← Назад
Решение #516566 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| рисидаги кодекс | 74 | — | code_article | |
| ИПК | 68 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
15 527 символов
4-2301-2303/125-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида ишни кўрган
судья – Б.Баймуратов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья – Б.Ктайбеков
Кассация инстанцияси судида маърузачи
судья – Р.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О РИ
2023 йил 1 август
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
В.Сатторова ва З.Рустамовдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, суд
мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган
Қорақалпоғистон Республикаси судининг ходими Б.Рўзимбетов, жавобгар
вакиллари – Р.Муратов (раҳбар), Ж.Мусулманов (2023 йил 15 мартдаги 6-сонли
ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш
инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг жавобгар
“Rustam-Raxat Qipshaq” фермер хўжалигига нисбатан 10 044 000 сўм жарима
қўллаш ва ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан
қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар “Rustam-Raxat Qipshaq”
фермер хўжалиги томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий
суднинг биносида видеоконференцалоқа режимида бўлиб ўтган очиқ суд
мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат
мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон
Республикаси бошқармаси (бундан буён матнда ариза деб юритилади)
томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил
19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган “Сувдан фойдаланиш
ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом деб
юритилади) талаблари “Rustam-Raxat Qipshaq” фермер хўжалиги (бундан буён
матнда жавобгар деб юритилади) томонидан бажарилишининг аҳволи
ўрганилган.
Ўрганиш жараёнида 2022 йил 30 сентябрда расмийлаштирилган
далолатномада ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларда
жавобгар рухсатсиз ўзбошимчалик билан 15 гектар ерга шоли экиб, сувдан
фойдаланганлиги ва 237 400 м3 сув олинганлиги қайд этилган. Бунинг учун
жавобгарга 14 244 000 сўм молиявий жарима ҳисобланган. Мазкур молиявий
жарима суммасининг фақат 4 200 000 сўм қисми тўлаб берилган.
Жавобгар томонидан қолган жарима суммаси ихтиёрий тўлаб
берилмаганлиги сабабли даъвогар Нукус туманлараро иқтисодий судига даъво
аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарга нисбатан 10 044 000 сўм миқдорида
молиявий жарима қўллашни ва ундиришни сўраган.
2
Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 9 февралдаги ҳал қилув
қарори билан жавобгарга нисбатан 10 044 000 сўм миқдорида молиявий жарима
қўлланилган. Қўлланилган 10 044 000 сўм жарима аризачи фойдасига
ундирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 5 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз
қолдирилган.
Жавобгарнинг кассация шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарори ва апелляция инстанцияси суди қарорини бекор қилиб, янги қарор
қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда биринчи ва апелляция
инстанцияси судлари томонидан Хўжайли туман судининг 2022 йил
22 декабрдаги 126-сонли хати инобатга олинмаганлиги, мазкур хатда
инспекциянинг Хўжайли тумани бўлими инспектори М.Абдимуратов фермер
хўжалиги томонидан жами 68 420 м3 ортиқча сувдан фойдаланганлиги
тасдиқланганлиги, зарар миқдори 4 000 000 сўмни ташкил этиши ҳақида расмий
ҳужжат берилганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари кассация шикоятида
келтирилган важларни қўллаб-қувватлаб, суд ҳужжатларини бекор қилишни ва
даъво аризасини қаноатлантиришни рад этишни сўрашди.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор
қилинган даъвогар вакиллари суд мажлисига келмадилар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация
инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи
ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини)
берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги
ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқишни
лозим топади.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб,
шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб,
қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни,
суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар вакиллари томонидан
расмийлаштирилган 2022 йил 30 сентябрдаги далолатномада жавобгар
15 гектар ер майдонига рухсатсиз шоли экканлиги ва ер майдонига
237 400 м3/с сув сарфлаганлиги, бунинг учун унга 14 244 000 сўм жарима
санкцияси ҳисобланганлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, 2022 йил 30 сентябрдаги I-QR 0004792-сонли маъмурий
ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада режадан ташқари рухсатсиз 15 гектар
майдонга 237 400 м3/с сувдан рухсатсиз фойдаланганлиги қайд этилган. Ушбу
баённомаларда жавобгарга жарима санкциясини қўллаш учун Низом
60-бандининг иккинчи қисми асос қилиб келтирилган.
Низомнинг 51-бандига кўра, сув объектларидан сув олиш фақат сувдан
фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ёзма буюртманомалари бўйича
(коммунал сув таъминоти тизимидаги, шунингдек ер ости сув ҳавзаларидан сув
олиш ҳолатларидан ташқари), уларнинг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолига
тайёрлигига кўра, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаси асосида,
белгиланган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади. Сув ресурслари
олиш юзасидан буюртманомалар сувдан фойдаланувчилар ва сув
истеъмолчилари томонидан хизмат кўрсатадиган фойдаланиш ташкилотига ёки
унинг ваколатли шахсига сув олиш бошланишидан ўн кун олдин белгиланган
шаклда, сув олишнинг аниқ жойлари ва муддатлари (сув олишнинг бошланиши
ва тугаши), шунингдек олинадиган сув миқдори, ундан фойдаланиш ёки уни
истеъмол қилишнинг мақсади кўрсатилган ҳолда берилади. Сув манбаидан сув
олиш учун буюртманомада кўрсатилган сув ресурслари миқдори тасдиқланган
сув олиш лимитидан ортиқ бўлмаслиги керак. Сув ресурсларини олиш ҳажмини
камайтириш ёки тўхтатиш зарур бўлган тақдирда, сувдан фойдаланувчилар ва
сув истеъмолчилари бу ҳақда тегишли хизмат кўрсатувчи фойдаланиш
ташкилотига ёки унинг ваколатли шахсига ёзма равишда (авария ҳолатларида телефон орқали) хабар қилиши керак.
Низомнинг 60-бандига кўра, сувдан фойдаланувчилар ва сув
истеъмолчиларига нисбатан улар томонидан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик
хўжалиги, саноат, энергетика ва коммунал-маиший эҳтиёжлар учун сув олиш
тартиби бузилган тақдирда:
сув истеъмолчилари томонидан лимитдан ортиқча сув олинганлиги учунлимитдан ортиқча олинган ҳар минг куб метр сув учун - белгиланган базавий
ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олиш
жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламасдан
сув олиш, сув олишга рухсат этилмаган жойлардан, шунингдек, шартнома
тузмасдан сув олганлик учун - олинган ҳар минг кубометр сув учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сувдан махсус
фойдаланиш рухсатномасисиз сув олганлик ёки сувдан фойдаланганлик учун олинган ҳар минг кубометр сув учун - белгиланган базавий ҳисоблаш
миқдорининг 40 фоизи миқдорида;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сувни
ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун - олинган ҳар минг кубометр сув
учун - белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида жарима
санкциялари қўлланилади.
Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судининг 3-2314-2201/1577-сонли
иш бўйича қабул қилинган 2022 йил 21 октябрдаги қарори билан жавобгар
раҳбари Р.Муратовга 237 400 м3/с сувдан рухсатсиз, буюртманома бермасдан,
ўзбошимчалик билан фойдаланганлиги учун Маъмурий жавобгарлик
тўғрисидаги кодекс 74-моддасининг иккинчи қисми билан 300 000 сўм
маъмурий жарима жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 73-моддасининг биринчи қисмига кўра ишнинг
иқтисодий суд томонидан ҳаммага маълум деб топилган ҳолатлари исботлашга
муҳтож эмас, учинчи қисмига кўра фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки
маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни
кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий
суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга
тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.
Қайд этилганларга кўра, 237 400 м3/с сувдан рухсатсиз, буюртманома
бермасдан, ўзбошимчалик билан фойдаланганлиги маъмурий суднинг қонуний
кучга кирган ҳал қилув қарори билан, иш материалларида мавжуд бўлган бошқа
далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги сабабли, биринчи инстанция суди
жавобгарга нисбатан 10 044 000 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш
талабини қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз
қолдириш ҳақида асосли тўхтамга келган.
Шу билан бирга, судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра апелляция
инстанцияси суди томонидан жавобгарнинг важлари билан асосли равишда
келишмаган деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
3 апрелдаги “Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида cув ресурсларининг
ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартибини янада
такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 174-сонли қарори билан
тасдиқланган “Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг
ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартиби тўғрисида”ги
Низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади)нинг 4-6-бандларига кўра,
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари
белгиланган тартибда сувни бошқариш (дарвоза ёки сувни очиш ва ёпишни
таъминловчи бошқа қурилма) ва ҳисобга олиш (гидропост, "онлайн" режимда
ишлайдиган рақамли қурилма) воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари
“онлайн” режимда ишлайдиган рақамли қурилмалар билан босқичма-босқич
жиҳозланади ва маълумотларни узатиш бўйича дастурий таъминот билан
таъминланади.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, аҳоли томонидан қишлоқ
хўжалиги учун сувни истеъмол қилишга олинадиган сувни ҳисобга олиш
уларнинг тегишли сув олиш жойлари сувни ҳисобга олиш воситалари билан
жиҳозлангунга қадар, ҳажмий, ҳисобий ва бошқа усулларда, ҳақиқий
суғориладиган майдонларни, суғоришлар сонини, қишлоқ хўжалиги
экинларининг суғориш режимини, сув олиш давомийлиги ва бошқаларни
ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил
2 декабрда 9/22-1368-сонли талабнома юборилган бўлса ҳам, ушбу кўрсатилган
жарима миқдорининг фақат 4 200 000 сўм қисми жавобгар томонидан ихтиёрий
тўланган бўлиб, қолган 10 044 000 сўм жарима миқдори шу кунгача тўланмаган.
Шу сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат этган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги
82-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан
фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низом 63-бандининг
биринчи хатбошисига мувофиқ, сувдан фойдаланувчилар ва сув
истеъмолчиларига – тадбиркорлик субъектларига нисбатан ушбу Низомнинг
60-бандида кўрсатилган жарима санкциялари суд томонидан қўлланилади, улар
айбига иқрор бўлган ва жарима санкцияларини ихтиёрий равишда тўлаган
ҳолатлар бундан мустасно.
Жавобгарнинг жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани судининг
2022 йил 22 декабрдаги 126-сонли хатида қўйилган айблов ўз тасдиғини топган
бўлса ҳам, моддий зарар қиймати тасдиғини топмаганлиги, суд мажлисида
Агроинспекциянинг Хўжайли туман бўлими инспектори М.Абдимуратов фермер
хўжалиги томонидан 68 420 м3 ортиқча сувдан фойдаланганлиги
тасдиқланганлиги, Р.Муратовга тегишли маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш
юзасидан келтирилган жами зарар 4 000 000 сўмни ташкил этиши ва лимитдан
ортиқ сувдан фойдаланмаганлиги ҳақидаги важлари билан келишиб бўлмайди.
Чунки, жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани судининг 2022 йил
22 декабрдаги 126-сонли хатида берилган жавоб хати ва жиноят ишлари бўйича
Хўжайли тумани судида Агроинспекциянинг Хўжайли туман бўлими
инспектори М.Абдимуратовнинг берган кўрсатмаси иқтисодий суд учун асос
бўлмайди. Жавобгар фермер хўжалиги бошлиғи М.Муратов Ўзбекистон
Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 74-моддасининг
иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги ўз
исботини топган ҳамда Ирригация бўлимига келтирган моддий зарар қиймати
кўриб чиқилмаган.
Бундан ташқари, жавобгар билан туман ирригация бўлими ўрталарида
тузилган сувдан фойдаланиш шартномасига кўра жавобгарга вегетация даврида
жами 249,2 минг м3 сувдан фойдаланиш лимити белгиланган бўлиб, бу лимит
миқдорига томонлар ўртасида ўзгартириш киритиш ҳақида қўшимча келишув
тузилмаган, томонлар ўртасида тузилган сувдан фойдаланиш далолатномасига
кўра жавобгар вегетация даврида жами 287 700 м3 сув лимитдан ортиқ
фойдаланган бўлса ҳам, ариза берувчи жавобгар томонидан лимитдан ортиқ
фойдаланган сувнинг 237 400 м3 қисмига жарима қўллаш ва ундириш сўралган.
ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига асосан ишда иштирок этувчи ҳар
бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни
исботлаши керак.
Жавобгарнинг сувдан фойдаланиш учун буюртма берилганлиги, тегишли
рухсатнома олинганлиги, ўзбошимчалик билан фойдаланганлиги ҳақидаги
важлари тегишли ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топмаган. Бу эса ўз навбатида,
шикоятга асос қилиб келтирилган ҳолатлар жавобгар томонидан тегишли
далиллар ва қонунчилик ҳужжатлари асосида исботлаб берилмаганлигини
тасдиқлайди.
Қайд этилганларни инобатга олиб, шикоятда келтирилган важлар асоссиз
ҳисобланади ва суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос
бўлмайди.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг
ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш
ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай
асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация
шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, қуйи инстанция судларининг
қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг
биринчи қисмига асосан кассация шикояти тақдим этишда тўланган суд
харажатлари жавобгарнинг зиммасида қолдирилади. Шу билан бирга,
жавобгардан Олий суднинг депозит ҳисоб рақамига ишни видеоконференцалоқа
режимида кўриб чиқиш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилади.
Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 118, 301 – 303-моддаларини қўллаб,
судлов ҳайъати
6
қарор қилди:
“Rustam-Raxat Qipshaq” фермер хўжалигининг кассация шикоятини
қаноатлантириш рад этилсин.
Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 9 февралдаги ҳал қилув
қарори ва Қорақалпоғистон Республикаси суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2023 йил 5 апрелдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Rustam-Raxat Qipshaq” фермер хўжалигидан Ўзбекистон Республикаси
Олий судининг депозит ҳисоб рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида
кўриб чиқиш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Р. Сагатов
ҳайъат аъзолари:
В. Сатторова