш сўралган. Бунга асос қилиб шикоятда, суд жавобгар томонидан тан олинган жарима суммасини асослантирмаган ҳолда камайтирганлиги, даъвогар бир йилдан ортиқ муддатда ускунани ишга тушира олмай зарар кўрганлиги, ушбу ҳолатларни инобатга олиб қўшимча келишув тузилганлиги, суд ҳар мажбуриятларни бажарилмаслигига холисона ва ҳуқуқий баҳо бермаганлиги, жавобгар ускунани етказиб бериш ва уни ишга тушириш муддатини бузганлиги, маҳсулотни бутловчи қисмларни, карбонат ангидрид (СО²) тизимининг барча эҳтиёт қисмларини етказиб бермаганлиги, агроном-мутахассис иш ҳақини ва жаримани тўламаганлиги, шартнома ихтиёрий тузилган бўлиб, шартнома мажбуриятини бажармаган тараф иккинчи тарафга етказилган зарарни қоплаши лозимлиги, суд карбонат ангидрид (СО²) тизимининг барча эҳтиёт қисмлари қийматини ундириш талабини тўлов амалга оширилмаганлиги важи билан асоссиз рад қилганлиги, ушбу эҳтиёт қисмлар контракт қийматига кирмаганлиги, бироқ жавобгар текинга етказиб бериш мажбуриятини олганлиги, жавобгарга тўланган пул кредит маблағи бўлганлиги, суд жаримани тўлиқ ундирмай асоссиз қарор қабул қилганлиги, бунда суд шартноманинг 6.1бандига асосланган бўлиб, бироқ тарафлар ўртасида тузилган қўшимча келишув билан жавобгар 300 тонна маҳсулот қиймати миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини зиммасига олганлиги, қўшимча келишув тузиш вақтида тарафлар жарима суммаси шартнома суммасидан ҳам ортиқ бўлишини билганлиги, даъвогардан 1 483 912 952 сўм давлат божи асоссиз ундирилганлиги кўрсатилган. Суд мажлисида даъвогар вакили апелляция шикоятини қувватлаб, даъвогар мажбуриятини бажариб кредит маблағидан 1,8 млн. АҚШ доллари пул ўтказганлиги, жавобгар эса ускунани етказиш ва уни ишга тушириш мажбуриятини бузиб, бутловчи қисмларни етказиб бермаганлиги, карбонад ангрид тизимини етказмаганлиги ва ўрнатмаганлиги, 2020 йил февраль-май даври учун 300 тн. помидор учун жарима тўлаб беришни тарафлар қўшимча келишувда ўзаро келишган бўлсада, суд эса шартноманинг 6.6-бандидаги неустойка 16%дан ошмаслигига асосланиб асоссиз камайтирганлиги, даъвогар ускунани “пуско наладка” қилмагани учун жарима ҳисобланганлигини билдирди. Прокурор даъвогарнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш тўғрисида фикр билдирди. Суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган Палата ва “Doo-Jin corporation Cо.LTD” компанияси суд мажлисида вакили иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунга кўра, судлов ҳайъати ишни Палата ва “Doo-Jin corporation Cо.LTD” компанияси вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилиш, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қисман қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топди. ИПК 176-моддасининг олтинчи исмига кўра, суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. ИПК 276-моддасининг биринчи қисмига кўра, апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2019 йил 24 майдаги 13-сон қарори 13-бандига кўра, даъвогар ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда тегишли суд инстанциясида ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли. Суд мажлиси давомида тақдим этилган даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъводан воз кечиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги суд мажлисида эълон қилиниб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига киритилиши ҳамда ажримда ёки ҳал қилув қарорида кўрсатилиши лозим. Ишдаги ҳужжатларга кўра, даъвогар даъво талабларидан қисман воз кечиш тўғрисидаги аризасида дастлабки даъво аризасидаги жавобгар ҳисобидан ускуналарни комплектациясини тўлдириш учун сарф қилинган 108 891,36 АҚШ доллари, ускунани вақтида етказиб бермаганлиги учун 286 683 АҚШ доллари пеня, ускунани сотиб олиш учун банкдан олинган кредитга ҳисобланган 224 205,35 АҚШ доллари кредит фоизи ундириш талабларидан воз кечганлигини билдирган. Шунингдек даъвогар қўшимча аризасида 91 108,64 АҚШ доллари миқдоридаги даъво талабини даъвогарга етказиб берилган, лекин тўлов амалга оширилмаган суммадан қоплаб бериш талабини оқибатсиз қолдиришни сўраган. ИПК 110-моддасининг 6-бандига кўра, агар даъвогар даъвосидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса, суд иш юритишни тугатиши белгиланган. Бироқ биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорида даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечган аризаси бўйича қандай тўхтамга келганлиги, уларни суд қабул қилган ёки қилмаганлиги кўрсатилмаган. ИПК 279-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Ушбу модда тўтинчи қисмининг 7-бандига кўра, билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги муносабати билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади. Шунга кўра судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва иш бўйича янги қарор қабул қилишни лозим топди. Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан ускуналарни комплектациясини тўлдириш учун сарф қилинган 108 891,36 АҚШ доллари, ускунани вақтида етказиб бермаганлиги учун 286 683 АҚШ доллари пеня, ускунани сотиб олиш учун банкдан олинган кредитга ҳисобланган 224 205,35 АҚШ доллари кредит фоизи ундириш талабидан воз кечганлиги қонун ҳужжатларига зид эмаслиги ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигини инобатга олиб, воз кечишни қабул қилиш ва ушбу талаблар бўйича иш юритишни тугатишни лозим топди. Шунингдек, даъвогар қўшимча аризасида 91 108,64 АҚШ долларини жавобгар томонидан етказиб берилган, лекин даъвогар томонидан тўлов амалга оширилмаган сумма ҳисобидан қаноатлантириш талабини оқибатсиз қолдиришни сўраган бўлса-да, мазкур талаб даъво талаби ҳисобланмай, балки унинг мазмуни жавобгардан қарздорликни ундиришда 91 108,64 АҚШ доллари тўлаб берилмаганлиги ва қарздорликни ундиришда инобатга олишга қаратилганлиги сабабли судлов ҳайъати ушбу талабни муҳокама қилмасликни лозим топди. Шартномага асосан сотиб олувчи сотувчига 2018 йил 27 августдаги тўлов топшириқномаси билан 1 800 000 АҚШ доллари миқдоридаги тўловни амалга оширган. Шартноманинг 4.1-бандида 1 800 000 АҚШ доллари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилгандан сўнг сотувчи томонидан сотиб олувчининг манзилига 60 кунлик муддатда ускунани етказиб бериш келишилган. Сотувчи 2018 йил 28 ноябрда 464 095 АҚШ доллари, 2019 йил 10 январда 475 961 АҚШ доллари, 2019 йил 1 майда 454 740 АҚШ доллари, 2019 йил 8 майда 304 488 АҚШ доллари, 2019 йил 9 сентябрда 276 316 АҚШ доллари, 2019 йил 25 декабрда 24 400 АҚШ доллари, жами 2 000 000 АҚШ доллари миқдоридаги ускуналарни, шартномада белгиланган муддатдан кечиктириб етказиб берган. Шундан сўнг, тарафлар ўртасида 2019 йил 11 ноябрда шартнома юзасидан 2-сонли қўшимча келишув тузилиб, унга кўра сотувчи асосий шартнома бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаганлиги учун, 2 карбонат ангидрид (СО ) тизимини барча таркибий қисмлари билан, шу жумладан 4 гектар иссиқхоналар учун фен винтелятор тизими билан таъминлаш ва ўрнатиш, бунинг учун Корея Республикасидан бир йил давомида агроном-мутахассис билан таъминлаш, шу жумладан чет эл агрономи хизматининг ҳаққини бир йил давомида тўлаб бериш, агар қўшимча хатолар ёхуд шартноманинг барча бандлари бажарилмаса, шу жумладан амалдаги ёки бирон-бир ёзма қўшимча шартлар бажарилмаса, ускунани ўз вақтида ишга туширмаса, яъни “Сотувчи” томонидан 4 га. иссиқхона лойиҳасини ўз вақтида ишга тушириб берилмаса, сотувчи сотиб олувчига 2020 йил февраль-май ойларидаги нархлар асосида бозордаги юқори нархда 300 тонна пушти навли помидор қиймати миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини олган. Қўшимча келишувга кўра, ускунани ишга туширишнинг якуний санаси 2019 йил 30 ноябрь қилиб белгиланган. Жавобгар томонидан мажбуриятлар лозим даражада бажарилмай, ускуна келишилган муддатда ўрнатиб бермаганлиги ҳолати ишдаги ҳужжатлар ва даъвогар вакилининг тушунтиришлари билан тасдиқланган. Шартнома юзасидан бажариладиган ишлар бўйича 2019 йил 23 декабрь куни даъвогар ва Корея фуқароси SUNG MYUNGKEE ўртасида келишув тузилган бўлиб, унда сотувчи иссиқхонада экспортбоп помидор маҳсулоти етиштириш учун ниҳол танлаш, уни экиш ва парваришлаш ҳамда тайёр маҳсулот етиштириш, 2020 йил апрель-июнь ойларида 400 тоннадан кам бўлмаган маҳсулот етиштириш, 2020 йил декабрь, 2021 йил январь-июнь ойларида 800 тонна маҳсулот етиштиришни таъминлаш, шу ишларни бажарадиган агрономнинг хизмати учун 70 000 АҚШ доллари тўлаб бериши келишилган. Сотувчи қўшимча келишувларда белгиланган мажбуриятларни ҳам тўлиқ бажармаган. Фақатгина агрономмутахассис иш ҳақи учун 5 830 АҚШ доллари тўлаб берган. Аниқланишича, Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 2 декабрдаги ажримида меҳнат шартномаси бўйича “NEXT CONSTRUCTION” МЧЖ агроном-мутахассис иш ҳақи учун SUNG MYUNGKEEга 70 000 АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи тўлаб бериши лозим бўлганлиги, МЧЖ томонидан 42 830 АҚШ доллари тўлаб берилганлиги аниқланиб, қолган 27 170 АҚШ доллари, яъни 290 499 195 сўм иш ҳақи ундириш белгиланган. Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати қўшимча келишув билан агроном-мутахассис учун тўланадиган тўловларни жавобгар ўз зиммасига олганлиги сабабли даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан 64 170 АҚШ доллари агроном-мутахассис учун иш ҳақини ундириши талабини асосли деб ҳисоблаб, ундиришни лозим топди. Шунингдек, тарафлар ўртасида тузилган қўшимча келишувда хатолар ёхуд шартноманинг барча бандлари бажарилмаса, шу жумладан амалдаги ёки бирон-бир ёзма қўшимча шартларномалар бажарилмаса, ускунани ўз вақтида ишга туширмаса, яъни “Сотувчи” томонидан 4 га. иссиқхона лойиҳасини ўз вақтида ишга тушириб берилмаса, сотувчи сотиб олувчига 2020 йил февраль-май ойларидаги нархлар асосида бозордаги юқори нархда 300 тонна пушти навли помидор қиймати миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан ҳар бир килограмм помидорнинг нархи 10,15 АҚШ долларидан ҳисоблаб, 300 тонна учун 3 045 000 АҚШ доллари ҳисобланган. Судга тақдим этилган экспорт шартномалари ва бошқа ҳужжатлардан маълум бўлишича, бир тонна помидорнинг нархи 7000, 8000 АҚШ доллари атрофида бўлган. Шартноманинг 6.6-бандида неустойканинг жами суммаси шартнома суммасининг 16% дан ошиб кетмаслиги келишилган. Шартноманинг суммаси 2 000 000 АҚШ долларини ташкил этган. Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати даъвогар кўпи билан шартнома суммасининг 16%, яъни 320 000 АҚШ доллари миқдорида жарима талаб қилишга ҳақли деб ҳисоблаб, талаб қилинган жарима суммасининг 320 000 АҚШ долларини асосли деб ундиришни, жариманинг қолган қисмини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (матнда ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. ФКнинг 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва конун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганда эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак деб белгиланган. Тарафлар қўшимча келишувда мажбуриятни бажармаганлик учун жарима суммасини 300 тн помидорнинг бозор қийматида келишган бўлса-да, бироқ шартноманинг 6.6-бандида неустойканинг максимал миқдори шартнома суммасининг 16%дан ошмаслиги белгиланган ва ушбу бандга қўшимча келишув асосида ўзгартириш киритилмаган, қолаверса қўшимча келишувда жариманинг қатъий суммаси кўрсатилмаган, шунга кўра судлов ҳайъати даъвогарнинг апелляция шикоятидаги важлари билан келишмай, жаримани шартноманинг 6.6-бандидан келиб чиқиб ундиришни лозим топди. Бундан ташқари, судлов ҳайъати даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан карбонат ангидрид (СО²) тизими ва унинг комплектига кирадиган, шу жумладан, фен-вентилятор қиймати 168 961 АҚШ доллари ундириш талабини муҳокама қилиб, ушбу даъво талабини асоссиз деб, қуйидагиларга асосан келишмайди. Жумладан, қўшимча келишувда сотувчи карбонат 2 ангидрид (СО )тизимини барча таркибий қисмлари билан, шу жумладан 4 гектар иссиқхоналар учун фен винтелятор тизими билан текинга таъминлаш ва ўрнатиши келишилган. Тарафлар ушбу карбонат ангидрид (СО2) тизимининг қийматини на шартномада, на қўшимча келишувда назарда тутмаган. Карбонат ангидрид (СО2)тизимининг қиймати 168 961 АҚШ доллари эканлиги даъвогар томонидан тегишли далиллар билан асослантирилмаган. Қолаверса, ишдаги ҳужжатлар ва даъвогар вакилининг тушунтиришига кўра шартномада етказиб беришга 2 келишилган ускуна таркибига карбонат ангидрид (СО ) тизими ва таркибий қисмлари кирмаган. Даъвогар пули тўлаб берилмаган фен-вентиляторлари ва карбонат ангидрид (СО2) тизимининг қийматини талаб қилган. ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Даъвогарнинг апелляция шикоятидаги важлари билан келишиб бўлмайди, жавобгар қўшимча келишувда карбонат ангидрид (СО2) тизимини текинга етказиб беришни зиммасига олганлиги важини асос қилиб, у учун 168 961 АҚШ доллари ундириш талаби асоссиз, шунга кўра мазкур даъво талаби тегишли далиллар билан асослантириб берилмаганлиги сабабли рад қилиниши лозим. ИПК 278-моддасининг 2-бандига кўра апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли. Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилиш, ҳал қилув қарорини бекор қилиш, даъво талабларидан қисман воз кечишни қабул қилиб, шу қисмларида иш юритишни тугатиш, қолган даъво талабларини қисман қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топди. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Биринчи инстанция учун республика бюджетига даъво талабининг воз кечилган ва асоссиз деб рад қилинган қисмлари бўйича даъвогар ҳисобидан (108 891,36+286 683+5 830+2 725 000+224 205,35+168 961*10 540,44= 37 097 823 894,5/2%=741 956 478) 741 956 478 сўм ва даъвонинг асосли қисми бўйича жавобгар ҳисобидан (320 000+64 170*10540,44=4 049 320 835/2%=80 986 416,70) 80 986 416,70 сўм, апелляция инстанцияси учун даъвогар ҳисобидан (741 956 478/2=370 978 239 сўм, кассация инстанцияси учун даъвогар ҳисобидан (741 956 478/2=370 978 239) 370 978 239 сўм давлат божини, шунингдек даъвогар ҳисобидан ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ жами 143 750 сўм харажатни ундириш лозим. Бинобарин судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 110, 278-280моддаларини қўллаб, қарор қ и л д и: Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2023 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин. Янги қарор қабул қилинсин. Даъвогар “Next construction” масъулияти чекланган жамиятининг даъво талабаридан қисман воз кечишини қабул қилиб, даъвонинг жавобгар “Doo-Jin corporation Cо.LTD” компанияси ҳисобидан ускуналарни комплектациясини тўлдириш учун сарф қилинган 108 891,36 АҚШ доллари, ускунани вақтида етказиб бермаганлиги учун 286 683 АҚШ доллари пеня ва ускунани сотиб олиш учун банкдан олинган кредитга ҳисобланган 224 205,35 АҚШ доллари кредит фоизи ундириш талаблари бўйича иш юритиш тугатилсин. Даъвогарнинг қолган даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин. Жавобгар “Doo-Jin corporation Cо.LTD” компанияси ҳисобидан даъвогар “Next construction” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 64 170 АҚШ доллари агроном-мутахассис иш ҳақи, 320 000 АҚШ доллари жарима ва 19 600 сўм почта харажати ундирилсин. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Next construction” масъулияти чекланган жамияти манфаатида берилган апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Даъвогар “Next construction” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан: -биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари учун республика бюджетига жами 1 483 912 956 сўм давлат божи; -ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ жами 143 750 сўм харажат ундирилсин. Жавобгар “Doo-Jin corporation Cо.LTD” компанияси ҳисобидан республика бюджетига 80 986 416,70 сўм давлат божи ундирилсин. Мазкур қарор асосида янги ижро варақалари берилсин. Қарорнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б.Исрайлов ҳайъат аъзолари: Ф.Ражабов З.Рустамов